“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Наср
  • 510 марта кўрилган.

СОҚОВ

Турсунмурод Эрматов

СОҚОВ

Дарвоза ҳовлини кўчадан тўсиб турарди. Бироқ уни дарвозалик шакли шамойили қолмаган деса ҳам бўларди. Чунки у, аввало, уқувсизларча ясалган бўлиб, ҳатто бурчакларида ҳам аниқлик йўқ эди. Темирдан ясалган бу матоҳ  айни чоғда кўнгилни оздирар даражада беўхшов кўринар ва бутунлайича занг қоплаб ётарди. Ичкарини эса хароб ҳамда афтодаҳол десак бўларди. Ва,  бу манзарадан фақат надомат чекиш мумкин эди.

Дарвоза тош кўча яқинида. Дарвозанинг ёнида энсиз ва эскирган омонат    ўтиргич, якшанбадан бошқа худонинг берган куни бир банданинг  шу ерда хаёл сураётганини ва қандайдир ҳорғин ҳолатини кўриш мумкин. Унинг қорамтир юзига ажинлар соя солган, кўзлари киртайган ва ичига чуқур ботган эди. У йўлдан ўтган одамларга тавозе қилар, бош ирғаш билан саломлашиб қўярди. Истасагина қоқ суяк қўлини ҳавода ўйнатганча ғудраниб, алланималарни тушунтирмоққа тутинар эди. Кимдир унга иши тушиб келганда, мабодо бунга иштиёқ сезса, шу қадар берилиб сўзлардики, фақат бундан ўзигина ҳузур-ҳаловат топар, унинг аллақандай ҳаяжон билан тўлиб-тошган гапларини эшитиб турган одам уни тушуниксиз сўзларига ҳам беихтиёр бош қимирлатишдан бошқа йўл тополмасди.

У соқов эди...

У негадир, балки ҳовлини бегона кўзга кўрсатмаслик учундир, кўчага чиқишида ҳам, киришида ҳам дарвозани худди кўтаргудек бор кучи билан ёпар ва очар  негаки, дарвоза хийла оғир ва анча қийшайган эди.

У, албатта, зерикарди. Шундай пайтда унинг ягона эрмаги ҳамда иш жойи бўлган чархлаш дастгоҳи олдига келиб тайинли иш бўлмаганида, ҳеч бир кераги бўлмаган алламбалоларни қулоқни қоматга келтирганча ғириллатиб чархлаб, нимадир ясаш учун уриниб ётарди. Бироқ уни шу чархчилик касбини яхши ўзлаштирган  ва темир-терсакка уқуви бирмунча бор, деган кимсанинг ҳақи кетмасди. Ўткирлаш учун асбобларини олиб келган одамларни қадрлар, тавозе билдирар, сўнг илжайганча ўз иши устида мук тушар эди. Ҳатто чорпоясида доимо бўладиган яхна  чойидан пиёлага қуйиб берар ва чойга манзират қиларди.

У ёлғиз  турарди. Ҳовли қаровсиз... Атрофни ажриқ ва турли бегона ўтлар қоплаган. Ҳар хил тақир-туқурларнинг тартибсиз сочилиб ётганидан  бирор нарсасини ўткирлатиш учун келган одам ишини битириши ҳамоно  тезроқ бу фаришта қочган жойдан даф бўлиш пайида бўларди.

Унинг пешонаси шўр деса бўларди. Чунки хотини унга аввали хиёнат қилиб юрди ва кейинчалик бутунлай ташлаб кетди. У аёл чиройли эди. Қачондир, кимларнинг гапига кириб, бу нотавон соқов бандага эрга текканига ва ўша худонинг қарғишига учраган кунга лаънатлар ўқирди. Қачондир келиб онасини таниб олар, дея учга кирган ўғлини  ҳам эрига қолдирди ва  буткул қораси ўчди...

Ёлғиз ўғли онасиз катта бўлди.... сўнг... бошқа мамлакатга жаннат қидирганча жўнади… Ва кунларнинг бирида  ўғлининг мутлақо бегона юртда фоний дунёдан ризқи-насибаси узилди...

Ўшанда у ўғлининг темир тобутини қучоқлаб узоқ йиғлади. Аламдан пешонасини темир тобутга тинмай урар ва қонатар эди... Уни беаёв ўкинч, ўч ва ҳасрат тоғдек янчиб турганини ҳар бир ҳаракатидан англаб олиш қийин эмасди. Энди у бутунлай ёлғиз эди...

 * * *

Отасидан қолган чархлаш ускунаси  у пайтлар ҳали у қадар эскирмаганди. Бу ишдан ташқари у ҳар хил рўзғорбоп нарсалар ясар, тузатар, янги бир нарсалар ясашга эринмасдан, ҳафсала билан ёндашар ва, оқибатда, унинг касби-кори гуллаб-яшнарди.

Ўша маҳаллар газета-журналлар, хатлар ва ҳатто нафақа пуллари ҳам уйма-уй тарқатиларди. Газета журналларни уйма-уй тарқатиб юрувчи бўйи етиб қолган қиз  туман марказидан  келарди. Уни ҳамма билар ва ҳурматини жойига қўяр эди. Қиз дилбар ва ақлли эди.

У бўлса ана шу қизга эътиборсиз эмас эди. Қандайдир интиқлик юрагини банд этганини ҳам англарди. Баъзан у қизнинг йўлини пойлаб ўтирарди.Тасодифан унинг олдидан чиқиб қолгандек бўлар ва унга нималарнидир гапирар, бундан кўнгли таскин топарди. Қизнинг ўзига бўлган эътибори ва муносабатини кузатганида у ҳар гал қиздаги бепарволикдан хафа бўлар, куюнар ва тушкунлик исканжасидан чиқолмас эди. Қизга шунчаки гапиришдан нарига ўтолмас, қалтис гапириб қўйишдан ва унинг чиройли юзига ботиниб қараш умидидан мосуво бўлмаслик учун ниҳоятда эҳтиёт бўларди ва ҳайиқарди. Бироқ  бу бечора, бахти кулмаган банданинг ҳам қачонлардир садои сасига қизнинг дил ва дунёси соме бўлишига эътимод билан қарар, ногаҳоний бир саодатдан умидвор бўларди.

У ҳарбийга отлана туриб, қизни кўриш умидида кўчаларни сарсари кезди ва охир уни топди. Қиз бугун ўзгача кийинган ва чиройли эди. У қизга тайинли бирор нима айтолмади. У шу пайтгача қиз билан яқин бўлолмаганидан ва,  ҳатто, шунчаки бирор тайинли гап айтолмаганидан ўзини койиди ва надомат чекди. Қиз унинг ҳарбийга кетаётганини эшитди. Қизнинг ҳам унга айтадиган гапи йўқ эди. Бироқ ниманидир англагандай унга бир сония жилмайиб турди ва бошқа бир нима дея оғиз очмади.

У энди аскар эди. Афғонистоннинг тоғларида аёвсиз жанглар борарди. У издиҳом ва бўҳронлар ичида кезиниб чопар, тоғ ва саҳролар алмашиниб борар, кимни қутқариш ва кимнинг ёки ниманинг уруғини қуритиш лозимлигини аниқ тушуниб етмаса-да қандайдир  ноаниқ мақсад ва қаҳрамонлик сари олға босарди....  ғаним учқичлари осмонни ларзага солар, одам боласини даҳшатли қутқуга кўмар эди. У ва унинг дўстлари қамалда эдилар... Бешинчи, олтинчи, ва... кунлар энди секинлик, жуда асталик билан ўтар, уларнинг назарида эртанги тонг отиши ҳеч маҳал содир бўлмаётгандек эди... Самовий учқичлар ваҳшат солганча қуюндек пастлаб келдилар ва... Уларнинг турган жойи бир сонияда култепага айланди...

Унинг қулоқлари фақат кучли гумбурлашларни эшитиб турди. Кейинги қудратли чақнашдан сўнг кўзлари ва шуури тинди...

У аллақаерда уйғонди. Оёқ панжаларини қимирлатиб кўрмоқчи бўлди. Минг шукурки, оёқ ва қўллари қимирламоқда, нафас олмоқда ва кўрмоқда. У теварагига аланглади. Яқин юртдошини излади. Ва уни чақирмоқчи бўлди. Отини атаб чақирди... унинг тили ўзига итоат этмади. Қаттиқ-қаттиқ айтмоқчи бўлганлари фақат...  ғудраниш бўлиб эшитилди. У жуда қўрқди... Ҳайқириб юборди...

У бу хўрликдан куйиб, куйиб йиғлар эди.

* * *

У фақат якшанба куни эрта тонгда ўзини унга шогирд деб билган бир ўспириннинг ёрдами билан чархлаш дастгоҳини шалоқ аравага ортганча бозор жойнинг олдигача олиб борар ва жойлаштирарди. У якшанбада тинмай ишлар ва ўз меҳнатидан қувониб қўяр, ҳамда қаноат ҳосил қиларди. Ўспирин ундан бир қадам узоқлашмас, баъзан унинг ўзи ҳам ўткирлаш учун ул-булга уриниб кўрар, иши ўхшагудек бўлса уcтозига илжайиб қараб қўярди. Ўспириннинг ҳаракатлари уни бирмунча қаноатлантирар, аҳён-аҳёнда ўспириннинг ҳадеб қилган ишининг мақтовини келтираверганига, бор-йўғи у бош бармоғини кўрсатиб, ”яхши” дегандек ишора қилиб қўярди ва ерга қараганча яна ишига шўнғиб кетарди.

Ўспирин онаси ва ўгай отасининг буюрган ишларидан ортиб  унинг қошига ҳадеб кела олмас эди. Бир гал  ўгай отаси “Устозликка шу соқов, темир жиннисидан бошқа биров қуриб қолганми? Сени бутунлайича ўшанга бериб юборсамми?..” деганида, отасидан астойдил ранжиган, ундан  бундай гапларни айтмасликни ёлвориб сўраган ва хаёлида устози билан бирга яшамоқнинг гаштлироқ эканини туйган. Ўспирин унга меҳрибонлик кўрсатишга уриниб ётар, бироқ у ўспиринни кўпинча тўхтатиб қолар ва ҳамма иши жойидалигини ишора қилганча жилмайиб, миннатдорлик билдирарди.

Ўспирин унга бўлаётган янгиликларни етказиб турар эди. Айниқса ой охирида почтачи қизни шахсан эргаштириб келар, унинг нафақа пулларини навбатсиз олиши учун ёрдам берганидан қувонар эди.

Устозининг почтачи қизни кўриши ҳамон негадир ўзгариб қолиши ўспирин сезмай қолмасди. Устоз почтачи қизни бундан йигирма йил олдинги худди шундай газета ва журнал тарқатиб юрувчи бир қизга жуда ўхшатар ва бундан ҳайрон қоларди. ”Балки бу қиз ўшанинг қизи бўлса-чи?” деган ўй ҳам унинг миясида чарх урарди. У бу фикрида ўйланганча қолар, нафақа олиш учун қоғозга имзо чекаётганда  идрокини йўқотгандек, ғалати ҳолга тушар эди. Қиз ундан узоқлашгунча қизнинг ортидан маъюсланганча қараб қолиши, у кетгач, ҳеч нарсага қизиқмай, лоқайд туриши ва ҳамма ишларга қўл силташи ўспириннинг ҳайратини оширар эди.

Ўспирин ҳар гал бу ҳолни кузатар ва ҳар сафар ҳам бунинг асл моҳиятидан бехабар қолаётганидан ўкинар эди. У бу ҳолат ҳақида устозидан  албатта сўраган ва ҳар гал ҳам устози унга шунчаки малолланиб қараган. Бироқ бир сафар шогирди суриштириб ҳадеб жонига тегаверганидан кейин бу воқеа ҳақида чала-чулпа алланималарни ҳикоя қилган. Шунда шогирди оғзи очилганча ҳайратланган. Ундан кейин ҳар иккиси ҳам бу ҳақдаги гапга қайтишмаган.

Ўшанда якшанба эди.

Улар ҳар галгидек чархлаш асбобини ва бошқа ашқол-дашқолларни  жойига ўрнатаётган эдилар. Шу кез эътиборлари улар томонга ҳассасини эҳтиётлик билан олдига тўқ-тўқ урганча тусмоллаб юриб келаётган аёлга тушди. Аёл улар турган ердан нарироққа бориб тўхтади. Тўрвасидан кўримсиз, пастак  бир  курсича олиб ерга қўйди-да, унга омонатгина чўкди. Чарчаганидан уф тортди. Бир зум у ёқ-бу ёққа аланглади-да, сўнг рўмолини аввал пешонаси, кейин кўзларигача тортиб олди.

У аёлга шунчаки қараб қўйди.

Аёлнинг юзлари қаримсиқ ва сепкил билан қопланган эди. Бу қусурлари унга баттар кўримсизлик нуқсини берар ва бу ҳолат кишининг раҳмини келтирмасдан қолмас эди. Аёлнинг шалвираган узун енглари учидан қўлларидаги оқ доғлари кўриниб турарди.

Бир оз ўтиб аёл олдига кир ва эски бир рўмолчани ёзиб қўйди-да, кўзлари атрофни кўрар даражада бошини кўтарди. Сўнг бирров кузатиб турди ва унга томон келаётган одамларга қараб қалтироқ қўлларини хиёлгина чўзганча тиланди.

У  ортиқ  аёл томонга қарамади ва ғириллатиб чархини ишга туширди.

Уларнинг ишлари ҳар якшанбадагидек яхши ва унумли бўлди. Кун қайтганда матоҳларини йиғиштириб бўлишди. Тиланчи аёл ҳамон жойида қимирламай ўтирарди. Ашқол-дашқоллар аравага юклаб бўлингач, у бир зум ўйланиб қолди, кейин чўнтакларини ковлади-да, қиймати энг йирик пулни титкилаб топди. У тиланчи аёлга қараб юрди. Ва ҳалиги пулни секингина, эгилганча аёлнинг рўмолчасига ташлади. Аёлнинг ёзилган рўмолчасига арзимас чақалар сочилиб ётарди... У қаддини кўтара туриб кўзи ногоҳ тиланчи аёлга туши. У аёлга кўзи тушиши ҳамон бир сесканди ва кўзларини ундан шошилганча айирди. У тез-тез юрди. Хаёллари айқаш-уйқаш бўлиб  кетди. У асло ортига қарамади, жадал одимлаганча аравага етиб олди.

Ўспирин уникига тез-тез келар ва унга энди меҳрибонлиги ортиб борарди. Бир гал ўспирин уникида тунаб ҳам қолди ва уйдагилар унга рухсат берганидан боши осмонга етганини устозига тушунтирди. Энди устози ҳам шогирдига ҳафсала билан назар соладиган бўлди.

У ўспириндан почтачи қиз ҳақидаги гапларини жимгина тинглаб ўтирди ва бир пайтлар қизнинг онаси ҳам шу касбни қилганини билиб олди.Унинг ҳаяжони ошди. Тахминлари тўғри чиққанидан ўзини қўярга жой тополмай қолди...

Якшанбаларнинг бири эди. У чархини юргизар, қўли-қўлига тегмаганча тер тўкарди. Ногоҳ унинг нигоҳи яқингинасида жилмайиб турган почтачи қизга тушди. У билан одатича тавозе билан сўрашди. Почтачи қизнинг ёнида эса бир аёл ҳам турарди. У аёлни кўрди ва бир муддат қотиб қолди... кейин карахт бир кўриниш билан секин бош қимирлатиб кулимсиради. У аёлни таниди... Ўша бир пайтлар ҳаётига кириб келган, тушларига кўрадиган қизни яна учратганди у. Ҳа, бу ўша газета тарқатувчи эди...

Йиллар сурони ҳамма қатори уни ҳам четлаб ўтмаган ва авайлаб-асрамаган эди. Унинг юзларига ажинлар из солган, қадди энди шамшоддек эмас эди. Сўнгги бор аёлнинг унга қилган табассуми ҳамон ёдида сақланиб қолгандек эди.

Шу пайт ўспирин пайдо бўлди. Унинг қув кўзлари хиёл кулимсиради. Устоз шогирдининг қўлларини авайлаб ушлади-да, секингина сиқиб қўйди, жилмайди...

Иш охирида ҳар доимгидай тиланчи аёлнинг рўмолчасига пул ташлади.

У ҳар якшанба қўли ишдан бўшамаса-да, кўзлари ўша газета тарқатган аёлни излар ва тоқатсизлангани сезилар эди. У аёл гоҳ кеч, гоҳи эрта, албатта кўриниш бериб ўтар ва уни бахтларга кўмиб кетарди. Кейинчалик ўспирин орқали аёлнинг тул қолганини билгач, энди у  аввалгидан ҳам алланимадан умидланар, аёлнинг узоқдан кўриши билан кўзлари порлаб, ҳаяжони тўлиб-тошарди.

У ўспиринга ҳам чарх сотиб олиб берганди. Икковлашиб пул топишар, энди ўспириннинг ўгай отаси олдида ҳеч қандай тили қисиқлик жойи йўқ... У ўспиринни ўз ўғлидай қадрига етарди. Ўспирин ҳам, ўз навбатида, устозини севар ва ардоқлар, устози учун жонини жабборга берарди.

Бир гал у шогирди иккиси ўша газета тарқатган аёлнинг уйини ахтариб боришди ва у билан узоқ гаплашиб ўтиришди... У ўзининг тақдиру дунёси ҳақида  гап очди...

* * *

Кунлардан бир кун у аёлни ўз хонадонига бутунлай олиб келишга розилигини олди ва шу ишни қилди. Аёл уникига келди. У энди ҳақиқий хожалик ҳиссини туйди. Бахт деган илоҳий неъматни маҳкам қучоқлаганча қўзларидан ёш тирқиради. Кечалари у дарди-дунёсини тўкиб сола оладиган, уни имо-ишорасини тушуна оладиган ва соқовлигидан номус қилмайдиган ҳамдарди борлигидан ҳадсиз севинарди.

Беўхшов темир дарвоза ўрнида шинам бир эшик қад ростлади ва бошқа бир тус олди... Бир пайтлар шу хонадонга ҳам газета тарқатган аёл ҳовлини супуриб-сидирарди. Ҳовлига фаришталар учиб келган ва макон тутгандек эди. У энди кўчадаги чўзинчоқ курсига ҳам эътибор қилмай  қўйди ва ўтириб олиб ҳуда-беҳуда хаёллар сурмайдиган бўлди.

Якшанба кунлари у бозор олдида чархини ишлатишни канда қилмасди. Тиланчи аёл  одатдагидек унга яқин жойдан жой эгаллар ва кун бўйи ўтган-қайтганга титроқ кафтларини узатганча тиланиб ўтирарди. У бўлса  кун узоқ тинимсиз ишларди ва ҳар сафар ҳам ишлаб топган пулининг энг йиригини тиланчининг олдига ташларди.

Тиланчи аёл уни ва ўғлини ташлаб кетган аёл эди...