“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Наср
  • 600 марта кўрилган.

ЧЎЛ ЎРТАСИДАГИ ШИЙПОН

Собир ЎНАР

ЧЎЛ ЎРТАСИДАГИ ШИЙПОН

Ҳикоя

Одам ўз тақдирини ўзи ярата олмайди. Тақдирга кўндаланг ҳам туролмайди. Қўлидан келмайди! Меҳнат қилади, интилади, нималаргадир эришади: мулк, мавқе топади, ўйнаб-кула олади, минбаъд турғун нарсани қўлга кирита олмайди. Вақт эса улуғ китобда таъкидланганидек, шамширнинг дамидан ҳам ўткирдир. Зотан, одамнинг ғурурланиб, кибрланиб юришига ҳеч бир асос йўқ. Шабада ҳам, гарчи инсонни эркалаган каби бўлса-да, вақтни эслатгани учун тиғ кабидир...

Тоға буни билиб, ҳис қилиб яшайди. Мундо-оқ танасига ўйлаб қараса, эсини таниганидан бери шу аҳвол экан: кичиклигида ҳам гоҳо уйқуси қочиб ўрнидан туриб кетар, юраги гумурар, ҳовлиқарди — онам, отам, укам, сингилларим, мен, мен... наҳотки ҳаммамиз... кун келиб... худди бир чора топиш зарурдек ўзида кучли масъулият сезиб қоларди. Энди эса кексайди: аввалги шашти, ҳаяжони йўқ, энди овуниш, юпанч, тасалли бор, холос. Қариликни тан олаётгани билан барибир у ёқ-бу ёғига, хусусан, қўл-билакларига сер солиб мушакларини ишлатиб кўрар, ҳалиям нималаргадир қодирманми, деб ўзидан сўраб кўрар эди.

У замонларда меҳнатга кўп берилган, берилмаса ҳам ўзи иш кўп бўлган, қишлоқ хўжалиги институтининг агрофагини тугатиб, қишлоққа келганида ҳам чўпонлик, сўнг табелчилик, умуман, деҳқончиликни ўзига эп кўриб ишлаб юраверган, эришган катта лавозими бригадирлик бўлган. Раиснинг зуғуми билан пахтага қўшиб ёзишга мажбур бўлганида дарҳол ишдан бўшаган, чўл томонга, худдики, қочиб кетган эди. У ерда ҳам мондимади, яъни иши ўнгланавермади. Кейин раис, бригадирлар билан келишиб полиз, қовун-тарвуз, ерёнғоқ, кунгабоқар экди, сотиб бирмунча даромад қилди. Укасини олиб келди, шу ерда ўзидан кўпайди. Бир кун ундай, бир кун бундай, лекин бировдан муттаҳам бўлмай яшади. Икки ўғил, беш қизидан тинчиди, эрга берди. Улни уяга, қизни қияга қўйди. Тошкентдаги қизи, айниқса, бахтини топди. Ўзи ҳаракатчан эди, ўқиди, ўзига муносиб куёв топилиб, бахтли-фаровон яшаб кетди. Куёв топармонгина, хушмуомала. Айниқса, қайнотаси билан худди бўйинсадек гапхона қилади. Тоға шаҳарга бориб, бир ҳафта юриб келади. Неваралари билан овунади, қизи хоҳлаган овқатини қилиб беради. Куёви у ёқ-бу ёқларга олиб боради. Кейинги гал у Ҳастимомга элтиб қўйди, жума намозини ўқиб, хуш кайфиятда қайтди. Шаҳарда яхши, ёш-яланг ҳам намоз ўқийди, мачит тўлиб кетади, имомлар ҳам ғоят саводли, аксарияти шарифи каломни ёд биладиган қори йигитлар.

Тоға шуларни ўйлаб, «э, садағанг кетай, ҳўкимат» деб қўйди. Қизининг қизи — невараси таътилга чиқиб, анчадан бери қишлоқда, у пилдираб келиб, бобосининг қучоғига ўзини отди. Уни эркалади, катталардек гапиртирди. Невараси аяси устидан арз қилди, бобо аясини жазолашга сўз берди. Кўча томонда лўли хотиннинг товуши эшитилди.

— Манам девонаи Машраб, — деб йўталиб қолди лўли. Сўнг: — Атаб-атаб берганларингни даргоҳида қабул этсинлар, — деди.

«Ҳеч бир-бирига қовушмайди-да шу кампирнинг айтганлари» деб ўйлади Тоға.

— Ёшларга умр айланг, беморларга шифо тиланг.

«Шуям гапми энди?»

— Ўғил-қизлар мендек бўлиб юрингла-ар!

«Буниси энди инма дегани бўлди? «Мендек бўлиб юринглар» — тиланчилик қилинглар деяптими?»

Қизча:

— Бес сўм бейинг, бобо, мўлтонига беяман, — деди.

— Қўявер, болам, ўзи келади, — деб қўя қолди Тоға.

Айтганидек қия очиқ дарвозадан (хўппа семиз, қоп-қора, оқ рўмол ўраган, қўлида тасбеҳ) лўли кўриниш берди ва боягидай:

— Манам девонаи Машраб, — деди.

— Машраб хола, бермон юринг, — деди Тоға.

— Атаб-атаб берганларингни даргоҳида қабул этсинлар, — деб юриб кела берди кампир. Яқинлашиб қолгач, Тоға:

— Энди, мундай-да, опа, нималар деганингизни ўзингиз тушунасизми? — деди.

— Ҳай, амак, тушунмасак элнинг назаридан қоламиз, нима деёпсиз?

— Сиз ўзи тожикча гапирасизми ё ўзбекчами?

— Уйга тожикча, кўчага ўзбекча.

— «Мендек бўлиб юрсинлар» деганингиз нимаси — ўғил-қизларимиз тиланчилик қилишсинми?

— Йўғ-э, амак, ман саксон бирга кирган, шунноқ-шунноқ кўп яшаб юрийлар, деёпман-да.

Шундоқ деди-ю, лўли кампирнинг кўзлари ўзига ярашмаган ҳолда жовдираб қолди.

Тоға бунга парво қилмади.

— Болалигимизда Тожикистоннинг «Маччойи» деган жойидан девоналар келишар эди. Биз мўлтони эмасмиз, дейишарди. Оталаримиз бир хилларига қўшиқ айттиришарди. Томнинг устига чиқиб, берилиб ашула айтганини эслайман. Шу баҳона бир-икки сўмлик бўлиб ҳам олишарди. Икков-икков қишлоқлар оралаб юриб-юриб, кейин қайтиб кетишарди. Бизлар таниб, отларигача билиб олган эдик. Иштихон томондан келган мўлтонилар эса дордаги кийимлар, тузлаб қўйилган гўшт борми, қозондаги овқат борми — кўз олайтириб, қўли эгрилик қилишарди.

— Сизга бир шарпа бор, қора шарпа, — деди кампир бу гапларга тамоман эътибор бермай. — Сизга душманлик қилиш пайига юрибдилар. Қамаласиз.

— Ҳурматингни бил-да, лўли, жўна бу ердан. Мана, гўдакнинг қўлидаги пулни олиб, қорангни ўчир!

Кампир пулни олиб, қора камзулининг чўнтагига солар экан, дуо қилишни ҳам унутиб:

— Шак келтирманг, амак, бир мушкулкушод дуо қилсак, бало даф бўладу, бошингиздан шарпа кетаду, — деяётган эди, Тоға тутоқиб кетди:

— Фолбин бўлиб, сен шак келтиряпсанми ё таҳоратимни бузмайин, деб юрган бир ғариб чолми? Биласанми фолнинг ҳаромлигини?

— Сиз тил теккизманг, эна-момолардан қолган мерос бу.

— Тиланчилик ҳам мерос сенга. Ҳаром нарсанинг ҳаммаси сенга касб. Йўқол!

Кампир ғудраниб, кўксига туфлаб, кўзлари баттар олайиб, чамаси дунёдаги жамики билган дуойи бадларини шу чолга арғумон қилиб, қайта-қайта юзига фотиҳа тортганча эшикдан чиқиб кетди.

Тоға анча вақт бўзрайиб индамай ўтирди. «Қора шарпа эмиш. Падаринг­га лаънат!» деб қўйди. Сўнг яна ўзини ўнглаб неварасини чорлади-да, бошини ҳидлади. Кайфияти жойига келди, шекилли, «Садағанг кетай ҳўкимат!» деди. Қизчани ерга тушириб, ҳовли адоғига ўтди-да, таҳоратини янгилади. Узун яктагини опчиқиб, елкасига илдию йўл-йўлакай белбоғини боғлай туриб, ор­қасига қараб товуш берди:

— Невараларга қараб тур, кампир, мен жумага кетдим!

Одатдагидай кампири акс-садо бермай қўя қолди. У ҳам ўзи билан ўзи. Кун исийверса, бошим лўқиллаяпти, деб кириб ётиб олади. Кореяга кетган кичик ўғлидан хат-хабар келмаётгани тағин уни хуноб қилади. Уч ойдирки, шу аҳвол. У бир йил тинимсиз қўнғироқ қилиб, пул жўнатиб турди. Хотини у кетгач, тўрт ойдан сўнг ўғил туғди. Ўғли хотинига, онасига совғалар жўнатди. Йиққан пули ҳам чакана эмас, дейишади. Бироқ уч ойдан бери сира қўнғироқ қилмагани ота-онанинг ичини идратиб юборяпти. Яна аввалгидай ичкиликка берилган бўлса — тамом.

Мачитда бир-икки тенгқурларини кўриб лўли кампирнинг устидан гап қилди.

— Ёзин-қишин шу, жума куни эрталабдан қишлоқ оралайди, ўзи Пахтакордан қатнайди, деб эшитаман.

— Тоға, сизга ўхшаган серҳимматлар буни келадиган қип қўйган-да, — деб тегишди Тошбўл сўфи.

— Ҳиммат қилиб нимаям қипман, эл қатори қуруқ қайтармайман, холос. Ўзи у Пахтакорнинг ўғриларидан бўлсаям ажабмас. Гаплариям бир бехосият. Қорангни кўрса, тамом — «Иби, амак, фолимга тушдинг», деб аврайди.

— Илинибсизми, дейман-да, Тоға. Ҳазир бўлинг, ўзларига иситишданам тоймайди булар.

— Исиб ўлиб турганим йўқ. Шу... хосиятсиз дейман-да... Ўзи бу сассиқ гапларни қаердан ўйлаб топишади занғарлар?

— Жинлари гапиртиради-да, — деди ёш имом. — Шу жин-шайтонлари учун улар иймонидан ажраган. Ҳамма гапи ёлғон. Бирортасига ихлос қилиб қолсангиз, худо кўрсатмасин, куфрга ботасиз.

— Шундай деб қўй, — деди Тоға имомга. — Индамасанг тоза бошингга чиқади. Қаердаги гапларни топиб вайсайди. Фол кўрармиш, э, ўл, ана, энди мачитнинг эшигига келиб туриб опти.

Тошбўл сўфи азон айтди. Чоллар намозга турдилар. Намоздан сўнг ҳам чоллар у ёқ-бу ёқдан гапхона қиладилар. Сувчи, раис, ҳоким, унинг пойтахтдаги тўралари, яъниким, томири сувга етгани, бу билан ҳазиллашиб бўлмаслигини бот-бот такрорлашиб, яна унча мулоҳазаталаб бўлмаган қисқа-юлуқ ахборот алмашинувлардан сўнггина истар-истамай уй-уйига тарқалган бўлишади. Бу вақтга келиб лўли кампир ҳам улушини олиб қайгадир равона бўлган, бинобарин Тоға ҳам энди уни кўришга тоқати йўқ, кўзи тушиб қолгудай бўлсаям жеркиб, қўл силтаб кетган бўлар эди.

Тоға уйига келиб катта ўғлига отни эгарлашни буюрди. Ўғли бир лапашанг, бўш, кези келганда мана бундай от эгарлашга ўхшаган юмушларни ҳам вақтида эплаёлмайди. Одамнинг жуда бўшиям бир кулфат бўларкан. Охир-оқибат шундай бўлдики, у армия хизматига бормади, Тоға амал-тақал қилиб ўзига ўхшаган андироқ Фотимага — Шоди гуппининг ёлғиз қизига уйлади-қўйди. Ўз-ўзидан кўпайиб ётибди энди.

Бурноғи йили (унда ўғли уйланмаган эди) Мухтасам жўраси шийпоннинг ёнида ярим кўмилиб турган цистернани кўрсатиб:

— Ҳў, жўра, ит эгасини танимай кет­япти, шуни кўздан пана қил, эртага тилло пулга тополмайсан, мени айтди, дерсан, — девди.

Тўғри айтади, эртага бунақа юкни фалон пулгаям топиб сотиб ололмайди. Бир тележка топиб, амаллаб кўплашиб, «кўтар-кўтар» қилиб, ортиб келишаётса, йўлда ўғлининг қайниси Бўта тракторчи қичқириб ётибди:

— Тўхтанг, Жўра ака, поччамнинг қўлини темир қисди!

Бир муддатдан сўнг трактор тўхтагач, Аллаёрдан ҳол-аҳвол сўрайман десалар, йигит қизарган-бўзарган, ўнг оёғи цистерна тележкага ортилган заҳотиёқ унинг тагида қолган, йўлда қайниси унинг кўзлари қизариб, кучаниб бўзарганидан сезиб қопти.

Тоға ўғлига жуда ачиниб:

— Аллаёр, бошида бир оғиз айтсанг бўлмасмиди, икки бармоғинг мажақланиб кетибди-ку, болам, — деса, у:

— Манов кўриб эди, айтар дебман-да, — деб қайнисини кўрсатаётган эмиш...

Э, шунга айтаман-да, обдон одамнинг бўшиям бир кулфат. Кореядаги ўғли Дўстёр аломат, тегирмондан бутун чиқади. Лекин шу ичиши бор-да, ичганда отасиниям танимай қолади, шу боис келин билан сен-менга бориб туришади, онасиникига кетганида Тоға бориб опкелган, кейин-кейин кетсаям ўзи келадиган бўлди, ўғли Дўстёр бўлса, димоғида «ўзи кетар ёр-ёр, ўзи келар ёр-ёр» деб қўшиқ айтади. Тоға охири уларнинг рўзғорини бошқа қилиб тинчиди. Бироқ Дўстёр ичкиликни ташламади. Имкон топилганда хорижга кетди, шуниси дуруст бўлди: пул-мул жўнатиб туради-да.

Уч ойдан буён на пул жўнатаётгани, на алоқага чиқаётгани тағин бир ғалва бўлди.

Мухтасам жўраси ғариб, оиласиз, сўққабош, келиб ўрнашиб қолган жойи — олис даладаги шийпон. Ўзи ҳам одамови бўлиб кетганига қарамай, биз тоға деяётган жўрасини кўп соғинади. Одамлар эрта баҳорда унинг олдига эллик-олтмиш чоғли қорамол бериб, кеч кузгача боқиб, қараб туриш шарти билан ташлаб кетишади. Келишилган чўпон ҳақини вақтида ололмай ҳалак бўлади, лекин бари бир шу одамлар берганига қаноат қилмай иложи йўқ: бошқа иш қўлидан келмаса, фермер илиниб бирор гектар жой берса — кучи етмаса, қора меҳнат оғирлик қилса. Шундаям трактор шудгоридан чиққан шийпон атрофидаги кафтдай ерга бодринг, помидор, ҳандалак, қовун, кечки тарвуз экади — ишқилиб эрмаклайди-да. Ўзи ҳар замон хўжалик марказига тушганда бир талай бўлка нон сотиб олади-да, келиб майда кесиб қотириб қўяди. Шакар аралаштириб бир ҳафта ейди. Бир қанча ёшлар гуруҳ бўлиб маёвка деб ўтиб қолишса, у-бу егуликлар беришади. Ҳов бир гал уч овчи йигит кўл бўйидан роса қирғовул отишибди, қайтаётиб шу ерда бирпас улфатчилик қилишди, Мухтасам амаки уларга иккита қирғовулини товада қовуриб берди. Тўрваларига қараса, нақ ўн олтита қирғовул экан, баччағарлар бир дўмбоғини амакига ҳам илинишди.

Бошқа пайтлари бўлса, Тоға бу томонларга йўлаб туради. Қуруқ қўл билан келмайди. Ўтган-кетгандан эзилишади. Тузқоқи гўшт, тегирмон унидан қилинган тўрттагина тиғиз қора нондан ҳам кўтариб келади. Мухтасам ошнаси яшириб қўйган бир шиша виносини опкелиб, зўр ҳафсала билан кемшик тишлари билан «поқ» эткизиб очади. Тоға «Худонинг олдида не деган одам бўлдик, жўра», дегани билан, Мухтасам бир гапни такрор айтади: «Чопилиб юрган от барибир чопади, қўйсанг-чи, бир гап бўлармиди». Тоға шу гапни кутган бўлади аслида. Шу боис аввал олазарак бўлади, кейин бош пиёз тўғрамини ҳидлай-ҳидлай икки-уч пиёлани сипқариб юборади. Сўнг сархуш бош ўрнига келгунча қумғонда қайнаган кўк чойдан бостириб-бостириб ичаверади. Уйига бип-бино-йидек кириб келади.

Жўрасини охирги йўқлаганида Кореядаги ўғлидан ҳам, бу ёқдаги катта ўғлининг турмушидан ҳам кўп нолиди, ниҳоят, аслида ошна уйланмай, бола кўпайтирмай тўғри қилаётибсан, дейишгача борди. Ҳолбуки, у Мухтасам ошнасига бир эмас, икки марта бева аёл топиб уйлантирган, жўрасининг азбаройи бўшанглиги боис бўлса керак, аёллар кўп турмаган — кетиб қолишган. Бошида бир тутқаноғи бор аёлни хотин қилиб эди, у туғилган уч ойлик гўдаги устига тутқаноқ билан йиқилиб нобуд қилиб қўйганида қишлоқдаги турмушдан илкини узиб чиқиб кетган эди, бошқаларида ҳам бахтиёр ҳаёт ҳақида энди юрак бетлаб уйланмай қўйган эди чоғи. Зоҳидона турмушга ўрганганининг боиси шу.

Ўшанда Тоға Мухтасам билан очилиб, тўйиб ҳангомалашди. Мухтасам ҳеч ким билан тузук-қуруқ гаплашмайди, бироқ жўраси келганда тил-забон битиб, чунон иборалар қўллайдики, тоға бу чечанлик қайдан экан, деб қолади. Бошида таъкидлаганимиз каби одам ўзининг пешонасини ўқий олмайди. Тоға буни яхши англайди, лекин дўсти билан боғлиқ терс ишни тушида ҳам кўрмаган эди.

Гап шундаки, қишлоқдан нақд ўн олти чақирим наридаги эски шийпондаги суҳбатдан роппа-роса беш кун ўтиб, Тоғани мелиса йўқлаб қолди. Уларнинг «УАЗИК»ига ўтириб борса, Мухтасам деган ошнангиз борми, деб сўрашди. Бор, деб жавоб берди-ю, дарҳол нима бало урибди, даштда ҳалиги диний оқимга қўшилган жойи бормикан, деган ўй келди бехосдан.

— Нима қип қўйипти? — деб сўради дарҳол.

— У эмас, сиз қилгандирсиз?

Тожикбашара мўйловли терговчи шу саволни берибоқ зимдан Тоғага синчков тикилиб қолди.

У саросималанди. Бир фалокат қўпганини сезса-да, нима эканини англаёлмай гаранг бўлди. «Тушунтириброқ гапир, ука», демоқчи эди, терговчи аввалроқ:

— Унда нима қасдингиз бор эди, Тоға? — деб оғзига урди.

— Нега қасдим бўлади, жўрам-ку.

Тоға ўзи тирикмикан, деган хаёлга борган заҳоти, бу бегона йигитга қандай тоға бўламан, ё уям мени ҳамқишлоқларимга ўхшаб умумий Тоға демоқчими, деган ўй келди-ю:

— Ўзи тинчликми? — деди батамом шалвираб.

— Сиз биласиз-да, жондай ошнангиз, — терговчи капитан ҳам зеҳн ила, ҳам калаванинг учини топган ғолибдай иршайиб қолди. Зум ўтмай ғолибона таҳдидини давом эттирди:

— Далага чиқиб винохўрлик қилардингиз, а? — деди ва изоҳ талаб қилгандек шу кўйи туриб қолди.

— Бу — бор гап, майли, лекин ўзи соғми? — деб сўради Тоға довдираб.

— Соғ қоладиган қилиб калтаклаганмидингиз? — деди капитан. Тоғанинг довдирагани уни тағин хўрозлантирган эди.

— Тушунтирсангиз, жўра, ўзи нима бўпти? — деди Тоға ҳамон гаранг бир аҳволда.

— Мен қотил билан жўра эмасман, унинг устига соқоли кўкрагига тушган ҳожи ота бўлсангиз, — деди кесатиб.

Тоға бунга эътибор ҳам қилмай:

— Ўлиптими? — деб юборди, кўзлари нақ хонасидан чиққудек бўлиб.

Капитан энди пича шаштидан тушди. Тоғанинг ўзини тутиши қотилликни эслатмас эди.

— Юринг, — деди у ва ручка-қоғозни йиғиштириб, Тоғани хонадан чиқариб, коридорнинг охирига бошлаб борди. Полда эски-туски калта кўрпачалар билан усти ёпилган мурда ётарди.

Тоға юролмай қолди. Капитан болани судраклагандай уни гандираклатиб етаклаб борарди. Энди у дўстининг ўлганини тушуниб етган, бироқ буни кўз олдига келтиришга, идрок этишга капитан қўймас эди.

— Шошма, шошма, — деди тисарилиб, шу заҳотиёқ кўз олди қоронғилашиб ўтириб қолди.

Мурдага уч қадам қолган эди. Капитан чироқни ёқиб, мурданинг юзини ҳам очди. Бир қўланса ҳид анқиди. Тоға ўрнидан туролмади, бироқ энгашиб эмаклаб келди. Тилидан нима сас чиққанини капитан тугул ўзи ҳам англамади. Жўрасини қучай деб чоғланди-ю, бад бўйдан юзи буришиб кетди.

— Ё Аллоҳ! — дея ёнбошлаб қолди.

Капитан камзулининг ёқасини кўтариб, жуда совуққонлик билан:

— Кетмоннинг сопи билан урмай, темир билан солибсиз-да, пешонаси бир зарбда мажақланиб кетибди, — деди. — Бу ҳам етмагандай иягини синдирибсиз. Ё биринчи урганда жони чиқмадими? Ахир ўшанда манави ўнг кўзи ҳам хонасидан чиқиб кетган-ку, яна уриш шартмиди?

Ёнбошлаган жойида чалқанча тушганини ўзи сезмади. Капитаннинг буйруғи билан погонида бирор белгиси йўқ мелиса Тоғани изоляторга судраб кетди.

Шу кўйи у уч кун ётди. Ҳар куни сўроқ қилишди. Ҳар сафар у беҳолгина ҳеч нарса билмаслигини айтарди. Ва ҳар сафар дўстини ювиб-кафанлаб, жаноза ўқиб, кўмилганми-йўқми, эканини сўрарди. Тағин ҳар гал мурда суд-медицина экспертизасига жўнатилганини эшитар ва охири бунга кўникиб ҳам қолди.

Охирги куни ҳам у ўша капитан сўроқ қиляпти, деб ўйлади ва беихтиёр:

— Инна лиллаҳи ва инна илайҳа рожиъувн! — деди баланд қироат билан. — Унинг арвоҳи қай аҳволда — билмаймиз, лекин эртага сен ё мен нима топамиз — буниям билмаймиз-ку, а, ё биласанми?

Тоға энгашиб олган, қаддини ростлаш тугул кўзини очишни ҳам истамасди.

— Файзулла тоға, — деди мелиса, — сиз гумондор бўлган ягона шахс эдингиз, муҳлат тугади, энди уйга кетасиз!

Тоға ажабланиб бошини кўтарди. Хона нимқоронғи эди.

— Сизни уришмадими? — деди мелиса.

— Худонинг ургани етмайдими?

— Мелиса Худога қараб ўтирмайди-да.

— Энди барибир: урсанг ҳам, ўлдирсанг ҳам.

— Мен Мустафо полвоннинг ўғлиман, танимаяпсиз чоғи?

— Мелисаси бор деб эди, сенмидинг?

— Ҳа, мен, кичиги — Абдужаббори.

— Мухтасамни қандай кўмдинглар?

— Ўша куни Абдували имом мўргдан одамлар билан келиб опкетган. Иримини қилиб кўмган чиқар.

Тоға изолятордан чиққандан тўрт кун ўтиб, пайшанба куни дўстига қўй сўйиб маросим қилиб берди. Маросимда чоллардан бири Мухтасам шу ҳолига ҳажга боришни орзу қилганини кулиб айтиб берди.

— Сиз билан мен-чи, — деб чолнинг оғзига урди Тоға. — Ундан қаеримиз ортиқ?

Уч ой деганда Тоғанинг кичик ўғли Шерали Кореядан келди. Бир болали сигирни унга берди. Кечаги жумада ўғлини мачитга опкелиб, кўпнинг дуосини олди. Бугунги жума намозига чоғланганда лўли хотин эшик қоқмай кириб келди. Эшикдан кираётиб:

— Манам девонаи Машраб, — дея хиргойи қилди.

Бу сафар Тоға уни қабатига чақириб олди. Тилаганидан ортиқ пул берди.

Қора аёл супага ўтирганча тасбеҳига қараган кўйи:

— Мушкулларингиз кушойиш, амак, — деди.

Тоғанинг яна бир жини қўзиди-ю, бу гал ўзини босди.

— Учта бети қаро қамалди, жўронгизга қасд қилган ўшалар.

Жамоат намозидан кейин тенгқур чоллар билан гаплашиб ўтириб эшитди: бузуқ йўлга кирган уч йигит Мухтасам чолни йўриғига ундаган, у бўлса кўнмаган, қайсарлик қилган, оқибати — шу, чол беҳуда ўлиб кетди. Мелиса барибир қўлга опти — садағанг кетай, ҳўкимат.

Мачитдан чиқаётиб тағин лўли хотинни кўрди. Кўзи кўзига тушмаслиги учун бошқа қарамади. Лекин кўчага чиққанда шерикларига:

— Шу занғар мўлтониларда ҳам бир гап бор-ов, — деди. Яна бир нима деб изоҳламоқчи бўлди-ю, шерикларининг авзойига қараб индамай қўяқолди.