“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Наср
  • 670 марта кўрилган.

КЕКСАЙГАН АРАЗ

Лобархон РУСТАМОВА   
КЕКСАЙГАН АРАЗ 
Ҳикоя
Ота бугун азонлаб кўчага кетган эди. Ҳаял ўтмай қайтиб келди-да, қўлидаги ҳассасини улоқтирди. Ҳасса ёш бодом кўчатига урилди. Гуллари ер билан битта бўлди. Ўчоқ бошида «ку-ку»лашиб юрган мусичалар пар этиб осмонга кўтарилди.
У оппоқ соқолини тутамлаб, мовий кўкка тикилди. «Астағфирулло», дея пичирлади, сўнг чуқур уҳ тортди. Отанинг юрагига қил сиғмасди. Уйга қараб бир-икки қадам босган эди, бир оёғи юришга имкон бермади. «Ҳа, савил!» Ҳассага интилди. Уни олишига кўзи етмади. Оғриган оёғини маҳси устидан оҳиста уқалади. Кампирининг қадри ўтадиган бўлди. Болалар ўзи билан ўзи. Бир оёғини гўр тортиб турган қари отанинг дарди билан нима иши бор уларнинг...
Кампири бояқиш ҳар куни оёғига дори-дармон қиларди. У куни билан оғриқ нималигини билмасди. Мана бир ойдан ошдики, кампирининг арази тарқамайди... Устига-устак кўрпа-тўшак қилиб ётиб олган. На овқати ва на ётарида ҳаловат қолди чолнинг.
...Ўша куни «хўп», деб қўя қолса бўлар экан-у, қаёқдан билибди, кампири бирдан тўнини тескари кийиб олишини.
Кампирининг жияни қиз узатадиган бўлди-ю, отанинг уйидан барака ариди. «Холагинамдан қолган ёлғизгина қиз, қўй етаклаб бормасангиз бўлмайди», деб икки оёғини бир этикка тиқиб, деб туриб олди шу ёшда. «Ҳов, кампир, қўй фалон пул бўлса, ахир икковимизнинг ҳам ёшимиз бир жойга бориб қолди, болаларингни кўряпсан, ўзини энди тиклаяпти... Сендан хафа бўлмас... Шу қўй турсин уйда!
Қаёқданам гапни айтди. Мана, бечора балога қолиб ўтирибди. 
— Сиз доим шунақа қиласиз, ўзингизнинг уруғингиз бўлганда қўй эмас, бузоқ етаклаб борардингиз... Одам ажратасиз, — кампирини гапдан тўхтатиб бўлмас, у эллик йиллик дардини айтиб-айтиб йиғларди гўё. — Эллик йил сиз билан яшаб кун кўрмадим. Нима орттирдим? Дарддан бошим чиқмади. Дала билан уйдан бошқасини билмадим. Бошқа хотинларга ўхшаб Самарқанду Бухоро қилиб айланмадим, бола боқай, тўй қилай, чолимнинг ёқасини кир қилмайин, уйнинг камини бировга билдирмайин, деб куним ўтди-ю...
— Бўлди қил, эшитганлар нима дейди? — дея ота аччиқланиб уришиб берди.
— Эшитса-эшитаверсин... Бирор марта бу уйда менинг сўзим сўз бўлганми ўзи? Йўқ! Шунча йил қилган хизматим эвазига раҳматингизми, бу? Бўлди! Тўйгаям бормайман! Кўчагаям чиқмайман! Мен ўлганман! Билганингизни қилиб юраверинг...
— Қанақа ярамассан, Ўғил?! — У одатдагидай кампирини ўртанча қизининг исми билан чақирар экан овозини пича пасайтириб сўзлашда давом этди: — Шу ёшга кирганда, бу қанақа қилиқ?! Шунга шунча ота гўри қозихона қилиш шартми? — чол кампирга яқинлашди. — Ичингда шу дардларинг бор экан, ётиғи билан айтсанг бўларди. 
— Сиз ётиғи билан айтганни тушунадиган одаммисиз? — Кампир бурнини тортди.
— Мен ҳали тушунмайдиган ҳам бўлдимми?
— Тушунган, ўқиган бўлсангиз ҳалиги гапни айтмасдингиз. 
Кампир бошқа бир оғиз ҳам гапирмади, ҳовли этагидаги анҳорга қараб кетиб қолди. Хотини эллик йил деганда юзига тик боқиб гапирганини кўтаролмаган чолнинг ранги гезариб, қўл силкиди. Лекин кампирининг эгик қаддини, оёғини базўр босаётганини кўриб, яна раҳми келди. Арзимаган гапга дилини оғритди-я... Ўлганидан кейин ўғиллари тепалаб-тепалаб кўмар ахир! Расм-русумини қилар... Ўлиги кўчада қолмас. Кампирнинг айтгани бўла қолсин...»
Бироқ кампири эрталаб ўрнидан туролмади. Дўхтирлар: «юрак хасталиги», дейишди. Тўйга ҳам боролмади. Унга набираси қарайдиган бўлди.
Чол уйга кирди, дегунча тескари ўгирилиб олади. Мана, бу гал ҳам шу. Ҳали шаштидан тушадиганга ўхшамайди. Ота бир нафас сукут сақлади. Кампири ҳадеганда қарайвермагач, секингина сўз бошлади:
— Ўғил, Худога шукр, қайтиб берди сени... Гинангни ташла... Бизга ярашмайди, ахир. Агар қариган чоғимда кўзингга хунук кўриниб қолган бўлсам, очиғини айт, бошим оққан ёққа кетай...
Кампир бошини хиёл қимирлатди, гапиришга оғиз жуфтлади-ю, индамади. Ота набирасини кўриб ўрнидан турди. «Тез-тез овқатлантириб тургин, қизим, ёлғиз қўйма».
Ҳовлига чиқиб баҳор ҳавосидан тўйиб-тўйиб нафас олган отанинг юрагидаги англаб бўлмас ғашлик тугуни ечилмади. Ўз-ўзидан кўзлари ёшланди. Елкасида оғир юк бордай вазмин, ҳовлидаги дарахтларни кўздан кечирди. Новдаларда бўртган куртакларга назар солди. «Ҳадемай барг ёзади, гуллаб, мева тугади... Ҳар баҳор дарахтлар қайта туғилади. Инсон-чи? Туғилиш ҳам, ўлиш ҳам бир мартагина берилган унга. Шу биргина умр давомида ҳам қанча ғам-андуҳ, ташвиш, касаллик. Тағин ҳам инсон боласи ҳаммасига кўнади-я, эртанги кунга умид билан яшайди».
Ота ана шундай хаёллар оғушида яна кампирини ўйлади: «Наҳот энди, рози-ризолик тилашмай, аразлашиб ўтиб кетса дунёдан... Болалари бўлса, уят...»
Кунлар ўтди, кампир оёққа турди, ҳовлида куймаланиб юрганини кўрган отанинг юраги алланечук бўлиб кетди. «Худога минг қатла шукр! Аразласа ҳам бор бўлсин! Орқамда қолсин».
Эртасига шаҳарга тушди, кўйлаклик, рўмол олиб чиқди. Кампирини ўчоқ бошида кўрди.
— Ўғил, бўлди энди... Келинчак бўлмасанг ахир. Нима бўлса ҳам мендан ҳам кейин ер босиб юргин... Лекин сен бўлмасанг, ҳолим хароб бўлиши тайин, жуда қўрқитиб юбординг. Энди бундай қила кўрма. Кучга кирсанг, сенинг айтганинг бўлсин. Хоҳлаган жойингга олиб бориб ўйнатиб келаман.
Ота қўйнидан кўйлаклик ва рўмолни олиб узатди: «Мана буни тиктириб кийгин». Ортиқча аразлашга ўрин қолмаганди. Бетоб ётган кунлари арзимаган гап учун ранжиб, шунча йил тотув яшаб келган чолининг дилини беҳудага оғритганини тан олган, инқиллаб юришидан оёқ оғриғи зўрайганини сезган, лекин бирданига аразидан тушиб, чоли олдида ўз қадрини ерга уришни истамаган эди. Энди эса шундоқ ҳам мункиллаб, ҳасса ушлаган қўли қалтираётган чолига юраги туз сепгандай ачишди. Чолининг туҳфаларини қўлига олиб, юз-кўзига суртди: «Илоё тани-жонингиз соғ бўлсин».
— Уйга киринг, тамадди қиламиз. Кейин оёғингизга дори-дармон қилмасак бўлмайди, бунақада ётиб қоласиз...
Отанинг кўзига табиат ўзгача чирой касб этгандай тароватли туюлди. Юрагини кемириб ётган ғашлик ўрнини ширин, тотли ҳаяжон эгаллади.