“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Наср
  • 757 марта кўрилган.

МАСОФА

Асад ДИЛМУРОД
 
МАСОФА
 
Кеча челаклаб қуйган баҳор ёмғирида беҳад қутурган кўл ҳануз шаштидан тушмай долғаланиб кўпираётган эди. Кўкўпар чўққилар бағридан олмос тасма мисоли ялтираганча ўйноқлаб оқиб келаётган асов сой баланд соҳилни узлуксиз ювиб шаршарага эврилади ва думалоқ улкан косага ўхшаш кўл қудратини янада оширади.
 
Чошгоҳга яқин камина ўн бир яшар жияним Мардини пинжимга тортганча буюк меъмор саналмиш она табиат жами меҳрини бериб моҳирона яратган ажиб мўъжиза қошида лолу ҳайрон ўйга толган эдим. Ҳадемай таърифи йўқ таҳликага чулғаниб туйқус сескандим, негаки, нари томон ёв босгандай тўполон бўлиб кетган эди.
 
Қандайдир афсунга бўйсунган саёҳатчилар ягона жамоа, яъни тўда тузиб соҳил бўйлаб изғишади. Тўдадан эллик қадамча берида қирқни қоралаган тўлагина аёл  бутун вужуди қақшаб инграйди. Қалин киприклар қуршовидаги чарос кўзлари чақчайиб, тубида «тезроқ кўмаклашинг, йўқса қуруқ ёғочдек ёниб тугайман» қабилидаги маъно зуҳурланган эди...
 
Хаёлим пар каби тўзғиб, тирсакдан кесилган чап қўлимни асабийлашиб силай-силай, кесакдай қотган Мардига тикилар эканман, яна фалакка аччиқ ҳасратга йўғрилган залворли нола ўрлади. Ўша заҳоти талмовсираётган тўдадан соқоли қиртишланган, спорт камзули ва соябони узун қалпоғи қадду қоматига ярашган хушсуврат  йигит ажралди ва қушлар уялаган тераклар тагида безовта ивирсиётган чувак қария сари одимлади.
 
— Ҳай, ўғлим, раҳмингиз келсин она-болага!..
 
Чўлтоқ қўлим сим-сим оғриётган чоғда оқимтир похол шляпа кийган ва анчайин энли-семиз бетини ажин қоплаган етмиш ёшлардаги кампир қисиниб кўнглини ёрди. Натижада йигит ҳаргиз Худога ёлбораётган аёлга ҳамдардона термилди, лекин кампир истагини бажариш борасида шошилмади, жиллақурса кўкси увалгудек алпозда ўртанаётган аёлни овутишни истамай, афт-ангоридан андишали одамлиги билинаётган  қарияга тирғалди-ю, яқинда сузиш бўйича шаҳарда ўтказилган беллашувда омади чопгани боис амалдор тоғаси қўлига хориж машинаси калитини тутқизганини йирик-йирик қўнғир кўзлари чарақлаб шарҳлашга киришди. 
 
Ҳаёти фақат омаддан иборат эканини билдирмоқчидек, хушсуврат йигит алоҳида ҳафсала билан кафтини-кафтига ишқаб қўйди, мен энсам қотиб ичимда кулган эдимки, борлиқни тағин чексиз аламу армон ва надоматга тўлғин нола қоплади. Натижада табиат кўркидан завқланаётган тўда гувоҳлигида кечаётган ҳодиса даҳшатини беҳад чуқур туйиб, ёруғ дунёга сиғмай, қоқ иккига бўлинган чувалчангдай типирчилай бошладим. Кўл ва шаршара маҳобатини тобора қизғин шарҳлаётган тўда назаримда ёввойи мавжларга қўшилиб қулоч отаётган болани ҳам, куйиб-пишиб чархи кажни қарғаётган аёлни ҳам шунчаки сояга қиёслаётган эди. Гапга тўн кийгизаётган хушсуврат йигит эса кўл сатҳидан нигоҳ узмай нуқул таранг қорнини қашлаётганди; узоқни кўролган ҳимматли тоғаси сов­ға қилган ва тенг-тўши ҳасадини қўзғаган машина баҳосини чўтга солаётган бўлса керак.
 
— Ўв, Рома, жувонмарг кетмасин гўдак!..
 
 Ҳатто тош дийдани ҳам мумдек эритадиган даъватга жавобан йигит, ҳатто қимир этмаганини кўрган қария қайғу оғушида гезарди. Энди мен ҳам шаксиз чинакам ғусса бандасига айландим, ўқтин-ўқтин енгил депсиниб без тераётган йигит ўрнида мислсиз даражада уялаётган эдим ва қани энди аёл кўзларига атиги бир бора тик боқолсам!..
 
— Уфф, Рома, ҳали у мучал ёшигаям етмаган!..
 
— Ие, мен айбдорми бунга, устоз?!
 
Кундек равшан: ҳеч бир мунозара, тортишув ёки таклиф ақл бовар қилмас кулфатни сира енгил латмайди. Айни ҳақиқат қалбимда мудраётган қандайдир исмсиз туйғуни ногоҳ уйғотиб, томирларим бўйлаб оқаётган қонни булоқдай жўштирди. Ортиқча кутиш фалокат келтиришини чамалаб, нуқул ўзига маҳлиё бўлишдан нарига ўтмаётган тўда ва айниқса, димоғи шишган йигит гўрига ғишт қалаб ечиндим.
 
— Ҳолийизга қаранг-ей, тоғажон!..
 
Ранг-рўйи оҳакдай оқарган Марди оппоқ курак тишлари орасидан ҳуштак чалгандай минғирлаб оғир кесатди, аниқроғи, ожизлигим ва шуни кўра-била катта кетаётганимни бетимга солди. Натижада бояги шижоатим тумандек қайгадир чекинди-ю, иккиланишу ҳайиқиш оғушида мўлтираб, ўзимни итдай чавақлагим келди. Худди шу пайт патлари оппоқ чағалайлар бетоқат қийиллади ва пиш­қираётган лойқа мавжлар кифтида пўкакдай тебранаётган пучуқ бурунли болани яққол кўрдим, гоҳо фиғон чекиб, гоҳо сочларини юлаётган аёл ҳам шубҳасиз илғади, сўнг додлаб қарчиғай тахлит юлқинди-ю, биров дафъатан оёғидан чалгандай гандираклаб юзтубан қулади.
 
— Эсизгина ёшлик фаслим-а! — чувак қария оғзи-бурни қонга тўлган аёл сари ўгирилиб афсусланди. — Қанақа олғир эдим, эҳ-ҳей, истасам осмондаги ойни бир сакраб узволардим. Уфф, энди  арава тортишга яроқсиз ва пичоққа илинмас қоқсуяк қирчанғиман!
 
Рома қулинг ўргилсин ичакузди латифа эшитгандай ҳиринглагандан кейин аллатовур хомушланган қарияни қучоқлаб кўтарганча чирпирак қилиб икки бора айлантирди. Дунё ишлари кўп қизиқ: ҳамияту фаросатни бемалол ёввойи алафдай қийратиш мумкин  ва рафторига қараганда бинойидек йигит билган ёки билмаган ҳолда бу мантиқни тасдиқлаётган эди...
 
Фикрларим калавадек чувалангани сайин ўзимни болакай ўрнига қўйиб кўришга интилдим ва ногоҳ шунда қайғу кўлами жисмимни гўё ҳайбатли тоғ бўлиб босди. Фаҳмимча аёл ҳам бош-оxири йўқ алғов-далғов мулоҳазалар исканжасида эди; тинка-мадори қуригани устига, жафокаш курраи арз ва поёнсиз само шу беомон кўлнинг биргина нуқтасида жойланган деган фикрда чийралаётганди ва жодига тиқилгандек тобора ситилаётган жисму жони шу нуқтага бирлашиб борарди.
 
Мана шу тушунча, айниқса, беҳад мунгли туюлди, сўнг пароканда хаёлим масофа, тўлқин ва чорасизлик сари оғди-ю, беҳад оғир армонимга айланган яримжонлик балосидан нолидим ва яна бот-бот норозиланиб ҳайқираётган болакай сари ўгирилдим. Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, у эртакдаги камина хушлайдиган Нўхат полвонга менгзарди. Гирдоб копток мисоли наридан берига аёвсиз ирғитаётган пажмурда гавдасини чулғаган оғриқни теран туйганим заҳоти руҳимни у одамзодни мудом яшаш ва интилишга ундовчи умид тимсоли деган фикр шамдек ёритди, демак, Худо кўрсатмасин, агар у чўкса умид ҳам чўкади ва барча учун бирдек азиз тириклик дунёсини мудҳиш аросат комига тортади.
 
Пайлари тиришиб, ўпкаси пуфакдай шишиб, ҳансираганча аранг ҳаво симираётгани сезилаётган бола тутдек тўкилаёзган онаи­зорини юпатиш, кўп нарсадан ғофил Рома, ҳафсаладан қисилган тўда ва аҳдидан қайтган фақирни мулзам қилиш учун қарор бергандай жон-жаҳди билан соҳил сари  талпина бошлади. Шўрлик бир неча марта тузоғи беҳисоб тубсизлик қаърига шўнғиди ва Худо ёрлақаб юзага қалқиб чиқди ва ниҳоят тўлқин ҳамласини охиригача даф этолмай соҳилдан узоқлашди. 
 
— Рустам, Худойим шоҳидки, ортга сира йўл йўқ, — деди қария, дафъатан овозини бир поғона кўтариб. – Агар бадном бўлишни истамасанг, кимлигингни тезроқ кўрсат!
 
Хиёл қизишган қария ранг-рўйи ва талаффузидаги фавқулодда ўзгариш кўнглимга шубҳа аралаш ажиб севинч олиб кирди, аниқроғи, Рустам деган хитоб беихтиёр мени серташвиш кечмишга етаклади-ю, тасаввуримда дарди дунёсига ғарқ жонсарак қишлоқ, ёғоч дарвозали сершовқин мактаб, ёзда кўл бўйига танда қўядиган ва тупроқ кўчалардан жизилловуққа тақлидан зувуллаб чопадиган ялангоёқ ва ялангтўш болалар гавдаланди.
 
Тирноқча шубҳага ҳожат йўқ: боядан бери ҳаволаниб куйдираётган йигит камина билан тепкилашиб ўсган, бир майизни бўлишиб еган ва кейинчалик ном-нишонсиз йўқолган Рустам чўртан эди. Қачондир пешанасига аломат лақабни камина тамғалаган эдим. Сўнг тошдек қаттиқ мушти зарбини татидим ва шу баҳона орамиз бузилди. Орадан кўп ўтмай ўртага ғуруримизни тикиб ярашган ва дўстлик ипини боғлаган эдик, аттангки, ҳозир у беғубор ўсмирлик даври учун хос бетакрор саргузаштларни бутунлай унутганча ўзини етти ёт бегона сингари бепарво тутаётганди. Буниси майли гўрга, аммо гулдек бемаврид сўлаётган норасидага нечун қайишмаётир, тавба, юраги ўрнида наҳот бир парча муз ўрнашган?!
 
— Ўв, мулла, намунча шалвирайсан?!
 
— Ҳмм, бугун кечки соат тўртда очиладиган биринчиликка силлам қуриб боришим сизнингча маъ­қулми?! Қўйинг, ҳадеб қистаманг, қани юринг, яхшиси жўнаб қолайлик!..
 
Рустамнинг таъкидлари заҳролуд эканини пайқаган қария илкис тарсаки егандек ўнғайсизланди ва беихтиёр аёлга ҳамдардлик билдирди, яна бир бора ёшлигини сифатлаб хўрсинар экан, соябонли қалпоғини қошларига қадар бостирган Рустам оғринганча нигоҳини яширди. Дарҳол дилимдан бу бошқа Рустам деган фикр кечди ва ўша заҳоти тағин ғалати орзиққанча тасаввуримда ҳали эскириб улгурмаган хотираларимни тикладим.
 
Рустам болалик пайтида мудом қовоғидан қор ёғдириб юрарди: текканга тегиб, тегмаганга кесак отарди. Зуваласи пўлат тахлит пишиқлиги ва чайирлиги билан қишлоқ аҳлини мафтун қилганди, жони шу қадар қаттиқ ва иродаси шунчалар мустаҳкам эдики, мактабни таъмирлаш пайтида оёғини паққос йўғон мих тешиб ўтганда миқ этмай шунчаки паришон жилмайганини кўриб тасанно ўқиган эдим.
 
Дангали, ёғин-сочинли баҳор фаслида айғирдек қутурадиган кўл яқинига ҳар ким ҳам йўламасди. Илиги суягига сиғмас Рустам қўйиб беришса, ҳатто изиллаган қаҳратон қишда ҳам кўл қирғоғида тунарди. Ўларию қоларини асло ўйламай, юксак жарга монанд соҳилдан қийқириб калла ташлар ва ўктамона овозидан янада руҳланар эди. Тўйгунча мириқиб чўмилгач, кафтдай теп-текис қояда чалқанча чўзилиб, соясидан ҳуркадиган лапашанг тенгқурлари шаънини ерлаганча тўтидай бидирлади. Нуқул шопирилиб жиғимга тегавергач, шохини синдиришни чўтладим, аниқроғи, эринмай айрим сирдош дўстларим миясига биз ҳам охири ҳақиқий шоввоз эканимизни исботлашимиз керак, деган фикрни қуйдим. Кўп афсус: барча уринишу куйинишлар бемаъни мағлубият билан якунланди. Лаънати кўлни бўйсундириш йўлидаги аёвсиз кураш авж палласига кирганда дарахт айрисидан ножўя калла ташлаб ишни буздим: чўқмор тахлит тошга елкам билан урилиб шарманда бўлдим ва  ма­йибу майриққа айланганим етти пуштимга татийдиган армон...
 
— ўайби, сан бор-йўғи чавоқсан!..
 
Дори-дармону спирт ҳидига тўла диққинафас шифохонада жарроҳ тиғи остида азобланиб ва ниҳоят эсон-омон тузалиб чиққанимдан кейин Рустам ўмровига тарсиллатиб муштлай-муштлай тилимни қисганди ва ўша илмоқли кесатиқ ҳозир қулоқларим остида айрича жаранглаганча юрагимни тилка-пора айлади.
 
— Рустам, жўражон, наҳот   ўзингсан?! Тирик экансан-а! Қишлоқни соғиниб келгансан-да! Кўлниям соғингансан, тўғрими?! Нимасини айтай: у ҳамишагидай қонсираган! Қарагин, бегуноҳ болани ямламай ютиш пайида!..
 
Миямга қайноқ қон тепчиётгани, беҳад орзиқаётганим сабабли соқовдек дудуқланиб жаврадим ва узуқ-юлуқ сўзларим Рустам қалбини буткул ларзага солишини чўтлаб атрофида парвонаи патак бўлдим. Ярамагурнинг «Ҳозир боплаб қотирамиз» маъносида мулойим илжайиши, ҳатто ечиниб ўтирмай, ёшлик журъати билан ҳануз пишқираётган кўл бўйлаб чўртан балиқдай эмину эркин сузиб кетишига тўла амин эдим. Лекин у жойида ғумайдек томирлаган каби қимирламай хиёл тўрсайди ва афту башарамга бурнини жийириб ола-була қаради:  туёғингни шиқиллат, эй нодон!..
 
Ҳартугул Рустам мени таниганди, ҳалиги ярашмаган хитобни эса, тили бир ёқда қолиб, олма-кесак тераётган хиёл қисиқ қўнғир кўзлари сўйлади. Ростдан ҳам кутилмаган хитобни қароқлари қаттиқ шивирлаб айтди ва ичимни буров бурагандай бўғилдим. Ҳозир у шаксиз безовта соҳилда ўн йил бурунги ҳаёти билан учрашганди; қачондир кўлда қип-яланғоч чўмилиб яйрагани, тошқин чангалидан неча марта улоғу бузоқни қутқаргани, бемаврид узилган онаси тобути устида ўкириб юм-юм йиғлагани, отаси уйланганда аразлаб очлик эълон қилгани ва бадар кетганини ёдлаётгани эҳтимолдан холи эмасди.
 
— Уволга ботмагин, Рустам жўра!..
 
— Ов, Ғайби жигар, бас, одамни кўп қийнама!..
 
Баттар қовоқ уйган Рустам хезонглаб бақирди, дағал товуши чўғланган тиғдай бағримни тешиб ўтди, ҳануз беҳол инграётган аёлга қарагани юрагим бетламай, таваккал қилишга аҳдландим; ё болани қутқараман, ёки у билан бирга чўкаман! Ўша заҳоти аҳду қарорим қулига айланиб, аввалгидай туйқус дадиллашдим-да, бужур қоядан қуйига шўнғидим ва қулоғимга чағалайлар олқиши чалинди...
 
Пайтдан фойдаланиб бир сиримни айтай: омадсизлик туфайли чап қўлим тирсагидан кесилгач, ғурурим даъватига кўра, мустақил равишда бир қадар сузиш ҳадисини эгаллаб, бинойидек тажриба тўплаган эдим. Айни пайтдаги таҳликали қалтис вазиятда эътиборга лойиқ ўша уринишим шаксиз тузуккина асқотишини яққол билардим. Чиндан ҳам илк лаҳзадан рағбатим ошиб, қайсар тўлқинни абжирона ёриб илгариладим, яна бир дадил интилиш болага етишим ва уни қирғоққа судраб қутқаришимни таъминларди. Лекин оралиқ икки ярим метр­ча қолганда зилдек ғул чирмашгандай гавдам оғирлашди ва лойқадан иборат ўрама аёвсиз тарзда комига тортди; қандайдир тийиқсиз гирдоб бетон девор мисоли чор тарафдан қисиб келаётганди. Аста-секин юрагим уриши секинлашиб, нафасим бўғзимга тиқилди-ю, ажалдан дарак бераётган зулмат ичра зулматга эврилдим.
 
Энди мен гўё нажотдан тамом мосуво ғумбак эдим, ақлу идроким ва кўнглим ўртасида ястанган масофада ношудларча адашгандим; ичимда кимдир «Аттангки, эплолмадинг» тарзида зардали шивирлаётган эди. Бариси бутунлай тугаганига заррача шубҳаланмай, қум тиқилгандек ачишаётган кўзларимни чўчинқираб очсамки, шовуллаб шаршара қуйилаётган кўл бўйида, бетини қалин ниқоб қоплаган тўда қаршисида, аъзои баданим қақшаганча ночорона сулайиб ётибман. Тепамда уст-боши шалаббо Рустам кўксини кериб бетоқат гувранаётир, дийдага тикандай қадалувчи қўнғир кўзларида: «Сен шўртумшуқ чўртан бўлишинг учун етти қовун пишиғи бор» қабилидаги маъно чақнаётганди. Сал нарида эса боягина чексиз ғаму андуҳга ботиб қайта-қайта бўзлаган аёл пучуқ бурунли Нўхат полвонни бағрига босиб мулойим кулмоқда эди. Кулча юзли миттивой борлиғидан таралаётган сирли шуъла бехосдан сокин товланиб руҳимга чирмашди. Ногаҳон уни тағин одамзодни яшаш ва интилишга ундовчи умид тимсолига қиёсладим ва ҳамон ёнимда бўйлаган Рустамни астойдил қучоқлаб олганимни билмай қолдим...