“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Наср
  • 607 марта кўрилган.

ЯНГИ ЭРТАК ҳикоя

Нормурод НОРҚОБИЛОВ

“Бир бор экан, бир йўқ экан…”

Уф-ф… Бунча қийин иш экан бу!..

Эртак тўқиш ва уни қоғозга тушириш бу қадар оғир, бу қадар мушкул юмуш эканлигини хаёлига келтирмаган Ойдин-қизалоқ, мана, неча кундирки, “Бир бор экан, бир йўқ экан”дан нарига ўтолмай жуда хуноб эди.

Қизча ўйчан нигоҳини олдидаги дафтар саҳифасидан узиб, аввалига худди нажот қидиргандай, марҳума онасининг девордаги суратига тикилади. Бир муддатдан сўнг чуқур хўрсиниб, теваракка маъюс кўз югуртиради. Шу тарзда у шифтдаги чироққа, девордаги сўзаналарга, бурчакдаги темир печга, токчалардан бирига батартиб терилган китобларга, дераза ортидаги қоронғи тунга бирма-бир лоқайд назар ташларкан, охирида, хона ўртасига солинган қўш уриннинг бирида баҳузур уйқуни ўраётган ўгай опаси – Хадичага ҳавасланиб боқади ва ич-ичидан, қўлидаги ручкасини нимқоронғи кунжакка улоқтириб, опаси қаторида кўрпа тагига шўнғиш истагини туяди. Бироқ қандай бўлмасин эртагини тезроқ якунлаши лозимлиги тағин эсига тушиб, бу фикридан қайтади. Ахир ўгай онаси – Садоқатнинг туғилган куни жуда яқин қолган, агар эртагини тезроқ тугалламаса, болдан тотли, шакардан ширин орзуси – байрам дастурхони устида ҳаммадан бекитиқча ёзган эртагини ўқиб, уйдагиларни, асосан, ўгай онасини қувонтириш нияти бутунлай пучга чиқади-да. Китобни ҳушсизлик билан бир-бир варақларкан, кўзи бот “Зумрад ва Қиммат” эртагига тушгач, қошлари норози чимирилиб, уни шартта ёпади-да, зарда ила нари суриб қўяди. Боиси, қизча яратажак эртак мазмуни бу эртакка тамомила зид бўлиб, уни тўла инкор этарди. Ваҳоланки, яқин-яқингача, яъни эсини таниб, китоб ҳамда эртаклар дунёсига ошна тутинганидан бери айни шу эртак унинг энг севимли, энг қадрли эртакларидан бири эди.

Энди эса...

Қизча ушбу эртак туфайли чеккан руҳий изтироблари – Зумраднинг тақдири энди ўз бошига тушажагини ўйлаб, қўрқув ва таҳлика оғушида кечган кунлари ва тунларини ҳали унутмаганди.

Эсида, ўшанда ўгай онасининг ҳовлига кириб келиш онларини даҳшат билан кутган. Дарвоза ортида машина овози тиниб, эшикларнинг қарс-қурс очилиб-ёпилиши қулоғига чалиниши билан елдай учиб бориб, сомонхонага бекинган, қўрқувдан япроқдай титраб, эшик тирқишидан дарвозага кўз тиккан. Ана, ҳозир ўгай онаси айнан Қимматга ўхшаш лаби дўрдоқ, сочлари патила, ҳаддан зиёд инжиқ ва ўжар қизини бошлаб дарвозадан кириб келади, шунчаки эмас, оғзидан ўт пуркаб кириб келади. Ва ҳовлига қадам қўйиши ҳамоноқ теваракка аланг-жаланг қараниб, ўгай қиз – Ойдинни қидиришга тушади ва сўнг уни бўғзигача юмушга кўмиб ташлайди. Мабодо бўйин товлар бўлса, уради, сўкади ва оқибат, кунлардан бирида, ўрмонга адаштириб кел буни, дея отасининг қўлига тут­қазади. Отаси ўгай онага лом-мим демоққа журъати етмай, суюкли қизини ўрмонда адаштириб келади. У ўрмонда улоқиб юриб, тўсатдан дарахтга осилган ва шамолда тебраниб, “тақ-тўқ” қилаётган болтага дуч келади.

Бироқ шу ерга келганда қизчанинг боши қотади: хўш, отаси уни қайси ўрмонга адаштириб келади? Бийдек дашт киндигида жойлашган дўппидек овули теварагида ўрмон тугул, кафтдек чакалакзор ҳам йўқ-ку. Ана, у ёғи қўшни овулгача, бу ёғи эса олисдаги кўкиш тоғлар этагида ястанган қирга қадар яйдоқ даштлик – одам тугул, ушоқ чумолини ҳам адаштириб бўлмайди бу кенгликда. Ҳа-а, қийин-қийин, отасига қийин, қизини чалғитиб кетмоққа ўрмон, болтасини осмоққа дарахт тополмай тоза сарсони чиқади энди. Ахир ўрмон бўлмагач, ўгай она амрини қандай қилиб адо этмоғи мумкин? Бундан қизчанинг кўнгли андак таскин топгандек эса-да, бироқ дарахтга осилган болтадан кейинги воқеа ривожи – ўзи дуч келиши лозим бўлган меҳрибон буви ҳамда у киши томонидан тортиқ этиладиган “қизил сандиқ”ни ўйлаб, бу атрофда ўрмон йўқлигидан жуда ачиниб кетади. Буви ҳадя қиладиган “қизил сандиқ”ни ўз уйига эмас, Холбуви холасиникига олиб боришни кўнглига тугади, ўзича сандиқ тўла қимматбаҳо совға-саломдан ўгай онани бебаҳра қолдирган киши бўлади. Холаси зўр – ўгай онага сандиқ тугул, ерда ётган чўпниям раво кўрмайди.

Фақат бу яқин-атрофда ўрмон йўқлиги чатоқ-да.

Аслида қизчанинг кўнглига “ўгай она” қўрқувини солган ўша Холбуви холаси бўлади. Шўрлик етимча, дея бошини силаган, ўгай эна бошингга ит кунини солади энди, дея бағрига босган. Қўрқма, бу ёқда мен, итга итдай ташланадиган холанг бор, дея юпанч берган.

“Эшитдим! – дейди қошида боласи тенги ҳуркак бир қиз эмас, ўзи каби қилдан қийиқ ахтарадиган, олам ва тириклик ҳақидаги тушунча ва қарашлари томорқасининг кемтик деворидан нарига ўтмайдиган қўшни аёллардан бири тургандай тўйқусдан тутақиб. – Топган ўша мегажини ўзи билан бир идорада ишларкан! Эри ҳайдаган бир тавия экан! Тағин сендан каттароқ бир қизиям бор экан, у яшшамагурнинг! Ана энди... анови... нимайди-я... анови кўҳна матал бор-ку... телибизирдаям кўрсатишади... Қиммат... йўқ, “Зумрад ва Қиммат”. Ҳа-а, шу... Энди биринг – Қиммат, биринг – Зумрад бўлиб, эшакдай тепишиб, итдай тишлашиб юрасилар! Йў-ўқ, сен етимчага кун беришмайди улар! Қизи додингни беради! Ана шуни айтадиларда, энали етим – гул етим, отали етим – шўр етим деб! Сен манглайи қора, шўр етимсан-да!”

Уйига қайтгач, қизча, Зумрадни ўзига тақдирдош билиб, эртакка такрор кўз ташлайди. Шўрлик Зумраднинг қора қисматига ачинишдан ҳам кўра, эндиликда у тортган барча азобу уқубатлар ҳадемай ўзининг чекига тушишини ўйлаб, пин­ҳона йиғлаб, зимдан азият чекади. Кейин, зора, отам у аёлни уйга олиб келиш фикридан воз кечса, деган умид ва илинжда ҳовли юмушларини, қўлидан келганча, бекаму кўст адо этишга тиришади. Уйдаги саранжом-саришталикни кўриб, отаси уни алқайди, эркалайди, аммо қизча кутгандек, фикридан қайтмайди, кечки таом устида яқин жўраси ва қўшниси Салим муаллимга дейди: “Билсанг, дўстим, у оддий аёллардан эмас, фариштанинг нақ ўзи! Худо хоҳласа, ёқамни оқартириб, уйимни нурга тўлдиради у!” Шунда қизчанинг хаёли фариштага кетади. Бироқ ҳарчанд уринса-да, ҳарир либосли ноаниқ шарпадан ўзгасини кўз олдига келтира олмагач, эртаси фаришта ҳақида тўла тасаввурга эга бўлмоқ ниятида тағин холаси ҳузурига зинғиллайди.

– Фаришта?! – ўчоқбошида тутунга кўмилиб ўтирган холасининг зардаси қайнаб, аввал елкаси оша, сўнг ўгирилиб қарайди. – Вой, ордона қолсин, ҳали у кишим фаришта бўп қоптими! Йў-ўқ, отанг кўр, яхши-ёмонни бир-биридан ажратолмайдиган, фаришта не, жодугар не, сира фарқига бормайдиган басир у!

– “Фаришта” дегани нима ўзи?

Бу саволни кутмаган хола бир осмонга, бир унга қарайди. Афтига тажанглик тепчиб, фаришта ҳақида эшитган ва билганларини хотирлашга уринади. Сўнг зиғирдек бир қизча олдида бу тарзда бош қотириб туриши ўзига эриш туйилиб, кўкка ишора қилиб, дейди:

– Нима бўларди, Худонинг осмонда учиб юрган бир маҳлуқи... йўқ, жонзоти-да!

– Кўринмайди-ку, – қизча шишадек тиниқ осмонга тикилади.

– Йўқ, у кўзга кўринмайди.

– Нега кўринмайди?

– Чунки... у фаришта-да...

– Фаришталар кўзга кўринмайдими?

– Йўқ, кўринмайди.

– Фаришталиги ёлғон бўлса... – қизча чуқур хўрсиниб, холасига умидвор тикилади, – отамга айтинг, уйимизга доритмасин уни.

– И-и, менинг гапимни олармиди, у хотинбоз! – холанинг ғазаби қўзиб, ўчоқдаги ўтни титкилайди.

Бу гапдан сўнг қизчанинг отадан кўнгли қолади. Тиззасига суйкалган мушугини жеркиб, оқшом ишдан қайтган отасига чирой очмасликка уринади.

Бироқ отаси эркалаб, бағрига босиши билан барини унутади.

Бири ўчоққа ўтин қалаб, бири қозон кавлашга тушади.

Кейинги пайтда кунда-шунда бўлиб қолган Салим муаллим эшикда қора бермагунча, қизча “ўгай она” ташвишини бир муддат унутади, аммо эркаклар гурунгида ўша аёл номи тилга олиниши билан бу илиқликдан асар ҳам қолмайди, уй совуқ ва файзсиз тус олади. Қизча нимқоронғи бурчакка биқиниб, тағин Зумраднинг аянчли тақдирини ўйлашга тушади. Охири буви томонидан инъом этиладиган “қизил сандиқ”ни кўз олдига келтириб, сандиқ воқеасигача рўй бериши лозим бўлган барча азиятларга бир амаллаб чидамоққа қатъий аҳд қилади. Негаки, “қизил сандиқ”дан кейин навбат “оқ сандиқ”қа келади-да. Ўгай она қистови билан адаштириб келинган ўгай опаси уйларига ичига аждаҳо бекинган ўша “оқ сандиқ”ни судраб қайтади-ю, у ўгай она зулмидан бутунлай холос топади.

Фақат бу яқин атрофда ўрмоннинг йўқлиги чатоқ-да!

Ана шундай оқшомлардан бирида аён бўлдики, эртага ўгай она қизи билан ташриф буюраркан, отаси Салим муаллим ҳамроҳлигида уларни машинада олиб келаркан. Шунда қизча, чиқмаган жондан – умид, дегандай беихтиёр қўшни эркакка илтижоли боқади. Унинг: “И-и, қўй уларни, жўра, нима қиласан бошингга бало орттириб”, дейишини кутади. Афсуски, сўнгги умидини пучга чиқариб, Салим муаллим бундай демайди, қайтамга, нимҳаяжонда ўтирган отасига пишанг бергандай, эртанги кун режасини муҳокама қилишда давом этади, ўзича дўстига йўр-йўриқлар берган киши бўлади. “Насиб этса, эртан оқшом ошни келинни қўлидан ер эканмиз-да”, дея тамшаниб ҳам қўяди.

Ўша тунни қизча алоқ-чалоқ тушлар оғушида ўтказди.

Тонгдан эса ўгай она ташрифини кута бошлади.

Пешинга яқин сомонхонага биқиниб, қўрқув ва ҳаяжондан қилт-қилт титраганча, эшик тирқишидан дарвозага кўз тикади. Машина овози тиниб, эшикларнинг қарс-қурс ёпилгани ким қачон эди. Наҳотки, отаси ўгай онасиз, ёлғиз ўзи қайтган бўлса! Бу ўйдан қизча ўзида йўқ севиниб кетади. Бироқ унинг қувончи узоққа чўзилмайди. Бир пайт дарвоза қорнидаги кичик эшик аввал қия, сўнг кенг очилиб, қўғирчоқ тутган, ўзидан хиёл тикроқ, оқиш юзли, ҳуркак нигоҳли бир қиз тортинибгина ҳовлига қадам қўяди. Унинг изидан эса шаҳарча урфда кийинган хушрўйгина аёл пайдо бўлди. Қизча ўзи бир неча кундан бери таҳлика оғушида кутаётган ўгай она ўша эканини дарров идрок этади ва, ўз навбатида, оғзидан ўт пуркамаётганига ҳайрон бўлади. Отаси теваракка аланг-жаланг қараниб, қувноқ кайфиятда овоз беради.

– Ойдиной қизим, қайдасан!

Бу овоздан қизчадаги қўрқув ҳисси андак чекиниб, қалбида ийманиш, тортинишга ўхшаш ғалати бир туйғу уйғонади. У келишини мутлақо истамаган бу “меҳмон­лар”­га кўринишни хоҳламай, ими-жимида, астагина холасиникига жуфтак ростлаб қолмоқчи бўлади. Бироқ бу режаси амалга ошмайди – дарвозада гоҳида оғир кирларини ювишга қарашиб, вақт-бевақт тансиқ таомлар билан сийлаб турадиган қўшни аёлга тўқнаш келади. Аёл унинг ниятини фаҳмлаб, шартта билагидан тутади-да, изига қайтаради ва ҳовли тўридаги уй эшигига етиб қолган ўгай онага рўбарў қилади.

– Танишинг, қизингиз...

Қизча ўгай онанинг кулиб турган кўзларига, хиёлгина қизил сурилган лабларига қўрқув тўла кўзларини тикаркан, ҳозир бу пуштиранг лаблар орасидан ўт сачрайди, деб ўйлайди. Йўқ, қимирлаган лаблар орасидан ўт эмас, қуйидаги майин хитоб сирғалиб чиқади.

– Вой, менинг болажоним!..

Қизча, қулоқларига ишонмай, ҳанг-манг туриб қоларкан, зумда ўзини унинг қучоғида кўрди. У ҳали ўзига бутунлай ёт бўлган бу қучоқда, одатда, холасининг ҳиссиз бағрида туядиган тер, чанг ва тутун исини эмас, димоққа хуш ёқувчи майин атир бўйини, чинакам меҳр тафтини ҳис этди. Она бағрини соғинган эмасми, кўзи тиниб, боши гир-гир айланиб кетди.

Қизча ўзига келгунча бўлмай, “ўгай опа”си бағридаги қўғирчоқни унга узатди. Сўнг оҳиста деди:

– Бу мендан совға!

– Раҳмат демайсанми? – қўшни аёл кутилмаган бу хил муомалаю муносабатдан бутунлай гангиб қолган қизчанинг елкасига туртди-да, сўнг унга далда бериш мақсадида деди: – Хўш, сен бу асал қизга, опангга нима совға қиласан, а, Ойдиной?

Бу гапдан қизча дарров ҳушёр тортди.

Нима совға қилсам экан-а?

Шунда унинг эсига ўзи яхши кўрадиган сопол ҳайкалча тушди. Ўтган йили кузакда отаси билан бозорга тушганида, уни ёймачи бир кампирдан сотиб олганди. У ҳайкалчага турли кийимлар бичиб-тикиб, кийинтиришни яхши кўрарди.

Қизча қўғирчоқни бағрига маҳкам босганча, уйга ошиқди.

Бироқ у ҳайкалчани жойидан тополмади. Одатда, токчадаги китоб­лар қаторида турадиган ҳайкалча ҳеч қаерда йўқ эди. Бу орада қизчанинг ҳаяжони босилиб, бирдан бурчакдаги яшил тугунчани эслаб қолди. Ахир Холбуви холасининг, мана уй, мана жой, агар бирор гап бўлса, тўғри буёққа келавер, тўртта болам сиққан ерга сен ҳам сиғасан, деган гапига амал қилиб, кеча тундаёқ кийимлари ва бошқа лаш-лушларини йиғиб, чоққина тугун қилиб қўйганди-ку.

У тугунчани очиши билан кийимлари устида турган онасининг чоғроқ сарғиш рамкага солинган сурати пастга сирғалиб тушди. Бу нарса отасининг таклиф ва қистови билан ийманибгина остона ҳатлаган ўгай она назаридан четда қолмади.

– Онажонингми бу? – деди у енгил эгилиб, суратни қўлига оларкан.

Қизча, кўзлари жавдираб, ҳа, дея бош ирғаркан, гўё онасининг сурати шу заҳотиёқ дераза оша таш­қарига улоқтириладигандек, беихтиёр жаҳдланиб, унга қўлини чўзди.

– Суратни тугунга бекитиш керак эмас, жон қизим, – деди аллақачон не гаплигини англаб етган ўгай она кулимсираб. – Уни чиройли қилиб, деворга осиб қўйиш керак. Хўш, қаерга осамиз буни?

Бу гапни сира кутмаган қизча шошиб қолди. У сурат осиладиган жойга имо қилди-да, илдам бориб ўриндиқни олиб келди. Бироздан кейин тугунчадаги кийимлари орасидан кийинтирилган сопол ҳайкалчани топиб, уни “опа”сига чин дилдан тортиқ қиларкан, муҳим бир синоатга – тақдир уни сийлаб, яхши одамларга рўбарў қилганини англашга ақли ва қурби етмаса-да, аммо қайноқ меҳрни, тамкинлик ва бу ёруғ оламни қамрашга қодир инсоний бағрикенгликни ҳис этмай қолмади.

Бироқ қизча туйган бу бахтини хола идрок этолмасди.

* * *

Она чироқ ёниқ турганидан ажабсиниб, астагина қизлар бўлмасига мўралаганда, тун ярмидан оққан, қизча столга бош қўйганча ухлаб қолганди. У қизчани жойига ётқизиш ўйида столга яқинлашар экан, узатилган қўли қизчанинг яғринига етиб-етмай, нигоҳи қораланган дафтар саҳифасига тушди. Аввалига шунчаки кўз ташлади, сўнг, қаддини эгганча, қизиқсиниб ўқимоққа тушди: “Ойдин ва Хуршида”, “эртак”, “Бир бор экан, бир йўқ экан, бу дунёда Ойдин ва Хуршида деган жудаям бахтли қизлар бўлган экан...” Она эндигина бошланган ва ҳали ярим саҳифадан нарига ўтмаган эртакни ўқиркан, беихтиёр мижжалари ёшланиб, бахтдан энтикди ва шу энтикишда қизчани авайлаб кўтариб олди.

– Энажон... – деди қизча уйқусираб.

– Болажоним! – деди она бот энтикиб.

Бу пайтда ташқарида кўклам ёмғири шивалар, хўрозлар, гўё бир-бирига гал бергиси келмагандай, басма-бас қичқиришар, бу ёқда биз ҳам бормиз, дегандай узоқ-яқиндан итлар овози қулоққа чалинарди.

 

2016 йил