“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Наср
  • 825 марта кўрилган.

БОЛА ВА МУАЛЛИМ ҳикоя

Қўчқор НОРҚОБИЛ

Отаси тенги одамни сенсиради.

Ярамас, барзанги! Юзингда кўзинг борми, демади-я!

— Кутубхона-мутубхонангни билмайман. Китоб-питобларингни йўқот! Бир кунда суриб ташлайман... Индамаса ўзингдан кетасан!..

Эшик ортидаги бу дўғу сиёсатни эшитиб турган боланинг оёқ-қўли бўшашиб кетди. Бечора Ҳасан муаллимга ич-ичидан ачинди, хўрлиги келди, қани энди ҳозир эшикни бир тепиб очса! Ўлжасига ташланаётган қирғийдай ҳурпайиб турган Шоди барзангининг нақд кекирдагини узиб ташласа. Чангалидан шўрлик муаллимни озод қилса.

— Ичкарида ким бор?! — ўдағайлади барзанги.

— Ҳеч ким... ҳеч ким, иним...

— Мана, кўрдингми, бу дўлтахонангга итам кемай қўйди. Сен уни қўриганинг-қўриган.

— Энди, иним шунча нарса... баҳоргача...

Болани титроқ босди. Ҳасан муаллимнинг барзанги олдида бош эгиб, мумсиккина бўлиб, музтар тортиб тургани кўз олдига келиб, бўғзига нимадир тиқилди. Анчайин мўлу кўл, катта хонанинг тўртта деворига ҳам шифт баробар тақалган жавонларда китоб лиқ тўла. Пастда уларга тиркалган кенг столлар устида ҳам китоблар тахлам-тахлам. Шунинг учун ичкарида бир стол сиққудай, яъниким, бир дастурхон тўшагудай бўш жой қолган.

Эшик ортида, даҳлизда барзанги яна “гумбурлади”:

— Нима?! Баҳор-маҳо­ринг­ди билмайман. Мен сенга бўзчининг мокиси эмасман. Шундоғам бетимнинг суви беш тўкилиб олдингга икки марта келдим. Қуш беги билан шовла емабди. Итнинг калласини товоққа солса юмалаб кетган экан, иззатингни билмайсан, мана ҳокимнинг қарори. Жой меники, отам замонида ўзингга ўхшаган аллақайси бир тентак раис шу ерни китобхона қил деса, дегандир. Ҳе-й, китобингдан ўргилдим. Егани нонинг йўқ, итингнинг отини Маржон қўясан.

Муаллим нимадир деб ғўлдиради. Бола эшитмади. Сўнг дурсо-дурс қадам ташлаб, Шоди барзанги даҳлиздан чиқиб кетди — эшик қарсиллаб ёпилди. Ҳоли танг муаллимнинг бир бурдагина бўлиб қолгани кўз ўнгида гавдалангач, бола йиғлаб юборди.

Бола оҳиста юриб, хона деразаси ёнига борди. Ташқарига қаради. Деразанинг кир-чанг ойнасига ёмғир томчилари урила бошлади. Кўнгли каби қорайган осмон остида сукутга чўмган қишлоқ уйлари, адирлик сари ўрлаган тош йўл, замонавий кўринишдаги мактаб биноси, сартарошхона, қишлоқнинг бойбекасига қарашли фабрика, Содиқ полвоннинг озиқ-овқат ва хўжалик моллари сотиладиган дўкони, масжид, берироқда эса мана шу — Шоди барзангининг интернет кафеси кўзга ташланади.

Қишлоқнинг бор бола-бақраси кечаю кундуз шу ерга танда қўйишган. Ўғлинг йўқми, барзангининг кафесидан топ! Қизинг йўқми, барзангининг кафесига чоп! Улоққанам шу ерда, сулоққанам шу ерда — интернетда. Хуллас, болаларнинг қўли ишда-ю хаёли интернет кафеда. Шу зорманда уй ишидан тезроқ қутулса-да, ўша ёққа чопса. Бу даҳмаза боласи тушмагурларни ўзига бангидай банди этди. Биров-ярим гапга етар киши боласининг эси-дарди интернет кафеда эканидан норизо бўлиб, Шоди барзангига куйинган эди, барзанги ҳам тўп оғзидан тоғни отди: “Нима, мен ўғлингга ўрлиқ (ўғирлик демоқчи), қизингга ғарликни ўргатяпманми? Тоғнинг таги, тупканинг тубига интернет опкесам-да, сенлар таёқ еган эшакдай тайсаллаб, ношукрчилик қиласанлар. Ҳей, нокаслар!” Боланг замондан олдин юрсин, интернетни ўргансин, дунё билан баҳслашсин, десам нимаси ёмон? Боланг қўлидаги таёқ билан боғда мева қоқиб, дастурхонингни тўлдириши ҳам мумкин, калласи ишламаса таёқни арининг инига ҳам суқиши мумкин...

Ёмғир авжга чиқди. Томчилар дераза ойнасига шитоб билан урила бошлади. Хона ичини тўлғоқли бир оғриқдан халос этиш учун бола деразанинг кичик кўзини очди. Зах ҳиди ўр­нашган хонага муздай ҳаво кирди. Шу тобда бола тош кўчада ёмғирда елка қисиб югуриб кетаётган Раънони кўрди.

Қаёққа, э-е, у ҳам ўша ёққа томон чопқиллаяптими? Бола олчагулли сатин чопонига ўраниб, бошига зар дурра танғиб олган, елкасидаги икки ўрам сочи югурганда ўйноқлаётган синфдош қиз ортидан алам билан қараб турди. “Буям шу ёққа бораркан-да, айтдим, бу ерга келмай қўйди”. Бола илк бор ўзини ёлғиз, кимдандир, нимадандир айрилиб қолгандай ҳис қилди. Назарида Шоди барзанги қурган анави интернет кафе тунд ва эзғинди борлиқ ичра пешонасидаги турли хил рангда товланган чироқчаларидан олов таратиб ожиз бир ғарибу хароба кулба — Ҳасан муаллим алқаб-азбайишталаган кутубхона томон бостириб келаётган, уни ютиб юборадигандай эди!.. Боланинг пешонасидан муздай тер тепчиди. Кўз олди хиралашди. Беҳолгина лиқилдоқ курсига чўқди.

Эшик ғирчиллаб очилди, ичкарига букчайган кўйи, озғин, тарашақоқ Ҳасан муаллим кириб келди. Бола унга алам ва изтироб билан тикилди. Кўз косасида қайноқ ёшлар гириллаб айланар эди. У қақшаб-қуруқшаб бораётган оғзини ҳаво етишмаётган каби ҳансираб очди. Сўнг устозига ўкинч ва хавотир билан қаради.

— Улар бостириб келишяпти, биз камайиб қолдик, — деди бола лаблари титраб.

Қоқсуяк муаллим сапчиб тушди. Ақли-ҳуши учиб, болага разм солди:

— Нима? Алаҳсираяпсанми? — Боланинг пешонасига кафтини босди. ўалати бўлиб кетди. Ҳарорати баланд.

Муаллим ён чўнтагидан оқ кўйлак тугмасидай таблетка олиб, боланинг оғзига солди-да, эшик ёнидаги печка устида жойлашган човгумдан пиёлага илиқ сув қуйиб ичирди.

— Ҳеч ким бизни босиб ололмайди, биз кўпчиликмиз, болам, — деди бошини силаб. Сўнг, озғин ва кичик жуссасини янада эгиб, курсига ўтирди.

— Ана у ҳам кетаяпти. Энди уям келмайди, — деди ўсмир кўзларини базўр очиб.

— Ким у? У деганинг ким?

— Раъно! Раъно ҳам кетди.

Бола оғир-оғир нафас олиб, ўрнидан туриб муаллим томон чайқалиб юра бошлади. Унинг назарида хона ичи гир айланар, жавондаги китоблар варақлари очилиб, уларда турли хил қиёфалар жонланар, гоҳи шу китоблардан кўзини қамаштирадиган даражада нур таралар, бола эса шунинг учун бўлса керак, кўзимни очолмаяпман, деб ўйларди. Муаллим уни суяб қолди, табассум зоҳир юзига анграйиб қаради-да, печ ёнидаги шалоғи чиққан, чирик диванга ётқизди.

...Шу дамда дераза ланг очилиб кетди, гўё. Хонага дераза кенглигида ёғду тушди. Ёғду кўкка ўрлаб, осмон тоқига туташиб турарди. Қизиқ, чор тараф қоронғи... Фақат фалакка санчилган ёғду йўлак бўйлаб болакай юксаклик сари чиқиб боряпти. Мана, ёнида Ҳасан муаллим ҳам пайдо бўлди. У қиррати-сахтиён, ийиғи чиққан эски ёмғирпўшини ирғитиб, бош-оёқ оппоқ кийиниб олибди. Э, бола ҳам оқ-оппоқ камзул-иштонда... Икковлон ёғдуйўлак ичида нурга ғарқ бўлиб тобора баландлаб боришмоқда. Бирпасдан сўнг ёғдуйўл ичида турган улуғ зотларни кўришди. Уларнинг ҳар бири қўлида китоб, китоблардан ҳам нур таралмоқда. Бола шод. Қувончи ичига сиғмайди.

— Улар бизнинг йўлимизга чиқишибди-а, устоз?

— Ҳа, сенга пешвоз чиқишди.

— Сизга-чи?

— Менга ҳам. Сен уларни танияпсанми? Ҳу-ув, ана, биз томон жилмайиб турган зот ҳазрат Навоий, у кишининг берироғида Бобур Мирзо турибдилар. Ана Пушкин, Толстой, Чехов, Тургеневлар... Ҳамма-ҳаммаларини номма-ном айтмасам ҳам таниётгандирсан.

— Танияпман... Танидим... устоз, қаранг, ортимиздан кутубхонамиздаги китоблар учиб келяпти.

— Кўрдим...

— Э-ей, анави пастга, ерга қаранг, бизнинг кутубхонамизга қуёш кириб олганга ўхшаяпти. Ундан атрофга нур тараляпти. Кутубхонамиз ялтираб, нур сочиб турибди. Устоз, уни ҳеч ким бузолмайди-а?

— Йўқ. Ҳеч ким бузолмайди. Нур зулматда қолмайди, ўғлим, қара, қанча улуғлар бизга юзма-юз чиқишди. Улар бунга йўл қўйишмайди.

...Туйқус боланинг кўз олди қоронғилашди. Томирга юборилган дори укол таъсирида кўзини очди. Тепасида кўз ёш тўкиб турган энаси, қўлчаларини дуога очиб пичирлаётган кичик синглисини ҳамда укол тайёрлаётган Шариф фельдшерни кўрди.

— Э-ей, шоир жиян, бунақамас-да энди, мана яна битта укол қилсам бас, ҳеч нарса кўрмагандай бўлиб кетасиз. Қани, яхши, қўлни узатинг. Қўрқманг, шоир жиян.

Шариф фельдшер дафтарига у-бу нарсаларни ёзди. Боласи бошида жонҳалак турган аёлга нимадир деб пичирлади-да, темир қутичадан уч-тўрт хил таблетка олиб, хонтахта четига қўйди.

Нариги хонага кириб чиққан аёл фельдшернинг оппоқ халати чўнтагига ниманидир солиб қўйди.

— Илоё барака топинг, дўхтир, кам бўлманг, айланай.

Дўхтир кетди. Беш яшар сингил бетоб аканинг пешонасини силаб қўйди. Энаси нимкосада қайноқ сут узатди. Бола ярим бел бўлиб ўтириб сутни ичди.

— Эна, мен яхшиман, хавотир олманг, — деди бола.

— Ҳей, болам-а, шундай дейсан-а, болам. Жоним сенда эканини билмайсан.

— Эна, мени уйга ким опкелди?

— Ҳасан малим суяб келди. Оёғингда тик туриб алаҳсиб, гапириб келаётганингни кўриб, тос-тубамдан ҳушим учди, болам. Малимга ҳам нима десам дедим, бечоранинг тенгини бердим. Жаҳл чиқса, ақл кетаркан...

— Эна, малимни урушдингизми?

— Китоб-питобингиз бошингиздан қолсин, — дедим.

— Бекор урушибсиз-да, эна.

— Малим хафа бўлмайди.

— Отам қани, ишдан келмадими, ҳали? Соат неччи бўлди, эна?

— Кеч бўлди. Тўққиз бўлгандир.

— Отанг ишдан келди, у киши ҳам Ҳасан малимникига кетди.

— Нима учун?

— Малим келиб опкетди. “Дамас”ингизда кутубхонадаги китоб­ларни уйимга ташиб олайлик, ёрдамлашинг деб, ялиниб келди...

— Яхши қипти, отам бориб. Малимга ёрдам бериши керак. Эртага кутубхонани бузишади. Шоди қасами бузади.

— Энди ухла, болам, ма, манави дорини ич, дўхтир тайинлаб кетган, ич болам, ич.

Бола эрталаб енгил тортиб уйғонди. Аҳволи анча дуруст, ҳеч нарса кўрмагандай. Энасининг қийин-қистовига яраша кўз кўрадиган у-бу нарса тотингандай чала-чулпа нонушта қилди. Сўнг энасининг хай-хайлашига қарамай апил-тапил кийина бошлади.

— Эна, отам қаёққа кетди.

— Бозорга.

— Китобларни ташиб бўлишибдими?

— Қаёқда дейсан? Ярми қоп кетибди. Малимнинг уйи ҳам китобхона экан, дейди отанг.

Бола ёв қувгандай шоша-пиша, уйидан отилиб чиқди. Кутубхона томон ҳаллослаб йўл олди. Муюлишдан ўтгач, тақа-туқ қилиб кутубхона томини бузишаётган бир хил либосдаги йигирма чоғли одамни кўрди. Юраги ҳапқириб кетди. Беихтиёр югура бошлади. Бола қандай етиб келганини билмайди. Бино ёнида тумшуғига чўмич осган ҳамда олдида сургичи ялтиллаб турган алламбало иккита тракторни кўрди.

“Туман марказидан олиб келибди, энағар барзанги”, деб ғижиниб қўйди. Бола бундай тракторларга (улкан қурилишлар бўлаётган жойларда) телевизор орқали кўзи тушган эди. Бола чор-тарафга аланглади. Шундагина мунғайиб турган кутубхона атрофида анча-мунча томошаталаб одам йиғилганини пайқади. У одамлар орасидан Ҳасан муаллимни излай бошлади. Кўринмайди, томошага кўнгли бўлмагандир, эҳтимол. Йўқ, ана, Ҳасан муаллим кутубхона ичидан бир ўрам китобни қучоқлаб чиқиб келди. Ортидан Шодининг девдай келбати кўринди. Бола муаллимга ёрдамлашмоқчи бўлиб югурди.

— Бўлди! Бир дақиқа ҳам кутолмайман. Пичоқ суякка тақалди. Манави техникаларнинг ҳар дақиқаси пул. Сенинг исқоти китобларинг, деб улар кутиб туролмайди. Ана, томни ҳам бузиб бўлишди, — деди ғижиниб барзанги.

Муаллим қўлидаги китобларни ташлаб юборди-да, ўтириб қолди. Унинг мунгли нигоҳи ҳиссиз ва юзсиз, тиржайган ва илжайган оломонга тушди. Бола муаллимни суяб ўрнидан турғизди-да, четга олиб чиқди. Муаллимнинг кўзлари жиққа ёш, бош эгиб уйига жўнади; бу ёғига юраги дош беролмади. Шоди барзанги ҳангоматалаб тўда ичида мўмин-қобил бўлиб турган Қулбек маҳсумга ғазаб билан, ўқрайиб қаради. Махсум бир қилтанглаб, сурувдан айрилган эчкидай отилиб чиқди.

— Ҳурматли жамоа! Элдошлар! Қариндошлар! Қаршингиздаким, қишлоғимизнинг пахри, ишбилармон тадбиркор, Шодибой Мардон ўғли ... Хўш, бу кишининг оталари ҳам...

Шоди барзанги қип-қизариб, маҳсумга ўшқирди:

— Қисқароқ қилинг. Қисқароқ...

Маҳсумнинг тили каловланиб қолди.

— Хуллас, жамоа! Шодибой манави жинхона, эски жойни бузиб, замонавий қассобхона, ёнида қушхона қурмоқчи. Бугун шунга дуо берайлик, келинг дуо­га қўл очайлик, халойиқ!

Халойиқми, оломонми, дуога қўл очди. Шоди барзанги енгил тортди. Елкасидан нафас олди. Олдида сургичи бор алламбало тракторга ҳайда ишорасини қилиб бош ирғади. Трактор гувиллаб жойидан жилди. Сургичини бинога тўғирлаб, лапанглаб юра бошлади. Бинога яқинлашаётган трактор тақа-тақ тўхтаб, жойида силтана-силтана ўчиб қолди. Трактор яна ўт олди, бироқ юрмади. Тағин турган жо­йида силтана бошлади.

Бола тракторнинг сургичи олдига кўкдан билинар-билинмас тушиб турган ҳарир нур — ёғдуйўлакни кўрди. Бошқалар ҳайрон эди. Бошқаларнинг қалб кўзи хира торт­ган эди. Бошқалар трактор олдида қадалган, илоҳий нурни кўрмас эди. Қайдан ҳам кўришсин...

Учинчи бор уриниш ҳам бесамар кетди. Энди трактор ўчганича қотди, қайтиб ўт олмади. Шоди барзанги эса тракторни гир айланиб, чопқиллар, тракторчи шўрликнинг ёқасидан ушлаб силкилаган кўйи нималардир, деб ўшқирарди. Сабр дунёсига ўт кетган тракторчи ҳам Шоди барзангидан қарздор бўп қолмади. Ўнг қўлини силтанглатиб, ғалати қилиб кўрсатувди, бир нарсадан қуруқ қолгандай бўлиб бу ерда йиғилган хотин-халаж лабини қимтиб, юзини тескари бурди. Тракторчи эса камига яна бир бор қўлини ҳалигидай қилиб ўйнатди-да, тракторни ҳам қолдириб кетди-қўйди.

Йиғилганлар бу ёғи энди нима бўлади, деб Шоди барзангидан кўз узишмасди. Барзанги пешонасида осма чўмичи бор трактор ёнига келди. Тракторчига:

— Сен ҳайда! Бинони буз! Ҳа, чўмич билан бузавер! — деб дўқ урди.

Чўмичли трактор бироз юриб таққа тўхтаб қолди. Тракторчи уни орқага юргизиб, бошқа томондан йўл солди. Трактор бинога яқинлашгач, яна шу аҳвол содир бўлди. Тракторчи аллахиёл алпозда ранг-рўйи оқариб, қалтираб, турган жойида серра­йиб қолди.

Шоди барзангининг ўзи ғазаб билан рулга ўтирди. У қўёнчиғи қўзиб тракторни ортга олди-да, сўнг тезликни ошириб, олдинга юрғизди. Чўмичли трактор бинонинг ёнига келиб-келмай яна ўчиб қолди. Текин томоша талаб оломоннинг ҳам юрагига қўрқув оралади. ўала-ғовур босилди. Ҳамма жим. Туйқус қўрқинчли жимликни Шоди барзангининг даҳшатли, қулоқни қиёматга келтирувчи чинқириғи тилка-пора қилиб юборди. Шоди ўзини трактордан ерга отиб, юзини қўллари билан тўсиб, тиззалаб олиб, уввос тортар эди.

— А-а-а-а! А-а-а! Вооооой! До-о-од! Кў-ўзим!.. Кў­зим кўр­май қолди.

Тўпланганлар карахт бў­либ, тош қо­тиш­ган­ди. Фақат бир­­гина болакай кутубхона атрофини ўраб олган нур пардаси кўк­ка кўтарилиб бораётганини кўриб турарди.