“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Наср
  • 1038 марта кўрилган.

Нуридийдам

 

Тони МОРРИСОН,

Америка ёзувчиси,

Нобель мукофоти совриндори

Бу менинг гуноҳим эмас. Ҳеч кимнинг мени айблашга ҳақи йўқ. Бу ишни мен ўзим истаб қилмадим. Зотан тақдири азал рўёби ёлғиз Парвардигорнинг ҳукми билангина амалга ошади. Ўша даҳшатли азоб палласи бир соат ҳам вақтни олмади, бироқ мен учун у лаҳзалар гўё миллион йилдан буён давом этиб келаётгандек, ўзим бамисоли қоп-қоронғи тубсизлик қаърига чўкиб кетдим-у, энди асло бу ёруғ оламга қайта келолмайдигандек бўлиб туйилавердим. Ҳа, ўша сониялар ичидаёқ юрагим беҳад нотинч, нимадир аниқ нотўғри эканлигини ич-ичимдан сезиб турардим. Жонимни минг оғриққа қўйган ўша жонимнинг бир парчаси туғилганида қалбим безовталиги сабабини янаям яққол англаб етдим. Дарҳақиқат ҳаёт менга жудаям қўпол ҳазил қилганди. Ҳозиргина дунёга келган чақалоқ ҳали кўзларини очмаганди. У шу қадар қоп-қора эдики, чеҳрасини кўриб ҳушимдан кетиб, ақлдан озаёздим. Худди тун зулмати сингари занжи бу танча фавқулодда чинданам ўта қора бўлиб туғилганди. Мен ҳайратда эдим. Дам унга қараб, дам ўзимнинг оппоқ баданимга қайта-қайта тикилиб, кўзларимга ҳечам ишонолмасдим. Ҳайратланарлиси шунда эдики, мен ҳам, Лула Анна (чақалоқнинг исмини ўзимча шундай деб атадим) отасининг танаси ҳам оқ-сариқдан келган бўлиб, оиламиз учун ғайриодатий ушбу ранг биз учун беҳад ажабланарли ҳолат эди. Ҳаттоки менинг бутун уруғ-аймоғим орасида ҳам биронта қора танли одам бўлмаганди. Янаям ажабланарлиси, чақалоқнинг сочлари ҳам ғалати, негадир ялтироқ, пирпирак жингала эди. У шу туришида мисоли австралиялик яланғоч юрадиган қабила кишиларига ўхшаб кетарди. Ё тавба! Шунақаси ҳам бўларкан-да! Балки сиз эримнинг ёки бўлмасам бутун етти авлодимизда айнан шундай тусли қариндошимиз бўлгандир, деб ўйларсиз? Йўқ. Бунақа рангдаги инсон зоти ҳеч бир авлодимизда бўлмаган экан. Сиз менинг бувимни кўрганингизда эди – у сутга чайилгандек оқ, моҳирўй, оппоқ аёл бўлганди, умр бўйи ҳам ана шу оқлиги билан фахрланиб яшаган ва ўзи орзу қилгандек худди ўзидай оқ танли эркакка турмушга чиққан экан. У, ҳатто болаларининг ранг-тусигача ҳам қаттиқ қайғурган, уларни асилзодалардек кўринишда бўлишига астойдил уринган. Аммо аслида одамнинг қандай рангда бўлишининг сираям аҳамияти ёки маълум маънодаги баҳоси йўқ асло. Инсон Худо берган тусда туғилиб, у берган қисматга шак келтирмай, имони билан яшаб ўтиши ва ҳеч қачон Парвардигорга куфр келтирмаслиги керак. У ҳамиша охиратдан қўрқиши керак. Қанчадан-қанча ўзига ишонган, кўзи кўр бўлган каслар қайсидир бир авлодида бўлган қора танлилик белгисини жирканч бало-қазодай умр бўйи беркитиб ўтадилар. Ўзларини мукаммал даражадаги олийнасаб авлод қилиб кўрсатишга жаҳд этадилар. Ҳолбуки, ҳаммамиз ҳам Худойимнинг яратган бандалари эмасмизми? Жуда-жуда саноқли одамлар, атиги йигирма фоизгина аҳоли ўз танасининг қоралиги билан ўксинмас экан. Ҳар ҳолда мен шундай деб эшитганман. Улар учун на ирқ ва на даражанинг аҳамияти бор. Улар ҳеч нимага парво қилмайди. Менинг ўз туққан онам ҳам дадам билан никоҳдан ўтаётганида ибодатхонада икки хил илоҳий китобни ушлаб қасам ичишганди. Негаки, улар бошқа-бошқа дин вакиллари эдилар. Онам ниҳоятда хокисор аёл эди. У кибор бир хонадонда оқсоч бўлиб ишлар, асилзода оила аъзолари чала еган овқат қолдиқларини исроф қилмай, ким учундир атаб олиб қўяр, ўз ишини бениҳоя ҳалол бажарар, ҳатто уй эгалари унга энг оғир юмушларни буюрганда ҳам меҳнатдан миқ этмай яшаб ўтганди. У фақат бир нарсадангина миннатдор эди, хўжайинлари унинг бош­қа ирқдан ва диндан эканлиги билан ҳеч иши бўлмасди.

Балки баъзи бировларингиз одамни ранг-тусига қараб ажратиш, эҳтимол, жамиятда у қадар жиддий ҳол эмас, деб ўйларсиз, аммо минг афсуски, ундаймас. Ирқчилик ва табақалаш жамиятнинг ҳамма қатламларида, қўни-қўшничилик, маҳалла-кўй, мактаб, касалхона, ҳатто ибодатхоналаргача чиппа ёпишиб, барқарор авж олиб борарди. На иложки, ушбу тенгсизликка барҳам бера олишга бизнинг қурбимиз етмасди. Бу жараён шунчалар қақшатқич ҳамда ҳақоратли эдики, ҳатто дорихоналарда ҳам қора танли билан оқ танлига икки хил йўсинда муомала қилинарди. Ёки бўлмасам, озиқ-овқат дўконларида ҳам қораларга паст назар билан қарашар, молларнинг нархини ҳам атайлаб кўтариб айтишарди. Буларнинг барига кўнмоқликдан ўзга чора йўқ эди, негаки қора танлиларнинг шундай бўлиб яралишида тирноқчалик айби бўлмагани каби жамиятдаги мавқеини-да ўзгартиришга зиғирчалик қурби етмасди.

Ана шулар тўғрисида ўйларканман, юрагимни тобора нажотсиз бир қайғу эзар, гўёким Худонинг қаҳрига учрагандек, пешонамнинг шўрлигидан аччиқ ўксиганча занжидай қора гўдагим устида азобланиб, улкан ғам ичида ночор ўтирардим. Бечора ота-онам паст табақадан бўлгани учун замондан орқада қолмаслик кўйида ҳар қандай оғир меҳнатни бошидан кечиришди. Онам танноз хонимлар киядиган тўр шляпа тикиладиган дўконда, дадам эса олий мақом жанобларга мўлжалланган оёқ кийимлар сотиладиган ерда анча йиллар тер тўкиб ишлашди. Уларнинг на униси ва на буниси энг-энг муҳтожликда қолган кунларидаям оқсуякларга муте бў­лишмади. Ҳа, улар том маънодаги олижаноб инсонлар эди. Ўз-ўзим­дан беҳад жирканиб кетсам-да, бироқ оналик ҳисси бутун аъзойимни ўраб олиб, чақалоғим Лула Аннага ҳам меҳр, ҳам наф­рат, дам ҳаяжон, дам эса кўнг­лим муздай совиган ҳолда термилиб ўтирардим. Унинг танаси дастлаб ҳамма ян­ги туғилган гўдакларники каби оч, рангсиз эди, кейин бирданига катта тезликда мутлақо ўзгара бошлади. Шундоқ кўз ўнгимда боламнинг мисоли африкалик ҳабашлар сингари тўқ кўк тусга кираётганини кўриб, мислсиз даҳшат ичида қолдим. Икки лаҳзагина эс-ҳушимни йўқотдим, шуурсиз алпозда каравот устидаги ёпинчиқни судраб туширдим-да, қорайиб-кўкариб ётган чақалоқнинг юзини қоплаб, уни маҳкам қилиб босиб турмоқчи бўлдим. Аммо... аммо негадир бирдан ундай қилолмадим. Билмадим, нега бундай бўлди, лекин мен барибир ундай қилолмадим. О, мен уни шу рангдан қутулишини шу қадар тиланиб сўрардимки!.. Бу пешонаси шўр боламнинг қисмати ҳам айнан шу ранги туфайли зардобга тўлиб ўтишини хаёлан тасаввур қиларканман, юрагим шувуллаб кетарди. Ҳатто мен гўдагимни биронта етимхонага ташлаб кетишгача ўйлаб кўрдим. Бироқ ибодатхона эшиги олдига ташлаб кетилган чирқиллаб ётган чақалоқлар йиғиси қулоқларим остида жаранг сочаверди, жаранг сочаверди. Яқиндагина германиялик ёшгина эр-хотиннинг эгизак фарзанд кўргани, болаларнинг бири тим қора, бири эса қордай оқ эканлигини эшитиб, ҳайратда қолгандим. Бунинг сабабини ҳеч бир доктор тушунтириб беролмаганди ўшанда. Лекин худди ўша сирли ҳолат ўз бошимга тушишини, ҳатто тушимда ҳам кўрмагандим. Шунчалар тақдиримдан ёзғирар эдимки, боламга кўкрак тутишни ҳам истамасдим. Уни уйга олиб келгунча шишадаги сут билан озиқлантириб турдим.

Эрим Луис оддий ҳаммол эди, касалхонадан қайтган куним у поезд станциясидан ҳориб-чарчаб келди-ю, юзимга худди девонага қарагандек қилиб тикилди, сўнг чойшабга ўралган гўдакка ўзга сайёрадан келган меҳмондек ажабланиб синчиклади. Луис табиатан унақа қарғаб-сўкинувчи эркаклардан эмасди, лекин ўша куни у тўсатдан қаттиқ жазавага тушиб, “Жин урсин! Бу қайси иблис боласи бўлди?! Тезда кўзимдан йўқот бунингни!” деганча айюҳаннос солди. Мен билардим, рўзғоримиз ўзи танг шароитда эди. Аксар тортишувларимизга ҳам айнан шу йўқсиллик сабаб бўлаётганди. Гўёки оғир тавқи лаънат тамғаси босилгандек бўлиб туғилган занжи бу гўдак Луис билан менинг уч йиллик гулгун турмушимизни бир зумда барбод қилди. Дилимни оғритгани – Луисда оталик туйғуси йўқ эди. У мисоли тош одам каби Лула Аннага тамомила бегонасираб қарар, уни даҳшатли бир душмани каби кўрарди. Луис қизчамизни, ҳаттоки қўлига ҳам олмади. Мен унга Худонинг зорини қилдим, ялиндим, тиландим, чандон ишонтиришга уриндим: “Менга ишон, бу бизнинг зурриёдимиз”, деб ҳарчанд тушунтирсам ҳам у пинагини бузмади. Луис жонсиз мурда каби ҳаракатсиз ва онгсиз ҳолда серрайганча турарди. Биз тўхтамасдан жанжаллашавердик, жанжаллашавердик, ниҳоят мен унга, балки боланинг қоралиги меникидан эмас, аксинча сенинг аждодингдан ўтгандир, деб шартта айтдим. Ана шу бир луқмагина гап туфайли у бизни бир умрга тарк этди, кескин тарзда уйдан чиқиб кетди-да, яшаши учун арзонроқ ва қулайроқ жой қидиргани кўчага отилди. Луиснинг юзсизларча қилган ҳаракатидан сўнг ўзимни дарҳол қўлга олдим. Иккимизни боқиш учун тўғри келган ишга уннаб кетдим: бой хонадонларда оқсочлик қилдим, кирхоналарда ишладим, кўча супурдим. Лула Аннага қараш учун бир ўспирин жиянимни энага қилиб олдим. Ишдан келган кезларимда қизчамни ташқарига олиб чиққани юрагим дов бермасди, негаки уни аравачасига солиб кўчалардан ўтаётганимда тўрпарда остидаги қиёфага кўзи тушган одамлар афтини бужмайтирар, қовоғини солиб, совуқ сўзлар билан мени сийлаб ёнимдан ўтиб кетишарди. Бу жуда оғир эди, бутун қалбим тор-мор бўларди, бироқ на чора?

Ҳали ўз болам оналик меҳри ва парваришга муҳтож бўлиб турган нозик бир дамда мен уни уйга ташлаб, ўзим бошқаларнинг боласи ёнида гирдикапалак бўлиб, унга энагалик қилиш билан банд эдим. Авваллари энагаларга тузуккина ҳақ тўланар, аммо бечора болам Лула Анна дунёга келган йилдан бошлаб уларнинг ойлиги анчагина пасайиб кетганди. Ҳамма вақт ҳам бойларга дуч келган оқсоч ва энагалар ёқиб кетавермасди. Аммо мен жаноб Леи каби қўлиочиқ хўжайинга рўпара келганимдан беҳад омадли эдим, у одатий энагалар ҳақидан етти-саккиз доллар кўпроқ қилиб ҳақ тўлаб турарди. Бунинг учун ҳам Худойимга қайта ва қайта шукроналар келтирардим.

Лула Аннанинг тили чиқиши билан мен унга ўзимни “Ойи” ёки “Ойижон” деб чақиришга эмас, “Опажоним” деб айтишга ўргатдим. Негаки, шуниси бехатарроқ эди. Унинг тим қора ва қалин лабларидан болаларча пок меҳр билан чиққан “Онажон!” сўзи қанчалар тотли бўлмасин, одамлар олдида бироз хижолатли ҳолат эди. Мен ҳамон хавотир ичида яшардим. Лекин қизалоғим кундан-кунга чиройли бўлиб борарди.

Икки йил шу тарзда ўтди, аммо бу ўтган кунларнинг мен учун нечоғли оғир ўтганлигини, бир ўзи ташлаб кетилган аёлга тириклик тошини кўтариш қанчалар азобли эканлигини, ҳатто баён ҳам қилиб беролмайман. Бироз вақт ўтгач, Луиснинг виждони сал қийналди шекилли, у менга ойда бир мартадан озгина пул юбориб турадиган бўлди, бироқ мен ўзим ундан иззат-нафсимни ерга уриб, на пул сўраб ялинган ва на унинг ортидан шикоят қилиб турли суд маҳкамаларига қатнагандим. Луиснинг жўнатиб турадиган эллик доллар пули, менинг касалхонадаги тунги иш моянам билан бир амаллаб кун ўтказишимизга етиб турарди. Худди бошқалар наздида ўта хароб бўлиб яшаётгандек эдик. Хайрия пулидай кўрар эди улар топган-тутганимизни. Менга бу оғирданам оғир бўлиб ботарди, албатта. Кейин-кейин одамлар хайр-садақа номини беғараз ёрдам деб атай бошладилар, буниси ҳайтовур бироз енгил эшитиларди. Бироқ мен атрофимдаги ҳаёт ва кимсалар билан зиғирчаям ишим йўқ, фақат ўзим билан ўзим овора эдим. Сиртдан бечорага ўхшаб кўринсам-да аслида беҳуда гап-сўз қилаётганлардан кўра кўпроқ пул топардим. Ўшандай кишилар, яъни ўзидан бироз ғариброқ яшаётган одамлар устидан мағзава тўкиб, нобоп гап тарқатувчи кимсалар кўзимга ўта-ўта пасткаш бўлиб кўринарди. Айниқса, улар менданам кўра Лула Аннага пастроқ назар билан қарашарди. Назарларида, уни худди ташлаб юбориладиган, ҳеч кимга кераги йўқ иркит ҳашаротдай, ундан ўзларича жирканиб кетишарди. Лекин мен бора-бора буларнинг ҳаммасига кўниб қолдим. Аммо шундай бўлсаям ҳамон ҳушёрликни қўлдан бой бермасдим. Ҳамма вақт огоҳ ва ўз ишимга пухта эдим. Айниқса, Лулани ўстиришда ниҳоятда талабчанлик қилдим ўзимга. Сабаби, Лула Анна, аввало, ўзини қандай тутишни ўрганиши, бошқалар олдида оғир гуноҳи бордай бошини ҳадеб ерга эгавермасдан, ҳамиша тик ва баланд тутишни, қийинчилик ичида қолганда ортиқ оҳ-воҳ қилмасликка ўргатдим. У исмини кўп бора ўзгартириб кўрди, бироқ исм ўзгариши билан унинг танаси оқариб қолмасди. Қора танли бўлиб яшаб ўтиш унинг азалий тақдирига битилганди. Бироқ бу менинг ҳам гуноҳим эмас. Бу асло менинг айбим эмасди. Йўқ, йўқ, гуноҳим эмасди бу.

О, ҳа, бир пайтлар Лулага ҳаддан ташқари талабчан, унга ўта ёмон муомала қилган вақтим ҳам бўлган. Бу ҳамиша эсимда. Аммо сиз буни тўғри тушунишингиз керак. Мен неки қилган бўлсам, фақат уни ўйлаб, уни ҳимоя қилиш учун, уни жон-дилимдан яхши кўрганим учун қилгандим. Лула ҳали бу чигал оламни тўла идрок этолмасди. У — қора танли ёш қизалоқ, бу ҳаётда миллион карра ҳақ бўлиб чиққан тақдирдаям жамиятнинг кучли ва шафқатсиз қўлларида эзғиланиб кетиши турган гап эди. Бу ҳолат болалар боғчасидан то дафн этиш бўлимигача мавжуд эканлигини Лула ҳозир билмас эди. Унинг беғубор ва покиза қора тани оқ одамларни чўчитиши ёки уларни кулдириши, ҳатто уни мазах қилиб, виждонсизларча алдашларини ёш бола ақлига сиғдиролмасди.

Бир куни мен худди Лула билан баробар бўлган, ёши чамаси ўн ёшлар атрофидаги қора танли битта қизчани бир гала оқ танли болалар томонидан хўрланиб тургани устидан чиқиб қолдим. У ўзини бу тўдадан қанчалар ҳимоя қилиб, қочишга уринмасин, болаларнинг гоҳ униси, гоҳ буниси бечора қизалоқни бир-бирига суриб, тинмай ниқталашар эди. Улар ўша дамда қорниларини ушлаганча, эгилиб-букилиб шўрлик қизчанинг устидан қотиб-қотиб кулишмоқда эди. Қизча улардан базўр қутулиб, йиғлаганча қочиб кетди, бироқ оқ танлилар унинг қораси кўздан йўқолгунига қадар ҳиринглашиб туришди. Агар мен бу пайтда автобусда эмас, балки кўчада бўлганимда эди, қизчани жон-жон деб қутқарардим, уни ўша оқ бўричалар галасидан тезроқ тортиб чиқардим. Кўряпсизми, агар мен Лулага қатъийлик ва талабчанлик билан тарбия бермаганимда эди, у ҳам ўшандай оқлар орасида кўз ёш тўкиб азобланишига тўғри келарди. Сабоқларим Лулага ҳаёти мобайнида, албатта, асқатади. Қизим ҳам мен ўзим кутганимдай мағрур, ақлли ва дадил қиз бўлиб вояга етди.

Мен ёмон она эмасдим. Нимаики қилган бўлсам, бариси Лула учун, боламнинг бахтли яшаши учун, кўз нурим, қалб қўрим бўлмиш азиз нуридийдам учун аталган эди. Умид қиламанки, Парвардигорнинг олдида юзим ҳамиша ёруғ бўлади. Рост, аввалига ўз боламдан ўзим ҳазар қилдим, тақдиримдан ўкиндим, унинг қоп-қора танасига, ҳатто қўл текизишга ҳам ботинолмадим. Бироқ мен Она эдим. Барибир уни яхши кўрардим. Ҳа, ич-ичимдан, бутун қалбимдаги меҳр билан Лулани бениҳоя севардим. Ўйлайманки, Лула ҳам мени бир куни, албатта, теран тушунади. У ҳозир ҳам мени англайди. Мен шундай деб ўйлайман.

Вақт ўтгани сари Лула Анна ўз-ўзига мустақил ва тобора жасур қиз бўлиб камол топаётгани равшан акс этиб борди. У қора баданини яшириш учун ниҳоятда бежирим, жуда чиройли либослар киярди. Ҳатто у менга ҳам кези келганда ақл ўргатиб турарди. Бироқ буларнинг бари ёқимли ва суюмли эди. Аста-секин дилимдаги хавотир ва оғир дард тоши енгиллаша боргани билан унинг ўрнини кун келиб қизим мени ёлғиз ташлаб кетиши муқаррарлиги кўнглимни аёвсиз қийноққа солиб қўярди. Кунларнинг бирида шу тўрт девор ичида бир ўзим якка қолиб, ҳувиллаб ўтиришим хавфи ғариб умримга таҳдид солиб турарди.

Лула Калифорниядан иш топиб, ўша ерда ишлай бошлаганди. Энди мен уни кундан-кунга жудаям кам кўрадиган бўлдим. Ўзим эса анча ўрганиб қолган жойим Уинстон Хаусни бир кунга ҳам ташлаб кетолмасдим. Олтмиш уч ёшга тўлганимда ихчамгина, сал арзонроқ бўлган бошқа бир уйга кўчиб ўтдим. Гоҳ-гоҳида кексалик безовталиги туфайли турли касалликлар қўзғаб қолганда, иккита ҳамшира баъзи-баъзида келиб текшириб турарди. Энди дарбадар ҳаёт суриш учун қариб қолдим, ёшлигимнинг оловли дамлари кўзимнинг оқу қораси, ягона зурриёдим Лула Аннанинг тинч ва дориломон келажаги учун фидо бўлди. Ёшим ўтиб бораркан, кутилмаганда танамда суяк хасталиги пайдо бўлди. Оғриқ чунонам кучли кечарди, аммо ҳамширалар жуда меҳрибон ва раҳмдил эди. Биттаси, ҳатто бир гал мен унга яқин орада буви бўлмоқчи эканлигимни айтганимда меҳр билан икки ёноғимдан ўпиб, мени чин дилдан табриклади. Уларнинг табассуми ва мақтовлари ниҳоятда ёруғ ва ёқимли эди. Мен, ҳатто ҳамшира қизлардан Луладан келган хатларни ҳам яшириб ўтирмасдим, қизимнинг ҳар битта гапидан улар ҳам хабар топишарди. Бир мактубида Лула менга ўзининг беҳад бахтиёрлигини, тез кунларда она бўлишлигини катта қувонч билан ёзиб юборибди. Унинг эри ҳам ўзи каби қора танли эди. Аммо ўша хатида Лула турар манзилини билдириб қўймаганди. Шунда мен ўзимни ниҳоятда ёмон ҳис қилиб кетдим, назаримда мен унга яхши она бўлолмадим ва айнан шу хат менга улкан жазодай кўринди. Эҳтимол, Лула ичида мендан бироз оғринарди ҳам. У менга вақти-вақти билан пул юбориб турар, кундалик эҳтиёжларим учун Луланинг жўнатганларини ишлатиб яшардим, аммо ундан ортиқ ҳеч нарса сўрамас ва умидвор ҳам бўлмасдим. Менга ягона керак нарса бу унинг Бахти эди. Эҳтимол, мен бундан кейинги умримда тўкин-сочин ҳаёт кечиришим учун баъзи бир ота-оналар сингари ўз боламга зулукдек ёпишиб олсам ҳам бўларди, бироқ менга бунинг нима кераги бор? Болам, дея бутун умри заҳматда кечган она учун бу каби майда нарсаларнинг нима аҳамияти бор?

Гоҳида ўтмишга хаёлан қайтиб, Лула туғилган сонияларни, қоп-қорагина бир парча этнинг дастлаб кўзимга қанчалар хунук бўлиб кўринганини, жуда ёмон ижирғаганлигимни эслайман. Аммо энди уларнинг ҳаммасини хотирамдан қувиб чиқаришим керак. Ахир ўша ёқимсиз лаҳзаларнинг менга қилчалик ҳам таъсири қолмаганди. Ўшанда Лула Аннанинг отаси бизни қаровсиз, боқувчисиз ҳолда ташлаб кетганида, бу қора чақалоқ елкамга ниҳоятда оғир юк бўлиб тушганди. Ҳа, у бениҳоя оғир юк эди ўшанда, лекин мен уни кўтара олдим, мен ўша оғир юкни кўтариб яшашга қодир бўлдим.

Тўғри, бошида Лулага у даражада ортиқча меҳр кўрсатолмадим. Айниқса, у ўсмирлик даврига етиб, ўн икки-ўн уч ёшга тўлганида янаям дағал ва талабчан онага айландим. Ўша вақтларда Лула ҳам мендан безор бўлган, у мен пиширган овқатни оғзига олмас, сочларини ўриб қўйишимга ҳам астойдил қаршилик кўрсатарди. Янаям оғир кунлар у мактабда ўқиётган кезларда бўлди. Мен унинг ҳар битта қадамини назорат қилар ва уни асилзодалар тазйиқидан ҳушёр бўлишини тинмай уқтириб яшардим. Худойимга беҳисоб шукрки, менинг ўша меҳнатларим зое кетмади, Лула ўзига ишонган, мустақил ва баркамол инсон бўлиб улғайди.

Мана энди у ҳомиладор. Бутун вужуди билан интиқиб, орзиқиб, тиланган ҳолда жон парчаси – фарзанди азизини кутаяпти. Илоҳим, эсон-омон қутулиб олгин, Лулагинам! Агар сен оналикнинг нечоғлик ширин бахт эканлигини билганингда эди, юрагинг тарс ёрилгудек ҳолда бундан-да минг карра бахтиёр бўлиб кетардинг! Ҳа, оналик ниҳоятда улкан Бахт, Лула! Сен ва сенинг жуфтинг яқин кунларда дунёдаги энг хушбахт инсонлар бўласиз! Ахир ўзинг бир тасаввур қилиб кўргин-а: Чақалоқ! Оламнинг энг юксак неъмати бу чақалоқдир. Лула, сен мени бир муддат яхшилаб тингла, қизалоғим, сен она бўлган онларда шу куррайи коинотнинг қанчалар чексиз ва чексиз эканлигини, унинг қай тарзда айланиб, яшаб туришини, ер ва само нима тилсимот эканлигини яна-да чуқурроқ англаб етасан. Ўшанда янаям бахтли бўласан, Лула!

Худо ёр бўлсин сенга, нуридийдам! Бу дуо шу ёруғ оламдаги ҳар битта онанинг энг ўтли илтижосидир.

Илоҳим, Яратганнинг ўзи ҳар бир гўдакни ўз паноҳида асрасин!

Инглиз тилидан  Қандилат ЮСУПОВА таржимаси