“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Наср
  • 684 марта кўрилган.

МУҲАББАТ. У мен учун ҳамиша тирикдир

Уильям САИДИ, Африка адиби

Бенедикто Муленга олтмиш ёшларда эди. У айнан қайси кунда туғилганини аниқ билмайди, бироқ кўзгуга боқиб: “Сочларингга оқ оралаганини ва юзингга ажин соя солганини кўрдингми, демак қарияпсан”, деб ҳисоблайдиганлар тоифасидан эди. Ҳа, ёш йигит бўлиш яхши, бироқ бой ҳаётий тажрибага эга олтмиш ёшли эркак бўлиш ҳам ёмон эмас. Мана, у йигирма беш йилдан буён транспорт идорасида ишларди. Бу йиллар давомида Бенедикто саккиз болани дунёга келтирган биринчи хотинини тупроққа қўйди. Иккинчи аёли ҳам унга етти фазандни туҳфа этди. Бенедикто ўз тенгқурларидан кўра анча тетик ва ёш кўринарди. У ҳеч қачон соғлигидан нолимасди. Тушлик вақтида Муленга кичик емакхонада ўтириб, ёш, бақувват йигитларнинг хатти-ҳаракатларини кузатарди. Мана ҳозир ҳам бехавотир овқатланаётган йигитларга қараб туриб, ўзининг армияга борган пайтларини эслади. У охирги жаҳон уруши пайтида хизматини ўтаганди. Бенедикто урушни эслаб, юраги увишди. “Илоҳим охиргиси бўлсин-да”, деб шивирлаб қўйди. Уруш ўз номи билан барибир уруш-да. Бенедиктонинг назарида қийинчилик кўрмай улғайган бу болалар уруш даҳшатини кўтара олмайдилар. Шундай экан, бехавотир яшаганлари маъқул. Бироқ улар орасида камгап, ҳеч кимга қўшилмайдиган йигирма саккиз ёшлардаги йигит ҳар доим қариянинг эътиборини тортарди. Негадир унга қараса, муҳаббатда омади келмаган дўстини эсларди. Жасур, камгап, ақлли Жим Мадала. Улар урушда бирга бўлишганди. Жим ёнида бир гўзал қизнинг суратини олиб юрарди. Кўзлари порлаб турган паривашнинг қувноқлиги сезилиб турарди. Жим севгилисидан келган мактубларни қайта-қайта ўқир, шалвираган, сарғайган қоғозларга лабларини босар ва яна авайлабгина қўлтиқ чўнтагига солиб қўярди. Бенидикто ўша пайтда муҳаббатнинг қалбан нималигини ҳис қилмаган бўлса-да, дўстининг завқ ва меҳрга тўла кўзларига боқиб, унинг нақадар тотли туйғу эканлигини туярди. Шунинг учун ҳам у Жимга чин кўнгилдан ҳавас қиларди. Дўсти икки йил ўлим шарпалари кезиб юрган жанг майдонидан ажал билан мардларча олишар ва севгилиси учун омон қолишга интиларди. Муленга муҳаббат инсонни ниҳоятда жасоратли қила олишини кўрди-ю, бироқ буни олтмиш йил яшаб ҳам ҳис қилолмади. Жимга ўхшаб севиш, ёр хаёли билан яшаш, тунларни бедор ўтказиш завқини негадир ҳаёт унга тақдим этмади. Бу эса Бенидиктога армон бўлиб қолди. Шулар ҳақида ўйларкан, борлигини эслатиб қўйган юрагини аста силади ва билинар-билинмас уҳ тортиб қўйди. Кейин дўстининг севгилисининг жавоб мактублари камайиб бораётганидан хавотирланиб юрган пайтларидаги изтиробларини эслади. У севгилисидан муҳаббатга йўғрилган номаларни кутиб кундан-кунга озиб борарди. Ниҳоят бағритош гўзал унга умуман жавоб ёзмай қўйди. Жим эса паришонхотир бўлиб қолди. Ўшанда Бенидикто: «Муҳаббат шунақа бўладиган бўлса, бутун умр севмаганим бўлсин», дея онт ичганди, балки шу қасами туфайли унинг қалбига муҳаббат ташриф буюрмагандир. Нима бўлганда ҳам севиш Беникто учун армонга айланди. Уруш тугагач, у оёғига ўқ теккани туфайли оқсоқ бўлиб қайтган дўстини кўргани борди. Ўша пайтда Жим оилали, бола-чақали бўлиб кетганди. Фақат севганига эмас, бошқасига, кўримсизгина бўлса ҳам оқила қизга уйланганди. Жим ўша куни малаксурат қиз, урушдан қайтишини кутмай, турмушга чиқиб кетганини қайғуга ботганча сўзлаб берди. Дўстининг шу йигитга ўхшаган уч ўғли бор. Бири Лусакадаги таҳририятда ишлайди. Иккинчиси Англияда. Бегона юртда дунёга машҳур университетнинг зоология факультетида турли жониворларнинг ичак-чавоғини ўрганиш билан банд. Учинчи ўғли эса ҳаммасидан ўтиб тушди. У сиёсатчи бўлиб, аввалига бироз партияда ишлаб юрди. Ҳозир кимсан парламентнинг энг обрўли аъзоси. Ҳа, Худо тақдир қилган бўлса ҳеч нарса экан. Хуллас, Бенидикто дўстига ўхшаган меҳрли ва мунгли қиёфага эга камгап йигитча билан ота-боладек чиқишиб кетди. Йигитнинг ҳикоясини эшитган кундан сўнг у бир ҳафта уйқусини йўқотди. Улар бир бурчакда аччиқ қаҳва ҳўплаб туришаркан:

— Мен илгари Форт-Жеймсондаги чегарада ҳарбий бўлиб ишлардим. Ёш, гўзал ва суюкли хотиним бор эди. Биз бир-биримизни мактабда ўқиб юрган кезларимиздаёқ севардик. У латофатли, меҳрибон, ақлли ва меҳнатсевар эди, — дея ўз ҳикоясини бошлади йигит.

Бенидикто унинг гапларини эшитиб мийиғида жилмайиб қўйди. Ҳарбийларнинг деярли барча севги ҳикоялари одатда шундай бошланади, деб кўнглидан ўтказди у. Бироқ бир аёлни телбаларча севган қаршисидаги навқирон суҳбатдошига бир вақтнинг ўзида ҳам ҳавас ҳам ҳасад қилди.

— Биз ажойиб жуфтлик эдик. Атиги икки ой бирга яшадим. У фарзанд кутаётганди. Мен ота бўлишимни эшитиб ниҳоятда бахтиёр эдим. Биз саккиз фарзанд кўришни орзу қилардик. Ўша куни ишга кетаётганимда у мени ҳар галгидек жилмайиб кузатди. Ишга кетяпман-у, негадир юрагим ғаш эди. Рация орқали Лусака қамоғидан қочган икки жиноятчи чегара томон ҳаракатлаётганини эшитганимда юрагимни бир нима жизиллатиб куйдиргандай бўлди. Уйга қараб югурдим, аммо кеч бўлганди. Жиноятчилар кулбани остин-устин қилишганди. Тўзғиган хоналарнинг аҳволига қараб, улар бор пулларни ўғирлаб кетганини англаш қийин эмасди, бироқ ўша пайтда кўзимга ҳеч нарса кўринмасди. Ошхонага қараб югурдим. Унинг ҳаётдан тўймаган очиқ кўзларида қўрқувни кўрдим... Жиноятчиларни ўзим қўлга туширдим, бироқ ўлдиролмадим. Мен улар каби ваҳший бўлолмас эканман. Уларни оғир жазога тортишди, бироқ бу айрилиқдан куйган юрагимга малҳам бўлолмади... — йигит бўғилиб бошқа гапиролмай қолди. Унинг қиёфасига мос тушган меҳрли ва мунгли кўзлари жиққа ёшга тўлди.

Бенидикто собиқ ҳарбийнинг нима учун бу ерларга келиб қолганининг сабабини тушунгандай бўлди, бироқ унга тасалли беришга ҳам ожиз эди.

— Нега уйланмаяпсан? — деди қария. — Сенинг ўрнингда бўлсам уни унутиш учун ҳам уйланардим.

— Мен эса уни сира унутолмайман. Унутишни истамайман ҳам. Қолаверса, бошқа аёлни уни севганим каби севолмасам керак... У мен учун ҳамиша тирикдир...

Йигит шундай дея ўрнидан турди. Бенидикто қалбида суюкли ёрининг ёрқин хотирасини ардоқлаб яшаётган баҳодир йигитнинг мардонавор қоматига тикилиб:

— Жин урсин, мен олтмиш йил яшаб ҳам бу ҳаётда ҳеч нарсани англамаган кўринаман, — дея тўнғиллаб қўйди ўзига-ўзи.

 

Инглиз тилидан Вазирабону АСАДОВА таржимаси