“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Наср
  • 744 марта кўрилган.

ПАРИШОНХОТИР Ҳажвия

Аркадий АВАРЧЕНКО,

рус адиби

Очиғини айтганда, мен паришонхотирликнинг касофати тўғрисида қоғоз қоралашга шайландим. Ёзганимдан паришонхотир одамлар ранжимайди, чунки, улар хаёли жо­йида бўлмагани туфайли буни ўқимайди.

Бундайлар умуман жуда оз мутолаа қилади. Журнал қўлига тушганда ҳам узоқ вақт маъюс ҳайрат билан нашрни айлантиришни ҳам ўйламай, бу матнни оёғини  осмондан қилиб босишни ким лозим топди экан, дея ўз хаёлига ғарқ бўлиб ўтиради.

Бошқалар учун  паришонхотир одам уқубатнинг ўзгинаси: баъзида у бегонанинг янги  калишини ўзиникининг ўрнига кийиши ёки ўзганинг хотинини ўзиники, деб ўйлаб ўпиб олиши ҳам ҳеч гап эмас. Устига-устак, улар ҳар доим ваъдасини ё унга ишониб топширилган ишни бажаришни эсидан чиқаради. Мен ўта паришонхотирлар тоифасидан эмасман, лекин шундай одамга дуч келганман.

Ўша бахтсиз одам китоб дўконига кириб келганида мен ўзимга керакли бир китобни харид қилиш учун пештахта олдида турардим. Уст-бошидан у ўзини тартибга солишни буткул фаромуш этган ёки улгурмаганга ўхшарди. Энг ачинарлиси, ғайритабиий таассурот уйғотадиган одам ўзини худди хотираси бутун одамдай кўрсатишга уринарди. Хуллас, у тўғри қаршимга келиб тўхтади ва буйруқ оҳангида:

— Менга китоб беринг! — деб мурожаат этди.

Бир муддат унга тикилиб турдим ва:

— Мен ҳам сизга ўхшаган харидорман, биродар, — дедим ҳайратимни яширмай.

— Йўғ-э, нега бўлмасам, у ерда турибсиз?

— Қаерда? Мен пештахта ортида эмас, сизга ўхшаб пештахтанинг бу томонида турибман-ку.

У янглишганини тан олмай эътироз билдирди.

—    Қаршимда турибсизми, демак, сотувчисиз. 

Нотаниш мени мушкул аҳволга  солиб  қўйдим, деб ўйлаб, айёрона кўз қисди, аммо шу маҳал дўкон сотувчиси келиб қолди ва:

— Нима буюрадилар? — деб сўради.

Шунда ўша тентак ёйилиб тиржайди:

— Ҳа! Анави… — деди каловланиб.

— Сизга нима керак?

— Менга китоб беринг.

— Қайси китобни?

Унинг юзида азобли зўриқиш тиришлари пайдо бўлди ва у хижолат бўлиб сўз қотди:

— Ҳалиги… бор-ку…

— Сарлавҳаси қанақа?

— Гап шундаки, мен… сарлавҳасини унутиб қўйибман.

Сотувчи ғаройиб харидорни курсига ўтқазиб қўйиб, кечгача эслашига шароит яратиб берганда-ку яхши бўларди, бироқ ўша эсипастнинг ғирт соддадил одамлиги кўриниб турар, шу важдан сотувчи ҳам унга керакли китобни топишига кўмаклашишни астойдил кўнглига тукканга ўхшарди. 

— Эҳтимол, муаллифини эсларсиз?

— Йўқ, муаллифи ёдимда йўғ-у, аммо бош қаҳрамоннинг сочлари тимқора эди.

— Э, қизиқ экансиз-ку, оғайни, қаҳрамонлари қорасоч бўлган китоблардан ками борми? Жиллақурса ўша қаҳрамоннинг номини эсланг.

— Номи… Худо ҳақи эсимда эди! Бу сўзни кўпгина ёзувчиларнинг катта-катта қалин муқовали китобларининг устида кўрганман.

— Масалан?

— Э, қуриб кетсин! Менга…  ҳеч бўлмаса Тургенев асарларининг тўпламини беринг!

Сотувчи икки ўт орасида қолди.

— Ўраб бераверайми?

— Нимани? Ўйлаб гапиряпсизми? Мен ўраб қўйилган китоблардан ўша номни қандай топаман! Ҳа мана! — У Тургеневнинг китобига кафти билан уриб, “I Том” деган ёзувга кўрсаткич бармоғини тираб, тантанали оҳанг­да хитоб қилди. — Кўряпсизми! Мана, ўша исм... бош қаҳрамонини шундай аташарди!..

— У қиролми?

— Э, бошга битган бало бўлдингиз-ку, биродар! Сизга ким айтди, уни қирол деб? — паришонхотир ўйланиб  қолди ва кейин  кафти билан пешонасига урди. — Ҳа, эсимдан чиқибди! У… ҳалиги... уй эгаси эди.

Сотувчи оғир тин олди ва тепа сочи тикка бўлиб, жаҳл аралаш:            

— Айтинг-чи, унинг уйи шаҳарнинг қайси қисмида жойлашган эди? Даромади яхшимиди, ишқилиб? Қуриб кетгур ижарачилар ўз вақтида пул тўлаб туришармиди, а? Жавоб беринг! — деб буюрди.

Сотувчининг кескин оҳангидан паришонхотир саросимага тушмади, аксинча, буткул хотиржам оҳангда:

— Буни эслолмайман-ку, аммо у кимнингдир қариндоши эди, — деди.

— Ўша беному нишон ярамаснинг суратини кўрсатинг менга! Қариндошларни тиқиштиришнинг нима ҳожати бор?

— У уларнинг амакиси эди.

— Кимларнинг?

— Ўшаларнинг-да!

Сотувчи тишларини ғижирлатди. Шунда мен унинг яқинига бориб:

— Суҳбатингизга аралашганим учун узр, оғайни, чамамда, уни тушундим. Бу одам «Том тоғанинг кулбаси»ни сўраяпти. Унга шу китобни беринг ва ковушини тўғрилаб қўйинг? — дедим.

— Ҳа, ҳа! Мендан болалар «Том тоғанинг кулбаси»ни сўрашганди.

У бу уч сўзни фавқулодда ҳайрат билан такрорлади.

Мен эса ундан жаҳл билан сўрадим.

— Нега энди қаҳрамоннинг исмини бирйўла Том — ҳабаш деб айтмадингиз? Қорасоч деганингиз нимаси?

У менга зарда билан кўз қисиб жавоб берди.

— У ҳолда сиз менга қорасоч эмас, балки малласоч бўлган бирорта ҳабашни топиб беринг-чи!

У китобни олди-ю, пул тўлашни ҳам унутиб, яшнаб кўчага чиқиб кетди...

 

Русчадан Ҳабиб СИДДИҚ таржимаси