“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Наср
  • 933 марта кўрилган.

Жаҳонинг қисқа ҳикоялари

 

Стивен МАКЛЕОД

УРУШ

Уруш ҳар доим Жонни ҳайратлантирарди. У болаликдаги дўстлари билан уруш-уруш ўйнаб чарчамасди. Бироқ капрал Жон Томас уруш майдонига қадами етгани ҳамон бу ҳавас қиладиган жой эмаслигини фаҳмлади. Пулемётлар, бомбалар, автоматларнинг овози қулоқни қоматга келтирар, буларнинг бари юракка ваҳима соларди. У шафқатсиз жанг майдонига қадам босган кундан буён тинч-осуда болалигини қўмсайди.

– Томми! – онасининг таниш товуши совуқ уруш овозини бўғиб қўйди. – Болажоним, овқат маҳали бўлди. Шунча ўйнаганинг етар қўзим, қани уйга кира қол!

Кўзлари жиққа ёшга тўлган капрал Томас кутилмаганда қўлидаги қуролини тушириб юборди ва меҳрибон овоз эшитилган томонга учди. Ўқлар ёмғири қулоқни қоматга келтирарди. Ниҳоят ҳамма ёқ сув қуйгандай жимжит бўлиб қолди. Ўлик сукунату қоронғи зулмат...

 

Мерилин РЕЙНОЛЬДС-АРХАМБО

ПАКАНА ВА БАРВАСТА

– Оёғингиз остига қараб юрсангиз, яхши бўлармиди? – танбеҳ берди пакана барваста ҳамроҳига. – Гулу чечакларни янчиб ўтяпсиз. Бу ерда бундай қадам ташламайдилар.

– Эсингни еганмисан? – жеркиб ташлади барваста. — Энди мен гул чечакни босмай, деб ердан кўз узмаслигим керакми?

– Жонига озор етказяпсиз ахир? – пешонаси тиришди пакананинг.

– Уларнинг жони йўқ-ку, барибир, – энсасини қотирди барваста.

– Бечораларнинг тили йўқ фақат... Лекин мен, гулни эмас, аслида, волидамизни назарда тутган эдим.

– Тушунмадим?

– Бу ерда онамиз ётибди. Секинроқ қадам босинг, жони ларзага келмасин...

Бу сафар барваста қошларини чимирди-ю, индамади...

Мана, улар роппа-роса йигирма йил деганда она қабри узра елкама-елка туришибди. Бир қориндан талашиб тушган икки эгизак – икки олам!

 

Моника ВЕЙР

АФСОНАНИНГ ЎЛИМИ

Минг йил... Улкан тоғлар орасида кенг қулоч ёйиб, баҳайбат дарахтга айланган қарағайнинг ҳусн-тароватига на зилзила, на ёнғин, на қаҳратон ва на қурғоқчилик зиён етказди. Бу жойларда теварак-атрофдаги осмонўпар ёши улуғ тоғларни айтмаса, бу мўъжизавий афсонага бошқа ҳеч нарса тенглашолмасди. Қуюқ шохларию улкан кўланкаси кўнгилда ҳавасу ҳайрат уйғотадиган бу дарахт ҳаётига шу чоққача ҳеч бир куч раҳна солгани юрак ютолмаганди. Инсондан бўлак...

– Қанча вақт кетади? – сўради ширакайф ҳоким.

– Атиги бир соат, – жавоб берди ўрмон кесувчи.

– Қани бошла! 

 

Рон БАСТ

ҚЎША ҚАРИШ БАХТИ

Машина туртиб юборгани учун енгил жароҳатланган бир қарияни касалхонага етказдилар. Жонсарак чол текширувларни рад қилди. Гўё ортидан ёв қувиб келаётгандай касалхонадан шошиб чиқиб кетмоқчи бўлаётган мўйсафиднинг борар манзили уни текширувдан ўтказаётган докторни бефарқ қолдирмади.

– Мен хотиним билан ҳар эрталаб чой ичгани бораман! У ҳозир касалхонада. Аёлимнинг олдига бормасам бўлмайди, доктор, – деди чол бетоқатланиб.

– Хавотирланманг, хотинингизга бугунги саҳарликка кеч қолганингиз сабабини ўзим айтаман, — деди шифокор ўз саломатлигига панжа орасидан қараётган беморидан ранжиб.

Қария мунғайиб қолди.

– У ҳардамхаёлликка чалинган. Гарчи қўша қариш бахти насиб этган бўлса-да, ҳозир кимлигимниям эслолмайди, – деди у сўлғин қиёфада.

– Тавба, қизиқ одам экансиз-ку! Завжангиз кимлигингизни унутган экан, нега унинг олдига борасиз? – сўради шифокор таажжубланиб.

– У мени эслолмаса ҳам мен унинг кимлигини биламан-ку, доктор!

 

Кристи ТИЛМАНН

МЎЪЖИЗАНИНГ БАҲОСИ

Олти ёшли қизалоқ Тессининг укаси оғир касал бўлиб қолди. Отасининг ойисига умидсизлик билан: «Уни фақат мўъжиза қутқара олади», – деганини эшитди-ю, хонасига югуриб кирди. Тесси топган-тутганини олиб, дорихонага қараб югурди. Пештахта ёнига яқинлашди ва аранг нафасини ростлаб:

– Мен...мўъжиза сотиб олмоқчиман, – деди у дорихоначига.

– Кечирасиз, тушунмадим? – сўради дорихоначи.

– Укам оғир касал. Уни фақат мўъжиза қутқариши мумкин экан.

Бир бурчакда турган одам қизалоққа яқинлашди.

– Сизга қанақа мўъжиза керак, бўталоғим? – деб сўради.

– Мен... бил...майман, – ҳиқиллади қизча.

– У ҳолда, сизга қандай мўъжиза кераклигини билиш учун укангингизни кўришим керак, – деди башанг кийинган нотаниш одам.

Остонада машҳур жарроҳни кўрган ота-она қувончдан йиғлаб юборди. Онасининг: «Қизиқ, бу мўъжизанинг баҳоси қанча тураркин?» деганини эшитган Тесси жилмайди. Ахир у бу мўъжиза қанча туришини аниқ биларди-да. Бор-йўғи бир ярим доллару эллик цент ва жажжи қизалоқнинг самимий ишончи.

 

Рафаэль ТОБАР

ИБЛИС ВА ИЙМОН

Иблис чорраҳада тўхтаб, шишадаги майдан ҳўплади. Шу пайт унинг ёнидан бир банкир ўтиб қолди.

– Руҳинг учун ўн бакс.

– Намунча арзон. Миллион ва шахсий самолёт бўлса, бошқа гап эди.

– Менга қара, йигитча, очкўз, тамагир, бузуқ, иймонсиз руҳ учун – 10 бакс, она сутидай ҳалол. Ортиғига хомтама бўлма! Хўжайиним савдолашиб, гапингга лаққа тушадиган ва бундан ошиғини қўлингга тутқазиб қўядиган лақма эмас!

– Ўн уч! Бир долларам кам эмас.

– Келишдик.

Савдо пишди. Иккиси ҳам мамнун жилмайди.

 

Инглиз тилидан Вазирабону АСАДОВА таржималари