“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Наср
  • 835 марта кўрилган.

ЎНГ ҚЎЛ Ҳикоя

Ражаббой РАУПОВ

Уч кундирки у атрофида парвона бўлиб, жон ҳовучлаб ўтирган яқинларини кўрмайди, гап-сўз қулоғига кирмайди. Тош қотган қабоқларини узоқ силаб очмоқчи бўлади, шу заҳоти яна кўз олдини бармоқ изи тушган сарғиш қоғоз тўсади. Қоғоз гоҳ кичрайиб, гоҳ каттариб тумандек чўкиб кўкси, юз-кўзини қоплайди-ю, кўз кўрмас қўллар аввал икки чаккаси сўнгра юрагига бигиз санчади.

Ёруғлик санчилаётган кўзларини тўсмоқчи бўлиб, чап қўли билан пайпаслаб матоҳ излайди. Хотини узатган қора жун рўмолни юзига босади-ю тинчийди...

Гирдини олиб ўтирган яқинлари шу фурсатни кутгандек, у бироз тинчиши билан хотинини қолдириб, ўзларини эшикка уришади. Хотини — Роҳатой бети рўмол билан тўсилган эридан кўз узмай қараб туради-туради-ю, пиқ-пиқ йиғлайди. Ҳар лаҳза дўхтир бола эрининг ҳолидан хабардор. У: “Қишлоққа олиб кетайлик, касалхонада ётса, хавф арийди”, деб қистайди — эри кўнмайди...

Нохуш хабар тез тарқалади. Онасини воқеадан хабардор қилиб, Гужумлига — отаси ўтовига олиб кетгани келган тўнғич ўғли қишлоқдан чиқмай туриб, шов-шув тарқалди: “Асад ферма ўзини отибди”, “Асад ферма ўзини осибди”, “Асад ферма...”.

— Э, воҳ, жигарим-ей! — эри юзига ташланган қора жун рўмолни сидириб ташлаб, тағин нола чекди. Оҳи чодирга қўшиб, Роҳатойни ҳам ютиб юборадигандек учиб ўрнидан турди-да, ўғилларини чақирди. Улар эшикдан кириб-кирмай Роҳатой ўтовдан қочиб чиқди...

Асад ферма ётган жойида — тўшакда аза очган, буни ҳеч ким — на тепасида турган аёли, на икки ўғли, яқинлари билмас эдилар... Дарвоқе, ферманинг узоқ йиллар йигит ёшида “душман” ёрлиғи ёпиштирилиб, отилган Қудрат исмли укаси бўлган... Унда Асад ферма мудири эмас, хўжаликда ҳосилот*  эди. Укаси Қудрат эса...

Бир оқшом Асадни идорага йўқлатиб, қўлига чақирув қоғози тутқазишди. Саҳарлаб у шаҳарга отланди. Йўқланган жойни сўраб-суриштириб топганида, шубҳасиз, ҳеч нимага тушунмади. Уни бегона кишилар саволга тутди — укаси Қудрат ҳақида сўрашди. У истар-истамай, ажабланиб жавоб берди: “Укам, Қудрат тўйларда достон айтиб, қўшиқлар битиб юрадиган бўз йигит. Ўтган йили Самарқандга сабоққа кетди. Шоир бўламан, дейди...”

“Мана, сизга қоғоз, — деди тўрда ўтирган чарм камзулли киши Асаднинг кўзига синчиклаб қараб, — шу гапингизни ёзинг”.

“Менинг хат-саводим йўқ, биродар, — деди Асад ийманиб, — агар пахтадан сўрасангиз, бинойидек айтаман... Укам Қудрат бир келганида, ака, сизга хат ўргатай, деб кўп қистади, кўнмадим, сен ўзингни бил, менинг сенга оғирлигим тушмайди, дедим... ”.

“Яхши, унда боя айтган гапингизни шошилмай қайтаринг, мана, ўртоқ Қуттиев ёзади, сиз қўл қўясиз”.

Асад укаси ҳақида айтган гапини такрорлади, кўзойнак таққан, ориқ, узун бўйли терговчи Қуттиев қоғозга туширди, охирида у имзо ўрнига бармоғини босди...

Хайрлашаётганида Асад баланд овоз билан гумбурлатиб:

— Бу йил пахта ҳар йилгидан мўл бўлади! — деди.

Ўтирганлар унинг гапини жилма­йиб эшитишди-да:

— Яхши, яхши ўртоқ ҳосилот, яшанг! — дейишди.

Тамом — бўлган гап шу. Сўнг у қишлоққа етганича хўп ўй сурди: “Кимсан — ҳосилотман, уруғ-аймоғимни суриштиришади-да! Қудрат — ёлғизгина иним, саёқ юрмасин, акасидек эл-юртга нафи тегсин, дейишади-да! Хўжаликда ким кўп — одам кўп, улар билан бировнинг иши йўқ, борсанми-йўқсанми, деб ҳеч ким сўрамайди...”

Асад шаҳарга бориб қайтган куннинг эртасига онаси Ҳожар биби ғалати тушлар кўриб тилидан Қудрат тушмади. У ҳар кеча қизи Маликани қийин-қистовга олиб, кенжато­йига хатлар ёздирди... Кўп ўтмай Асаднинг шаҳарга боргани изсиз кетмади — сир ошкор бўлди: ҳосилотнинг укаси “халқ душмани” экан...

* * *

Ўша кун-тун қиёматгача Асаднинг ёдидан чиқмайди. Дарвозаси ёнидаги якка михда гижинглаб турадиган оти ўз-ўзидан йўқолди. Йўқса, ҳосилотнинг оти, деб ёнига одам тугул, ит ҳам йўлолмасди. Асаднинг оғзи боғланди, тили калимага келмади — отни ким олди, деб бировдан сўрамади, оғиз очмади. Қамчинни этиги соғисига суқиб, кўчага чиқди-ю, ярим йўлдан қайт­ди: Асадга кўзи тушган қўни-қўшни, таниш-билиш — ҳамма ёвдан қочгандек ўзини панага тортиб, танимаганга олди. Ўзига яқин олиб юргани — узоқдан қорасини кўрса, қўли кўксидан тушмайдиган миробга дуч келганида у: “Йўлдан қоч, отим ҳуркади” деб, отини йўрттириб кетди.

Асад шундан кейин ўзини йўл чеккасига олди, шундоқ, ёнгинасида гулга кирган ғўзаларга қараб ўй сурди, эгилиб бир туп ғўзанинг гулини санади — ҳисобдан адашди, қайта санаётганида ортидан овоз эшитилди: “Тегма, давлатнинг ғўзасига! Белинг оғримаганда — ичинг ачимайди, унсур!..” — Асад бурилиб ортига қараган эди, бригадирни кўрди. Мулзам бўлиб ўрнидан турди, гапиролмади, худди тилини ютгандек бақрайиб қараб қолди.

Бригадир шашт билан яқинлашиб, Асаднинг этиги соғисига суқилган қамчинни тортиб олди. Сўнг сувсираб тўкилган ғўза гулларини сиқимига йиғди-да, Асаднинг кўзи остига тутди:

— Бу нима, нега тўкдинг?!.

Асад соқов одамдек довдираб елка қисди. Бригадир қамчин дастаси билан йўлни кўрсатди. Асаднинг боши айланиб, кўзи тинди. Депсиниб йўлга чиқар экан, бригадирнинг “Халқ”, “Унсур”, “Пахта”, “Душман” деган сўзлари бошидан дўлдек ёғилди...

Қадди букилиб зўрға ўзини уйга олди, дарвозага занжир солди. Онаси, хотини, болалари уйда-ю, лекин, барибир, ҳовли сув қуйгандек жимжит. Ана, эшик ёнида синглиси Маликанинг кетмони кўринди: сезди — уни даладан ҳайдаб юборишган...

Кўчанинг даҳшати уйга қамалди. У шомгача меҳмонхонадан ташқарига чиқмади. Қуёш ботмай эшик очилди. Унинг хаёллари тўзиди: “Мени олиб кетгани келишган”, деб қўрқиб жойидан турди. Йўқ, онаси экан, остонада Қудратнинг суратини кўксига босганича Ҳожар биби турар, турқидан уйга кириш нияти йўқ.

Она-бола бир-бирига қараб турди, биринчи бўлиб, Асад кўзини олиб қочди, бош эгди.

— Баракалла, — деди онаси шикаста овозда. — Баракалла! Ининг Қудрат душман эканми, сен шунга ишондингми? — Она ўғлининг қоғоздаги аксига бир қараб, суратни қайта кўксига босди. — Йўқ, мен ишонмайман, ишонмайман, менинг ўғлим душман эмас, шоир...

Асад шундоқ рўпарасида — остонада онасини кўриб турар, нечундир сўзлари аранг қулоғига кирар, гўё кампир жуда олисдан туриб гапирар, овозини элас-элас илғар эди. Бир маҳал у бошини кўтарди, онаси йўқ — аллақачон кетган. Асад яна хаёл, қўрқув, мутелиги билан ёлғиз қолди...

Кўчада одам оёғи тийилганда раиснинг чопари эшик қоқди. Дарвозани хотини очди...

Йўқлов қисқа бўлди, кутилмаганда у раиснинг хонасидан тоғдек юпанч туйиб, кўзи ёшланиб чиқди. Бошига қора кун тушганида битта бўлса-да, мададкор топилди...

“Уй-жойни ер ютмайди. Қизилга*  кетасан, биров сўраса — бола-чақа билан чўлга сургун қилдим, дейман...” — раиснинг гапи то уйига етгунича, кейинчалик ҳам Асадга қанот бўлди. Шу кеч тоғдек суянч бўлган раиснинг сўзларини онасининг қулоғига шивирлаб айтди, ҳовлиқиб хотин, бола-чақасини кўчишга чорлади. Кўчада арава тайёр турар эди.

Она йўл тадоригига тушган ўғли, келини, қизи Маликани кузатиб, уй бурчига жимгина ўтирди.

Бир сидра кўч-кўронни аравага юклашди. Вақт ўтиб борар, арава йўлга шай, ҳамон Ҳожар биби жойидан қўзғалмай сукут сақлаб турар эди. Асад остона ҳатлаб онаси турган уйга кирмади, тўғриси, киришга юраги бетламади. Очиқ дераза ёнига келиб, ўнғайсизланиб томоқ қирди — йўталди. Шунда:

— Йўл олинглар, мен рози, — деди онаси. Асад шуни кутиб тургандек кўчага отилди. Арава қўзғалганида Малика ўзини пастга отди, қочиб уйга кириб кетди.

Асад аравани тўхтатмади. Ортига қарамади. Ҳовлидан онаси билан синглисининг дод солиб йиғлагани эшитилди...

Ўшанда... Малика ўзини аравадан ташлаб, қочиб ҳовлига кирганида онаси ўқловга таяниб супага чиқди. Маликани кўриб, ўқловни улоқтирди, қучоқ очиб қизини бағрига босди, суянди. Ҳувиллаган ҳовлида онаю қиз узоқ йиғлашди.

Шу кеч ҳеч ким бу ҳовлидан хабар олмади, бунда бир тирик зоғ бор-йўқлигини унутишди...

Ҳожар биби ўғли Қудратнинг доғида куйиб-куйиб кўз юмди.

Малика қариқиз бўлди, чўкди...

* * *

Омончилик йиллар келди. Асаднинг ғами ариди, унга кун боқди: оддий чўпонликдан бош чўпон, сўнгроқ фермага мудир бўлди. Гап-сўз, қўрқув, хавотир ортда қолди — унутилди. Энди у илгариги бир пайт­лар “душманнинг акаси” деб Қизилқумга қочирилган ва узоқ йиллар елка сиқиб, бош кўтармай юрган Асад эмас — Асад ферма, қўш мукофотлару ёрлиқлар эгаси. Хуллас, у Қизилни уйим деб билди, қўним топди, қадр топди. Хотин, бола-чақаси яна қишлоққа қайтди, тўнғич ўғлини қабатига олди — одам қилди. Кенжаси уйда онасининг ёнида, чўл билан қишлоқни боғлаб турган чопар, чаққон йигит...

* * *

...Онаси қазо қилганида “борсамми-бормасамми”, деб бир кеча-кундуз ўйлади... Овозсиз, йиғисиз кириб борганида, жасадни уйда бир оқшом сақлаб, Асад келмагач, кўмишибди.

Онасининг қирқи ўтиб, кунлари аввал бошдагидек маромига тушди. Ҳаммаси босилган издек ортда қолди. Умр сув янглиғ оқди. Асад ўша-ўша... Бир оқшом у ўз ташвишларини ўйлаб ёстиққа бош қўйган эди, кўзи илинар-илинмас чўчиб уйғонди. Онаси қазосидан кўп йиллар ўтиб, шу оқшом илк дафъа тушига кирган, қўрққан эди. Тириклигида мулойим, озорсиз онаси бехос тушига кирди-ю, Асаднинг ороми бузилди. Шу тундан бошлаб онаси ҳар кеча Асад билан қасдма-қасд: кемтик тишлари орасида бир варақ қоғоз, икки қўли Асаднинг ёқасида. “Қани менинг Қудратим, Қудрат, Қудрат қани?!” — деб силтайди, оғзидан қоғоз тушмайди. Асад бўғилади, жон талвасасида онасининг кўзларига ёлвориб жавдирайди. Бехос кампирнинг қорачиғи оппоқ тошга айланади, сўнг тош каттариб кўз соққасини қоплайди, бўртиб чиқади... Асад кўзлар ўрнида тош кўрган маҳал қўллар ёқасини бўшатади, онаси йироқлашиб, қаршисида укаси Қудрат пайдо бўлади. У ҳамон илгаригидай — бўз йигит, катта-катта кўзлари учқун сочиб, ёниб турарди. Икки кафтида онасининг кўзлари: “Акажон, — деб у қўлини Асад томон чўзади. — Мана, онамнинг кўзлари, олинг, мен буларни ўзим билан олиб кетган эдим...”

Ҳар кун-тун — ўнгу тушида шу воқеа такрор. Буткул ҳаловатини йўқотди у. Ҳаётини Қизилқумсиз тасаввур этолмаган Асадни бир кечада чўл олис-олисларга улоқтирди, бағридан қувди. У ўзини саҳрога бегона: чўпонликка ёт сезди... Ҳалигача шукр, дейди. Ўшанда у босинқираб уйғонганида (овозидан ўғли ҳам чўчиб уйғонган эди) тўнғичини отиб қўйишига оз қолган. Ким билсин, қаршисида шарпадек чўнқайган ўғли кўзига Қудрат бўлиб кўриндими, ҳарқалай “шарпа” қаддини кўтармай ўзини Асаднинг оёғига ташлади, милтиқни қўлидан олди... Асад ўзига келгач, сув сўради, ўғли сопол косада сув тутди.

Шу кеча у ўғлини ёнидан жилдирмай, қўлидан ушлаб, тонг оттирди.

Туши ҳақида ҳеч кимга оғиз очмади...

Пешинда ўтовнинг бари анжомларини чиқариб, шамоллатди. Хаёлини бир зум бўлсин, кўрган туши тарк этмади...

Кунни бир амаллаб чўпон-чўлиқнинг юмушига аралашиб ўтказар, қуёш ботиши олдидан юрагига ваҳм тушиб, онаси, Қудрат таъқиб этаётгандек, кенг саҳро торайиб, ўзини қўйишга жой тополмай сиқила бошлар, назарида Қизилқум — оёқ босган ер, ўтов, анжомлар уни ютиб юборишга шай турар: “Кетаман, кетаман!” деб шивирлар, қаёққа кетишини билмас эди.

Ҳафта ўтмай қишлоққа кетди ҳам. Ранги синиқиб, бир ҳолга тушиб қолган эрини кўриб, аввалига хотини қўрқди. Асад сир бой бермагач, бевақт ташрифни “чарчаган”га йўйган аёли эрига парвона бўлди, оромига қўйди...

У очиқ деразадан ҳовлига тикилиб туриб, бир пайтлар онаси яшаган кўҳна уйга кўзи тушиб, юрагини қайта ваҳм босди. Бу уйда ҳеч ким яшамас, синглиси Малика қиз жиянлари билан алоҳида уйда яшар, Асаднинг янги тикланган иморати етти пуштига етиб ортарди.

Асад деразани ёпиб, хаёлини бош­қа нарсаларга чалғитмоқчи бўлса-да, барибир, кўҳна уйдан онасини етаклаб Қудрат чиқиб келаётгандек бўлаверди. Ҳовлиқиб хотинини чақирди.

Аёли ёнига келганида унга та­йинли бир гап айтолмади, “қўрқяпман” дейишга уялди. Роҳатой тепасида жим туравергач: “Ўтир, зерикаяпман”, деди. Хотини жилмайиб чиқиб кетди. Уни ортидан кузатиб туриб, беихтиёр уй ҳақида ўйлади. Бир хона ва даҳлиздан иборат пастак томни шу кунгача бузмаганига ҳайрон бўлди. Ниҳоят, шу кунгача тортган азобларига чора топгандек, шошиб, оёғига этигини суқди. Кўчадан икки-уч бекорсозни топиб келиб, боягина юрагига имконсиз қўрқув ва ғашлик солган ёдгорлик уйни бузишга буйруқ берди...

* * *

Асад учун икки дунё — чўлу қишлоқ бирдек дўзахга айланди. Кўп ўтмай уйқусизлик касалига мубтало бўлди.

Ўтовдан бир чақирим нарида кўп тала-тўп жанг кўрган ҳозирда хароба тепаликдан иборат “Ҳазор нур” қўрғони бор эди. Илгарилари Асад қачонки, ҳориб, асаби бузилса, кўҳна, қўрғон пойига келиб, соатлаб сукутга толиб ўтирар, тиниқиб, кучига-куч қўшилиб қайтар эди. У таскин ва ором истаб яна қадим “Ҳазор нур”га қатнади. Уни анчадан бери кузатиб, индамай юрган кекса чўпон шундай маслаҳат солди: “Иним, Асадбой, ороминг бузилган. Пиримиз Чўпонотани ёдлаб, ўтган шаҳидлар руҳига қон чиқазинг, шояд енгил тортсангиз...” У сукут сақлаб, чолнинг сўзларини эшитди-ю, бир сўз демади. Ичида: “Кошки эди шундай бўлса, — деб суюнди. — Битта эмас, ўнта қўй сўярдим... Майли, шаҳидлар ёди учун бир жонлиқ сўйганим бўлсин...”.

Шундай кунларнинг бирида фермага ёнилғи ташувчи ҳамқишлоғи Асадга хушхабар келтирди. У қўйин чўнтагидан букланган газета чиқариб:

— Буни қаранг, ферма бобо, — деб Асадга узатди. Газетада Қудратнинг суратию шеърлари босилган эди. Бу, Асад учун янгилик эмас, укасини аллақачон оқлашган, шундай бўлса-да, Қудрат акаси учун яқин ўтмиш ортида нимаси биландир ноаниқ, ҳамон сирли, бир қадар хавотирли туйилар, ака-ука ўртасидаги олис масофа — девор бузиб ташланмаган эди. “Нималар бўлаяпти ўзи, — у истар-истамай газетага қўл чўзди, — нега отишди-ю нега оқлашди? Тушимда ҳам, ўнгимда ҳам Қудрат, Қудрат! Гуноҳим нима менинг?!”.

Асад газетани ҳайдовчига қайтарди:

— Ўқи.

Умрида шеър ўқимаган ҳамқишлоқ Қудратнинг сўзларини тутила-тутила акасига етказди:

— Оғам, мен сенга инонмайман,

Сен мендан тондинг!

Синглим, мен сенга инонмайман,

Сен мендан тондинг!

Севгим, мен сенга инонмайман,

Сен мендан тондинг!

Ватан...

— Бас, ўқима! — Асад газетани юлқаб олганича кўксига босди, бархан томон югуриб кетди. Тепаликка етар-етмас ўзини ташлади, пешонасини қумга босиб ўкради. Назаримда овозида бутун чўл, еру кўкни тутди-ю ва шундай акс садо берди:

— Душман, душман, душман!

* * *

Қирқимнинг*  якуни учун ғолиб фермани мукофотлагани келган раҳбарлар зиёфат устида Қудратдан гап очишди. Бириси: “Сиз, Асадбой шунчаки одам эмас, катта кишисиз! — деди. — Сўзингиз тошни ёради, нишонларни тақиб бир шаҳарга боринг-да, Қудратни суриштиринг, айби нима унинг? Ахир йигирма уч ёшида... ақл бовар қилмайди-я, увол кетди...”

Асад кутилмаган таклифдан гангиб қолди. Сўнг обдон ўйлаб “Майли, суриштирсам-суриштирай, мендан нима кетди, зора шаҳар баҳона сал тинчисам...” — деган тўхтамга келди.

Сўнгги таскинга суяниб шаҳарга йўл олди.

Ошнаси тўғри айтган экан, уни куттиришмади — йўқлаб борган эшигига сўзи ўтди. Ҳашам меҳмонхонадан жой олиб, бир ҳафта кутди. Сўнг уни чақириб, илтимосига биноан укасининг айбномаси билан таништиришди. Дастлаб, қўлига, ўша — тушларига кириб чиққан, то ҳануз тинчини бузган қоғозга монанд бир варақ тутқазишди. У “ўқиёлмайман” дегач, ярим саҳифага етар-етмас айбномани ўқиб эшиттиришди.

Айбномада шундай ёзилган эди: “Мен — ким Асад Комил ўғли, иним Қудрат Комил ўғли ҳақида тубандагиларни маълум қиламан. Иним Қудрат меҳнатга бўйин товламай, хўжаликни менсимай сабоқни ихтиёр этди. Меҳнаткаш оммани йўлдан оздирувчи, Шўро ҳукуматини камситувчи ашъорлар битиб, кунни тун деб ўйлайдир... Гарчи, Қудрат туғишганим бўлса-да, унинг унсурларча босган қадамидан чўчийдирман, зеро бу иллат бошқаларга юқмасун деб:

Асад Комил ўғли. Имзо ўрнида бармоқ босдим. Котиб: терговчи Қуттиев”.

Айбнома ўқиб эшиттирилгач, у қулоқларига ишонмай турди. Айбномани иккинчи бор ўқиб эшиттиришди, Асад кўзларини юмди, сўнг бу ёғи нима бўлганини эслолмайди...

Кўзини очса, ўзининг ўтовида — Қизилқумда ётибди. Ёнида ҳеч ким йўқ, у ҳамишаги ўрнида — пастак ёғоч каравотида ечинмай чўзилган, эгнида шаҳарга кийиб борган кастюм-шим, кўкраги тўла нишон...

Ўрнидан туриб сув тўлдирилган темир охурлар ёнига келди ва костюмини ечди, сўнг баридан осилтириб қудуққа ташлади. Ўтовдан болта, пичоқ олди-да: “Ҳазор нур”га қон чиқазаман”, деб кўнглига туккани қора қўчқорни орқа оёғидан тутиб, қўрадан судраб чиқди. Йиқитди. Уч оёғини чилвир билан боғлаб, бўғзига пичоқ тортди. Қон отилар-отилмас оғзини босди — қон шимирди. Сўнг оғзи, иягидан қон оқиб, ярми қумга кўмилган кунда ёнига келди. Чўкка тушиб кундани қучоқлади, пешонасини босди:

— Иним, Қудратжон! — деб силкинди. — Сени сотган қўлим сотқин, оғзим қон! Сени сотган ерим сот­қин, бағрим қон!

Ниҳоят, у бошини кўтарди, қаддини ростлади, тишларини зич сиқиб айбномага бармоқ босган ўнг қўл панжаларини кундага қўйди. Чопти. Йиқилди...

* * *

Тушдан сўнг Асад сал ўзига келгандай бўлди. Ранг-рўйи тиниқиб, кўзлари равшан тортди. Ёнидагиларга хотиржам боқди. Бир пиёла сут ичди, сўнг тўнғич ўғли билан ёлғиз қолдиришларини сўради.

Яқинлари чиқиб кетгач, ўғлининг қулоғига нимадир деб пичирлади, ўғли бош эгди...

Асадни қўлтиғидан суяб ташқарига олиб чиқишганида Роҳатойнинг бошига офтоб чиққандай суюнди. Уч кеча-кундуз эри билан тортган азобига рози бўлди.

Эри кундага яқин жойга курси қўйишларини сўради. Курсига жойлашиб ўтиргач, биродарларига: “холи қолдиринглар мени”, деди. Елкасига тўн ёпиб, ёлғиз қолдиришди. Асад чуқур тин олиб, теваракка разм солди: кўз илғайдиган масофада ҳеч ким йўқ. Сокин. Уфққа туташган илон изи йўллар...

У кундага қарама-қарши ўтирибди. Яқин-яқин йилларгача шу йўлларни ҳадик, хавотир, қўрқув билан кузатган ва ҳар лаҳза қўлларига кишан солиб олиб кетишларини кутган...

Панжадан юқорилатиб чопилган, рўмол билан танғилган ўнг қўлига бир қаради-ю, жирканиб бошини чап ёнбошига осилтирди. Кўзи бир қўра қўйга тушди. Ютиниб туфлади. “Қудратдан, онамдан тониб, бекиниб топганим шу — бир қўра қўй!” — у алам билан кўзларини юмди.

Сал ўтмай мараган овоз эшитилди. Асад: “Ҳозир, ҳозир, — дея шивирлаб ўрнидан турди, — ҳозир, мени есанг... тўясан. Ҳозир”.

У қаёққа юришини билмай бирпас гарангсиб турди, бехос ҳаммасини унутгиси, дод солиб қичқиргиси келди. Шу тобда кимдир кучли қўллари билан Асаднинг пешонасига мушт солса-ю, сўнгра... у ҳаммасини унутса...

Асад икки-уч қадам олдинга юрди-да пешонасини кундага урди... қулаб тушди...

* * *

Марҳумни қишлоққа олиб кетиш узоққа чўзилди. Ўтовдан Асаднинг беваси билан ўғлининг тортишгани эшитилди:

— Вой, шўри-им, отанг беватан, бемазор — келгиндими, суяги чўлу биёбонда қолиб кетса?

— Отамнинг васиятини бузмайман...