“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Наср
  • 952 марта кўрилган.

ИНСОФ Ҳикоя

Жўра МАҲМУД

Нари борса икки чақирим йўл. Бир отим носни тилнинг остига ташлаб, «Қаро кўзим»ни ҳиргойи қилса, ашула тугагунга қадар етиб оладиган йўл. Шу фикр билан нос шишани қўлига олганди ҳамки, шув этиб «камбағал ҳовлисидай» келадиган автобус ёнига келиб тўхтади.

— Иссиқ кунда ҳарсиллаб юраманми, — деди-ю, носқовоқни белбоғига қистириб автобус томон юрди. Орқа эшикдан уч-тўрт ўспирин дув этиб тушди.

— Э, отахон, келинг, келинг, ҳой «бобойга» йўл беринглар, — деди майка устидан чарм куртка кийган «тақамўйловлик» ўспирин. Йигитлар «ҳа-ҳа»лашиб чолнинг автобусга чиқишига ёрдамлашиб юборган бўлишди. У, эшик тагидан ичкарироқ ўтиш учун ўнг қўлидаги елим халтани чап қўлига олиб, ўнг қўли билан ялтираб турган тутқичга қўл чўзганича тўхтаб қолди. Назарида елим халта ҳаволаниб қолгандай туйилди. Уни хиёл кўтариб кўрди. Ҳа, елим халта енгиллашиб қолган эди. Қариянинг юраги “шув” этиб кетди. Халтани баландроқ кўтариб, яхшироқ қарамоқчи бўлган палла, автобус кейинги бекатга келиб тўхтади. Бояги «ҳай-ҳайлашиб» автобусга чиқариб қўйган ўспиринлар «дув» этиб пастга тушиб кетишди. Ён атрофи бироз бўшаб қолган чол, халтага қаради. Унинг пастки қисми кесилган бўлиб ичидаги нафақа пули, паспорти, қизил рангли нафақа дафтарчаси тугилган чорси йўқ эди. Иккала оёғи ҳолсизланиб оғирликни сезмай қўйганига қарамай, аранг пастга тушди. Оғзи қуруқшаб қолган эди. Автобус эшикларини ёпиб ҳеч нарса бўлмагандай, шувиллаб юриб кетди. Чол буни пайқамади ҳам. Ўзи сезмаган ҳолда олдинга юра бошлади. Ҳар сафар нафақа пули оладиган муддати етганида ўзи бориб уни олар, пиёда бозорга борар, дарвозадан ичкари кираверишдаги ошхонадан «ухо, горло, нос», деб ном чиқарган гуммадан икки донасини олиб, талабалик йилларини қўмсагандай, шу ердаги стулга ўтириб ҳузур қилиб гуммани тановул қилар, сўнгра ёғлиқ қўлини белбоғига артиб бозорга кирарди. Ҳозир-чи, ҳозир? Бозорда нима қилади? Жиллақурса уч-тўрт сўмни нафақа пулдан ажратиб, ён чўнтагига солиб қўймайдими-я! Шундай хаёллар билан қанча юрди, билгани йўқ. Тўхтаб яна атрофидан ўтиб бораётган одамларга тикилиб қарай бошлади.

— Зора-мора бирон таниш-паниш учраб қолса. Биргалашиб уйига етиб олармидим, — деган хаёлда ўткинчиларга олазарак бўлди.

Бўш қўлида турган носқовоқни тополмай, пешонасидан оқаётган реза-реза терни ўша қўли билан сидириб ташлади. Яна атрофга мўлтиради.

— Амаки, — деган сўздан ўзига келди.

— Мана, тугунингиз тушиб қолипти, — ўспирин шундай деб, унинг қўлига пуллари тугилган чорсини тут­қазди-ю, йўловчилар орасига кириб кўздан йўқолди. Чол қўлидаги чорсуни бир чеккасини очиб ичига қаради. Нафақа пуллари. Пул бойламлари билан бирга паспорти ва нафақа дафтарчаси, қандай бўлса шундайлигича турарди. Хатто «ўлимлигимга» деб, паспорт ичига яшириб қўйган иккита ўнталик, битта бешталик долларнинг тахи бузилмаган.

— Раҳмат, болам, — деди чол титроқ қўллари билан чорсини аранг ушлаб турганига қарамай. Лекин бояги йигит қандай келган бўлса шундай ғойиб бўлганди. Чол қанча тикилиб қарамасин, йигирма қадамлар нарироқда бораётган ўспиринларни, улар орасида чарм курткасини ечиб, боши узра айлантирганича, сакраб-сакраб бораётган йигитнинг чароғон чеҳрасини кўролмас эди. Шундай бўлса-да, чол чуқур нафас олиб, — ўзингга шукур, инсофли одамлар ҳали ҳам бор, — деб қўйди.