“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Наср
  • 568 марта кўрилган.

КЎЗМУНЧОҚ Ҳикоя

У ўзида йўқ хурсанд. Кўнгли масрурлик шавқини тортаётган эди. Хаёлида ўша гўзал, кулибгина турибди. Соатига қаради. Яна бир соатча бор экан. Ана шу бир соатча ҳам ўтса бас, у билан учрашади. Кайфияти баландлигини хотинидан яширишга уринди. Бугун шанба, дам олиш куни. Дам олиш куни, ҳатто кўчага хам чиқмас, телевизор тагида ёнбошлаб ётаверар эди. Бугун кўчага чиқади. Хотинига: “Зарур бир ишим бор, кечроқ келишим мумкин”, деди, холос. Соддагина, ҳеч нарсадан бехабар хотинига кўйлак-шимини қиличдек қилиб дазмоллатди. Соқолини обдон қиртишлади. Машинага ўтириб, калитни бураса, бас етади... Уларнинг иш жойлари ёнма-ён эди. Бу икки жамоа ходимларини асосан ташқаридаги доимо шилдирабгина оқиб турадиган жўмрак учраштириб туради. Кимдир сув ичгани, кимдир челак кўтариб, кимдир қўл ювгани тушади. Шундай пайтларда қўшничилик одатига кўра, у ёқ-бу ёқдан гап-сўзлар бўлади. Улар ҳам дастлаб шу ерда учрашиб қолишди. Юзи тип-тиниқ, қундуз қош, чап кулгучи ёнида миттигина холи бўлган бу жувон гултувакдаги гулга сув қуяётган экан.

— Ҳорманг, — деди у беихтиёр гўзалгина жувон билан бир лаҳза бўлса-да, гаплашгиси келиб.

— Келинг, яхшимисиз? — деди жувон ҳам майинлик билан қараб. Шунда у нари борса йигирма беш ёшлар атрофидаги бу жувоннинг кўзлари ҳам фавқулодда чиройлилигини кўриб, ҳайрати ошди ва гапиролмай қолди. Жувон гултувакни кўтариб жойидан жилди. У эса каловланиб, ортидан кўзини узолмай қолди. Шу-шу бўлди-ю, у ўша жувон хақда ўйлайдиган, кўриб туришга орзуманд бўлиб қолди. У ҳақда суриштирди ҳам. Бир қизчаси билан ота-онасиникида яшар экан. Эри уни рашк қилавериб, қизғанавериб руҳий хасталикка чалинганмиш. Бу гапга унчалик ишонмади. Чунки эри ҳозир бошқа турмуш қурибди...

У деразадан ташқарига қараб турадиган бўлиб қолди. Гўзал жувонга бўлган илинж кучайиб борар эди. Унинг сув томонга ўтганини кўриши биланоқ, чойнакчасини олиб югургиларди. Бир-икки оғиз гаплашишарди. Жамолини кўриш, чўлпон кўзларидан ҳайратланишлар, икки оғиз сўзини эшитиш унга фароғат бағишлар эди. Кўнглидагини айтгиси келарди, лекин ботинолмасди. Гўзал эса бепарводек туйиларди... Лекин бир сафар юрагидаги ўтни ютиб, унга: “Шу ерга сизни кўриш, гаплашиш учун тушаман, холос”, деди. Бошқа ҳеч нарса демади, тош қотиб қараб тураверди. Гўзал эса индамади, қарамади ҳам, ишхонасига кириб кетаверди... кейин нимадир бўлди. Сув олдида, кўчада учрашганларида қандайдир яқинлик уйғонгандек туйилаверди. Бир сафар гўзал унинг ҳузурига елим сўраб чиқди. Баъзида телефонлашиб ҳам туришди. Бир байрамда, йўлини қилиб табрикнома билан совға берди. Ўзига ҳам ватан ҳимоячилари кунида совға қайтди. Ҳовли икки ишхона учун битта эди. Нима сабабдандир, бир сафар шу ҳовлида икки идора ходимлари Наврўз байрамини бирга нишонлашди. Бундан жуда хурсанд бўлди. Гўзал елиб-югуриб хизмат қилди. Кўпчиликнинг кўзи унда эди. Унинг ҳам. Кўз билангина эмас, қалби билан боқарди унга. Ўйин-кулги бошланганда бирга рақс ҳам тушишди... Байрамдан сўнг уни таш­қарида кутиб турди. Ширакайф эди. У ҳам чиқди, лекин бепарвогина, ҳатто ҳуркибгина. Икки ҳамкасб дугонаси билан ўтиб кетди. Орқаларидан эргашди, нимадир демоқчи эди, деёлмади. Гўзалнинг дугоналари ҳам нимадир дегандек бўлишди, англолмади...

Эртаси куни ўзини роса койиди. Ундан кечирим ҳам сўраб қўймоқчи бўлди. Шунда хаёлига бир фикр келди. Хонасини ичидан қулфлаб, бир варақ қоғозга кўнглидаги бор гапни ёзди. Охирига: “кўриб турсам бас”, деб қўшиб қўйди. Бу мактубни ҳам йўлини қилиб уч кундан сўнг етказди. “Нима деркан”, деб ўйлаб, эзилиб, тўлиб юрди. Жавоб йўқ эди. Гўзал ташқарга сувга ҳам чиқмай қўйгандек эди...

Унинг сабри чидамади. Бир куни таваккал қилиб гўзалнинг ишхонасига кирди. Бахтига хонасида ёлғиз ўтирган экан. Сеҳрли кўзлар мулойимлик билан кутиб олди. Назокат билан бир пиёла чой қуйиб узатди. Бу унга меҳр-муҳаббат ифодасидек бўлиб туйил­ди. У яна ўзини йўқотиб қўйди. Охири:

— Сизни бу ердан опқочиб кетаман, — деди.

— Қаёққа? — сўради гўзал.

— Ўзим биламан! — деди у.

— Мен ҳам билишим керак, — деди гўзал эрка оҳангда.

— Ҳаммасини ўша ерга борганимизда айтаман, — деди у.

Гўзал бир фурсат жим қолди. Сўнг:

— Майли... қачон? — деди кўзларини опқочиб.

— Эртагаёқ!..

— Эртага дам олиш куни. Шанба, соат ўнда Фарғонага бурилиш йўлида туринг!..

Кечаги ваъда бўйича бугун учрашишади. Бу ерлардан, ташвишлардан узилиб чиқиб кетишади. У висол олдидан ҳовлиққанича машинаси томон юрди, шунда беихтиёр ўнг қўлини чўнтагига солди. Ё дастрўмол, ё пулини билиб қўйиш мақсадида. Иккови ҳам жойида экан. Қўли чўнтаги ичидаги кичик бир нарсага ё урилди, ё тегиб кетди. Олдин чўнтагида бундай ортиқча нарса бўлмас эди. Нимайкин? У қизиқсиниб, гумонсираш билан чўнтаги ичидаги ўша кичик нарсани яна пайпаслаб кўрди, қаттиқроқ экан. Кейин шартта узиб олди. Кўзмунчоқ экан!..

Кўнглидаги завқ-шавқлар, ўйидаги висол илҳақлиги, интиқлиги негадир парча-парча бўлиниб, қаёққадир ғойиб бўлди. Машина олдига боролмай, кафтидаги митти қаҳрабо парчасига ўхшаш кўзмунчоққа боққанича серрайиб тураверарди.

У ҳаммасини унутган, кўнгли бўшаб қолган эди... Кўзмунчоқни кафтида маҳкам қисганча ортига қайтди. Пешайвон сўрисида ўтирди. Кўзлари, кўнгли кимнидир қидириб, излаб қолди.

— Адолат! — чақирди у хотинини.

— Ҳа, ҳозир, — деган овоз келди ҳовли тарафдан. Зум ичида томарқада куймаланиб чиққан ўзининг соддагина очиқкўнгил, ишонувчан хотини кўринди.

— Лаббай, дадаси, ҳалиям ишга кетганингиз йўқми? Кеч қоляпман, деб шошилаётган эдингиз-ку?!

— Оёғим тортмай қолди, — деди у паст овозда. Қаршисида жавдираб қараб турган хотинига тикилди. — Боргим келмаяпти. Кел ўтир...

Холиқназар ЖЎРАБОЕВ