“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Наср
  • 670 марта кўрилган.

ҚАРОВСИЗ УЙ

 

Олим ОТАХОН

Ўғлим айтган уй мактабдан берироқда, ташландиқ майдон кунжагидаги жин кўчанинг оғзида бўлиб, маҳаллада отнинг қашқасидек барчага маълум эди. Бу уй ҳақида шунчалик ғаройиб миш-мишлар юрар эди-ки, қайси бирига ишонишингни ҳам билмайсан киши. Эсимда, болалигимизда қош қорайган маҳал шу майдон олдидан юрагимизни ҳовучлаб ўтардик. Чунки у ерда жин-ажиналар, парилар бор, чалиб кетади, деб қулоғимизга қуйишган — қўрқардик. Миш-мишлар ўз йўлига, лекин уй чинданам сирли эди. Қишин-ёзин қулф­ланган бўлар, шу ёшга кириб эшигининг очилганини кўрмагандим. Ҳолбуки, ёзнинг чилласи тугаб августдан қишгача – қалин қор ёққунга довур худонинг берган куни ўша майдондан бери келмасдик. Чиллак, тўп тепиш, бекинмачоқ, қувлашмачоқ, бу ёғи ёнғоқ ўйин, ланка, қорбўрон — қисқаси барча ўйинларимиз, асосан, ўша ерда ўтар, бинобарин, уй ҳамиша кўз олдимизда бўлганди.

Илгари шикаст-рехтини тузатиб, сувоғи кўчган жойини суватиб, оқлатиб, тунукасию эшик-ромларни бўятиб турадиган Собир ака бўлар эди. Мана шу Собир ака оламдан ўтди-ю, уй қаровсиз қолди. Шунга ҳам саккиз йил бўпти. Собир ака асли бу маҳаллалик эмас, узун-қулоқ гапларга қараганда, тахтапуллик Ино баққол деган тажанг, сиркаси сув кўтармайдиган кишининг кенжа ўғли экан-у, отаси оқ қилгандан кейин бу ерга — бувисиникига кўчиб келган экан. Холалари узатилиб кетгач, бева кампир — уни Тилла ойи де­йишарди — уйни “шўрпешона “ набирасига хатлаб берган экан. Собир ака оила қурганми, бола-чақаси бормиди, йўқмиди, билмайман, лекин узоқ йиллар давомида Эски жўвадаги босмахонада ишлагани, Тилла ойининг вафотидан кейин руҳий касалга чалиниб, арзимаган нафақа билан кун кечирганидан озми-кўпми хабарим бор эди. У кишини кўча-кўйда кўп кўрар, лекин ақалли бир марта бўлсин, гаплашмагандим. Ҳозиргидек эсимда: бошида униққан кўк дўппи, кампирдаҳан, чувак юзли, бир кўзига оқ тушган, тиниб-тинчимас одам эди. Қачон қараманг эски газеталар, қоғоз парчаларини териб ахлат уюмларини титиб юрарди. Маҳаллада биров у билан самоварда – бир пиёла чой ичмаган, кўнгли тортмаганми ёки ирим қилишганми, хуллас, ундан қочишарди. Лекин гоҳо беозор эди, бояқиш, деб эслаб қўйишарди.

Саккиз йил аввал шу Собир ака қазо қилди-ю, уй қаровсиз қолди. Инсофли, диёнатли экан, жиянлари, катта холасининг куёвлари уни шу ердан чиқаришди, таомилга биноан, ерга топширишди, еттиси, бош ҳадми, йигирма сингари маросимларини бекаму кўст ўтказгач, дарвозага отнинг калласидек қулф осиб жўнаб кетишди. Шундан кейин бирон йил ора-чира келиб туришди-ю, охири, кеч кузда дарвозага Х шаклида тахта қоқиб, ҳеч кимга ҳеч нима демай дом-дараксиз кетишди. Маҳаллада оғзига кучи етганлар парво қилмади, оғзига кучи етмаганларнинг бири ундоқ деди, бири мундоқ деди – хуллас, яна гап кўпайди, миш-миш тар­қалди. Битта-яримта қўшнилар маҳалла оқсоқолига, шу уй чироғини ёқиб ўтирсам, Тилла кампирнинг арвоҳи шод бўлармиди, деган мазмунда гап қистирган экан, балога қолибди. Бу гаплар қанчалик тўғри-нотўғри, билмайман, лекин бора-бора дарвозага қўшқулф урилгани етмай, тахта қоқиб ташланган уйдан файз кетиб, деворлари нуради, бўёқлари кўчиб тушди, узун-қулоқ гаплар ҳам секин-аста унутила бошлади.

Шу миш-мишлардан биттаси ҳозиргина эшитгандек эсимда қолган. Эмишки, бир куни кечаси маҳалланинг ай­қирган йигитлари гапдан кейин уйларига тарқалмай ўша майдонда туришган экан, кимдир Собир ака уйининг чордоғида чироқ ёниб-ўчаётганини пайқаб қолибди. Қараб турса, чироқ шуъласи чордоқнинг нариги бошига бориб бирдан ўчибди-ю, ярим тунда гала-гала қушлар йигитларнинг устига ёпирилибди. Қушлар оппоқ эмиш. Улфатда сал восвосроқ йигит бор экан, қўрққанидан додлаб юборибди. Шунда ўша йигитнинг оғзи қийшайиб қолганмиш. Қизиғи шундаки, ҳозир ўша йигитнинг оғзи чинданам қийшиқ. Аммо шу чоққача биров бунинг сабаби ҳақида ўзидан ботиниб сўраган эмас. Ўшанда мени бир ҳафта мактабга юборишмаган эди.

Агар ўғлимнинг қўлидаги китобни кўриб: “Қаердан олдинг?” — деб сўрамаганимда, очиғи, шунча йилдан буён бирон марта хаёлимдан ўтмаган уйни эсламаган бўлардим. Йўқ, ўғлим кўзларини айбдорона пирпиратиб, учи қорайган бармоқларини ишқайтуриб аста бурнини тортиб қўйди.

— ... дан олдим.

— У ерда нима қилиб юрибсан? Девордан ошиб тушдингми? — деб сўрадим ўдағайлаб. У кўзларини яна пирпиратиб қўйди-да, бошини қуйи сол­ганча минғирлади:

— Ошиб тушганим йўқ. Эшикдан кирдим.

Қулоқларимга ишонмай тусмоллаб сўрадим:

— Эшикдан дедингми? Очиқ эканми?

— Эшиги йўқ... Олиб кетишган... — Ўғлим ажабланаётганимни тушунмай елка қисди.

— Кўз олдимга майдонга қарата қурилган баланд иморатнинг Х шаклида тахта қоқилган дарвозаси келди-ю, ҳеч нарса тушунмай бошим қотди.

— Тушунтириброқ гапир, эшикни ким олиб кетади?

— Билмайман. Олиб кетишаётганини болалар кўришган экан.

Мен ҳар қанча ҳижжалаб сўрамай тайинли жавоб эшитмаслигимни ёки эшитган тақдирда ҳам тушунолмаслигимни фаҳмлаб ўша уйдан олиб чиққан китобни қўлга олдим.

Китоб ниҳоятда эски бўлиб ноёб ва тарихий аҳамиятга эга қўлёзмадек таассурот қолдирарди. Мен китобни варақлашга тушдим. Унинг қалин, залварли муқоваси бамисли жавон оҳиста сассиз очилди. Титул варағи занг босган тунука, дейсиз: сарғайиб кетган, чанг, сиёҳқалам билан турли белгилар қўйилган бу – узоқ йиллар давомида қайта-қайта ўқилганлигидан дарак берарди. Лекин варақнинг одатда қайси босмахонада босилгани, ноширни исм-шарифи, қаерда чоп этилгани қайд этиб ёзилмаган ҳам эди. Аммо кейинги саҳифани очганимни биламан, кўз ўнгим жимирлашиб кетди, худди тилла суви юритилгандек жилоланарди. Гард қўнмаган беғубор саҳифалардан осойишталик таралаётгандек бўларди. Китобнинг ҳошияларига тушуниб бўлмайдиган белгилар қўйилгани билан матн узоқ сақланиши учун устида нафис зарҳал юритилгандир. Зар ҳошия, сўзлар нақшинкор араб алифбосида зар билан ёзилгандек — ноёб китоб! Эски имлони ўрганмаганимга жуда афсусландим ва ҳам қизиқсиниб, ҳам қўрқа-писа китобга қараб қўяётган ўғлимга юзландим.

— Фақат шуми? Яна нима олиб чиқдинг у ердан?

— Бошқа нарсалар ҳам бор ... — деди у қўрқа-писа.

Мен оромкурсига ўтирдим. Ўғлим ҳозир келаман, деганча югуриб чиқиб кетди. Чуқур хўрсиниб китобни яна варақлашга тушдим. Унинг ипакдай ма­йин саҳифалари орасига нафис хитой қоғози қўйилган, етти жойига митти попукли заррин ип жойлашган эди. Ўғлим қўлида алланимабалоларни кўтариб кирганида мен китобни қайтадан варақлаб чиқишга улгурган эдим.

— Бошқа болалар ҳам бормиди? — деб сўрадим унинг қўлидаги буюмларга аҳамият бермай.

— Ҳа, тўрт киши эдик, — деб жавоб қилди у энди бемалолроқ.

— Нега китоб олдинг? Бошингга урасанми буни?

— Ичида хитой қоғози бор экан...

Лабимни тишлаб бошимни сарак-сарак қилганча дам унга, дам китобга разм солдим. Минг қилса ҳам бола-да — бекорга чўғ билан ёқутни ажратолмайдими? Мен гап тушунтириб ўтиришдан фойда йўқлигини сезиб қўлидаги буюмларни олдим-да, кўздан кечира бошладим. Булар ҳалқалари ниҳоятда нафис соат занжири — бешбурчакли бўлганиданми ҳалқачалар янада нафисроқ кўринарди; иккинчиси сурнай нили эди — буни нима қилади, ҳайронман; учинчи буюм каптар тухумидек келадиган бир ёни тешик золдир... Афтидан сим каравот қулоғидан бураб олинганди.

— Бу нимага керак? — деб сўрадим хунобим ошиб.

У индамади. Дарвоқе, нима деб жавоб берсин — унинг ёшида ҳамма нарса керак, керакмас нарсанинг ўзи йўқ!

Мен зўлдирни столга ташладим-да, унинг думалаб келишига қараб турдим.

Қулоғингда бўлсин, иккинчи ўша уйга қадам босма! Бор энди!

Ўғлим норози қиёфада бош силкиб хонадан чиқиб кетди. Ёлғиз қолгач, яна қизиқсиниб, китобни қўлимга олиб, у ёқ-бу ёғини кўздан кечирган бўлдим-да, бирдан ўша уйни бориб кўриш учун отланишга тушдим.

Чиндан ҳам уйнинг дарвозаси йўқ эди, унинг ўрни ўранинг оғзидек очилиб қолган, уй гўё оғзини карракдек очиб турган афсонавий қанотли аждарга ўхшарди, деразаларини ҳам суғуриб ёки қўпориб олиб кетишган эди. Юрагимга совуқ бир ғашлик чўкиб этим жимирлашди, эшик-ромсиз дуппа-дуруст уй жуда нохуш, ҳатто хунук таассурот қолдираркан. Уйга кирмай шу ердан изимга қайтдим. Озгина юриб кўнглим бўлмай ортимга ўгирилиб қарадим-у, донг қотиб қолдим. Дастлаб ғира-ширада тобут бўлиб кўринди — кап-катта иккита одам зил-замбил бир нимани икки томонидан елкаларида кўтариб ўша уйдан чиқиб келишарди. Улар нафас ростлагани дарвоза олдида пича тўхташганида синчиклаб разм солдим: бири — ёши 45-50 ларга чиққан, миқтидан келган йигит бўлиб, болалигимизда ажина чалиб, оғзи қийшайиб қолган Отавой ака деган кишининг амакиваччаси эди. Янглишмасам, у каптарвоз эди — на ишининг, на гапининг тайини йўқ, чапани бўлиб чапани эмас, ўлгудек сурбет, сўққабош йигит эди. Беихтиёр уларнинг ортидан қараб қолдим. Мени пайқашдими, иккови тез-тез юриб майдоннинг нариги бошидаги тор кўчага сингиб кетишди. Шу чоқ уй олдида уч-тўртта бола пайдо бўлди — иккитаси қоп орқалаган, биттаси замбилғалтакка бир нималарни ортиб олган эди. Болалар майдон ўртасига боргач, бир зум тараддудланиб, сўнг бояги кишилар сингари тор кўча томон бурилишди. Мен серрайиб турардим. Тушимми, ўнгимми?!

Уйга келасолиб кўрганларимни оқизмай-томизмай хотинимга сўзлаб бердим, у ҳам эшитиб юрган бир-иккита воқеадан гап очди. Маълум бўлишича, ўша уйда умуман одамзодга зарур биронта рўзғор асбоби ва, ҳатто, биронта буюм қолмабди. Ҳаммаси бир ой муқаддам уч-тўртта одам куппа-кундузи дарвозани ошиқ-мошиғи билан суғуриб, машинага ортиб кетганидан бошланибди. Улар аввал обдон маслаҳатлашиб, кейин бемалол ишга киришганидан қўши-қўшнилар аҳамият қилишмаган экан. Ўшандан буён ҳар куни кечаси атроф кўчалардан ҳар хил бегона, нотаниш ва, ҳатто, умуман миллати номаълум одамлар ёпирилиб керак ускуналарни ташиб кета бошлаганмиш.

— Иққи хола айтиб бердилар, гузарга чиққан эканлар, шунақа дейишибди... — Хотиним гапини чала қолдириб ҳовлиққанча ошхонага кириб кетди.

Ўша куниёқ кечқурун ўғлимни чақириб гапга солдим, у ёқ-бу ёқдан савол бериб айлантириб кўрдим — бирор янги гап чиқиб қолар, деб ўйлагандирман-да — йўқ, қаёқдаги куракда турмайдиган гаплардан нарига ўтмади. Мен бир нарсани тушунмаслик тугул, негадир тушунишни истамас, ичимда аллақандай бир куч тўғри мулоҳаза юритишимга монелик қилаётганга ўхшарди. Одамларга бир нима бўлганми, дея ўйлардим ўзимча, муттаҳамлик ҳам эви билан-да, бировнинг уйини талон-тарож қилишлари қолувди энди. Дарҳақиқат бу талон-тарождан бошқа нарса эмасди!

Ўша куни ярим кечага довур кўзимга уйқу келмади, хаёлнинг бир кўчасига кириб чиқар, лекин на бир жўяли жавоб топар ва на хотиржам бўла олардим. Дафъатан уйни кўргим келиб дам сайин бетоқат бўлаверганимдан ўрнимдан туриб ҳовлига чиқдим. Ҳаво сал­қин, кеч кузнинг рутубатли туни эди. Ой ўчай-ўчай деб турган фонус каби сарғиш нур сочар, қўшни уй томи оша ҳовлимизга мўралаган баҳайбат ёнғоқ шохлари тебранар, мен фикру зикримни эгаллаган машъум уйни калламдан чиқариб юборолмасдим. Бамисли уйнинг харобага айланишида ёки айланаётганида аллақандай каромат бордек ва бу каромат нимадан иборат экани ёлғиз менга аёндек эди...

Эртасига эрталаб кўзимни очган заҳотим уйни эсладим, ишга отлангунимча кўнглим ёришмай охири хотинимга ёрилдим.

— Биласанми, ўша уй калламдан кетмай қолди, ҳатто тушимга ҳам кириб чиқди. Эрталаб кўзимни очганимни биламан, кўнглимга бехосият гап келди. Агар шу уйга бир нима бўлса, мана кўрасан, касри бутун маҳаллага уради.

— Нима бало, чап ёнбошингиз билан турдингизми? Уймиди у, гўристонга ўхшамай ўлсин! Маҳаллага нима қипти? — деди жиғибийрон бўлиб.

Унинг гапларини эшитиб туриб ҳайрон бўлдим, чунки хотиним жуда иримчи эди. Шу пайтгача куракда турмайдиган бехосият тушини айта бошласа, доим мен жеркиб ташлардим, ҳозир эса, аксинча, мен тушимни гапирсам, у менга танбеҳ беряпти. Тавба!

“Агар уйни бир кўрганда гапимга ишонарди”, дея кўнглимдан кечди, ярим соатдан сўнг уй олдида турганимда. Худди одамлар кечаси билан бузиб, керакли ускуналарини ташмалаб кетгандек уй кечагидан бешбаттар хароб аҳволга келган эди. Дабдурустдан кўзи тушган одамда аллазамонлардан бери қаровсиз ётган вайрона каби нохуш таассурот қолдирарди. Юрагим ачишиб шу бугуноқ маҳалла оқсоқолига учрашишни кўнглимга тугиб, ишга жўнадим. Аммо тушдан кейин худди бир кўнгилсиз ҳодисани кўнглим сезгандек бетоқат бўла бошладим. Уй бузилиб кетса, албатта, бирон кор-ҳол рўй беради, деган хаёлдан юрагим ғашланарди.

Тушликдан сўнг ҳамхонамга уй ҳақида ёрилдим. У гапимни жимгина тинглагач, оҳиста хўрсиниб дераза олдига борди ва кўксини силай-силай бош чайқади:

— Э, аттанг! — деди у менга юзланиб, — гарчи озгина қўшиб-чатиб гапирган бўлсангиз ҳам тасаввур қиляпман. Шундай уйнинг, обод маҳалланинг қоқ ўртасидаги уйнинг таназзули ниҳоятда кўнгилсиз. Мен шумшук, бехосият ҳодиса дейишни истардим. Лекин нима қилиш керак? Тўхтанг... Биласизми нима? Калламга бир фикр келди, зудлик билан сотиб олинг. Қарз-ҳавола кўтарсангиз ҳам сотиб олинг. Ана шундагина уйни сақлаб қоласиз. Акс ҳолда... Мени кечирасиз-у, одамлар ваҳший бўлиб кетишган. Уларга барибир уйми, маҳаллами, шаҳарми ва ҳоказо, ва ҳоказо...

Дарҳақиқат энг тўғри йўл шу — сотиб олиш керак!

Маҳалла қўмитасининг раиси эса ниятимни эшитиб кулди:

— Жиян, агар сотадиган бўлишса оладиган сон мингта, ҳамма бало шундаки, сотишмаяпти, сотишмайди ҳам.

— Нега, барибир турибди-ку!

— Ҳа, турибди. Лекин минг афсус, уй эгалари улар — нима қилса ўзлари билади.

— Бу аҳволда бир ойга ҳам қолмай уйдан бир дона ғишт ҳам қолмайди, — гапимни тушунтиролмаётганимдан тобора аччиғлана бошладим.

— Жиян, ваҳима кўтарманг. Бировнинг уйини бировга буздириб қўядиган замонмас ҳозир.

Мен бир нарсага ҳайрон бўлардим, ташвишимни кимга айтмай ҳамма юпатишга, кўнглимни кўтаришга ҳамда худди мени васвасадан қутқармоқчидек ёлғон-яшиқ таскин-тасалли билан далда беришга тиришарди. Гўё ҳаммалари келишиб олгандек — биров қани юр-чи, кўрайлик. Нима гап ўзи, демас, менинг куюниб айтган сўзларимни жимгина тинглар, шошилмай, йўлига бир нарсаларни сўраб, ўзича вазиятни ойдинлаштирар ва оқибат худди шу ернинг ўзида менга насиҳат қила бошлар ёки боя айтганимдек юпатишга тушарди.

Маҳалла қўмитасининг раиси менга оталик қилиб бўлгач, бир воқеани айтиб берди:

— Биласизми, кимлигини айтмайман-у, лекин ўзимизнинг маҳалладан бир туппа-тузук одам келиб нима дейди денг: “Маҳсум ака, назаримда маҳаллада бегона одамлар кўпайиб кет­япти, бир суриштирмасангиз бўлмайди, шубҳали эмиш”. Аввал тушунмадим, қанақа бегона одамлар, қаерда кўрдинг, қаердан келибди улар, деб сўрадим. Ҳеч вақони билмайди, кимлигини ҳам билмайди, келиб бошимни қотиряпти.

Туйқус хаёлимга бир фикр келди-ю бўшашиб кетдим, сал ўтмай ўзимни босиб базўр сўрадим:

— Қанақа бегона одамлар?

— Э-э, қанақасига бегона одамлар бўлсин! Бегона одам қоптими ҳозир, — Маҳсум ака гўштдор кафти билан столга қарсиллатиб урди. — Бу ҳаммаси мановининг оқибати, ука, мановининг, — у шундай дея, томоғига чертиб қўйди.

— Балки гапида жон бордир? — дедим гумонсираб.

Маҳсум ака бирдан жиддий тортиб, икки қўлини столга қўйди-да, мен томонга эгилди.

— Ана кўрдингизми, жиян, бунга ишқибоз бўлиш керак эмас...

Қисқаси, унинг олдидан қон бўлиб, бунинг устига асабларим бузилиб чиқдим. Йўлда келяпман-у, нима қилиш кераклиги ҳақида ўйлаб ўйимнинг тагига етолмайман. Зудлик билан бирон чора кўрмаса бўлмайди. Бояги бегона одамлар ҳақидаги гап ёдимга тушиб баттар бўғилдим. Бир маҳал қарасам, ўша машъум уй қаршисида турибман. Уйнинг у ёғига ўтдим, бу ёғига ўтдим, сал нарироқ бориб кузатдим, охири сабрим чидамай дарвозахонага кирдим. Ундан ҳовлига ўтдим-у, ҳовлидаги манзарани тасвирлашга тилим ожизлик қилади: ташландиқ майдондан заррача фарқи йўқ: кунга қарата қурилган айвон зинаси бутунлай бузиб ташланган, деразаларда биронта ойна қолмаган, қисқаси, олиб кетиш мумкин ускуна борки, ҳаммаси ташиб кетилган эди. Ҳатто ток сўриларига ишлатилган қувурларни ҳам қўйишмаганди. Ҳовлини айланиб чиққач, шунга амин бўлдим. Аммо хоналарни кириб кўришга юрагим чидамади, майдонга чиққанимда рўпарада, майдоннинг нариги тарафида турган бир гала одамга кўзим тушди. Улар уйдан нигоҳларини узмай туришарди: юрагим шув этди. Лекин ўзимни қўлга олиб ҳеч нарса сезмаган кишидек ўша ёқа юрдим. Уларга яқинлашгач, чўчитиб юбормаслик учун иложи борича ўзимни хотиржам айланиб юрган одамдек тутишга уриндим. Бу одамларнинг биронтасини танимадим, ҳаммалари аллақандай ташвишманд, кўзлари чақчайган эди. Дафъатан Маҳсум ака айтган бегона одамлар эсимга тушиб, юрагим орқасига тортиб кетди. Аммо улар менга қайрилиб ҳам қарашмади, ҳатто мени кўрмагандек ёки сезмагандек ғайритабиий харислик билан ўлжасининг тепасида турган йиртқичдек кўзлари чақнаб, ўтдек ёниб, уйдан кўз ололмасдилар.

Мен уларнинг ёнидан ўтиб майдон оғзи томон юрдим ва сал нари боргач, тўхтаб секин ўгирилдим: улар ҳовлиққанча уй томон юришди, мен то улар уйга кириб кўздан ғойиб бўлгунча қараб турдим-да, сўнг ночор бош чайқаб жўнадим.

Мен бу уйни сақлаб қолиш учун кескин чоралар кўриш лозимлигини, акс ҳолда уни қўлдан чиқариб юбориш мумкинлигини энди равшан англагандим.

Индинига уйни бирров кўриб кетишга ҳамкасбимни кўндирдим-да, ишдан кейин қўярда-қўймай ўзим билан бирга олиб кетдим. Йўлга чиққанимизда томчилай бошлаган ёмғир майдонга етиб келганимизда шаррос қуяётган эди. Ҳаммаёқ лой, сирпанчиқ, ёмғир ҳам кўз очирмайди. Дарвозахонага кириб, шу ердан ҳовлини кузата бошладик. Ҳовлининг ўртасига сув тўпланган, уйнинг деворларидан лой оқиб тушарди. Икковимиз палахса-палахса кўчириб ташланган цемент йўлкалар, бағазлари олиб кетилгани учун ерда чувашиб ётган ток заранглари, ярим хароба айвонни фаромуш кўздан кечиргач, шеригим ёмғирга ҳам қарамай ҳовли этагидаги икки уй билан даҳлизни кўргани кетди. Лекин у ердан тез қайтиб чиқди.

— Адойи тамом бўлибди, — деди у беш дақиқадан сўнг ёмғир суви оқиб тушаётган юзини дастрўмол билан артаркан, — пол тахталари кўчирилган, токчалари бузиб ташланган, барака топгурлардан, ҳатто тоқилар ҳам қолмабди.

Мен ташвиш билан унинг юзига тикилдим.

— Зудлик билан, иложи бўлса эртагаёқ райисполкомга чиқишдан бошқа иложингиз қолмабди... Бу аҳволда... — У қўлларини ёйиб елка қисди.

Кунга қараган уйга киришнинг иложи йўқ, зина бузилиб, ғиштлари олиб кетилган, ҳаммаёқ лойлигидан тирмашиб чиқиб бўлмасди. Шеригим аввалига амаллаб чиқмоқчи ҳам бўлди, аммо шу уринишига яраша ичкарида чироқ йўқлигини кўриб ниятидан қайтди. Мен худди мадад сўрагандек унга тикилдим, агар бир оғиз айтса ҳозироқ шу уйга кўчиб келиб, уни қўриқлаб ўтиришга тайёр эдим. Шеригим аҳволимни тушундими, ўзича ҳамдардлик изҳор қилган бўлди.

— Тушунаман, тушунаман. Минг афсуслар бўлсинки, қўлимдан ҳеч нима келмайди...

Уйдан чиққанимизда шаррос қуяётган ёмғирга қарамай майдонда бир тўда кишилар тўпланиб туришарди. Уларни кўриб, беихтиёр шеригимнинг билагидан ушладим. Бармоқларим титрар, оёқларимдан мадор кетиб борарди.

— Анавиларми? — деди шеригим пешонаси тиришиб.

— Йўқ, — дедим мен алам билан тишимни тишимга босиб. — Булар бош­қалари бўлса керак.

— Эҳтимол, маҳалла қўмитасининг раиси айтган бегоналардир...

— Балки, — дедим уларга тикилиб қарар эканман.

Худди кечагидек бу сафар ҳам биз нари кетишимиз билан одамлар уйга қараб югуришди. Шеригим билан келишиб олгандек, дарҳол уй ёнига қайт­дик. Ичкаридан пайдар-пай гурсиллаган товушлар эшитилди. Бу товушлар ҳовлидан эмас, хоналардан келаётганга ўхшар — бўғиқ, аллақандай эҳтиётлик билан урилаётгандек эди...

Мен қиялаб ёғаётган ёмғир пардаси оралаб хавотир ичида уйга тикилдим. Худди ана — ҳозир бирин-кетин уй деворлари қулайдигандек юрагим увишарди. Аммо бу чақирилмаган одамларни қувиб чиқаришга ботинолмас, зеро бунга ҳақим ҳам йўқ эди. Ярим соатдан сўнг бу машъум уйни ташлаб кетдик. Кўчага чиққач, кийимингизни қуритиб кетарсиз, деган шама билан уйга таклиф қилгандим шеригим унамади, хайрлашаётиб кафтимни дўстона қисди-да:

— Омон бўлинг, хизматингизга тайёрман, — дея кулимсираб қўйди.

Хуллас, уй фикр-зикримнигина эмас, бутун борлиғимни эгаллаб олганди. Ундан қутулишнинг иккита чораси бор: ё қандай бўлмасин сотиб олиш, ёки унутиш... Аммо унутиш қийин, бунга кўзим етарди. Лекин чўзиб ўтириш ҳам ярамас, тез ҳаракат қилиш лозим эди. Охири масалани кўндаланг қўйгани ижроқўмга чиқишга қарор қилдим.

Туман ижроия комитетига кетаётиб, агар рози бўлишмаса, уйнинг баҳридан ўтаман — бораман-у, бутунлай бузиб ташлайман, деган хаёлга келдим.

Аммо тумандагилар бирор жўяли мулоҳаза билдиришмади, бунинг устига аниқ жавоб ҳам беришмади. Улар ниятимни маъқуллаган ҳолда мужмалгина қилиб, уч кундан кейин хабар олинг, дейишди. Ҳозирги вазиятда уч кун тугул, бир кун ҳам кутиб бўлмасди. Назаримда, агар тез олди олинмаса, бир-икки кун ичида уйдан ном-нишон қолмайдигандек.

Начора, қўлингдан бирон иш келмагандан кейин кўнмай қаёққа борардинг. Уч кунгача ичим қизиб бошим оғриб ишга бориб-келиб юрдим. Эрталаб ҳам, кечқурун ҳам уйдан хабар олгани югураман, хун бўлиб уйга тикиламан, юрагим ачишади, эзиламан. Кечқурун эрталабки манзарани тополмайман, эртасига эса яна бутунлай ўзгача аҳвол — уйнинг куни битган, худди ёниб тутаётган шамнинг ҳам дақиқа са­йин кичрайиб, тугаб бораётгани равшан кўриниб тургани каби уйнинг ҳам кун сайин тугаб бораётгани сезиларди.

Мен ҳар сафар қадрдон кишисининг қабрини зиёрат қилгани келган одамдек ўртаниб, титраб-қақшаб баъзан кўнглим бузилиб уйга тикилар, сўнг алланечук ҳасрат ва умидсиз кайфиятда қайтиб кетардим. Белгиланган куни ижроия комитетига бориб, яна уч-тўрт кун кутишга тўғри келади, дейишганда, бирдан ўша уй эгалари – марҳум Собир аканинг жиянлари билан куёвларидан бирортасини олиш керак, деган ўй калламга урилди. Сўраб-суриштирдим. Оқлонда яшайдиган жиянларининг уйини топиб бордим, эшикни хушрўйгина келин очди:

— Ким керак сизга? — деди у ва бир қадам орқага тисарилди.

— Зайнаб кеннойи бормилар? — дедим ҳаяжонимни босиб.

Келин бош чайқади.

— Зарур ишим бор эди, қаердалар?

— Ойим ўн кундан кейин келадилар. Нима ишингиз бор эди?

Мен азбаройи довдираб қолганимдан бир амаллаб ўзимни таништириб, мақсадимни айтдим.

— Илтимос қиламан, синглим, қариндошларингиздан биронтасининг уйини айтиб беролмайсизми?

— Овора бўлманг. Уй бизники эмас. Шунча уриниб ҳам, ҳужжатларни тўғрилай олишмади. Қаровсиз уй...

Кўз олдим қоронғилашиб, тилим калимага келмай қолди, нима деяримни, нима қиларимни билмай хайр-маъзурни насия қилиб жўнадим.

Кўчада мадорим қуриб, кўзим тиниб, бир ерда ўтириб қолдим. Этим учиб, безгак тутгандек қалтирай бошладим. Қаерга кетяпман, билмайман, лекин бошим оққан томонга эмас, ўз-ўзидан ўша уй томонга бораётганимни элас-элас илғардим. Уй яқинига бормай, берироқда деворга суяниб разм солдим, уйнинг тунукасини кўчириб кетишганди. Мен беҳолгина кўзимни юмдим. Шу кўйи қанча турганимни билмайман, бир вақт биров қаттиқ туртди. Зум ўтмай ундан ҳам қаттиқроқ туртди. Қарасам ҳеч ким йўқ, шалвираганча кета бошладим. Майдон олдига борганимда бир нима гурсиллаб қулади, базўр ўгирилиб қарадим. Ҳозиргина мен суяниб турган девор қулаган, тўғрироғи қулатилган эди.

— Ўз уйимга аранг етиб бордим, аъзойи-баданим қақшарди, авзойимни кўриб хотинимнинг эс-хонаси чиқиб кетди.

— Сизга нима бўлди? Тобингиз йўқми?..

— Уй тамом бўляпти... қаровсиз уй... — дедим кўзларимни юмиб ва йиқилиб тушмаслик учун эшик кесакисидан ушладим.

— Нима тамом, нима бўлди, тушунтириброқ гапирсангиз-чи?

Бироқ, тушунтириб берадиган ҳолим йўқ эди бориб каравотга ўзимни ташладим. Шу ётганча, икки кун алаҳлаб, иситма ичида ҳушсиз ётиб, учинчи куни ўзимга келдим. Тинка-мадорим қуриган, ўрнимдан турай десам, мадор йўқ — тиззаларим қалтирайди, бошим айланиб йиқилиб тушай дейман. Тўртинчи куни эрталаб, инқиллаб-синқиллаб ўрнимдан турдим-да, хотинимнинг ҳай-ҳайлашига қарамай кўчага чиқдим. Вужудим ҳамон зирқираб оғрийди, куз шамоли суяк-суягимдан ўтади.

Йўлда тўхтаб-тўхтаб, куч йиғиб, аранг майдонга етиб борганимда қора терга тушдим. Юрагимда бир илинж милтиллаб ёнар, мен қандай бўлмасин сўнаётган шу умид учқунини ўчирмаслик ташвишини чекар, бу эса ўша машъум қаровсиз уй тақдирига боғлиқ эди.

Мана, майдон, озгина юрилса, чап қўлда уй. Йўқ, уйни барибир, сақлаб қоламан, нима бўлган тақдирда ҳам, чунки бу уй... Мен майдонга кўз югуртирдим. Майдон қабристондек жимжит эди. Нигоҳим билан уйни изладим, аммо ҳарчанд излаганим билан тополмадим — кечагина майдоннинг бир қисмини эгаллаб турган уйни ер ютгандек эди...

1984 йил