“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Наср
  • 858 марта кўрилган.

КЎНГИЛ СЕЗИБ ТУРИБДИ Ҳикоя

Луқмон БЎРИХОН

Луқмон Бўрихон — 1965 йил 15 февралда  Қаш­­қадарё вилоя­тининг  ўузор туманидаги Янгиобод  қишлоғида туғилган. ТошДУнинг журналистика факультетини тамомлаган (1991). Дастлабки  ҳикояси — «Бегимқул катта» (1987). Шундан сўнг ёзувчининг «Ялангоёқ» (1991), «Сирли муаллим» (2006), «Хизр кўрган йигит» (2007) cингари  ҳикоя ва  қиссалар тўпламлари нашр этилган. «Жазирамадаги одамлар» (2005) романи муаллифи.

Шомғалат бир пайтда вокзал биқинидаги бефайз қаҳвахонанинг нимқоронғи, холигина бурчагида бемалол еб-ичиб, ҳи­ринг­лашиб, пичирлашиб ўтирган, ёшлари қирқларни қоралаб қолган, афт-ангорларидан, гап-сўзларидан савдобоп мол келтириш дардида пойтахтга отланган бозорчи хотинлар қавмидан эканлиги, бироқ бугун пешин маҳали ўша шаҳри азимга жўнаб кетган автобусга улгуролмай, энди амал-тақал чиқиб олиш илинжида тунги поездни кутишаётганлиги рўй-рост кўриниб, сезилиб турган гумбаздай-гумбаздай икки аёл девордаги сар­ғиш бўёқ юқи теккан соатга аҳён-аҳён кўз ташлаб қўйишарди.

— Нози... — деди дугонасига қадаҳдаги қип-қизил мусалласдан ҳўплаб-ҳўплаб олган аёл мас­тона, сирли сузилиб, — сенга бир сирни очсам, хафа бўл­майсанми?

Баҳузур гўшт чайнаётган Назокат бироз сергакланди.

— Гапиравергин, қулоғим сенда, дугонажон.

— Эринг сенга хиёнат қилиб юрибди.

— Ўйламай гапирган, оғриқсиз ўлади, — деди Нозокат қўлидаги санчқини емак столи устига қарсиллатиб ташларкан, — Гавҳар, исботинг бўлмаса, бундай гапларни гапирмагин, хўпми?

— Сенинг эринг хиёнаткор, беномус, палид одам!

Дугонасининг қатъий бир товушда дона-дона таъкидлаб гапириши Назокатни хийла довдиратди.

— Исботлаб бера оласанми?

— Кўнгил сезиб турибди. Биласан-ку, менинг кўнглим сезган нарсалар, кўпинча рост бўлиб чиқади.

Назокатнинг баттар дами ичига тушиб кетди. Ҳа, у Гавҳарни билади, жуда яхши билади, бу аёл бозорчи хотинлар орасида “Қора фолбин” лақаби билан машҳур, у “кўнгил сезиб турибди”, дея гап бошладими, тамом, ҳамма бирдан ҳушёр тортади, чунки Гавҳар одатда ўз башоратларини айнан шундай ибора билан бошлайди: “Кўнгил сезиб турибди, эртага бозорни назоратчилар босади... кўнгил сезиб турибди, бугун савдо яхши бўлмайди, кўнгил сезиб турибди, фалончахон, сиз бир-икки кун бозорга келолмайсиз...” Ажабо, минг ажабо, Гавҳарнинг айтганлари, охир-оқибат, чин бўлиб чиқади!

Бир гал пойтахтдаги улгуржи бозордан харид қилинган молларни ҳамма одатдагидай автобусга юклай бошлади. Гавҳар эса Назокатни чеккага имлаб шивирлади: “Енгил уловда кетамиз, иккимизнинг молларимиз битта машинага юк бўлади”.

Назокат ҳамишагидай автобусда кетишлари маъқуллигини айтиб қаршилик кўрсатган бўлди.

“Кўнгил сезиб турибди, бу гал автобус панд берадиганга ўхшайди, кел, яхшиси, тингчгина бирор енгил уловда кетаверайлик”, — деди Гавҳар.

Ноилож рози бўлган Назокат тез орада эшитдики, чиндан ҳам ўша сафар автобус қай бир манзилда бузилиб, савдогарлар икки кун йўлда қолиб кетишган экан! Ўшанда Назокат дугонасининг чиндан ҳам илоҳий бир хислат, сезги соҳибаси эканлигига ишониб қолган эди.

“Эй, Гавҳар, — деб чувиллашади баъзан бозорчилар, — яхши нарсалар ҳақида, қувончдан, бахтдан башорат қилсангиз-чи”.

Гавҳар аввал кулади, сўнг маъюс нигоҳларини қайларгадир олиб қочади: “Сиз айтган нарсаларни қайдан топаман, ахир ҳаётнинг турган битгани ташвиш-таҳлика-ку... Аслида бунга башорат ҳам керак эмас...”

Аммо бозорчилар Гавҳарнинг эътирозларига эътибор беришмайди, эътибор беришса-да, унинг сал-пал китобийроқ гапларни кўп ҳам тушунишмайди, ундан фақат ва фақат яхши муждалар кутишади.

Мана, бугун Назокат ҳам ўша “Қора фолбин”нинг қоп-қора, совуқ башоратига дуч келиб ўтирибди.

Дугонасининг бўшашиб хаёлчан туриб қолганини пайқади, шекилли Гавҳар овозини яна бир парда баланд кўтарди.

— Сенинг эринг хиёнаткор, беномус, палид одам, ишонмасанг, кел, гаров ўйнаймиз.

— Гаров?! Нима тикамиз гаровга?

— Пул. Ютқазган...

Гавҳар гаров баҳосини тилга олди. Бунча пулни энг учар савдогар ҳам бир ой ичида топиши гумон эди. Назокат яна саросималаниб қолди. Бунча маблағни бой бериб қўйиш эри ўйнаш орттиргандан ҳам кўра кўпроқ азият етказарди унга.

— Кайфинг ошиб қолли санинг, — деб минғирлади Назокат ўзича сир бой бермай, шиша тубидаги мусалласни қадаҳларга қуяр экан, — икки қулоғинг билан ҳам яхшилаб эшитиб олгин, эрим мени қаттиқ севади, жонидан ҳам ортиқ севади.

Гавҳар мастона пихиллаб кулди.

— Сени-я?! Шу қадди-қоматинг учун-а?! Урғочи филдан нари-берисан-ку...

— Гап қоматда ё чиройда эмас... — деб яна ожизона минғирлади Назокат, — эрим мени севади, тамом-вассалом...

У илгари мактабда муаллималик қилиб юрган кезлари бундай бесўнақай мавжудотга айланиб қолиши, ҳатто хаёлига ҳам келмаган, хипча қоматига хўб ярашган либосларда гул-чечакдек яшнаб, антиқа атир-упалар хушбўйига беланиб, ўша чоғлар ёш бўлишига қарамай йирик бир заводда йирик мутахассислар қаторида саналувчи эрининг меҳр-муҳаббатига кўмилиб, ширин-шакар уч нафар фарзанднинг саодатманд онасига айланиб, бахт-иқболдан чарақлаб-ярақлаб юрарди. Аммо эртак-чўпчакларда айтилгандек, қора дев афсуни етдими ё замона зайли эврилдими, ўша улкан корхона косодга учраб эр ишсиз қолди-ю, бир йилча бекор ивирсиб юргач, ўзини бозорга урди, гоҳ пойтахтдан, гоҳ қай бир чегарадош чет юртлардан кийим-кечак, болаларбоп буюмлар келтириб туман марказидаги бесаришта бозорда савдо-сотиқ билан шуғулланиб юрди. Олатасир кунларнинг бирида пулини белига тугиб, сотишга арзигулик мол келтириш дардида қай бир манзилларни кўзлаб кетган эр, орадан беш-олти кун ўтиб, эзгин-тўзғин ҳолда, кўмирдай қорайиб, бўм-бўш қўл билан қайтиб келди.

— Товаримни тортиб олишди, бор-йўғимдан айрилдим, — деб ҳасрат қилди у юрак-бағри эзилиб, ҳамдард бир тарзда ёнгинасида ўтирган завжасига кечки пайт.

Назокат уни юпатган, овутган бўлди. Эр бир ҳафтача уйида қамалиб, ўз ёғига ўзи қовурилиб ётди.

— Беҳуда куйиниб, вақтни бой бергандан фойда йўқ, — деб эрига суйкалди Назокат, — тирикчилик бизнинг кўз ёшларимизга ишонмайди.

— Сенга бир гап айтайми?

— Айтинг.

Эр завжасига беадоқ умид ва илинж билан термилди.

— Хотин-қизларга кўп тир­ғалшмайди, шунинг учун ҳозир товар опкелишга асосан аёллар боришяпти”

Назокат эрини тушунди. У ўз завжасини ҳам савдо-сотиқ жаб­ҳасига чорларди. Муаллима аёл аввалига кулибгина эрини рад этди, ҳарчанд уринса-да, ўзини катта қоп орқалаган, ҳаллослаб югургилаган ҳолда тасаввур қилолмади, аммо бир куни ўрта яшар, камбағалгина ҳамкасабалардан бири ўзини ўзи осиб ҳаётдан кўз юмди-ю, Назокатнинг кўзлари мошдай очилди.

— Нега ўз жонига қасд қилибди? — деб тўнғиллади эри хотинидан совуқ хабарни эшитгач.

— Қизини унаштирган экан, тузукроқ сеп қилолмабди, қуда томон айниб қолган эмиш, шўрлик бир бева аёл эди.

— Иснодга чидай олмагандир-да, — деб оғир сўлиш олди эр, — ҳозир қизи бор оилаларга жуда қийин бўлиб кетди. Туғилгандаёқ уларга сеп йиғиб борилмаса, кейин қийин бўлади.

Назокат нариги хонада дарс тайёрлаб ўтирган болалари томон беихтиёр кўз ташлаб олди.

— Сиз ҳам аза очишни бас қилиб, бирор ишнинг бошини тутсангиз яхши бўларди.

— Менга ақл ўргатма, — деб ўшқирди эр, — нима қилишни ўзим яхши биламан. Мен бозорма-бозор юриб пул топсам, ўйнашимга ташимаймайман шу уйга, шу рўзғорга опкеламан, тушундингми? Ҳали машина олишимиз, уйни қайта қуришимиз керак, битта менинг топганим нима бўлади, сенинг олган ойлигинг пардоз-андозингдан ортмайди, оти улуғ, супраси қуруғ, э, ўргилдим...

— Нима қил дейсиз? — бўшашибгина сўради Назокат.

— Ўша гап. Сен товар келтириб турсанг, мен унга-бунга улгуржи ўтказаман, қолган-қутганини бир чеккада ўтириб сотаман, ана, ўшанда кўрасан ишимизнинг гуркирашини.

Муаллима аёл ўйланиб қолди.

— Бўпти, эртагаёқ ишдан бўшайман, — деди Назокат нариги хонадаги қизлари томон яна бир кўз ташлаб оларкан.

Эр мамнун илжайди.

— А-а, бу бошқа гап!

Назокат аввалига бегона қўрага қамалган қўзидай бозорчи хотинлар тўпига кўниколмай юрди. Бора-бора охири уларсиз туролмайдиган бўлиб қолди, шўх ўқувчи болаларнинг эмас, бозорнинг ғала-ғовури, варақланаётган китобнинг эмас, саналаётган даста-даста пулнинг шитир-шитири кўнглини забт этди. Гавҳар илк учрашишгандаёқ унга ёқиб қолди, ҳартугул, иккиси ҳам олий маълумотли, ўқмишли, дид-фаросатлари уйғун эди. Уларнинг худди эгизаклардек юриш-туришларини кўрганлар ҳавас қилишарди.

Мана шундай ҳамдард, ҳамнафас дугона дабдурустдан, ҳе йўқ, бе йўқ, унинг эрини хиёнаткорликда айблаб ўтирибди-я?! Ё ростдан ҳам бирор асоси бормикан? Жуда ишонч билан гапиряпти-ку?!

Биққи семиз, қўйдай ювош, ҳамиша жонсарак, хотини келтирган молларни пишнаб-пишқириб растама-раста тарқатиб юрадиган эр кўз ўнгида яна бир карра жонланди-ю, Назокат дадил бош кўтариб Гавҳарга юзланди.

— Илмий иш ишқида ёниб юрган пайтларинг сени эринг ташлаб кетган, шунинг учун ҳам эркак зотини ёмон кўрасан, шунинг учун ҳам менинг эримни бадном қилмоқчисан.

— Эрим хиёнат қилмаган, — деди чўпча билан тишлари орасини тозалаб ўтирган Гавҳар бепарво, — бошқани севиб қолиб, ўша билан кетган.

— Демак, фикрингдан қайтмайсан, эримни хиёнатда айблайверасан, шундайми?

— Шундай. Масалан, эринг ҳозир қаерда?

— Қаерда бўларди, уйда.

— Болаларинг-чи.

— Ҳозир таътил пайти, уларни тоққа жўнатиб юбордик, қариндошларникида бироз дам олиб келишади, тоза ҳаво, деганларидай.

— Болаларни жўнатиш фикри кимдан чиқди?

— Бу... — Назокат чимирилган кўйи ўйланиб қолди, — бу... эримдан чиқди, лекин менга ҳам ёқди.

Гавҳар мастона шарақлаб кулди.

— Демак, фаришта эринг уйда ёлғиз пашша қўриб ўтирган экан-да.

— Эй, — деди Назокат уриш­қоқ хўроздай хезланиб, — нимага шама қиляпсан, эринг ўйнашини уйига бошлаб келиб маишат қилиб ўтирибди демоқчимисан?

— Балки...

— Юр, ҳозироқ бориб кўрамиз.

— Қўйсанг-чи, — деб қўл силтади Гавҳар, — ҳазиллашдим, сени бир синаб кўрай дегандим. Ишондим, эринг фаришта экан.

Дугонанинг туйқус ортга чекингани, ичилган мусалласнинг ҳарорати Назокатни баттар жунбишга келтирди.

— Йўқ, энди гапингдан тонмагин! Агар энди фикрингдан қайтсанг, сени умуман ҳурмат қилмай қўяман.

— Нози, кел, қўйгин шу машмашани, узр, қўпол ҳазил қилдим, — деди Гавҳар мастона сузилиб, — очиғи, сенга... хосларга хос бир тарзда... рамзий гап қилмоқчи эдим... ўқмишлисан, китоб кўргансан, деб ўйлагандим... сен масалани чуқурлаштириб юбординг...

Назокат дугонасига синчков назар ташларкан, унинг хийла алжиб қолганини пайқади.

— Хўш, гаров нима бўлади? — деди Назокат дугонасининг муқаррар бой беришига буткул ишонч ҳосил қилиб.

— Қанақа гаров? Мен айтган пайт сен кўнмадинг-ку... қўл ташлашмадинг, энди у бекор.

— Бекормас! — Назокат бир интилиб дугонасининг қўш-қўш узуклар тақилган лўппи панжаларини кафтига олди. — Мана! Гаров кучга кирди!

— Қўйсанг-чи, Назо, сен ютқа­засан, кўнгил сезиб турибди.

— Э, ўргилдим кўнглингдан... таниш киракашим бор, ҳозир чақираман, бизникига бориб келамиз.

— Поезд-чи...

Назокат девордаги соат милларига тезгина кўз ташлаб олди.

— Э-э... поезд келишига ҳали вақт кўп. Таксида ғирра борамиз-у қайтамиз, нари-бериси бир соатда улгурамиз.

Ширакайф Гавҳар юмилиб-юмилиб кетаётган кўзларини аранг очиб ғудранди.

— Ихтиёринг... аммо... кўнгил сезиб турибди...

Назокат унинг гапларига эътибор бермай қайроқтошдай телефонини қўлига олиб шоша-пиша таниш киракашнинг рақамларини терди...

* * *

Тун. Зим-зиё ёз туни. Бутун борлиқ гўё қари жодугарнинг қоп-қора ридосига бурканган. Ҳаво ўз ҳароратидан ўзи димиқиб тўлғанади. Тўлғанишидан илиқ, ёқимсиз эпкин қўзғалади.

Икки аёл ўтирган енгил улов бир зумда шаҳарчани тарк этиб катта анҳор бўйлаб ястаниб ётган маҳалла томон бурилди. Фаранинг ўткир нурлари кенг-мўл кўча кўйни қатор-қатор ҳовли жойларни ялаб-юлқаб ўтади.

— Шу ерда тўхтанг, — деди Назокат бир пайт, — биз тезда чиқамиз, кутиб туринг.

— Хўп, опагинам, хўп, — деди ҳайдовчи тавозе билан бош ирғаб.

Назокат бир мудраб, бир норизо ғудраниб келаётган Гав­ҳарни қўлтиқлаб машинадан туширди.

— Барибир сен ютқазасан, Назо... — деб ғингшиди у қурқшоқ лабларини ялаб, — кўнгил сезиб турибди.

Назокат гаровчи дугонани дарвозаси ёнига етаклаб борди.

— Бўпти, кўп гапирма, ҳозир мен дарвозани очаман.

Назокат ён сумкасини кавлаб калит излашга тушди. Шундагина у қўллари беихтиёр қалтираётганини, юрагида қандайдир ғашлик кезинаётганини пайқади.

— Овоз чиқармай, ортимдан киргин, — деб шивирлади у ниҳоят дарвозани очаркан, — ҳозир ҳаммаси маълум бўлади.

Ҳовли жимжит. Уй пештоқидаги хира чироқ теваракни ола-чалпоқ ёритади. Ҳовли этагидаги дов-дарахтлар, бостирма ҳурпайиб кўзга ташланади.

Аёллар бир-бирини қўлтиқлашиб даҳлиз томонга юришди. Шу пайт ичкаридан қиз боланинг қўнғироқдай жарангдор кулгиси эшитилди-ю, улар жойларида тахтадай қотиб қолишди, сўнг ялт этиб бир-бирига қарашди. Гавҳар ғолибона илжайиб пичирлади.

— Кўнгил сезиб турибди...

Назокат беихтиёр дугонасини итариб юборди. Гавҳар гандираклаган кўйи сал наридаги ёғоч ўриндиққа ўтириб қолди. Назокат шахт билан даҳлиз эшигини очди. Очди-ю, бир зум гангиган кўйи карахт туриб қолди.

Катта зал тўрида баҳайбат телевизор экрани ранг-баранг жилоларда порлаб турар, жилолар ичида, ёрқин тасвирлар қўйнида бир гўзал қиз фавворалар билан ўйнашиб қаҳ-қаҳ отиб куларди. Телевизор қаршисидаги юмшоқ курсида, тепасочлари эрта тўкила бошлаган, биққи семиз, қориндор бир мавжудот ухлаб ётар, юз-кўзини қоплаб қолган, бахтиёр оила ҳақида ҳикоя қилувчи суратлар билан безатилган газета варағи ғафлат хуррагидан уста масхарабоздек қилпиллар эди.

Назокат ён-атрофига аланглаган кўйи ичкарига юрди. Шу пайт курсига ястаниб ётган қора шарпадан безовталанди шекилли лапанглаганича ўрнидан турди.

— Ия, бу сенмисан, Назокат?! — деб тўнғиллади у кўзларини ишқалаб, — на мунча тез қайтдинг? Юкинг қани?

Назокат қаҳ-қаҳ отиб кулиб юборди. Сўнг ташқарига телбавор отилди.

— Мен ютдим! Эй, Гавҳар! Эй, Қора фолбин! Қани, гаров пулини тайёрла!

Бу орада дугона қоп-қора зулматга қоришиб, ўша ёғоч ўридиқда ҳануз мудраб ўтирар, аҳён-аҳён димоғида ғудраниб қўярди:

— Кўнгил сезиб турибди....сен ютқазасан....