“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Наср
  • 687 марта кўрилган.

Тоғай МУРОД КУЗНИНГ БИР КУНИДА Ҳикоя

Тоғай Мурод (Менгноров Тоғаймурод) 1948 йил 3 февралда Сурхондарё вилоятининг Олтинсой туманига қарашли Хўжасоат қишлоғида туғилган. ТошДУнинг журналистика факультетини тугатган (1972).

Биринчи йирик қиссаси — «Юлдузлар мангу ёнади» (1976).

«От кишнаган оқшом» (1979), «Ойдинда юрган одамлар» (1980), «Момо Ер қўшиғи» (1985) каби қиссалари нашр этилган. «Отамдан қолган далалар» (1993, ушбу асар асосида бадиий фильм яратилган, 2001), «Бу дунёда ўлиб бўлмайди» (2001) романлари муаллифи. Жек Лондоннинг «Бойнинг қизи» драмаси ва ҳикояларини, Э. Сетон-Томпсоннинг «Ёввойи йўрға» қиссасини ўзбек тилига таржима қилган.

Ўзбекистон халқ ёзувчиси (1999).

Ёзувчи 2003 йил 27 майда Тошкент шаҳрида вафот этган.

 

Елкасига пахталик нимча ташлаган доцент Обидович ёниб бўлган ўт чўғида кўмилган картошкаларни учи қорайиб куйган косов билан кавлаб, тинмай сигарета чекади. Чўғ тафтидан юзлари қизариб кетган бу салобатли, катта одамнинг қаршисида ийманиб, ориқ қўлларини қовуштириб, йигирма ёшлардаги мўйловли йигит — Раҳимжонов ўтирибди. Ҳамиша талабалар даврасида бўладиган Обидовичнинг бугун ёлғиз, мунис ўтириши Раҳимжоновни ажаблантирди. Пешонаси тиришиб, уст­ма-уст сигарета чекаётганини кўриб домланинг кайфияти ёмон, жуда ёмон, деган хулосага келди. У, Обидовичнинг олдида тортиниб, кўзларини пирпиратиб, қобиғи қорайиб куяётган картошкаларга тикилиб ўтирди. Обидович ҳар қанча чекмасин, барибир кечадан буён қийнаётган туйғулардан қутулолмади. “Эҳ, ҳаёт бераҳмдир, бераҳм”, деди ичида.. Ўзига, қолаверса, Раҳимжоновга завқ бағишлайдиган бирор қизиқ гап ўйлади, тополмади. Кечаги ёмғирдан ҳўл пахтазорга қаради. Хўрсиниб, бош ирғаб қўйди. Туриб, лабига янги сигарета қистирди-да, пахтазор оралаб кетди. Бир чангал пахта териб яна қайтиб келди. Кафтидаги оппоқ толаларда йилтираётган ёмғирнинг охирги томчиларига, сўнг шийпон олдида ўсма қўйиб ўтирган қизларга қаради.

— Кўряпсанми қизларнинг ўсма қўйишини. Ўсмани ўзлари учун қўяди, деб ўйлайсанми? Йў-ўқ, сен учун, ҳаммаси сен учун, йигитлар учун. Ҳаёт шунақа, гўзал... — деди.

Раҳимжонов доцент Обидовичнинг гапидан завқланиб кетди. Уялган боладай бошини чапга сал қийшайтириб, тобора қорайиб бораётган чўққа тикилганича жилмайди. Буни кўрган ва ҳис қилган Обидович унга биргина бўлсаям завқ бера олганидан қувониб, кулимсиради. Ҳали ювилмаган бир пақир картошка кўтариб ошхонага бораётган йигитга:

— Миркарим, болаларни кечаги жойга олиб бор, энди терса бўлади, — деди.

Йигит ҳўл қўлини олдига тутиб олган этакка артиб, хўп, деди-да, йўлида давом этди.

— Сен, Раҳимжонов ука, қолгин, иш бор.

Талабалар бир-бирини қувлашиб оппоқ далаларга қараб кетдилар. Обидович шошмасдан картошкаларни арчиб, мис товоққа солди.

— Ҳў-ўш, қалай, зерикмаяпсанми, ишқилиб?

— Йўғ-э, домлажон, келганимизга бор-йўғи уч кун бўлди-ю.

— Кеча қанча тердинг?

— Ўн беш кило.

— Маза йўқ-ку. Болалар икки юз, юз килолаб терибди.

— Биза, энди, домлажон, пахта териб кўрмаганмиз-де...

— Ҳа, майли. Қўлдан келганича териш керак. Укаларинг кўпми? Опаларинг...

— Тўртта укам бор. Опамла ҳаммаси эрга чиқиб кетишган.

— Уйланганмисан? Йўқ? Ҳа, яхши, ҳали биринчи курссан. Анча оғир бўлади. Ма, картошкани е.

— Йўқ, раҳмат, домлажон. Жа-а, тўйиб турибман, ўзийиз енг, раҳмат.

— Олсанг-чи, ҳаммамиз ҳам тўйиб турибмиз. Бу ширин бўлади, ол.

Раҳимжонов бир қўлини кўксига қўйиб, Обидовичнинг қўлидан картошкани олди.

Обидович йигитга ачиниш билан қаради. Жуда раҳми келди унга. Картошкага туз сепаётиб, кўнглига: «Болалар... Укаларимга қарайман, деб бу ҳали ўқишни ташлаб кетмасайди», деган гап келди. Ҳозир бор гапни айтмоқчи, кеча штабдан олиб келган телеграммани кўрсатмоқчи бўлди. «Ҳозир айтсам. Бу ҳали бола бўлса. Бирдан миясига таъсир қилса... кейин нима бўлади?» У ўйлаб-ўйлаб, бу гапни ҳозир айтмасликка қарор қилди. Яна ўйлаб ўтириб, умуман, айтмайман, деган хулосага келди. Шунда Обидович онаси бечорани эслаб, кўнгли бузилиб кетди. Ўрнидан кескин туриб, сигарета чека бошлади. Кичкина кўк автобусга ишора килиб, бирор иш буюрилишини кутиб турган Раҳимжоновга:

— Этакларни қолдириб, машинага чиқ. Бир жойга бориб келасан, — деди.

Раҳимжонов, Обидович кутгандан ҳам эртароқ автобусга чиқди. Иккалови ёнма-ён ўртароқдаги ўриндиққа ўтирди. Обидович автобуснинг очиқ деразасига тирсагини қўйиб, йўл четидаги пахтазорга қараб кетди. Ўзини қанча бошқа фикрлар билан овутмасин, барибир онаси кўз олдидан кетмади... Обидовичнинг томоғига бир нарса тиқилгандек бўлди, қириниб йўталди, кўзларига ёш келганини билмай қолди.

Киссасидан рўмолчасини олиб, шунчаки юзларини артаётган кишидай кўз ёшларини артди.

Туман марказидаги автобус бекатига тушдилар. Раҳимжонов устма-уст сигарета чекаётган Обидовичга эргашиб кетаверди. Шаҳарга борадиган автобусни суриштирдилар: яна икки соатдан кейин келар экан. Улар бир четдаги узун ўтирғичга ўтирдилар. Обидович айтмасликнинг ҳеч иложини тополмади. Охири айтишга мажбур бўлди:

— Ука, бу дунё шунақа бевафо экан, — деди у хўрсиниб. Бироқ сўзини давом эттирмай, хотиржамлик билан ўчиб қолган сигаретасини яна ёндирди. Жуда сийраклаб қолган сочларини орқага силаб, гапини давом эттирди: — Ука, дунё бевафо экан. Онамиз бечорани эсласам, юрак-бағрим эзилиб кетади. Аммо одам бўлиш фақат онага боғлиқ эмас экан. Бир шоирнинг гапи бор-ку, она бўла қолгин, менга табиат, дейди. Шундайин, мана, онасиз ўсдик. Замон, табиатнинг ўзи тарбиялади. Табиат бизга она бўлди. Кеча де, Раҳимжонов деган фамилияга бир телеграмма келди. Сенгами, бошқагами, аниқ эмас. Ҳар ҳолда сенга бўлмаса керак, чунки телеграммада исминг йўқ. Иккинчидан, меҳнатда ҳам шунақа бола бор экан. Чамаси, ўшанга бўлса керак телеграмма. У болани уйига юбордик. Ҳар ҳолда сен ҳам уйингга бир бориб кел-чи... Ишонаманки, сенга эмас бу телеграмма.

Обидович ён чўнтагидан телеграммани олиб унга узатди. Сўнг, гўё осмонга қараб сигарета чекаётгандай, кўз остидан Раҳимжоновни кузатди. Раҳимжонов телеграммадаги, тез етиб кел... онанг вафот этди, деган сўзларга анграйиб қараб турди. Кўзлари пирпираб, ерда тўнтарилиб, ўзини ўнглолмай, жажжи оёқларини қимирлатаётган чумолига тикилганича ўйлаб қолди. Шу ҳолича сўзсиз, узоқ ўтирди. Ҳалиям кузатиб ўтирган Обидович: «Шаҳарлик болалар енгилтабиат бўларди. Бу жуда иродали экан, кўзларидан ақалли бир томчи ёш чиқмади-я», деб ўйлади. Обидович, Раҳимжоновнинг сочларини силаб:

— Хўп, хайр, яхши етиб боргин... — деди.

Автобус томонга кетаётиб, орқасига бир қайрилиб қаради-да, яна қайтиб келди.

— Нима, Раҳимжонов ука, буёқдаги нарсаларингдан ташвишланмасангам бўлади. Курсдошларингга тайинлаб қўяман, хўпми? — деди бошини ирғаб ва бутунлай кетди.

Автобус кетди. Раҳимжонов курсдошлари пахта тераётган олис далаларга кетаётган автобуснинг орқа ойнасидан унга ғамгин термилиб ўтирган Обидовичга қаради. Автобус кўринмай кетгандан кейин ўрнидан туриб, касса атрофини узун таёққа супурги боғлаб, чанг чиқармаслик учун авайлаб супураётган чолдан, шаҳарга қандай қилиб телефон қилишни сўради. Чол супуришдан тўхтаб, оғзидаги носни тўда-қўқим ичига туфлаб, шаҳар телеграфининг қаердалигини узоқ тушунтирди. Раҳимжонов чол айтган телеграфни излаб топди. Телеграммани кўрсатиб, отасининг иш жойидаги телефон рақамларини айтди. Икки қулоғига ҳам телефон гўшагини тутиб турган лаблари қип-қизил қизга нажот истаб, ёлворувчи оҳангда бош эгиб, қараб турди. Қиз бу йигитнинг руҳиятига тушунди. Тезда унга айтган рақамларини олиб бериб, иккинчи хонага югуринг, деди. Раҳимжонов иккинчи хонага кириб, гўшакни олди:

— Ада? Сизмисиз? Ман, Акромжонман. А? Ҳа, келди. Жа-а, ваҳима қилиб ёзибсиз, касал десайиз ҳам бўливурарди. А? Ҳа, машина юборинг. Самарқанд автостанцияси бор-ку, ўшатга келиб турсин. Хўп, хайр, хўп...

Раҳимжонов телеграфдан чиқиб буфетга қараб юрди. Буфетдан тамадди қилиб чиққанда оқшом туша бошлаган, жафокаш деҳқон кузининг олтин бир куни тугаётган эди...

 

1967 йил