“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Наср
  • 901 марта кўрилган.

ҲАМКОРЛИККА МАРҲАМАТ ҳажвия

Абдунаби БОЙҚЎЗИЕВ

Бугун нима кўп, хусусий фирма, қўшма корхоналар кўп. Уларнинг номланиши, пешлавҳаси ҳам турлича.

Бир танишимиз ҳам «Беғараз хизмат ёхуд хўп-хўп» номли хусусий корхона очди. Бу – «Пулини тўласангиз, истаган хизматингизни бажарамиз», дегани эмиш.

— Корхонангиз умуман нима иш билан шуғулланади ўзи? — деб сўрадик бир куни танишимиздан.

— “Любой” ишни қиламиз, — дейди у хўрозланиб.

Жаҳон андозаларига мос фирмалар шунақа бўлармиш.

Дастлаб «Хўп-хўп»нинг иши роса гуриллади. Ким баланд, замонавий меҳмонхоналар қурдириб, бутун шаҳарни лол қолдириш, ким сув ости кемасини ясаттириб, Сирдарёю Амударёнинг у бошидан тушиб этагидан чиқиб, тижоратини гуриллатиш орзусида бебилиска пулларини шу корхонанинг ҳисоб рақамига ўтказди. Фирмачи оғайнимизнинг босари билан тусарида навозишлар пайдо бўлди. «Беғараз хизмат...» ҳақида гап кетса, одамлар «ишлари зўр», деб ҳавас қилишарди. Тез орада фирманинг номи «зўр», деган сифат билан безанди. Бора-бора бу сўз номга дўнди. Мижозлар энди фирмани «Зўр», танишимизни «Зўрим», деб улуғлай бошлашди. Кўп ўтмай, Зўрим Зўримбойга айланди.

Хўш, босари нимаю тусари нима, дейсизми? Босари Зўримбойнинг юриш-туришидаги ўзгариш. Тусари, бу энди яшаш ва ошашидаги ҳаволаниш. Қўша-қўша машиналар, данғиллама уй-жой, дала ҳовли, саройларда истироҳатда тантиқланиб кун ўтказиш. Жамиятнинг маълум ва машҳур одамлари билан мулоқот, борди-келди қилиш исташ иштиёқи, десак тўғри бўлар.

Шундай бўлди ҳам. Зўримбой бутун вилоят аҳлининг тилига тушди. Ҳисоб рақамига пул ўтказмоқчи бўлганлар эртаю кеч йўлида. Янгиликка замоннинг ўзи ўч бўлиб турган давр эмасми, бу орада Зўримбойнинг чет элдаги қандайдир «Шилдир-шоп» номли компания билан воситачилик фаолияти ҳам анча жонланиб қолди. Матбуотчилар у яратган «хизмат турлари»ни кўпиртириб, газета-журналлар саҳифаларидан тошиб чиқиб кетгунча ёзишди. Сухандонлар оғзи қайишиб қолгунча алқашди. Хусусий ТVлардан бирининг битта канали эса эртадан кечгача Зўримбойнинг юриш-туриши, донғи, дастмояси, хайрли ишлари ҳақида лавҳа, репортажлар кўрсатар, ярим кечадан то тонгача, экранда унинг жилмайган қиёфаси ҳар хил ҳолатларда акс этиб турадиган бўлди. «Зўрники тегирмон тошини айлантиради. Пулини тўлаган-да», деб қўярди томошабинлар. Ҳа, Зўримбой бунақа нарсалардан пулни аяб ўтирмасди.

Иттифоқо, матбуотда «Зўр»нинг мақтовига зўр берувчилар машқида сўлиш сезила бошлади. Узунқулоқ гапларга қараганда, Зўримбойни шишириб турган «Шилдир-шоп» номли чет эл компаниясининг бели синиб қолган эмиш. Илгари бор маблағини «Хўп-хўп» ҳисоб рақамига ўтказиш орзусида юрганлар энди шартномадаги ишларини битиролмай, овораи сарсон эдилар. «Хўп-хўп»лардан зада бўлган мижозлар шикоятлари афғон зағчаларидан ҳам кўпайиб кетди. Зўримбой норозиликлар камаярмикин, деган умидда «Хўп-хўп» ни банкрот, деб эълон қилди. Уни энди «Хўп-да, хўп» номли фирмага айлантирди. Ҳақини талаб қилиб келганларга «Хўп-да, бажарамиз!», дея жавоб қилинарди.

Бу ном ҳам узоққа бормади. Эски танишлар ёрдамида у фирмани «Шилдир-шоп»нинг «Хўпа-да, хўп», номли шўъба корхонасига айлантирди.

Зўримбой энди илгаригидай даъвогарлар олдига чиқиб «Хўп-да, хўп», деб қисиниб ўтирмас, янги низомга биноан даъво ҳужжатларини қабул қилиб олиб, худди учиб келаётган ғиштни илиб, юқорироқдаги устага узатгандай, «Хўпа-да, хўп», дея «Шилдир-шоп»га йўллаб, жон сақларди. Ноумид шайтон-да, болта тушгунча кунда дам олади, дейди-лар-ку.

Зўримбой қараса, «Шилдир шоп» билан даъвогарлар ўртасида тепа-теп бўлиб кетадиган. Эски танишлар яна ишга солинди. Корхонанинг номи ҳам ҳар эҳтимолга қарши «Тепса, теп» деб янгиланди. Дўстимиз бу ном мазмунидаги жанговар ҳимоя оҳангига умид боғлаган эди. Даъвогарлар эса жанговар ҳимояга жанговар ҳужум билан бостириб келишарди. Атағфируллоҳ! Нима қилиш керак?..

Қўшма корхонанинг номини янада жанговарлаштириш керак. Бошқа чораси йўқ. Шундай бўлсинки, ўқиган одамнинг нафаси ичига тушиб кетсин.

«Тепса, теп» деган қўпол номни кўриб: «Бас!» дея тақдирга тан берганлар ҳам бўлди. Бироқ йиқилиб курашга тўймайдиган, қайроқи, не кўйга тушсам тушаман, «Тепса, теп» билан сўнгги патим қолгунча тепишаман, дегувчи ўжар хўрозлар ҳам кўп эди.

Ном ўзгартириш машқини олиб мазахўрак бўлиб қолган Зўримбой ўз корхонаси номига янада жанговарроқ руҳ бағишлади. Газеталарда:

— Бугундан бошлаб номимиз «Тепса-да, теп» бўлади, — дея эълон берди.

Шу кунларда Зўримбойнинг қулоқлари бироз тинчиган, текшир-текширлар анча камайган, дейишади. Айрича тадбиркорлик билан ўзгалар ҳисоб рақамидан ўзлаштирилган миллион-миллионлар Зўримбойни айни кунларда ҳам зўрайтириб турибди, деб эшитамиз. Аммо у ўз корхонаси номини янада ваҳималироқ атама билан аташ ниятида экан. Айтишларича, янги ном «Тепмаса, теп» бўлармиш.

Бу энди, албатта, «Биродар, биз билан, фақат биз билан ҳамкорлик қил. Тепишиб-тепалашиб ишлайлик. Йўқса: «тепки еб қоласан», деганидир...

Ҳамкорликка марҳамат, азиз тадбиркорлар!