“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Наср
  • 854 марта кўрилган.

КЕКСА КЎНГИЛ ФАРЁДИ Ҳикоя

Муяссар ТИЛАВОВА

Овчи итларнинг акиллаши, ўқларнинг қасир-қусиридан чўчиб кетган какликлар, ўтакаси ёрилиб буталар орасига бекинган жойларидан қочиб, потирлаб ҳавога кўтарилишди. Айни шу вазиятни кутиб турган овчилар қушларни мўлжалга олиб отишди. Ўқ нишонга тегди, шекилли, бир неча қуш осмонга кўтарилган ерида қанотларини пириллатиб, пастга қулай бошлади. Овчилар ўз ишини аъло даражада якунлашди, энди навбат итларники эди. Улар акиллаганча, қушлар қулаётган томон югуришди. Қоратош мўлжални олиб улгурмасдан ёнидаги бошқа кучуклар аллақачон ўлжа томон шамолдай югуриб кетганини пайқамабди. Қоратош ов ҳадисини ёш итларга қараганда кўпроқ олган эмасми, шериклари ортидан югургани билан барибир улгурмаслигига кўзи етиб, йўлини бошқа ёққа солди. Текис йўл қолиб чўққилар томон баландлай борган харсангларга қараб ўрлади. Шундай қилса тезоқар жилғагача бошқалардан олдин етади. Қари ит қушни ерга тушмасиданоқ илиб олишни мўлжаллаганди. Кичикроқ харсанг устидан осонгина сакради, бироқ сал каттароғига йўлиққанида қийналди. Кексайгани панд берди. Олдинги икки оёғи силлиқ тошнинг устига тушди, лекин орқа оёқлари ҳам аниқ тушиши учун сакраётганда керак бўладиган катта қувват етишмади. Олдинги оёқларини кучи борича тош устига маҳкам тиргаб, гавдасининг қолган қисмини ҳам амаллаб тортиб олди. Тилини чиқариб бироз ҳаллослаб турди-да, гўё бирдан нима учун тошдан-тошга сакраб юргани ёдига тушгандай тағин югурди. Бироз олдин осмондан қулаётган ярадор қушларга кўзи тушганди, аммо ҳозир улар ғойиб бўлибди. Катта харсанг устида туриб, пастга қаради. Шериклари аллақачон ўлжаларни тутишга улгурибди. Қоратош ҳафсаласизгина ортига ўгирилди. Унинг но­умидлиги кўзида боягина порлаб турган шижоатнинг сўнганидан маълум эди. Пастга сакраш учун қулайроқ жойни ахтараётиб, тезоқар жилғанинг шундоққина лабида ўсган бутага илиниб, ҳамон питирлаб ётган какликка кўзи тушди. У яна бироз типирчиласа, сувга қулаши аниқ. Қари овчи ит бу ўзи учун охирги имконият эканини ич-ичидан англаб, бутун ҳаётидаги овчилик тажрибасига суяниб ўзича мўлжал олди-да, баланд харсанг устидан пастга сакради. У илгарилари бундай вазиятга кўп бора дуч келган, тезоқар жилға нима, ҳаттоки, чуқур жарлар чеккасидаги қулайман, деб илиниб турган тошлар устидаги ўлжани айириб ололган ит яна ўзига ишонди. Буни ишонч дейиш ҳам нотўғри, бу қариб қолган жониворнинг ҳалиям бир пайтлардагидек «Қоратош овчи» эканини исботлаб қўйиш учун қилинган таваккали эди. Аслида-ку бундай қалтис ишларда таваккал кетмайди, чунки мўлжалидан нотўғри тушса, оёғи синиши мумкин, сувга йиқилса-ку омади келгани. Бироқ тоғнинг бебош жилғаларидан омон чиқиш мушкул. Бунда сувга чўкиш эҳтимоли деярли йўқ, бироқ сирти силлиқ тошларда оёқ тоявериб мадорни қуритади, бунинг устига муздай сув қонни яхлатиб, ҳаракат қилишни қийинлаштиради. Сакраётган Қоратош ўзини гўё учаётган каби ҳис қилди, қора, калта юнглари шамолда жимирлади. Унга бекорга Берди овчи шундай исм қўймаганди. Бутун танаси қоп-қора юнг билан қопланган, ўзи озғин, хипча ит бўлгани билан тошдек мустаҳкам, чайир. У овларда эгасидан ажралмас, ҳақиқий дўст эди. Берди овчи ҳаммага «Қоратош иккимизнинг умримиз бир-бирига боғлиқ. Итим кези келганда одамлардан ақлли, улардан садоқатлироқ», деб мақтанарди.

Қоратош бироз янглишганини, ерга тушиш олдидан пайқади. Энди қанча ҳаракат қилгани билан фойдасиз, қирғоққача етолмайди. Шундай бўлсаям қушни тишлаб олишга улгуриши керак. Сувдан чиқишни кейин бир амаллар. Ит сўнгги лаҳзада шу мақсадни кўзлаганди. Унинг тумшуғи бутагача етди, бироқ қушни тишлаб олишни уддалолмади. Шалоп этиб сувга қулади, бунинг устига йиқилаётиб жилға лабидаги бутани силкитиб юборганидан ярадор қуш ҳам йиқилди-да, бир зумда шиддат билан пастдаги тошларга урилаётган сув кўпиклари орасида ғойиб бўлди. Энди уни ўйлаш бефойда, ўз жонини асраши керак. Қоратошни қирғоқда кузатиб турган итлар сув ёқалаб югуриб ҳуришди, овчилар эса бураб сўкинишди. «Лаънати қари кўппак, ҳамма ишни расво қилди. Ўзи буни овга олиб чиқмаслик керак эди». Атрофдан бирор нажот йўқлигига ақли етиб турган Қоратош бор кучи билан қирғоққа чиқишга ҳаракат қилар, бироқ ўйноқи тўлқинлар, сирпанчиқ тошлар ичида ўзини ўнглолмасди. У шу зайлда бир неча ўн метрча оқди. Эҳтимол, тўлқинлар билан олишаётган қари итни ўз ҳолига қолдириб, қирғоқдагилар ортга йўл олмаганида Қоратош кучининг борича ҳаракат қилиб, жилғадан омон чиқишни эпларди. Аммо ҳамманинг ўзидан юз ўгирганини кўриб, юрагидаги иштиёқ, ҳаётга меҳри сўнгандай бўлди. Овозидан алам ва ожизлик уфуриб увлади-да, измини сув ихтиёрига берди. Бироқ тақдирнинг ажаб ҳукмини қарангки, шу чоққача кекса итни ўйин қилган жилға энди ўз хоҳиши билан қирғоққа элтиб қўйди. Сувдан халос бўлган Қоратош қуриниб олиш учун кун теккан жойгача судралиб чиқишга мадори етмади, лой ва балчиқ килкиб турган қирғоқда кўзларини осмонга бемаъно қадаб чўзилди.

* * *

Шаҳар марказидан қайтаётган Берди овчининг уйгача машинада келишга сабри чидамади, юраги тарс ёрилай деди. Қишлоққа етмасиданоқ тушиб қолди. Тушиши билан ҳали ҳавода қишнинг изғирини бўлса ҳам, димиққанидан ёқа тугмаларини ечиб ташлади. Аслида, кекса ўрмончи қариликдан ёки чарчаганидан эмас, бутунлай бошқа нарсадан бўғилаётганди.

«Тавба, мени қаригансиз де­йишди-я, мени-я, ярамаслар, — у йўл-йўлакай кимнидир бураб сўкар, тоғликларга хос чапанилик билан оғзига келганини қайтармасди. — Ўрнимга ёшларни олишар эмиш. Шаҳарда ўрмонни фақат унинг расмларига қараб ўрганган чала муллалар бу ишнинг икир-чикирини қаёқдан билишарди? Улар отни эшакдан ажрата олмайди-ку. Қирқ йиллик эски ўрмончилигимнинг ҳурматини ҳам қилишмади, номардлар!

У йўлдаги кичик тошларни тепкилаб, аламини олгандай бўлди. Аммо ҳовури босилмади. Қишлоққа, одамлар орасига бу йўсин кириб боролмайди. Ўзини бироз тинчлантириши керак. Кекса ўрмончи сиқилган вақтларида баланд тоққа чиқиб бутун тоғни, арчазорларни томоша қилиб, уларга қараб фикрини жамлаб олишни хуш кўрарди. Бу гал ҳам ўша қоя томон йўл солди. Катта харсанг устига чўкиб, букилган тиззаларини қучоқлаганча хаёлга ботди.

Бу тоғларга, ўрмонларга меҳри қачон тушганини эслолмайди. Аммо унинг ҳаёти ва иши бир-бирига шу қадар боғлиқки, агар бир неча дақиқа ундан айрилиб қолса, худди руҳ танани тарк этган каби бир ҳолга тушгандай сезади. Берди овчи ўзини табиат фарзанди дея ҳисобларди. У ҳаётини арчазорларсиз, харсангтошларсиз тассаввурига сиғдира олмайди. Чунки замин ва унинг табиатида ёввойи эрк, тоғ шамолидай тутқич бермас яширин шижоат бор. Эҳтимол, бу овчининг қонига туғилмасиданоқ сингандир? Эҳтимол, яратган унинг пешонасига қисмати азални шундай ёзгандир? Тағин ким билади дейсиз?

Ўқишни тамомлаб энди ишга жойлашган пайтларида ҳали ўрмончилик бўйича мутахассис кам, шунинг учун ёш бўлишига қарамай ўз туманига бошлиқ қилиб жўнатишганди. Ўрмончилик унга чўт эмас, ахир шу тоғ-тош орасида бўйи чўзилган йигит-ку. Аввалига ўрмончиларга ажратилган махсус уйга кўчиб ўтишга унамади. Бироқ кейинчалик, ўзини чин ўрмон посбони дея ҳис қила бошлагач, рози бўлди. Хотинини шу уйга келин қилиб туширди, бирин-кетин болалари туғилди. Ўйлаб қараса ўша гўшада эллик йил умргузаронлик қилибди. Эллик йил-а! Бу ярим аср дегани. Бу вақтда неч­та авлод алмашмади, дунё неларни кўрмади дейсиз? Энди эса туб қўйиб палак ёзган ватанидан ҳайдашяпти. Янги ўрмончи келармиш. Кекса овчи учун энг алам қиладигани шу бўлди. Аслида-ку унинг эски уйга муҳтожлиги йўқ. Болалари оғзини пойлаб ўтиришади. Чол рози бўлган куни олиб кетишади. Бироқ ўзига яраша қайсар фелли ўрмончи унашни хаёлига келтирмайди. Шу мавзудаги суҳбатлар ғашини келтиради, ғайирлиги баттар ортади. «Дунё кенг, — дея минғирлади овчи ўзига-ўзи, — хоҳ ўлигим бўлсин, хоҳ тиригим мен умримни бағишлаган тоғларим бағридан бир парчасини аямайди. Аммо нимагадир шу эски кулба кўзимга ҳамма ердан яхшироқ кўринади. Нимага одамлар жой танлар экан-а? Ахир бутун ер бир хил эмасми?»

Ёши саксонга яқинлашган бўлса-да ҳамон тетик чол мун­ғайиб олисларга тикилди. Борлиқ ўзгармаган. Эллик йил илгари шу чўққи устида туриб теваракни кўзлари қандай илғаган бўлса ҳалиям ўшандай. Овчи бирор кун ўз сарҳадларини шу йўсин кўздан кечириш одатини канда қилмаган. Уни моҳир овчи, яхши ўрмончи қилиб етиштирган шу ўнгир, чўққи, дара, тошлар энди бўлса сиғдирмаяпти. Табиат барибир абадийлигини, инсон эса ўткинчилигини қисматнинг ўзи яна бир карра исботлаб турибди. Боши баланд, мағрур чўққилар «эллик йил сенга бўйсунганимиз етар, энди давринг ўтди», дея мазах қилаётгандай туйиларди. Овчи гўё уларнинг кўзларига қарашга уялгандай ерга тикилди. Ҳозир у бутунлай ёлғиз, ёнида на қуроли, на содиқ Қоратоши бор. Назарида бир ўзи келганидан харсанг ҳам ётсираётгандай.

Чол хаёллар исканжасида қанча чувалашиб ўтирганини билмайди. Ҳарқалай юрагининг ҳовури бироз босилди. Тепага кўтарилгунича қийналмаганди, аммо пастга тушаётганда чарчади, қарилик барибир ўз ишини қилди. Ёши ўтаётганини сезиб, ичидан зил кетди.

Дарвозадан ўйчан кириб келган овчини кўриб кампири жаврай кетди:

— Итда тиним бўлсаям сизда йўқ. Одам деган кексайганда мундоқ уйда ўтирмайдими? Қуриб кетсин ўрмонингизам. Худо кўрсатмасин тоғ-тошда юмалаб қолсангиз ҳолингиз нима кечади? Мен нима қиламан?

«Қарилигимни юзимга солмаган бир сен қолгандинг».

Чол эшитилар-эшитилмас, тўнғиллаб хонасига кириб кетди. Дам олмоқчилигини баҳона қилиб, қош қорайгунча ташқарига чиқмади. У кўпинча иши юришмаганда ёки овда омади келмаганда шундай қиларди. Ёлғиз қолиб ўзини енгарди. Агар кампири кечки овқатга чақириб, тинчини бузмаганида эди, эрталабгача туз тотмасди.

— Қоратош кўринмайдими? — деди дастурхон бошидаги узоқ жимликдан сўнг Берди ўрмончи ҳовлининг ҳар бурчига аланглаб.

— Сандироқлаб юргандир-да, эрталаб тепага, ўрмонга кетишганди. Овчилар қайтганига анча бўлди, у дайдидан ҳалиям дарак йўқ.

— Овга ким бош эди?

— Анави-да, ўрнингизга келган янги ўрмончи.

— Бирдан овниям бошлаб юборибди-да?

Чол юзига совуққина фотиҳа тортиб, туриб кетди.

Тун бўйи хонасига кирди, таш­қаридаги сўрига чиқиб ўтирди, хуллас, уйқусида ҳаловат бўлмади. Дард келса қўша-қўша деганлари шу бўлса керак-да, бир томондан кексайганини баҳона қилиб севимли ишини тортиб олишаётган бўлса, яна бир томондан итидан дарак йўқ. Ёки у ҳам қари эгасидан юз ўгирдимикан? Шу пайт уй олдидаги дарахтзорда нимадир шитирлаётганини ва инграётганини эшитди. Тағин бирор ёввойи ҳайвон бўлмасин, деб қўлига илинган калтакни олиб, дарахтзор томон юрди. Жонивор ариққа йиқилиб лат еган шекилли ожизгина инграрди. Чол уни баттар чўчитиб юбормаслик учун бошқа қадам ташламади, яхшилаб қулоқ солди. Эллик йиллик овчи эмасми, кўрмаса ҳам қадам олишидан қайси ҳайвон эканини ажрата олади. У ҳаёти давомида жуда кўп ов қилди, бироқ ўрни келганида жониворларини кўз қорасидек ҳимоя ҳам қилган. Чунки ўрмончига бу тоғдаги ҳар битта дарахт, ўсимлик, жонивор таниш, борлиғининг ажралмас бўлаги.

Берди ота бир муддат қулоқ тутиб тургач, бирдан қўлидаги калтакни ерга ташлаб дарахтзорни қоқ иккига бўлган, аммо ҳозир сувсиз ариққа қараб югурди. Сабаби чуқур ичида Қоратош бор эди. Чол шоша-пиша ярадор итини кўтариб, чуқурдан олиб чиқди. Ўзиям кучдан қолган эмасми, дарахтзордан чиққунларича ҳолдан тойди. Қоратошнинг оёғи чиқибди. У амаллаб ўрнидан туришга ҳаракат қилар, лекин орқа оёғи дириллаб, яна ерга қуларди. Ит худди эгасидан хижолат бўлгандай, бошини қуйи солди.

— Мендан уялма, Қоратош, — дея итининг бошини силаб қўйди овчи, унинг чиққан оёғини кўздан кечираркан. — Сенам қарияпсан, шекилли, иккимизнинг ҳам дардимиз бир.

Ўрмончи яраланган, касал ҳайвонларнинг кўпини даволаган, унга суяк синиши ёки чиқиши чўт эмас. Аммо Қоратошнинг чиққан оёғини ўрнига солгунча ит оғриқдан увлаб юборди.

— Тинчлан, тинчлан, ҳаммаси жойида. Бироз дам олсанг кўрмагандай бўлиб кетасан.

Чол ишини тугатгач, ит шундоққина эгасининг оёқлари ёнига беҳол чўзилди. Содиқ дўстига меҳри товланиб кетган ўрмончи эса итининг бошини кўтариб тиззаларига қўйди.

— Қоратош, Қоратош, — дея бошини сарак-сарак қилди Берди овчи гўё кучук унинг гапини тушунаётгандай салмоқлаб. — Мен ўтган умримдан нолимайман. Икковлон шу азим тоғларда ҳаёт гаштини кўп сурдик. Ўрмонларимни парваришлаганимда ёки улуғ тоғларга чиқиб ов қилганимда доим Худога шукрона келтирдим. Мен бу лаҳзаларда ўзимни ҳамма нарсага қодирдек ҳис қилардим. Бу кенгликларда оёғинг ерда қоядек мустаҳкам, бошинг эса азим чўққилардай баланд туради. Шу ердагина инсон эканингни, нима учун яшаётганингни тушунасан. Мана, чин ҳаёт, мана, тириклик. Лекин...

Чол гапининг шу ерига келганда қўлларини мушт қилиб ерга бир-икки бора урди.

— Энди ҳаммасини тортиб олишмоқчи. Йўқ, ҳеч қандай хато қилмадим. Ўзинг айт, манави ерим билан, — ўрмончи тугилган муштини чап кўкрагига ниқтади, — бир бўлиб кетган нарсалар ҳақида гап кетганда янглиш иш тутишим мумкинми? Ахир бу билан ўзимни ўлдирган бўламан-ку. Айбим қариганим. Уларнинг назди-да қўлидан ҳеч вақо келмайдиган нотавонга айланганман.

Ит худди эгасини тушунаётгандек, ғингшиди.

— Кўриб турибман, сенам қарибсан. Лекин сенга мендан кўра осонроқ. Ҳеч ким кексайдинг деб устингдан кулмайди, ҳайдаб солмайди. Онгсиз жонивор бўлсанг, унча-мунча гапларни кўнглингга ҳам олмайсан. Бироқ қариш тақдир, табиат қонуни-ку, буни ўзгартириб бўлармиди? Аммо нима десанг дегин-у, мен шунчаки енгилмоқчи эмасман. Бутунлай оёқдан қолсам билмадим, аммо ҳозирча белимда куч-қувватим борида ҳеч ким бу уйдан ҳайдаб чиқаролмайди. Ўзинг меҳр қўйган ерингдан бадарға қилишса оғир ботаркан, хўрлигинг келаркан. Ахир бу ўрмонларга оз меҳнатим сингдими? Мен миннат қилаётганим йўқ. Шунчаки, боламдек, қадрдон жойларни бошқага бергим келмаяпти. Бегона қўлларда ҳоли нима кечади уларнинг?

Кекса ўрмончи фақат ўзига гапириб ўтиришдан чарчади. Итини холи қолдириб нари кетди. Энди тонггача мижжа қоқиш қайда? Азонлаб йўлга тушади, шаҳарга боради, қўлидан ҳалиям кўп нарса келишини исботлаб эски ишини қайтиб олади. Ахир эллик йиллик меҳнати сингган ўрмонларни бошқа қўлга шундоққина тутқазиб қўёлмайди-ку.

* * *

Чол саҳарлаб йўлга тушганини кампири сезмади. Машиналар барвақт учрамайди, шунинг учун анча-мунча йўлни пиёда босиб қўйди. Шаҳарга етиб келганида кун тушга яқинлашганди. Ўрмончилик бошқармасидаги котиба қиз бошлиқ бироздан сўнг бўшашини, кутиб туриши мумкинлигини айтди. Берди овчи қабулхонадаги курсига омонатгина чўкди, қия очиқ эшикдан эса ичкаридагиларнинг гап-сўзлари бемалол эшитилиб турарди. Чол уларга эътибор бергани йўқ, ўйлаб келган гапларини ичида такрорлаб турди. Аммо бир нарса уни чалғитди. Қулоққа чалинаётган гангир-гунгир овозларнинг бири бошлиқники, лекин негадир иккинчи овоз эгаси чолга жуда таниш. Ким бўлдийкан? Ўрмончи қизиқсиниб ўзи истамасаям яхшироқ эшитишга уринди.

— Сизниям тушунаман, Намоз ака, лекин отамнинг феълини биласиз-ку. Жуда қайсар одам. Тутган ерини кесмаса қўймайди.

— Ҳа биламан, Берди ўрмончининг шу табиати учун ҳам ҳурмати баланд. Ўзиям ўрмонларидек ёввойи, тоғларидай мағрур одам. Аммо бизниям тушунинг-да, отангиз қариганини тан олишни истамаяпти. Ҳозир замон ўзгаряпти, ўрмончилик бўйича янги технологиялар яратиляпти. Отангизни булардан хабари йўқ. Энди ўрнини ёшларга бўшатиб бериши керак-да.

— Бунда сизни айблаётганим йўқ, мен фақат отамнинг соғлиғидан хавотирланяпман. Ишдан кетиши кераклиги ҳақида бир йилдан буён гапирасизлар. Биз-ку тез-тез хабар ололмаймиз, онамнинг айтишича, отам ўзини анча олдириб қўйибди. Шунинг учун мени ёнингизга юборди. Ёши анчага бориб қолди. Умри узоқ бўлсин-у, аммо яна қанча яшашини Худо билади. Шунинг учун уйидан ҳайдаманг, ишлашиниям чекламанг. Эвазига нима сўрасангиз йўқ демайман.

— Нималар деяпсиз, Адҳам Бердиевич? — дея ҳижолатланди бошлиқ. — Сиздай одам илтимос қилиб турганида йўқ дея олармидик? Бориб бемалол отангиздан суюнчи олсангиз бўлаверади.

— Йўқ, фақат мен илтимос қилганимни у киши билмасин, акс ҳолда хафа бўладилар.

Овчининг қулоғига бошқа гап киргани йўқ. Хонага қандай қимтинибгина кирган бўлса, ўшандай чиқиб кетди. Котиба қизнинг ҳай-ҳайлашига ҳам эътибор бермади. Қишлоқ билан шаҳар ораси ўн чақиримча йўл. Чол қоровули елкалари чўкиб, давангирдай гавдаси муштдайгина бўлиб қош қорайганда уйига кириб келди. Кампири у келгунича ўғлидан эшитган хушхабарни ичида сақлаганидан ёрилай деди.

— Қаёқларда юрибсиз, чол? Қидирмаган жойим қолмади сизни. Ҳали эшитмадингиз-да, ўғлингиз шаҳардан бир гап топиб келди. Сизни ишингизда олиб қолишармиш, уйниям қайтариб олишмас экан.

Ўрмончи лом-мим демади.

Хотини чолининг бу ҳолатини қувонганидан сўз тополмаётганига йўйди.

— Ҳозир болаларнинг ҳаммаси келади. Хурсандчилик кунда бир йиғилайлик.

— Қоратош кўринмайди.

Берди ўрмончининг томдан тараша тушгандай сўрагани шу бўлди.

— Мен нима дарддаман сиз нима дейсиз? — хола норозиланиб тўнғиллади. — Шу саёқ итингизам жонга тегди. Эрталаб овчиларга эргашиб кетганди.

— Бугунам овмикан?

— Баҳор бўлса, ҳайвонлар уйғонган, ҳозир бўлмаса қачон чиқишади?

— Итимнинг оёғи чиққанди-ку.

— Минг қилсаям ҳайвон-да, ақл битармиди унга? Қолган оёқлариниям синдириб келса, кейин қуйилади.

— Болалар келса нарсаларни йиғиштиринглар, эртагаёқ кўчамиз. Бошқа ишламайман, овгаям чиқмайман.

— Нима?...

Кампир саволини охирига етказолмади, ўрмончи хонасига кириб, эшигини беркитиб қўйди.

* * *

Ярим тунда амаллаб уйга етиб келган Қоратош кун чиққунча тошдай қотиб ухлади. Аслини олганда, ҳали уйғонмоқчи эмасди, лекин қулоғига шерикларининг ҳуриши чалингач, истамаса-да ўрнидан турди. Одатда итлар овга отланаётганларида шундай ҳаяжон ва ваҳима билан ҳуришарди. Улар тезроқ ўлжага шошишар, ғайрати ичига сиғмай ҳар томонга шаталоқ отишарди. Аммо шу чоққача ов олдидан худди сўфи азон айтгандай Қоратошнинг ўзи барчага жар солиб ҳурарди. Энди унинг қўшиғи айтиб бўлинганга ўхшайди. Ит бироз вақт қулоқларини диккайтириб турди, бироқ чидолмади. Ахир у туғилганидан буён овчи. Берди ўрмончи, унинг қадрдон милтиғи ва Қоратош: улар шу кунгача бу тоғларнинг энг олд овчиси эдилар. Ит чидолмади. Яна катта овларнинг хумори тутди. Чўлоқланиб бўлса ҳам йўлга тушди. Хайрият, овчилар ҳали кетиб улгурмаган экан. Аммо итларнинг сафига қўшилган қари Қоратошни кўриши билан ҳай-ҳайлаб ҳайдашга тушиб кетишди.

— Бу қари кўппакнинг фойдасидан зарари кўп, тағин тоғда ўлиб-нетиб қолиб, Берди овчидан балога қолмайлик, — деди кимдир.

Бошқалар унинг гапини маъ­қуллашди. Қоратошни аввалига дўқ-пўписа билан, кетавермагач, биров тош, биров кесак улоқтириб тўдадан ҳайдашди ва ўзлари жўнаб кетишди.

Бечора ит эса кўзи жавдираб улар то кўздан йўқолгунча ортларидан термилиб турди-да, сўнг номаълум томонга йўл олди. Ит худди эгаси каби тоғларнинг ҳар бурчини ёддан билади, эҳтимол, бирор чўққига, ёки қолган умрни бошқалардан бекиниб ўтказса бўладиган бирор хилватга кетгандир?

* * *

Қачонлардир, чексиз ўрмонларнинг ҳокими бўлганида, тақдирларини айро тасаввур этолмаган инсон ва жонивор қарилик қисматини айрича қарши олишди.