“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Наср
  • 1344 марта кўрилган.

Ойбек (Ҳикоялар)

Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбек — 1905 йил 10 январда Тошкент шаҳрида туғилган. Ўзбекистон халқ ёзувчиси (1965), Ўзбекистон ФА академиги (1943). Тошкент давлат университетининг ижтимоий фанлар факултетини тугатган (1930).

«Туйғулар» (1926), «Кўнгил найлари» (1929), «Машъал» (1932) шеърий тўпламлари, «Дилбар — давр қизи» (1932), «Ўч» (1933), «Бахтигул ва Соғиндиқ» (1934), «Қаҳрамон қиз» (1936), «Гулноз», «Камончи», «Навоий» (1937) сингари достонлар ёзган. Насрий мероси 5 роман («Қутлуғ қон», 1940; «Навоий», 1942; «Қуёш қораймас», 1943-59; «Улуғ йўл», 1967; «Олтин водийдан шабадалар», 1949), 4 қисса («Шонли йўл», «Нур қидириб», «Болалик хотираларим» ва «Бола Алишер») ҳамда бир қанча ҳикоя ва очерклардан иборат. А.С.Пушкиннинг «Евгений Онегин» шеърий романи, М.Ю.Лермонтовнинг «Маскарад», Мольернинг «Тартюф» драмаларини ўзбек тилига таржима килган.

Ойбек 1968 йил 1 июлда Тошкентда вафот этган. Вафотидан сўнг «Буюк хизматлари учун» ордени билан тақдирланган (2001).

 

МИСКИН БОЛАЛАР

Ўн икки яшар афғон бола, қўлида халта, кўчадан чопқиллаб кетар эди. Халтада икки чорак ёғлиқ гўшт. Унинг бошида кир салла, печи узун, елкада куйлаги кир — қараб бўлмайди. Оёқлари сув тегмаганидан қотиб кетган, кир-қирмоч... Лекин афғончанинг кўзлари қора, зийрак, салла остидан тошган қўнғироқ сочлари қуёш нурида учқунланиб товланади; бурни жўмракдай гўзал, аммо жуссаси ориқ-тириқ, лекин пишиқ.

Чопқиллаб кетаётган бола кўприкдан ўтиш олдида қўққисдан ўртоғини кўриб қолди ва дарров қайрилди.

Кобилдан ёлғиз биргина дарёча ўтади, оти ҳам «Кобил». Халқни, далаларни, боғ-боғчаларни оби зам-зам каби шу дарёча суғоради.

Бола оҳиста оёқ учида бориб, халтани ерга эҳтиётлаб ташлади-да, қўллари билан Илёснинг кўзларини қоплади. Қатор темирчи, қассоб, баққоллар ёнида, бир чеккада тиқилиб, бир сават нон олдида ожиз ва ғамгин, фикрлари тўзғоқ ўтирган Илёс сесканиб кетди, кейин таажжубланиб, зарда билан:

— Ким бу, дардисар, қоч! — деди. У боланинг қўлларини кўзидан айирмоққа уринар экан, уни бирдан таниб қолди ва ювош товуш билан:

— Ҳай, ўулом, бўлди, бас! — деди зўраки кулимсираб.

ўулом қўлларини олиб, тўйиб хахолади ва Илёсга энгашиб деди:

— Кўкнориларга ўхшаб хўмрайиб ўтирибсан?

— Бошим гангиди, — деди Илёс хомуш, — бошга ғавғо тушди.

— Гапир-чи қани, тезроқ гапир. Отилган ўқдай бозорга ғизиллаб бориб келасан, деб буюрди хўжалар. Бир зумгина тўхтадим қошингда. Тез бўл гапир. Ҳа, ростдан гўшт бозорида нон чаққон, тур югур!

— Зарур гапим бор, — Илёс ўуломнинг қўлидан ушлаб тортди. — Бир нафас ўтир. Онам бетоб, билдингми. Ўтган йили борганимда онам оёқ учида юрган эди. Кеча қўшнимиз келди. Онам оғир хаста ётган эмиш, дадам: “Ҳаш-пашга қарамай тез қайтсин”, дебди, мени. Қўшнимиз шошилинч, тўғри бозордан ура жўнади. Оҳ, бошим тарс ёрилай деяпти. Ўртоғимсан, маслаҳат бер, бир йўлини қил, жадал жўнаб кетай...

ўулом тўрвасини ушлаганича сукутда ўтирарди. Илёснинг юм-юм кўз ёшлари қорачадан келган ёноқларидан тирқираб бўйнига оқар, гоҳ-гоҳ хўрсиниб, энтикиб ўтирган эди.

ўуломнинг юраги эзилиб, чиндан қайғурди. Илёснинг бўз яктаги устида кир чопон, билакдан пастда енги йўқ, узилиб-узилиб кетган. Илёс кўз ёшларини саллапечига арта берганидан, кир салласи қийшайиб қолибди.

ўулом нафасини бўғиб келган кўз ёшларини базўр яшириб:

— Қишлоқ узоқми, неча чақирим? — деб сўради ўртоғидан.

Илёс салласини тўғрилади:

— Саккиз-тўққиз тош! Чаққон борсам бир кетишда ошаман.

— Ҳа, кет, ҳозир жўна, — деди шошиб ўулом.

— Уста жавоб бермайди, тушунасанми? — деди Илёс бўғилиб, — саҳардан то оқшомгача миямда сават, тун бўйи олов ёқ, сув таши, хамир теп» ўтин ёр... йўқ, жавоб бермайди Шоди гаранг.

— Шоди акага айт, онам қаттиқ хаста, бир рўй бориб қайтаман, дегин, Халфа, шогирдларга ялин. Шоди гарангни алдаб-сулдаб кўндиради улар.

— Қўшни келганда дўконда эдим, уста йўқ эди, — бурнини тортиб хўрсиниб деди Илёс, — Ҳаялламай бозорга югурди у, мен бўлсам беҳушдай қотибман-қолибман. Ишни расво қилди-да, устага ўзи яхшилаб тушунтирса соз бўларди, менга сира ишонмайди Шоди гаранг. Ёлғондан баҳона қиляпти дейди. Жон ўртоқ, сен айт, қаттиқ-қаттиқ овоз билан гарангга ўзинг тушунтир, унутмайман яхшилигингни, айт! — ёлворди Илёс.

ўулом индамасдан ўйланиб қолди, Илёс эндигина тинган кўз ёшларини тағин оқизиб юборди.

— Йиғлама, бас! — деди ўулом ўртоғининг елкасини қучиб. Қара, бойвачча акаларинг масхара қиляпти.

Илёс атрофга аланглар экан, тенгдош уч болани кўрди. Улар ясанган-тусанган, оёқларида ғарчиллама хром этик, бошларида — бирисида олтинранг, иккинчисида учқунли қора, учинчисида жилвали кулранг қоракўл попохлар. Олифта, такаббур, бадқиёфа болалар. Олтинрангдаги қоракўл попохли жиззаки ва қийшиқ бола;

— Гўрсўхта, устангдан таёқ едингми? — кулди лабларини хунук чўзиб, Унинг қийшиқ-қинғир тишлари тиржайиб кетди.

Эҳтимол, бойваччалар кинога борар эдилар (Афғонистон давлатида биттаю битта кино бор эди). Бойваччалар тўхтамасдан ўтиб кетдилар. Илёс қизариб, ерга тикилди, ўулом хўмрайди:

— Афандилар! — ғазаб билан секин ва бўғиқ овозда сўзлади.

— Биламан, қийшиқ баччани, — шивирлади Илёс, — хизматчиси айтиб берди, қийшиқ чаён мактабдан қочибди, Бу бачча ялтироқ машиналарда, учқур отларда сайр этиб юргани-юрган.

— Отаси ким? — сўради ўулом.

— Каттаконлардан, эҳтимол, «Жирға» аъзоларидан бўлса керак.

ўулом бироз хаёл суриб ўтирди-да, кейин хомуш оҳангда сўзлади:

— Ўқимоқ — улуғ иш, лекин ўқиш қайда? Алифни таёқ деймиз. Омимиз, оми!

— Пул даркор, пул, ҳамма гап пулда! — деди Илёс лабларини буриб ва пул ишорасини таъкидлаб қўлларини палахса қилди.

— Пул бор, бало бор, — деди ўулом ўз-ўзига сўзлагандай.

— Худо нима учун пулни ясаган, тавба тушунмайман.

— Сўзимизни бўлдик, — деди Илёс эътироз билан. — Гапир-чи, устага айтасанми? — ўуломга тикилди.

— Эҳ, кечикдим, бека ўлгудай қарғайди, пайт топиб келаман, дўкон атрофида саватингни кўтариб юр. Лекин шошма гап бор. Сен нарироқда турасан, мен устангга айтаман. «Илёс онам хаста, деб кеча қишлоққа жўнаган эди, ундан хабар олгани келдим», дейман. Уста: «Тавба, суф сенга, Илёс нон сотиб юрибди-ку», дейди. Шу чоқ сен қайғуриб келасан. Албатта, гарангнинг кўнгли эрийди ва сенга жавоб беради. Мана, кўрдингми, иш тамом. Қўлингни бер, ўртоқ!

Илёс хурсанд, енгиллашди. ўулом: «Мен кетдим», дея халтани кўтарганича югура кетди.

 

1958 йил, ноябрь.

 

МУСИЧА

Ёшликда қушларнинг орасида энг ёмон кўрганим мусича эди. Унинг на мунгли қўшиғи, на ипак қаноти бор. Сўнгра унда «валфажрихон» қалдирғочнинг шўхлиги, мовий кўкларда ўйнаган раққос кабутарнинг усталиги йўқ. Мусича аҳмоқ, гўл бир махлуқ, Турмуш учун курашда ҳам жуда нўноқ, болалари учун дурустгина пишиқ ин ҳам қуролмайди. Ин учун ҳар вақт ноқулай жой танлайди. Тухум қўйиш учун бизнинг ошхонада қандай яхши ўринлар бор бўлса-да, мусича булардан фойдаланмас. Ошхонадаги ғалвирга, қозиққа осилган хурмачанинг устига бир қанча чўп-хас келтириб, мукка тушиб ёта берарди. Шунинг учун болаларнинг қўлида ҳар вақт қийноқ кўрадиган — мусича.

Мен мусичани қанча севмасам, қанча қийнасам, бувим шунча муҳаббат ва ҳурмат ила уларни муҳофаза қиларди. Билмадим, нимадан? Ўзи ҳам мусича каби содда, гўл бўлганиданми?

Бувим баҳор кунлари айвоннинг лабига пўстак солиб ўтириб, қушларнинг фазилатидан сўзлаб беришни яхши кўрарди. Мен унинг ҳамма гапларига қўшилардим. Аммо мусичага, асло!

— Мусича — суҳин қуш. Қарғиши ўтади,— дер.

Буни бувим ҳар чоқ қайтармасин, мусичанинг бошқа фазилатларидан қанча гапирмасин, менинг қарашимни ўзгартира олмас эди. Мен мусичаларнинг бир қанчасини уйга қамаб олар, сўнгра ҳаммасини кетма-кет «кўр мулла» қилардим. Буни кўрган бувим қўлига ҳассасини олиб, ҳовлида мени қувлар, фақат тезда ҳаллослаб ҳассасига суяниб қолар ва: «Кўнглинг тошдан ҳам қаттиқ», дерди. Мусича, «кўр мулла» қўлимдан чиқиб ҳавода гандираклар экан, кўзларимда шодлик тошар эди.

 

1930 йил 11 октябрь.

 

СИНГАН УМИД

«Лайлининг томига чиқдим бир қизил олма учун»

Хотин овози каби ингичка силлиқ товуш кичкина дўконхонани янгратарди. Пакана курсида ўтирган йигит тасмага оёқларини тираб, қатим тортар ва ҳар гал мумланган ипни қўллари ила дириллатиб, пишитиб берарди.

Йигитнинг кўнгли бу кун жуда шод. Қўллар — чаққон. Унинг сарғайган, ориқ юзида аллақандай куч сезилиб туради. Бошқа вақтлардаги каби битта пайвандни тикиб бўлгач, керишиб хомушликка берилиш йўқ. Бачкана махсилар унинг тиззасидан тез-тез тушиб, дўконхона тўрида ўтирган устанинг ёнида йиғилмоқда эди.

Уста газанни қайроққа суртиб-суртиб:

— Айланай, Эгамбердим, бормисан, Тўйчи ҳофизнинг худди ўзи-я, — деб ярим ҳазил, ярим чин оҳангда халфасига сўз ташлаб қўярди.

Эгамберди бодом қовоқлари тагидаги қийиқ қора кўзлари ила устасига мулойим бир нигоҳ ташларди, ортиқча сўз сўзламасдан яна ишига бериларди.

Сахий қуёш туйнукдан бир ўрам олтин нурини юбориб, дўконхона ўртасида ёруғ бир мураббаъ ясайди. Бу мураббаъ — Эгамбердининг соати. У вақтни шу билан ўлчайди. Аммо бугун Эгамберди қараганда, мураббаъ унинг бошида унутилаёзган узоқ суратларни уйғотди: Эгамберди онаси ила биринчи марта дўконхонага кирганда ҳам худди мана шу мураббаъ хона ўртасида илжайиб ётган эди. Бу йил ўтсат тўққиз йил тўлади. Тўрт йил ҳафтада 10-15 тийин «жума пули» олиб шогирд бўлган. Беш йилдан бери халфа. Сўнгра онасининг йиғи аралаш мунгли товуш ила: «Отаси йўқ етимча. Қўлингиздан келганини аяманг. Ҳунар ўргатинг. Бу йил ўн учга кирди. Шўхроқ ўзи. Ўз болангиздак кўриб оталик қилинг», деганлари унинг қулоғида кечагина эшитилган овоздек туйилди.

Эгамберди оталик қиладиган вақт энди келди, уста, деган каби кўз қирини махсини шоналаб ўтирган оқ аралаш чўққи соқолли кишига ташлади-да, яна аллақандай тотли, майин ва қонларга суръат берувчи хаёлларга берилиб, тўхтовсиз қатим тортаркан: «Ҳормасинлар», деган таниш, кучли овоз Эгамбердини хаёлларидан айирди. У кечаси чиройли тушларга қониқмасдан уйғонган киши каби кўнглида бир ғашлик сезди-да, яна билдирмасдан:

— Э... Э... Қоравой, бормисан? Даладан тушгинг келмайди-я, — деб ўртоғига кулиб қаради.

Янги шоврон этигидан чангларни артиб ўтиргач:

Уҳ, шаҳаринг қурсин, ҳаммаёқ ёняпти, — деди Қоравой.

— Ҳа, Боқи-тоқи, ямоқ битдими? Битган бўлса, дарров олиб бер, кетаман.

Тайёр махсиларни қорагул ила пардоз қилиб ўтирган шогирд бола — Боқи «Аллақачон битказиб қўйганман-ку», — деб токчадан бир жуфт қуришган эски махсини олиб берди. Қоравой махсини қўлга олиб:

— Боплабсан, ука. Розия холанг жуда хурсанд бўлади-да.

Қўйнидан патиллатиб бир бедана чиқарди, Боқига узатди. Қатта ва семиз бедана Боқининг кичкина қўлларига сиғмас. Ингичка оёқчаларини типирлатиб чиқиб кетмоқчи бўлади. Севинган Боқи бедананинг холдор бўйнига кўз солиб.

— Вўй-бў... Макиён экан, — дея дўпписининг тагига жойлади.

— Макиёндан зўр чиқса — туллакни қочиради. — Уста бу сўзлари билан Боқининг кўнглини кўтармоқчи бўлади.

— Уста, эртага далага чиқиб борасиз, Эгамберди билан.

— Хўш, нима гап?

Устанинг суюнган юзида савол аломати чизилди.

— Акамнинг хотини ўғил кўрди-ку, эртага катта зиёфат.

Уста суюнганидан ўрнидан бир қўзғалиб олди, Қоравой жонли, шўх кўзлари билан:

— Албатта-я, албатта, — деб Эгамбердига тикилди. — Яна ўртоқлар кўп бўлади. Ман сани кўрпачага ўтқазиб қўймайман. Ахир, чой-пой қилиб хизматда турасан.

Эгамберди:

— Энди... ўртоқ, қайдам... Уйда майда-чуйда ишлар бор эди.

Уста ғазабланиб кетди:

— Ёмонга ёғ ярашмас, хиёбонга доғ ярашмас. Жума куниям иш. Далада баҳри-дилинг очилади, аҳмоқ. Эрта-индин уйланасан, куч йиғ, — деркан, Қоравой.

— Ўҳў, тўй яқин десангиз-чи. Жуда яхши, жуда яхши. Қамишдан бел боғлар эканмиз, — ҳа-ҳа-ҳа...

Эгамберди ҳам ўзини кулгидан тўхтатолмади:

— Қариган бўлсаям, уста шунақа гапларни яхши кўради.

— Хайр, кейин! яна гаплашамиз, —дея Қоравой чиқиб кетди.

Уста пешин намозини ўқиб келиб, кир салласини қозиққа илди-да, тайёр дастурхонга ўтирди. Боқи қўлни куйдирадиган пиёлани пуфлаб-пуфлаб тездан бўшатди. Бурни пучуқ чойнакдан чой қуйиб, устага узатди. Уста моғорланган чап-чап нонни тўрт бўлиб пиёлага солди, ширач юқи кетмаган бармоқлари ила босиб-босиб қўйди. Эгамберди, куннинг иссиқлигиданми, нонга у қадар иштаҳа ила қарамаса-да, нимранг чойли пиёлани дам ўтмасдан бўшатиб турарди.

Уста ивитилган нонни оғизга солиб, устидан бир қултум чой ҳўплаб:

— Тўйни, — деб гапира бошлаганди, қалқиб кетди. Мошдек нон ушоғи Эгамбердининг бурнига қўнди, — Узоққа чўзма, гап-сўз чиқа беради. Онанг у куни келганида қиз кийими — расо, чарх йигириб-йигириб хонатлас кўйлак, духоба камзул, амиркон кавуш-махси олиб қўйганман, бироз пул ҳам бор, — деганди. Ўзингдаям пул бор чиқар?

— Етмас, дейман уста?

— Етмаса пул топиб бераман, ишлаб вақтида узсанг, бас... Олиқ-солиққа ўзим бораман. Гап билан товлаш керак. Ҳа, кампирга ялина бер. Кампиринг ақлли хотин.

Устанинг сўзи Эгамбердининг тор, сиқиқ кўкрагини босиб турган оғриқни олиб ташлади:

— Кампир бояқишга ачинаман, уста. Шу кунларда эси-ҳуши келинда, кечаси билан ухламасдан чиқади. Бугун патир юбормоқчийди. Уним кам-буним кам, деб хийла машаққат чекди.

— Иншооллоҳ, патир кетган бўлса, қўлга илинди, ўғлим. Қиз қалай, тузуккина эмишми, а...

— Оббо, борган сари ёш бўлиб кетяпсиз, опоғойимга чақмасам бўлмайди.

— Ҳа, бизда ҳали тўртта йигитнинг кучи бор. Ўзимиз қаридик. Кўнгил қаримайди. Айтабер. — Кулиб юборди. Унинг бурушиқ юзларида турли нақшлар пайдо бўлди. Дастурхонни йиғиштириб турган Боқи кулгидан чойнакни ағдара ёзган эди.

— Қош-кўзи попукдак. Оппоққина, қадди-қомати расо, — деди ойим. Яна келганда кўрармиз, — деди-да, Эгамберди кулиб яктагини кия бошлади. Ориқ, ингичка юзида беўхшов қўнқайган узун, катта бурнига кўзойнагини миндириб, уста ҳам тери кесишга ўтирди.

Зиғир мойли паловдан шошиб-пишиб анча ошади-да, Эгамберди қўлини артди. Ранги ўчаёзган амиркон этикни, ҳар пайшанбадаги каби лок суркаб пардоз қилмасдан оёғига илди. Қозиқдан тегдўз дўппи ила битта ювилган олача яктагини олиб кийди.

— Дўконни қулфлаб, калитини бериб кет, акаси, — деб Боқига буюрди.

Шом вақти. Ҳамма ёқ жимжит. Тор, чангли кўчалардан кундузнинг иссиқ, ёқимсиз нафаси ҳали кўтарилгани йўқ. Эгамберди ҳеч ёққа боқмай ғизиллаб кетар эди. Ҳеч қандай ҳордиқ сезмас, умид ва севинч ила қанотланиб учар эди: «Кампир тўрт кўзи билан кутиб ўтирибди десанг-чи. Бугундан бошлаб ҳовлида энди тўй. Катта аммалари қолган бўлишса керак. Куёв-куёв, деб безор қилишади ҳали». Эгамберди шундай фикрлар билан машғул бўлди. Катта кўчага чиққач, йўлкада қаршисидан келувчиларга ўзини бир қанча дафъа уриб олди.

Уйига яқинлашганда нафасини ростлаб олиш учун секинроқ юра бошлади. Қоронғи йўлакдан ўтиб, ҳовлига кирди. Атрофи бузуқ, икки томони паст, қийшиқ пахса деворлар ила ўралган кичик ҳовли қоронғи, жимжит. Ҳовлининг ўртасига етгач:

— Ойи, ойижон! — Қичқирди йигит.

Айвондан:

— Онанг ўлсин! — деган товуш эшитилди. Эгамберди югуриб онасига яқинлашди:

— Ҳа, кампир, нима бўлди, гапир-гапир, — мунгли товуш ила сўради Эгамберди.

Кампир пиқ-пиқ йиғларди.

— Мунча Худо пешонамни бахтсиз яратган экан, у ҳамма патирни, ҳамма мева-чеваларни қайтариб юборипти, уйинг куйгур.

Эгамберди ҳам онасининг ёнига чўққайди. Унинг кўзларига-да ёш тўлганди.

— Қизнинг амакиси ўлгур аллақаёқ юртда савдогар экан. Келибди. «Саодатни бир етимча косибга бераманми, ўзим бош бўлиб обрўли, бадавлат жойга узатаман», дебди хонасаллот.

Кампирнинг йиғиси яна авжига чиқди. Эгамберди секин ўрнидан турди. Фақат аъзоси бўшашган, бўш қопдек йиқилишга тайёр эди. Айвоннинг устунига бориб суянди. Унинг йигит кўнгли кеча қадар қорон­ғи, тубсиз, бўш эди.

 

1930 йил 15 октябрь.