“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Наср
  • 695 марта кўрилган.

ЯҚИН-ЯҚИНДА Ҳикоя

Баъзан мен ўз-ўзим билан учрашаман. Елкаларини қийшайтириб, оёқ учида юрганча ўзимга пешвоз чиқадиган қиёфамнинг узун сочлари бир қулоғини ёпиб туради. У қўлимни қаттиқ сиқмай сўрашади:

— Омонмисан?

— Шукр. Кимсан?

— Танимадингми, ўзинг-ку! 

— Мен-а?

— Ҳа.

Гурунг давом этади:

— Нега баъзан қулоқни қоматга келтирасан?

— Мен эмас, йиртқич.

— Йиртқич? 

— Очлик-да.

У тағин одатларим ҳақида билишни истайди.

— Айт-чи, нега кўп йиғлайсан?

— Мен эмас ҳайвон! Ҳайвон!  

— Ҳайвон? 

— Соғинч. У Ватанини қўмсаб йиғлайди. Очлик бақиради. Мен эса қочиб қоламан.

— Қаерга?

— Ҳеч қаерга. Бошпананинг тайини йўқ. Ким ҳам ўзидан қочиб, тинч-осуда паноҳ топарди? Ҳамма жойда ўзимни кўраман. Айниқса, кечалари. Янада олисроққа бош олиб кетишга тўғри келади. Муҳаббат оёғингдан тутиб қолади, бироқ қўрқув деразанг тагида акиллайди. Кейин эшик дастаги қимирлайди, сен эса қуённинг расмини чизасан. Тағин ўз ортингдан қадамба-қадам пойлаб юрасан. Қорнинг­да очлик аталмиш йиртқич, юракда эса соғинч бош кўтарган. Беркинишга бирорта хилват гўша кўзга ташланмайди. Ҳар қадамда одам қуригандай ўзингга дуч келаверасан. Ҳамма жойда ўзинг, ундан қочиб қутулолмайсан.

У баъзи-баъзида ўзи билан учрашарди. Кейин мен туёғимни шиқиллатиб қолдим. У деразам яқинидан ҳуштак чалиб ўтади, гоҳида эшигим олдида йўталиб қўяди. Аҳён-аҳёнда кимнингдир қўлию юраги ўша қиёфамни бир кечага олиб қоларди. Бўсалар оғушида у бир нарсани унутарди. Агар қиз чин муҳаббат билан унга талпинса, ўзини унутарди ва куларди. Устига-устак изтироб чекмай қўярди. Ҳартугул ёнингда ёрқин кўйлакдаги узун сочли нозик ҳилқат куймаланиб юрса тузук-да. Ёрқин, тағин гулли кўйлакда. Ёнида лаб бўёғи бўлса, нур устига аъло нур. Қоронғида кимдир пинжингга кирса, кечалар зулматга айланмайди. Тунда совқотмайсан ҳам. Лаб бўёғи унинг лабларида жажжи печка суратини солади. Ҳарорат билан чизади. Қаршингда одам тафтини сезасан.

У бир қизни биларди. Буғдойранг. Сочлари худди лўлиларни эслатарди. Қорадан кўра кўпроқ кўкимтирка тортарди ва улар ўрмондай қалин эди. Қўлидаги малла ранг туклар худди энди чиққан майсадай майин, овози бўлса портда ишлайдиган қизникидай ёқимли. Ўша қизни Карин деб атардилар.

Бошқасини эса Али, унинг оқ-малла сочлари худди денгиз қумини эслатарди. Кулганда, бурнини бужмайтирарди.

Эшик олдида доим озғин одам ўтирарди. У кундан-кун кичрайиб борар ва ҳар замон-ҳар замонда:

— Яшавор, болажоним, — дерди.  

Кейин билса, у отаси экан.

Барабан таёқчасига ўхшаб оёқлари ҳамиша беҳаловат қизнинг исми эса Карола эди. Кўзлари эсдан оғдирарди. Юқоридаги тишлари эса сал олдинга чиққан. У ўша қизни яхши танирди.

Чол кечалари баъзан:

— Яшавор, болажоним, — дерди.

Яна бир қиз бўларди. У баъзан уникига бориб турарди. Ўша қиздан сут ҳиди келарди. Паривашнинг ғаройиб исми бор эди, фақат унутиб қўйди-да. Аслида тилининг учида турибди. Нима эди-я!

Саҳарда чумчуқлар сайрайди. Туққан онаси эса олис, олисларда. Озғин одам ҳеч қачон у ҳақда оғиз очмаган.

Унинг оёқлари ўз-ўзидан юриб кетаётганга ўхшайди: яқин-яқиндан.

Тонгда чумчуқлар тиним билмай сайрайди: яқин-яқиндан. 

Телефон симлари визиллайди: яқин-яқиндан. Чол бошқа оғиз очмади: яқин-яқиндан.

Кечалари қизлар уни бағрига босади: яқин-яқиндан.

Қачонлардир унинг укаси бор эди. У жигари билан иноқ эди. Кейин осмонда худди ёвуз ҳашаротдай ғўнғиллаб темир бўлаги пайдо бўлди-ю, инисини мўлжалга олди. Ўқлар ёмғири одам танасини илма-тешик қилиб ташлади ва оппоқ қор узра ёйилган қип-қизил қон ял-ял ёнарди. Осмон эса кумуш рангда товланади, унинг бақиргани эса эшитилмайди. Сўнгги қичқириқ Ватани учун эмасди. Онаси учун ҳам, Худо учун ҳам. Сўнгги қичқириқ илон чаққанидай аччиқ ва ўткир эди, гўё йўқолган одамникига ўхшарди. Сўнгги пушаймон — сокин қарғиш: афсус!

Бу овоз унинг лабларига қулф урди. Абадий. Яқин-яқинда.

Озғин қария, отаси, бўлак: “Яшавор, болажоним!” демай қўйди. Ҳаммаси ўтиб кетди, яқин-яқинда!

 

Рус тилидан Вазирабону АСАДОВА таржимаси.