“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Наср
  • 1388 марта кўрилган.

ЗУЛМАТ ВА ЗИЁ Ҳикоя

Бу босиқ, хаёлчан йигит ўн тўққизда. Қуёшдан жигарранг тусга кирган, шамол ва ёмғирлар туфайли чиниққан териси тагида қудратли мушаклари ўйнайди. Барча камбағаллар каби у ҳам ялангоёқ  юради.

У мактабда бор-йўғи тўрт йил ўқиган. Сўнг, шоли даласида ота-онасига кўмак бериш учун ўқишни ташлашга тўғри келди. Ҳаётда ўз ўрнини топиш даври келганда эса ота касбини мерос қилишдан бошқа иложи қолмаганди. Баъзан буни унчалик ҳам ёмон деб ўйламасди. Мана, мактабдаги катта ўқитувчининг ўғли ҳам ота изидан борди-ку. Бироқ ҳозирда билим олишни коллежда давом эттираётган ва келажакда бутун қишлоқ аҳлининг эъзозию ҳурмати кутаётган ўқитувчининг ўғли ва унинг ўртасидаги фарқ худди шу ерда тугайди. Қишлоқда оқсоқол, ўқитувчи, руҳонийдан бошқа ким ҳам ҳурматга сазовор бўлиши мумкин? У эса мактабни ташлаганидан буён деҳқон. Ерда озгина нам қолган пайтда сабзавот етиштиради, ернинг суви қочиб, сиртида чуқур ёриқлар пайдо бўлганида эса ўрмон кесиш ва ке­йинчалик бозорга элтиб сотиш учун кўмир тайёрлашга жўнайди. Бу иш ҳам йилдан-йилга оғирлашмоқда: янгилари ўсмай туриб дарахт кесиш шитоб билан давом этгани туфайли ўрмон бир неча йилдан сўнг йўқ бўлиб кетиш хавфи остида қолган.

Ҳақиқий ҳаёт фақатгина ёмғир мавсуми бошланганда келади. Қишлоқдаги барча одам гуруч экишга тайёрланади. Заминни сув қоплаган заҳоти деҳқонлар далага ёпирилиб, чарчоқ нима билмай гўё олтин излагандек ер кавлайди. Ўша маҳалгача гуруч уруғи ўсиб, чиройли ёрқин, яшил кўчатларга айланади. Уларни далага келтириб, текис, қатор қилиб, ҳар бирини алоҳида экиш керак.

Бу йил қишлоққа фалокат ёпирилди: гуруч бошоққа кирганда яна ёмғир қуйиб берди ва шундай ёғдики, гўё осмон осмон эмас, ғалвир эди. Шолизор сув остида қолди, деҳқонлар эса ўз тақдирига лаънат ўқишди.

Қандайдир йўлини топиш, ўзинг, оилангни очлик балосидан сақлашинг керак эди. У буқаларини сотишга қарор қилди. Ёш, бақувват жониворларни оғилдан олиб чиқаётганда юрак-бағри қонга тўлди. Савдодан тушган пулнинг кўпини гуруч сотиб олишга сарфлади, қолганига эса бирон фабрикадан иш топиш учун  Бангкокка кетишни мўлжаллаётганди.

Бир пайтлар у ерда бўлган дўсти билан пойтахтга жўнади. Мана, шоли далалари, сўнг қўшни шаҳарнинг қумлоқ кўчаларини ортда қолдириб, бекатга етиб келдилар.

Жўнаш учун ҳуштак чалинганда, қишлоғидан кетиб тўғри қилдими-йўқми, шу ҳақда ўйлаб қолди. Энди куч-қуввати, соғлигини четга сотишга мажбур бўлади. Аммо қишлоқдан бахт излаб Бангкокка кетганлар аввал қора ишчи, кейинроқ дўконда сотувчи бўлишганми ўзи!

Жон сақлаб қолиш учун олдинда қанчалик шафқатсиз кураш кутиб турганини ич-ичидан туйиб турганига қарамай, ўзини шу тарзда овутарди. Барибир кетишга аҳд қилди. Зеро, қишлоқда қиладиган ишнинг ўзи қолмаган. Яқинроқ шаҳарда эса аҳвол бундан-да оғир эди.

Учинчи тоифа вагон ўзи каби омадсиз, барча ўриндиқлар, ўтиш жойлари, танбур, ҳатто зиналарни банд қилганлар билан тиқилиб кетган. Жомадонлару тугунлар билан тўла ҳожатхонадан кўнгилни айнитадиган қўланса ҳид келарди. Сув йўқ. Барча йўловчиларнинг бирдек қовоғи солиқ, ҳорғин ва ташвишли эди.

Бангокдаги қулоқни қоматга келтирар шовқин ва автомашиналар чиқараётган тутундан унинг мазаси қочиб қолган бўлса, темир йўл вагонидан-да тўлиб-тошган автобусга дўсти ортидан аранг чиқди. Бунда ҳам ақл бовар қилмас тиқилинч ва талотўп ҳукм сурар, йўловчилар тап тортмай унга кўзини олайтирар, аммо бу қаҳрамонимизни кўпам ташвишлантирмасди. Ҳозир у бундан-да муҳимроқ нарсалар ҳақида бош қотириши лозим: қай йўл билан емак топиш, тунда қаерда жойлашиш ва шу каби яна бошқа нарсалар.

Автобусдан тушиб, бошқа уйлардан фақат эшиги ёнида қандайдир лавҳа осилгани билан фарқ қиладиган кўҳна, икки қаватли уй томон йўл олишди. Дўсти бу уй “бюро” эканлигини айтди. Ниҳоятда ифлос ва кўримсиз бўлганидан кўзингни қаерга тикишни билмайдиган хонада ундан гарчи бу нарса ҳеч қандай ишни кафолатламаса-да, йигирма бат1  талаб қилишди.

Биринчи кун иш тополмади, аксинча, шаҳарда кўплаб ўзи каби ночору нотовонларни учратди. Бир ҳафтдан сўнг яна “бюрога” келди ва бу марта унга омад кулиб боқди: уни иш берувчи кутиб турарди.

Ушбу хитойлик бақалоқ унинг улкан, бақувват қоматини мароқ билан томоша қилгач, қора меҳнатга яроқли деб топди. Хитойлик, у ва бюродаги тўра ўртасида музокаралар хайрли тугагандан сўнг яна икки юз бат тўлашга тўғри келди. “Воситачилик хизматлари учун”, – тушунтирди унга тўра.

Танлов имкони йўқ эди ва у таклифни қабул қилди. Зеро чўнтагидаги пулларининг таги кўриниб қолган, қиладиган меҳнати учун эса ҳар ойда уч юз бат тўлашга ваъда қилишаётганди. Бироқ, келишувга биноан, дастлабки ойда текинга ишлаб бериши талаб этилади: бўлғуси хўжайини ҳам воситачилик хизматлари учун бюрого пул тўлаши лозим экан.

У ишлаши керак бўлган қоронғи, ёғочдан тикланган бинода иссиқдан, ҳавода муаллақ қотган чангдан нафас олиб бўлмасди. Йигит алам ичида хонага кўз югуртирди: “Қишлоқ яхши эди-я. Ҳаво тоза ва шовқин ҳам йўқ”.

Вазифасига хода ва тахталарни ташиш, машинага юклаш, сўнг эса жойларга элтиб, тушириш кирарди. Иш унинг учун оғир эмасди – болалигидан деҳқонларнинг машаққатли меҳнатига кўниккан. Бундан ташқари ёлландингми, энди виждонан ишлашинг керак, деб ҳисобларди. Зеро ҳеч ким бекордан-бекорга пул тўламайди. Ахир яшаши, бироз бўлса-да, оиласига ёрдами тегиши учун пул керак эди.

У хўжайини алдаётганини сезар, бироқ индолмасди. Нима ҳам қилсин, ёзиш ва ўқишни аранг уддаласа? Болалигида мактабда ўқимагани учун энди пушаймон емоқда эди. 

Қоронғи тушмоқда. У тиқилинчда ҳар қадамда тўхтаб қоладиган ёғоч ташувчи эски машина кузовида чўнқа­йиб ўтирарди. Зулмат тобора қуюқлашар, бироқ буни йигит сезмас ва ўзига ўзи ким нечанчи марта ўша биргина саволни берарди: “Шунчалик қийналиш учун бу ерга келиш шартмиди?”. Бироқ, бошқа йўл йўқ эди-да. Ота-онаси, қишлоғи, шолизор, буқалар – сўнгги кунигача уни безовта қилувчи хотиралар арғимчоғи миясида бетартиб чарх урарди. “Уйга қайтишми?” Йўқ, йўқ, бу ҳақда ўйлашга ҳам журъат қилмайди. У танлаб бўлди – гарчи бу танлов уни пойтахтнинг энг қоронғи ва ифлос бурчагига келтириб ташлаган бўлса-да, бахтли тасодиф бўлишига ҳали ҳам ишонади. Тўғри, бунақаси камдан-кам учрайди, лекин у сабр қилади...

 

Рус тилидан Иброҳим ЧОРИЕВ таржимаси.

 

  1. Таиланд пул бирлиги