“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

ИЖОДКОР — КАЙФИЯТ

Хуршид ДЎСТМУҲАММАД

ИЖОДКОР —  КАЙФИЯТ

ОДАМИ

— Хуршид Дўстмуҳаммаднинг ижодхонаси қандай олам? У асарларини қандай яратади? Ижод жараёнингиздаги изтироб ва севинч ҳақида сўзлаб берсангиз.

— Ҳар бир ижодхона ўзича бир олам: шакл-шамойили, иш тартиби, муҳити ва ҳоказолари билан. Жуда кўп ишлар кайфиятга боғлиқ. Кўнгилнинг аллақаерида йилт этиб туғилган ғоя учқуни баъзан шиддат билан, баъзан эса ойлар-йиллар мобайнида пишиб етила боради. Кўпроқ шакл излайман, синовлардан ўтган ва тайёр шакллардан мумкин қадар фойдаланмайман. Қўшиқнинг муваффақиятини сўз, оҳанг ва ижро уйғунлиги таъминлагани сингари насрий асарда ғоя, баён йўсини ва сюжет шакли уйғунлиги зарур деб ўйлайман. Шулар топилса, ер юзида янги қитъа кашф этган одамдек дўппини осмонга ирғитасиз, сиздан шодон одам бўлмайди дунёда! Топганларим-ёзганларимни ўқиганларнинг барчалари бирдек мақбул кўрмасликларини, мутолаа жараёни қийинроқ кечишини ҳис қилиб тураман. «Мен қийналиб ёздимми, ўқувчи ҳам пича қийналсин-да» деб қўяман ғойибона кулиб (ҳазил).

— Ёзиш қачон эҳтиёжга айланади? Ёзувчи учун ёзолмай қолиш нима?

— Ёзиш эҳтиёжини келтириб чиқарувчи сабаблар кўп. Гоҳ у, гоҳ бу сабаб қўлга қалам тутишга ундайди. Ҳаммасини санаб ўтиш қийин албатта, лекин бир сирни очадиган бўлсам, ижод жараёни ижодкор учун ўзга бир реалликда яшаш имконини ҳадя этади. У реалликдаги макон ва замоннинг, муҳит ва кайфиятнинг эгаси — ижодкорнинг ўзи. Бу ерда у мутлақо дахлсиз: образлари, туйғулари, кечинмалари қуршовида ёлғиз. Муқаддас, сирли ва тушунтириб бўлмас дахлсизлик бу.

Ёзолмай қолиш ўша дахлсиз реалликни ярата олмасликдир. Ницше ёзган-ку, инсонни ҳаёт воқелигидан санъат воқелиги халос этади деб. Ҳақиқат бу.

— Адабиётнинг, ижоднинг, илҳомнинг илоҳийлиги борасида фикрларингиз қандай? Ёзувчига илҳом қанчалик зарур?

— Илоҳий бўлмаган, яъни Илоҳдан ташқарида нима бор бу ёруғ дунёда? Биргина жумла, биргина сўз, битта ҳарф мўъжиза. Битта тиниш белгисида Аллоҳ таолонинг зикри, фикри, тажаллиси мужассам дейилади китобларимизда.

Бадиий адабиётнинг, бадиий ижоднинг бу борадаги сеҳр-жозибасини батафсил баён этишга сўз ожизлик қилади. Илҳом деган ҳолатни тушунишга ҳаракат қиладиган бўлсак, юқорида айтганимиз каби ижодий реаллик ярата билиш, унинг «ичи»га биқиниб олиш ва ўзингизни эмин-эркин ҳис этиш — илҳом онлари шу. Буни қарангки, илҳом дақиқалари аслида анормал руҳий ҳолат, ижодкор ундай ҳолатларда қўлига қалам тутмагани маъқул, ақл-ҳуши тиниқлашган ҳолатда ижод қилмоғи зарур, деган фикрлар ҳам бор. Бундай қарашларга қандай муносабатда бўлиш эса ҳар кимнинг ўзига ҳавола.

— Инсон нимага қодирлигини ўзи билади ва, табиийки, энг тўғри баҳони ўзига-ўзи бера олади, дейишади. Сиз ўзингизни қандай ёзувчиман, деб ҳисоблайсиз?

— Ким нималарга қодирлигини санайдиган бўлса кўпгина ожизликларини достон қилиб қўймайдими? Уйдаги гап уйда қолса-да, яхшиси, вазиятдан эсон-омон чиқиш учун қуйидаги жавобларни тақдим этай:

— Зўр ёзувчиман.

— Ўртамиёна ёзувчиман.

— Ўзига хос бир қаламкашман.

Булардан тўғри жавобни танлаш эса азиз газетхонларга, муҳтарам мухлисларга ҳавола.

Муяссар ИБРОҲИМОВА суҳбатлашди