“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

АМИР ТЕМУР ВА ЭДИГЕ БОТИР...

АМИР ТЕМУР

ВА ЭДИГЕ БОТИР...

Бирламчидан, не ёмон?

— Билимсиз ўсган ул (ўғил) ёмон.

— Иккиламчи, не ёмон?

— Ибосиз ўсган қиз ёмон.

— Учинчидан, не ёмон?

— Ўшаксиз пишган тўн ёмон...

Ўрмамбет бий тўлғовидан.

Ушбу китобни ўқиганимдан кейин хаёлим мени буюк соҳибқирон Амир Темур замонасига олиб кетди. Кўз ўнгимга қорақалпоқларнинг шоҳ достонидаги Эдиге ботир келди ва уни қўбизининг зорли нағмасига жўр бўлиб жирлаган жировнинг жўшқин овози қулоғимга тол-тол эшитилди. Яна эсимга буюк Ўрмамбет бийнинг доно тўлғовлари эсимга тушди. Нимага шундай?

Айтишадики, «Эдиге» достони жирланганида очиқ оппоқ осмонни булут қоплаб, кун тунариб, жала ёғармиш... Айтишадики, Қорақалпоғистон Республикаси рамзидаги Чилпиқ қўрғони пойдевори тамал тошини Эдиге ботир қўйганмиш... Эдиге ботир тулпори дуйноғининг саси етти кунлик йўлдан эшитилганмиш... Саҳро халқи афсонага бой ва ғо­йибга ишонувчан келади. Лекин, қорақалпоқ тарихи билан тақдири куни-кечаги замонда оқи қораланиб, қораси яна бадтар қораланди. Билимдонини «мулла» дейишди, мулласини «ёт унсур» деб бошини ейишди. «Эдиге ботир» достони Иккинчи жаҳон уруши арафасида тузумга ёт унсур сифатида қатағон этилди. Тошбосма нусхалари йуқотилди, ижрочи жировларнинг қўбизлари овозлари эгасининг товушлари билан ўчирилди. Олтин Ўрда тарихи, Соҳибқирон Амир Темур салтанати тарихини ўрганиш тақиқланди...

Ҳали эсимда, саккизинчи синфимизда жўғрофия муаллимимиз Бердибой оға билан Самарқандни сайр қилганмиз. Бизга Регистон ансамбли, Гўри Амир мақбараси, Бибихоним мадрасаси билан Улуғбек обсерваториясини кўрсатишган. Биз кўрганимизга қониқмасдан, муаллимимиздан, «Амир Темур, Бибихоним, Улуғбек деганлари ким у?» дея сўрагандик. Муаллим у ёқ-бу ёққа бир-бир қараб олиб:

— «Амур Темур» деган бир подшо ўтган. У борган жойини босиб олиб, вайрон қилаверган. Сизлар бугун кўрган иншоотларни ўша подшо қурдирган. «Бибихоним» дегани ўша подшонинг хотини... «Улуғбек» деган олим Шарқда ўзининг обсерваториясида илк бор осмондаги юлдузларни санаб чиққан одам...

— Гўри Амирда ўша Амир Темур ётган бўлса, биз ҳалиги... босқинчи подшо қабрини зиёрат қилибмиз-да?..

— Ўчир овозингни, отангга ўхшамай ўлгур! — дея ўшқирди муаллим. — Отанг ҳам доимо қичимаган жойини қашиб юрарди. Ҳе, саволингдан ўргилдим...

Биз муаллимга қайтиб савол бермадик. Олийгоҳ дарсларида ҳам бу нозик мавзу тақиқланган эди ва биз ўқиган китобларда Соҳибқирон ҳаёти билан фаолиятида қандайдир сунъийлик сезиларди. Лекин, В. Яннинг «Чингизхон», «Ботухон», «Сўнгги денгиз сари» романлари машҳур эди, ке­йинчалик ушбу тарихий мавзуда В. Чивилихиннинг «Хотира» китоблари чоп этилди. Бу китобларда буюк асрий кечмишга эга менинг халқим ёхуд унинг биронта вакили тўғрисида қониқарли маълумот топа олмаганман. Фольклоршунос олимларимиз Н. Дав­қораев билан Қ. Айимбетовларнинг жон кўйдиришлари билан ўтган асрнинг етмишинчи йиллари «Эдиге» достони оқланиб, мустақиллигимиздан сўнг тўла қайта тикланди...

Мустақиллик бизга асл тарихимизни қайтариб берди. Буюк Соҳибқирон Амир Темур ва унинг замонасига бағишланган қатор илмий ва бадиий асарлар, спектакллар, достонлар чоп этилиб, «Одамлар! Ким эдигу, ким бўлдик?» деган мангулик саволга жавоб топяпти. Нурали Қобулнинг «Соҳибқирон Амир Темур ва Тўхтамишхон» асарини ўқиган одам, менимча, қорақалпоқ тарихида оқ саҳифалар саналган Эдиге ботир ҳаёти ва фаолияти тўғрисида анча янги маълумотлар топади. Эдиге ботир манғит уруғидан бўлиб, бизнинг тушунчамизда афсонавий образ эди. Бундай қарасак, у тарихий шахс сифатида мард ва доно, очиқкўнгил, лекин муғомбирликдан ҳам унча холи бўлмаган мураккаб, серқирра одам экан. У Амир Темурнинг сафдоши сифатида Сарой Ўрдадаги адолатсизликларга муросасизлик кўрсатиб, Тўхтамишхонга қарши Амир Темур йўриғини ташкил этиб, ахийри отасини ўлдирган золимдан қасос олади. Тўхтамишхоннинг бутун рус ерини қайта-қайта босиб, вайронасини чиқараётганига чек қўйилади...

Мен Нурали Қобулнинг «Салом, тоғлар» китобини қорақалпоқ тилида ўқиганимга қарийб қирқ йил бўляпти. Ўша пайтлари Ойқор тоғлари билан қалби қоришиб кетган адибга ҳавас қилганман. Унинг баланд тоғлар сўзлашиб, тилсиз тошлар бағрида яширинган сирларни очганини кўрганман. Бугун эса, ўқувчини асрлар орасидан аждодларимизнинг буюк ва мардона ўтмиши сари элтаяпти... Ҳар ҳолда йўлни билган одамга эргашилса, манзил яқинлашади, вақт тўхтагандек, дунё ойдинлашгандек туюлади. Соҳибқирон Амир Темур, Тўхтамишхон ва Эдиге ботир сиймоларида ўша даврга тан ҳақиқат гавдаланди кўз ўнгимда. Айниқса, Эдиге ботирнинг ҳақиқатга содиқлиги Амир Темурнинг «Куч адолатдадир» деган асосий тузуги билан уйғунлашиши қорақалпоқ, ўзбек халқларининг тарихий бирлиги ва маслакдошлигидан қалбда қандайдир ғурур уйғотади ва бу бугунги авлодимиз учун жуда ҳам муҳимдир...

Ўзини икки дунё билимдони ҳисоблайдиганларнинг қулоғига олтин исирға: Тарих билан Адабиёт бири-бирини инкор этмайдиган, қайтанга бирини бири тўлдириб, бойитиб борадиган маънавий оламлар эканлигини эслатмоқчимиз. Биз ҳалигача, пролетар даҳолари кўрсатмаси асосида бадиий асардан тарихий ҳақиқатни талаб этиш даражасидан чиқиб кета олмаяпмиз. Адабиётни тарих мезонлари билан ўлчаб, ёки аксинча, тарихни бадиий тўқималар орқали англатиш мумкин эмаслигини ажратиб олишимиз керак. Ушбу муаммонинг анча жабрини кўрган таниқли ёзувчи Т. Қайипбергеновнинг адабиёт тарих дарслиги эмаслигини ўзгаларга тушунтира олмай, кўп овораю сарсон бўлганларини кўрганман...

Нурали Қобул ушбу китоби оддий китобхонга анча-мунча оғирлик қилиши мумкин, лекин ўйноқи тил ва аждодларимиздан мерос доноликлари билан бугунги авлодимизга яхшигина маънавий озуқа беради.

Ўрозбой АБДУРАҲМОНОВ,

Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси