“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

МУҲАРРИРГА МАКТУБ

МУҲАРРИРГА МАКТУБ

Ҳурматли муҳаррир!

Газетангиз нафақат зиёлилар ёки ижодкорлар балки кенг омманинг севимли нашрига айланиб бораётганидан бениҳоя хурсандмиз. Бир сўз билан айтганда газета дил малҳами вазифасини шараф билан бажараётир. Шу боис унинг янги сонини орзиқиб кутамиз.

Газета ўзбек адибларининг янги асарлари, суҳбатлари билан бирга жаҳон адабиётидан қилинган янги ва ноёб таржималарни мунтазам бериб бораётгани жуда ибратли. Айни пайтда ёш ва иқтидорли таржимонларни кашф этаётгани кишини қувонтиради. Масалан, Ойбек Остонов, Алишер Отабоев, Шаҳноза Раҳмонова, Қандилат Юсупова, Мунира Менглиева, Отабек Йўлдошев, Ҳилола Рўзиева сингари таржимонлар аллақачонлар ўқувчилар тилига тушди.

Газетанинг 2016 йилнинг 3 ноябрь сонида машҳур рус адиби Владимир Набоковнинг «Қўнғироқ» ҳикоясини ёш таржимон Саиджалол Саидмуродов таржимасида мириқиб ўқиб, ҳаяжонга тушдим. Тўғриси, ҳикояни ўқиб чиқиб, ёзувчи уни ўзбекча ёзмаганмикан, деган хаёлга ҳам бордим. Йўқ аксинча рус тилида маҳорат билан ёзилган ҳикояни, ўзбек тилига ҳам маҳорат билан таржима қилибди. Бу ютуқ билан Саиджалолни табриклайман.

Унинг таржималарини анчадан буён кузатиб бораман. Масалан, «Китоб дунёси»да эълон қилинган Павель Басинскийнинг «Арслон соясидаги Арслон», Жек Лондоннинг «Ҳаётнинг ёзувчилик фалсафаси» сингари эсселарни, немис адибаси Элфрида Елиникнинг «Мен сўзларим асирасиман», Евгений Евтушенко билан бўлган суҳбатларни маҳорат билан таржима қилганидан хабардорман.

Таржима оламига дадил кириб келаётган Саиджалол Саидмуродов таржимадан таржимага ўсиб, етилиб, пишиб ва пухталашиб бораётган таржимонлар сирасига киради.

У сўзни ҳис қилиш, сўз устида ишлаш маҳоратини пухта эгаллаб бораётгани «Қўнғироқ» таржимасида ёрқин кўриниб турибди. Ҳикоя сюжети ёқимли, майин лекин ғамгин куйни эслатади. Таржимон ана шу оҳангни сақлаб қолган. Ҳикоянинг ички нотаси бузилмаган.

У таржима сирларини ўрганишда кўпроқ устоз Иброҳим Ғафуров ижод мактабидан сабоқ олаётгани кишини қувонтиради. Шу боис Иброҳим ака таржима қилган сара асарларнинг сир-синоатини ҳижжалаб ўрганишдан эринмайди.

Таржимонлик катта меҳнат талаб қиладиган машаққатли ижод эканлигини у теран тушунади.

Саиджалол, танлаган йўлинг нурли, баракали бўлсин. Келажакда Сенинг таржимангда дурдона асарларни ўқиш насиб этсин. Илоё, сенга таржима қиролларидан бири — улуғ устоз Иброҳим Ғафуровнинг йўлини берсин, деб дуо қиламан.

 

Ашурали ЖЎРАЕВ