“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

ЁШЛАР ЎҚИСА ЭДИ...

Устоз, Сизнинг чироқчилик Маҳмадўст бобо Бобоқуловнинг 85 йиллик тўйига бағишлаб “Ҳаёт билан юзма-юз” номли китобингизни мириқиб мутолаа қилдим. Элнинг кайвониси, Маҳмадўст бобонинг ушбу тўйига, қолаверса, китобингизнинг тақдимотига мен ҳам айтилгандим. Пойтахтнинг йироқлиги ёки чўнтакни ўйлаб эмас, ишнинг тўлиб-тошгани учун юртга боролмаганимдан, афсусдаман. Насиб этмади шекилли... Аммо Қашқадарё вилоят телерадиокомпаниясида тайёрланадиган “Олтин воҳа” мусиқий дам олиш дастури орқали кўрдим. Маҳмадўст бобонинг қутлуғ тўйи зўр ўтибди. Яхшининг тўйи яхши ўтади-да.

Ўроз ака китобни мендан ҳам кўра ҳозирги ёшлар қўлма-қўл қилиб ўқиса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Сабаби, китобингизда бугунги замон қаҳрамони Маҳмадўст бобо Бобоқуловнинг ҳаётий хулосалари чиройли акс этган. Мен ҳам эски тузум ситамларини кўп бўлмаса-да, озроқ татиб кўрганман. 1982 йилдан буён Чироқчи-Тошкент қатнайвериб пишиб кетдим. Ўша пайтлар Шаҳрисабздан битта “Икарус” автобус Тошкентга қатнар эди. Биз чироқчилик талабалар, асосан, автобуснинг ўртасида етти-саккиз соат тик туриб пойтахтга етиб олар эдик. Шунда ҳам менга ўхшаш абжир, ўқишга ташна йигитлар чиқарди, холос. Қолганлар икки-уч кундан сўнг, зўрға Тошкентга келарди. Ўқишни қолдириб юришарди. Ҳозир замон ўзгарди. Қашқадарё воҳасига ҳозир 6 соатга етмай етиб оласиз. “Икарус”га ҳеч ким чиқмай ҳам қўйди.

Ҳақиқатдан ҳам Маҳмадўст бобонинг фарзандларидан чироқчиликларгина эмас, Қашқадарё аҳли фахрланади. Қаҳрамонингиз ўғил-қизларини эсли-ҳушли, энг муҳими инсон қилиб тарбиялади. Шунинг учун ҳам улар Ажиниёз айтганидек, бу дунёга кўрк бўлиб юрибди. Машҳур широв, эл-юрт олдида катта ҳурмат-эътиборга эга Ажиниёзнинг бир гапини кўп такрорлашдан чарчамайман. У киши: “Бу дунёнинг кўрки одам боласи”, деганида ҳақ эди. Ҳаммамиз инсон бўлишга ва инсоннинг фарзанди бўлишга кўп интиламиз. Бировларнинг “ҳайвон экансан”, дейишидан Худонинг ўзи асрасин. Бекорга китобингиз ҳақида ёзаётиб: “Ёшлар ўқиса эди...” демаяпман. Чунки, сизнинг ушбу китобингизда нафақат воҳадек катта бир элнинг шоири, минглаб ижодкорларнинг устози айтган ашъорлар ва Маҳмадўст бобонинг катта ҳаётий фалсафалари жой олган. Унда ўтмишдаги оғир ҳаёт, уни енгиб ўтган мардановар элнинг фидойи одамлари моҳирона, тўғри ва очиқ гавдаланган. Энг муҳими, бариси ҳаётий ёритилган. Ҳеч қандай муболаға ёки заррача қўшимчалар йўқ. Бадиий тўқималар қилиб ортиқча ташбеҳлар ҳам берилмаган. Шунинг учун ҳам ёшларимиз китобни ўқиб, бугунги дориломон кунларга шукр қилса, дейман-да.

 

Эркин ЭСИРГАДИЕВ,

журналист