“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

УСТА ВА МАРГАРИТА: ЁХУД ТИЛСИМЛАНГАН МОҲИЯТ

 

Умид ХОЛЛИЕВ

Анча йиллар аввал Булгаковнинг бу асари қўлимга ҳам тушган. Уни ўқиб чиқдим, бироқ ҳеч нарса тушунолмагандим. У менда имловий ва луғавий хатоси йўқ, муаллифнинг мақсади мавҳум бўлган бир асар сифатида таассурот қолдирганди. Ҳақиқатда бу асар жудаям мураккаб ва одатий мен ўқиб юрган асарларга мутлақо ўхшамайди. Булгаковнинг бу асар орқали инсониятга етказмоқчи бўлган фикрини мен ўша вақтда англолмагандим. Ўзим университетни физика-математика факультетида ўқи­сам-да, адабиёт кафедраси ўқитувчиларига мурожаат қилиб ҳам мени қаноатлантира оладиган жавоб ололмагандим. Китобнинг бошланишида келтирилган К. Симоновнинг муқаддимаси ҳар қандай ўқувчига асарни тўлиқ ҳазм қилиш учун керакли бўладиган қувватни беролмасди. Асар воқеалари турли-туман ва ранг-баранг эди. Мен асардаги икки минг йиллар аввал Исо Масиҳнинг пракуратор Понтий Пилат томонидан қатл қилинишга ҳукм этилган тарихий воқеалар билан Маргаританинг парвози тасвирланган фантастик воқеалар ўртасидаги фалсафий умумийликни тополмасдим. Аммо адабиётшунослар орасида бу асарнинг шон-шуҳрати анча юқори эди. Мен, ҳатто бу асарнинг моҳиятини тушуниш қийин эканлиги унга сохта шон-шуҳрат келтирган деган шубҳага ҳам борган бўлсам-да, уни қачонлардир тушуниб етишни ўзимга мақсад қилиб олдим. Орадан йиллар ўтиб, мен бу мақсад йўлида Гётенинг «Фауст»ни, Кантнинг фалсафий қарашларини ва бошқа жаҳон адабиёти дурдоналари билан танишиб чиқдим. Назаримда Булгаков бу асари орқали инсониятни нимадан огоҳлантириб, нимани башорат қилганини сал-пал англаб етгандек эдим.

Булгаков бу асарни ёзишни бошлаган даврда ер юзининг катта бир қисмида инқилобий тўнтариш орқали кўплаб миллат ва элатларни ўз тасарруфига олган янги ижтимоий тузум, янги бир давлат барпо қилинганди. Булгаков фуқароси бўлган бу давлат ва унинг ҳукмдорлари ҳеч қандай эътиқодга ён бермасдилар. Фуқароларига озодлик, мутлақ ҳурлик, моддий фаровонлик ва яна олам жаҳон афзалликларни ваъда қилган бу ишчи-деҳқон ҳукумати диний эътиқоднинг ашаддий кушандаси бўлиб чиққанди. Бу давлатнинг асосчилари ва давомчилари инсоният маънавиятининг юксак чўққисини худоларсиз забт этиб, ҳаёт тарзининг мукаммал шакли деб ҳисоблаганлари коммунизм қуришни даъво қилардилар. Коммунистлар партиянинг мақсади ўзларига тобе бўлган халқлар онгидан диний эътиқодни сиқиб чиқариш ва барча эътиқод, барча ишончни ўзларига қаратишдан иборат бўлган. Улар бу йўлни энг мақбул ва мақсад сари тез элтувчи восита сифатида танлагандилар. Асар персонажлари муҳаррир Бездомний ва ёш шоир Берлиоз ана шу тузумнинг беминнат хизматкорлари эди.

Муҳаррир ва шоир жамият маънавиятининг гултожлари. Ана шундай башариятга маърифат тарқатиши лозим бўлган мўътабар касб, мўътабар даргоҳ қорни тўқ яшаши учун ҳар қандай тузумга хизмат қилишга тайёр олчоқлар томонидан забт этилганди. Асар воқеалари муҳаррир Бездомний ва шоир Берлиоз ўзининг зиммасига юклатилган вазифани сидқидилдан адо қилишга киришган ҳолатидан бошланади. Уларнинг вазифаси ўз ижодси, аниқроғи, ўз фаолияти билан жамиятни атеистик руҳда тарбиялаш. Муҳаррир Бездомний МАССОЛИТ аъзоси ёш шоирга диний эътиқодга зарба беришга қаратилган катта достон ёзишга буюртма берган ва бу достон тезда матбуот юзини кўриши керак эди. Достонда Исо пайғамбар шахс сифатида дунёда ҳеч қачон бўлмаганлиги, унга тааллуқли гаплар эса оддий уйдурмаю афсона эканлиги исботланиши лозим эди. Мақсад келажак авлодга атеистик руҳни сингдириш.

 Булгаковнинг башариятга айтмоқчи бўлган сўзи худди шу нуқтадан бошланади.

Эътиқоди таъқибга олинган халқ­лар ва ундан айрилган авлодлар билан инсон маънавиятининг юксак чўққисини забт этиш мумкин эдими? Коммунистик тузум ўз фуқаросига ўғрилик ёки фоҳишаликни ўз қонунлари орқали тақиқлаб қўйиши мумкин эди-ю, аммо ўзининг маъжусий аждодлари бу ишларни гуноҳ эканлигини диний ҳукмлар орқалигина тушуниб етганини англамаган авлодни бу иллатлардан сақлаб қола олмасди. Булгаков ўарб ва Шарқ фалсафасининг чуқур билимдони сифатида эътиқод йўқотилган жойда иллатлар ҳомийси Шайтони Лаъин ҳукмронлик қилишини ва бундай муҳит, бундай тузум пировардида ҳалокатга маҳкум эканлигини башорат қилган.

Булгаковдек даҳога коммунистларнинг диний эътиқодни рад этишдек мақсадлари остида ҳукуматни диндорлар билан бўлишмасликдек режа яширинганини пай­қай олиш ва уни бадиий адабиёт қонун-қоидалари асосида устамонлик билан фош этиш муҳим кашфиёт ҳисобланмасди. Аммо роман шундай бошланганда асар ҳам, Булгаковнинг ижоди ҳам натижаси аниқ бўлган таъқиб остига олиниши муқаррар эди. Коммунистик партия ва унинг раҳнамоларининг шаънига тегиб кетадиган ҳар қандай бадиий қочириқ у, ҳатто арзимас бўлса ҳам асло кечирилмасди. Бу даврга келиб адабиётнинг ҳар қандай тури ҳам партия ташвиқотининг қуролига айланиб бўлганди. Мана шу сабаблар Булгаковга ўз истеъдодини эркин намоён этишига йўл қўймасди. Аммо у ҳар қандай қўрқоқликдан қаттиқ нафратланган ва эътиқодсиз жамият, эътиқодсиз давлатни қандай зулмат чулғаб олишини ҳис қилиб турган. Бундай мураккаб вазиятдан у ўз ҳис-туйғуларига хиёнат қилмаган ва тарих қурбонига айланмаган ҳолатда чиқиши керак эди. Булгаков асар орқали инсониятга етказмоқчи бўлган фикрни ҳасадгўй ҳамкасблари ҳам ғаразгўй танқидчилар ҳам тушуниб етишини хоҳламаган ва бу йўлда ўзининг серқирра истеъдодини, чуқур тафаккурини ишга солган. Натижада асар ошиб ўтиш қийин бўлган илм деворлари, оригинал бадиий услуб ва ўарбу Шарқ фалсафаси билан ҳимояланган ҳолда дунёга келтирилган. Ижодкорнинг вазифаси аллақандай манфаат ва мақсад қисқа умрли воқеалар билан ҳисоблашиб утирмасдан адолат ва ҳақиқат тантанасига хизмат килиш керак бўлса, у аъло даражада уддаланган.

Асарда турли-туман гўёки тушунарсиздек кўринадиган тимсол ва персонажлардан фойдаланилган. Бундай тимсол ва персонажларни ёлғон бадиий тўқима ёки фантастика сифатида қабул қилиш мумкиндек, аммо улар орқали ифодаланган фикр ва ҳақиқатни ҳеч қандай партия, ҳеч қандай тузум инкор этолмайди. Асарнинг бошланишида мифологик персонаж Волландни моддийлашуви ўқувчи учун ажабланарли ҳол бўлса-да, Булгаковга у фақат Худонинг мавжудлиги хақидаги фикрларни унинг номидан баралла айтиш учун керак булган. Муҳаррир Берлиоз Волланднинг худонинг мавжудлиги хақидаги мулоҳазаларни ҳеч бир мантиқий жавоб билан рад эта олмаганидек ҳар қандай китобхон ҳам бу мулоҳазаларни инкор қилмайди. Бу мулоҳазаларнинг инсон қалбида иймон уйғотиш кучи Инжилдаги ҳеч бир ривоят ёки Куръони-Карим оятларидан кам эмас. Асар воқеалари орқали Булгаков Худонинг мавжудлигини исботлайдиган Фома Аквинскийнинг беш фалсафий далилини ва Кантнинг олтинчи далилини эсдан чиқариб бораётган инсониятга ўзининг фалсафий еттинчи далилини рўпара қилади. Волланднинг ўз тили билан айтганда, шайтоннинг борлигига ишонинг! Ягона илтимосим шу. Билингки, буни исботловчи еттинчи далил мавжуд, у энг ишончли далил! Бу далилнинг ишончлилиги шундаки, уни ҳеч ким кўрмаган, аммо ҳамма мавжудлигини хис қилиб туради. Барча халқларнинг қадимги битикларида, барча динларда бир хил сифат билан таърифланадиган ёвузлик ортида тургувчи барҳаёт куч, инсониятнинг ошкора душмани иллатлар ҳомийси. Унинг ҳукмронлигига изн берилган жойда инсониятнинг ҳалокати муқаррар. Асар воқеаларининг давоми Волланд ва унинг малайлари фаолиятига изн берилган муҳитда давом этади. Бундай муҳитда юксак маънавиятли инсонлар жамияти коммунизмни қуриш мумкин эдими? Асар бу саволга, аксинча, бундай жамиятнинг ҳар бир бўғини иллатлар гирдобига ғарқ бўлади, деган жавобни беради ва буни ўзининг ҳакқоний воқеалари билан исботлайди.

 

Умид Холлиев — 1973 йил Бухоро вилоятининг Қоракўл туманида таваллуд топган. Бухоро давлат университетида таҳсил олган. Ҳозирги кунда Қоракўл туманидаги Саноат ва транспорт касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси.