“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Мактублар
  • 26 марта кўрилган.

ҚОРХАТ

Ғафур ҒУЛОМ

Собир АБДУЛЛАга

ҚОРХАТ

Азиз дўстимиз Собиржон ибни Абдуллаевга етиб маълум бўлсинки:

 

«Қорни ёғдирган Худойимнинг ўзи,

Хат бориб тегсин, зиёфатнинг сўзи».

                                       (Боболар сўзи)

 

Қўлингизда ярқираб турган бу хат — қорхат, укам,

Қўлга тушдингиз, иложсиз белни боғлайсиз макам.

 

Бисти панжум йиғилурмиз улфати чор, ўргилай,

Ҳарнаки топган-таёнгон бўлса ночор ўргилай.

 

Ўн қадоқ гўшт, бир қази — тошкентча «норин» дейдилар,

Қўлга тушгач хоҳ ранжи, хоҳ оғрин, дейдилар.

 

Битта хуш хониш дуторчи қизгина бўлса, фаранг,

Ғозадин юзларда тобу ўсмадин қошлар таранг.

 

Мен-ку ичмайман, ароқхўрнинг ароқдир шеваси,

Менга басдир бир яшик «Жигулевский» певаси.

 

Иссиқ уйда сиз мулозим, биз таралло қилғумиз,

Мияни қўлга қоқиб бергунча ялло қилғумиз.

 

Воқеан, ёддан чиқай дебдир талабнинг тантиси,

Яхна гўшт, япроқ қази, закускамизнинг мантиси.

 

Ким келур эркан, десангиз: сақлабон эски удум,

Мен бўлурман, мавлави Шайх, мулла Уйғуни фўрум.

 

Миртемир хушкайфлиги ғоят тамошо бўлғуси,

Қаҳқаҳа авжга чиқиб, савсем харошо бўлғуси.

 

Ёз ҳам ўтди, куз ҳам ўтди, қорга чўмди боғлар,

Боғингиздан бир ғужум ҳам тотмади ўртоғлар.

Собиро, тан бер ўзинг ҳам,  биз каби меҳмон қани,

Борми инсофинг, оромизда ушалган

                                       нон қани?

 

Анча гина-гудратингиз бор

                     эмиш мендан, укам,

Парво қилманг, кори олам

                     доимо бир мири кам.

 

Балки бу суҳбат аросида

                              ечилгуси тугун...

Хулласи, манярғабу бўлсин

                     зиёфатлар тўкун, —

деб Ғафур Ғулом

Қўлга тушсам жавобгарман,

                     деб қўлим қўйдим.

 

1945 йил 16 ноябрь, рўзи жума.