“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

Холу хатинг хаёлидин...

Алишер НАВОИЙ

                          * * *

Холу хатинг хаёлидин, эй сарви гулъузор,

Гоҳи кўзумга хол тушубдур, гаҳи ғубор.

 

Юзунгда хол сафҳада томғон каби қаро,

Холинг малоҳати туз эрурким қарода бор.

 

Жонимни ўртаган юзу холингни билмасанг,

Ўт шуъласида айла гумон бир ўчуқ шарор.

 

Билмон, кўнгулда холларингнинг хаёлидур,

Ё кипригинг тиканларин айлабсен устивор.

 

Ҳар дам кўнгул ҳалоку кўзум тийра бўлмоғин

Билгай бировки, ёра эрур шўху холдор.

 

Машшотайи қазо безамиш холу хаттини,

Беихтиёрликда манга борму ихтиёр?

 

Мискин Навоий холи лабинг кўрса жон берур,

Боқсанг не бўлди сурати ҳолиға, эй нигор?

 

                          * * *

Ўзга бўлди ёру меҳри манга боқийдур ҳануз,

Нотавон кўнглумда ул ой иштиёқидур ҳануз.

 

Гарчи ўзга ёр истар хотирим, бордур валек,

Жон анга манзил, кўнгул онинг висоқидур ҳануз.

 

Ғайр ишқи кўнглум эвинда нечук қилғай нузул,

Ким хаёли маскани кўзим равоқидур ҳануз.

 

Ишқ ила май таркин, эй носиқ, не навъ айлай қабул,

Ким кўнгулга орзу ул турфа соқийдур ҳануз.

 

Фурқат ўти дофии доғ ўртамакдур демаким,

Ўртаган жоним ул ой доғи фироқидур ҳануз.

 

Чарх ёлғуз қилмади Фарҳод қонин лолазор,

Лола қонин тўккучи онинг нифоқидур ҳануз.

 

Эй Навоий, гарчи мени меҳрсиз дер эрди ёр,

Ўзга бўлди ёру меҳри менда боқийдур ҳануз.

 

                          * * *

Ё раб, ул юзни даме кўзумга пинҳон айлама,

Ё кўзимни ондин ўзга юзга ҳайрон айлама.

 

Чеҳрасига мезбон ўлсун кўзум, ул чеҳрани

Кўзларим уйидин ўзга уйга меҳмон айлама.

 

Очмайин зулфи паришон кўнглума чектирма оҳ,

Етмайин оҳим ели зулфин паришон айлама.

 

Жонима лаълидин ўзга лаълдин берма ҳаёт,

Лаълиға жонимдин ўзга жонни қурбон айлама.

 

Бошима кўйидин ўзга кўйни қилма ватан,

Кўйида бошимдин ўзга бошни ғалтон айлама.

 

Эй кўнгул, давр аҳлидин минг йилчилиқ йўл

гўша тут,

Ё алардин етса юз минг ғусса афғон айлама.

 

Истасанг, эй гул, Навоийдек хуш илҳом

булбуле,

Ғунчадек кўнглин маломат хоридин қон

айлама.