“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

Ўзбекистон — қиёси йўқ диёр

Ўзбекистон мустақиллигининг 24 йиллигига бағишланган “Ўзбекистон – жаннатмакон юрт” китоб-альбоми нашрдан чиқди.

Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги тизимидаги “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйида чоп этилган мазкур китоб-альбом юртимиздаги тарихий обидалар, янги бунёд этилган иншоотлар, муқаддас қадамжолар, диёримизга хос меъморчилик намуналари, янги бунёд этилган бинолар, олиб борилаётган ободончилик ишлари, мамлакатимизнинг гўзал табиати, миллий урф-одатлари, пазандачилик санъати, ҳунармандчилик намуналари ҳақи­даги маълумотларни ўзида жамлаган бўлиб, у ўзбек, рус ва инглиз тилларида кенг омма эътиборига ҳавола этилди.

Китоб-альбом бир неча бўлимлардан иборат бўлиб, унда Тошкент шаҳри ва вилояти, Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда бошқа вилоятлар ҳақидаги энг муҳим маълумотлар сифатли фотосуратлар орқали бўлимларга ажратилган ҳолда батафсил баён этилган.

Жумладан, 2007 йилда “Ислом маданияти маркази” сифатида эълон қилинган пойтахтимиз Тошкент шаҳри ҳамда Тошкент вилояти бўлимида пойтахтимизнинг Мустақиллик майдони, бир-биридан гўзал, мафтункор ва муҳташам азим иншоотлар акс эттирилади.

Қорақалпоғистон Республикасига аталган бўлимда ўқувчилар қорақалпоқ халқининг ўзига хос этнографияси, табиати, миллий либослари, Қорақалпоқ давлат санъат музейига оид маълумотларни олиши мумкин.

Бетакрор тарихий обидалари ва халқ амалий санъати билан жаҳонни мафтун этган қадимий ва ҳамиша навқирон Бухоро вилоятига аталган саҳифалар эса барчага бирдек манзур бўлиши табиий. Зеро, таъкидлаш ўринлики, беҳисоб мажмуалар, ўзига хос нақш­лар билан безатилган мадрасаю, масжидларга бой, Исмоил Сомоний, Минораи Калон, Абдухолиқ Ғиждувоний, Абдулазизхон, Мир Араб мадрасалари жойлашган Бухоро вилояти бутун дунёга маш­ҳурдир. Боқий ва навқирон Бухоро монументи фотосурати вилоятда олиб борилган бунёдкорлик ишларининг бир намунаси сифатида ўқувчиларни бефарқ қолдирмайди. 

Шунингдек, 2750 йилдан ортиқ тарихга эга Регистон майдони билан оламга маш­ҳур бўлган Самарқанд вилояти ҳақидаги фотолавҳалар ушбу ҳудуд  бежизга маъмурий, савдо-ҳунармандчилик, диний ва таълим маркази сифатида бутун дунёда ном қозонмаганлигидан шоҳидлик беради.

Китоб-альбомда ҳозирда улкан таъмирлаш ва бунёдкорлик ишлари изчил тарзда олиб борилаётган ўтмишдан машҳур алломалар, шоир ва файласуфлар, ёзувчи ва муҳандислар, моҳир хаттот ва таржимонлар яшаб ўтган қадимий Қашқадарё вилояти, “Очиқ осмон остидаги музей” саналмиш “Ичан қалъа” мажмуаси билан дунёга донг таратган Хоразм воҳаси ҳақида ҳам кенг ва атрофлича маълумотлар берилган. 

Қолаверса, “Ўзбекистон – жаннатмакон юрт” альбомида аҳолиси жиҳатдан зич ва ҳудудий жиҳатдан энг кичик Андижон вилояти, пичоқчилик санъати билан нафақат ўлкамиз, балки дунёда машҳур гўзал Наманган вилояти, қадимда Хитойдан Европага олиб борувчи Буюк ипак йўли ўтган Фарғона водийси, боғдорчилик ва узумчилик ривож топган, полиз экинлари билан донгдор Сирдарё, ажойиб ва мафтункор табиатга эга Жиззах, Искандар Зулқарнайн қалъаси, Работи Малик карвонсаройи монументал ёдгорлиги, Намозгоҳ масжиди, Мир Саид Баҳром мақбараси, Қосимшайх мажмуаси билан маълуму машҳур Навоий, 2014 йилда Юртбошимиз Фармонига биноан “Амир Темур” ордени билан тақдирланган Термиз шаҳри ҳақидаги фотодалиллар ўз ифодасини топган.

 

Шаҳриёр МАНСУРОВ,

Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги Ахборот хизмати раҳбари