“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

Уммон қаъридаги жавоҳир

Зикрилла ТЕШАБОЕВ,

Фарғона вилояти ҳокимлиги халқ таълими бошқармаси бошлиғи

 

— Дунё тамаддуни ривожланган, тезкор ахборот даврида глобал муаммоларга ечим топиш учун китобдан қандай фойдаланиш керак? Бу борада китобнинг ўрнини қандай баҳолайсиз?

— Бугун дунё тамаддунида ахборот технологияларидан фойдаланиш қанчалик кенг тарқалмасин, хеч бир манба болаларимизга китоб ўқиш завқини, бадиий асар орқали бериладиган маънавий озуқани бера олмайди. Қолаверса, турли хил оммавий-ахборот хуружларидан фарзандларимизни маънан ҳимоя қилишнинг бирдан-бир йўли уларда китобхонлик маданиятини шакллантириш, бадиий асарларни ўқишга бўлган қизиқишларини оширишдир. Китоб ўқиш киши онги ва фикрлаш қобилиятини ўстиради. Китобхон ўқиган асарини уқишга, англаб, тушуниб олишга интилади. Китобни интернет саҳифаларидан ҳам топиб ўқишимиз мумкин, лекин китобни варақлаб, уни ёстиғинг тагига қўйиб ўқишдек ҳузурни топиб бўлмайди.

— Бугун мутолаанинг ёшлар тарбияси ва маънавиятига таъсири, яхши ва савиясиз китоб ўқишнинг оқибатлари ҳақида сўрасак...

— Бугун яратилаётган барча асарларни ҳам юқори савияда ёзилган ёки болаларни маънавий жиҳатдан тўғри тарбиялашга хизмат қилади деб айта олмаймиз. Ҳаётда турфа хил фикрлайдиган инсонлар бўлганидай, китоблар орасида ҳам яхши ва нотўғри фикрлар гирдобига тортадиган, китобхонни йўлдан уриши мумкин бўлганлари учрайди. Шунинг учун ҳам фарзандларимизда китобхонлик маданиятини тўғри шакллантириш, асар мазмуни, унинг ғояси нимага қаратилганлигига эътибор қаратиш муҳим аҳамиятга эга. Бунинг учун фарзандларимизга китобни ўқиб, унинг фусункор оламига кира билишлари, китоб танлаш, уни ўқиганда нималарга эътибор бериш ва нималарни эсда сақлаб қолиш кераклиги, керакли маълумотларни олишларида мактаб, ота-оналар кўмак беришлари лозим.

Агар ўқилган асар китобхонга оз бўлса хам шижоат, куч-ғайрат, руҳий поклик бахш этмаса, ўқиш учун сарф этилган вақт беҳуда, маъносиз сарфланган бўлади. Асар китобхонга қувонч ва алам, шижоат ва руҳий тазарру келтирмаса, жаҳон адабиёти тарихини билишдан маъно йўқ. Биз ўзимизни ва ташвишларимизни унутиш учун эмас, ҳаёт сўқмоқларида тўғри қадам ташлаш учун ўқишимиз керак. Ҳар бир китобхонга қанақа китоб ўқиш ва сотиб олиш борасида мустаҳкам маслаҳат, қоидани кўрсатиб бўлмайди. Энг муҳими, китоб кишини тўғри яшашга ўргатувчи ва ҳаётда ўзига мос ўрин танлаб олишга кўмак берувчи дарслик ҳамда инсон учун энг беминнат дўстдир. Чунки ундан исталган вақтда фойдаланишимиз мумкин. Бинобарин, китоблар сизга ҳеч қандай шарт қўймайди. Шу боисдан ҳам китоб ўтмишни ҳам, бугун ва эртани ҳам боғлаб турувчи кучли воситадир.

— Халқ таълими тизимида китоб тарғиботи бўйича қандай ишлар амалга ошириляпти?

—  Ўқувчиларни бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларни кутубхонага жалб қилиш, китобхонлик даражасини ошириш мақсадида шаҳар ва тумандаги барча таълим муассасаларида турли хил мавзуларда тадбирлар ўтказилмоқда.

Қўқон шаҳар, Риштон, Ёзёвон, Олтиариқ туманларида «Бетакроримсан, ягонасан, Она Ватаним, Ўзбекистоним», «Китоб бизни бирлаштиради», «Танишинг, янги адабиётлар», «Кеча ким эдигу бугун ким бўлдик», «Она Ватан азиз», «Таъзим сизга, устозлар» мавзуларида тадбирлар ўтказилиб, ўқувчиларни билим савияси янада оширилмоқда.

Таълим муассасаларида “Китобхонлар байрами” тадбири доирасида “Адабиёт кунлари”, “Китобим офтобим”, “Бир фарзандга уч китоб”, акцияси, “Мактаб — кутубхона — оила — жамоат — ташкилотлари” хайрия тадбири, “Энг яхши китобхон ўқувчи”, “Китобхон мактаб” кўрик-танловлари барча шаҳар ва туманларда юқори даражада ўтказилди ва бир қанча ходимларимиз вилоят, республика миқёсда ўтказилаётган тадбирларда фахрий ўринларни қўлга киритмоқдалар.

Шунингдек, 2015 йил 28 май куни Аҳмад Ал-Фар­ғ­оний номидаги истироҳат боғида “Адабиётга эътибор — маънавиятга, келажакка эътибор” шиори остида Республика китоб байрами бўлиб ўтди. 

2015 йил 19-сентябр куни вилоят марказидаги 4-сонли мусиқа ва санъат мактабида «Соғлом ва маънавий етук авлод — юрт келажаги!» шиори остида «Болалар китоби» 2- Республика фестивали ўтказилди. Шу муносабат билан, ушбу фестивалда умумтаълим мактаблари ўқувчилари, меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оила фарзандлари фаол иштирок этдилар. Фестивал давомида турли номинациялар бўйича китобхонларга диплом ва эсдалик совғалари топширилди. 

Жумладан, Марғилон шаҳар, Қўштепа, Бувайда, Боғдод, Данғара туманларидаги таълим муассасаларида китоб тақдимотлари, давра суҳбатлари, адабий кечалар ўтказилиб келинмоқда. Президентимизнинг «Она юртимиз бахти, иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш — энг олий саодатдир» номли китоби тақдимоти ўтказилди. Ўқувчиларга китобнинг ҳар бир банди бўйича шарҳ берилиб, тарғиб қилинди.

Аҳоли билан ишлашнинг энг қулай усулларидан бири маҳалла фуқаролар йиғинлари билан ишлашдир. Уларда кўчма кутубхоналар ташкил этиш, уй бекалари ва маҳалла аҳолисининг қизиқишларини ўрганган ҳолда қизиқарли оммавий тадбирлар, «Ораста қизлар» танловларини уюштириш яхши самара бермоқда. Маҳаллалардаги ёши улуғ китобхонларга уйига бориб хизмат кўрсатиш йўлга қўйилган. Шунингдек, мактабгача таълим муассасаларида кўчма кутубхоналар ташкил этилган бўлиб, АРМлардаги китоблар вақти билан алмаштириб турилади. Боғча тарбия­ланувчилари учун қизиқарли тадбирлар, овозли ўқишлар ва мултьфильм намойишлари кўрсатиб борилади.

Вилоятдаги ахборот-ресурс марказлари ҳамда барча умумтаълим муассасаларида китоб тарғиботи бўйича вилоят Ёзувчилар Уюшмаси билан ҳамкорликда вилоятимизда яшаб, ижод қилаётган шоир ёзувчиларимизнинг китоблари тақдимотини ўтказиш борасида режа тузилиб, барча шаҳар ва туманларимизда китоб тақдимотлари ўтказилмоқда.

— Сиз мутолаа учун қандай мезонлар асосида китоб танлайсиз?

— Ҳар бир инсоннинг ўз севимли ёзувчиси бўлади. Ҳамма нарсани ўқийвериш ярамайди, дилда туғилган саволларга жавоб бера оладиган китобларнигина ўқиш керак. Китоб тор маънода китоб ўқишни билдирса, кенг маънода танлаб ўқиш, ҳис этиш, англаш ва фикр билдириш тушунчаларини ўз ичига қамраб олади. Бирор бир асарни ўқий бошласангиз, 5-10 саҳифа ўқиганингиздан кейин ўз-ўзидан асарнинг давоми, қаҳрамонларнинг кейинги тақдири билан қизиқа бошлайсиз ва имкон қадар тезроқ охиригача ўқишга киришиб кетасиз. Бу асар, демак сизни ўз дунёсига торта олган бўлади.

Мен хам халқимиз тарихида улкан маънавият ҳамда комиллик даражасига етган, Нажмиддин Кубро, Жалолиддин Мангуберди, Юсуф Хос Ҳожиб, Алишер Навоий, Абдулла Қодирий, Чўлпон каби гўзал қалб соҳиблари, буюк адабиёт намояндаларининг асарларини севиб, такрор-такрор ўқийман, хар сафар қайтадан ўқиганимда ўзим учун янги бир олам, янги мазмун, янги ҳаётий ҳикматларни кашф қиламан. Мустақиллигимиз шарофати билан 2011 йилда она тилимизда янгитдан нашр этилган “Темур тузуклари” китоби қадимий ва бой, буюк тарихимиз, бебаҳо меросимиз, миллатимизнинг азалий қадриятларини ўрганишда ноёб қўлланма десак муболаға бўлмайди. Бундай асарлар чин маънода миллий дурдонамиз, бебаҳо бойлигимиздир.

— “Китоб дунёси” ҳақида фикрларингиз...

— “Китоб дунёси” газетаси бугун адабиёт гулшанидаги энг сара асарларни китобхон оммасига, аҳолининг кенг қатламига кириб бориши, уларнинг маънавий саводхонлигини ошириш, ўқувчида китобни асраб-авайлашни энг муҳим инсоний хислат сифатида шакллантириш ва бу анъанани ёш авлод онгига сингдиришдек эзгу ишга ўз ҳиссасини қўшиб бормоқда.

Сўзимнинг охирида фарғоналик кўп сонли китобхонлар номидан бугун ўзбек оилаларига, таълим масканларига, ўқувчиларимиз қалбига нур, зиё олиб кираётган «Китоб дунёси» газетаси таҳририят ходимларига сиҳат-саломатлик ва ижодий баркамоллик тилайман.

 

Гулбадан ДЎСТМУРОДОВА суҳбатлашди