“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

Тошкент — жаҳон китоблар пойтахти бўлсин!

Акмал САИДОВ,

профессор:

Мутафаккирлар дунё алифбо ҳарфлари орқали яралган ва бу олам китобларга битилган дейишади. Китоб ҳар биримизни илмлар дунёсига қўлимиздан етаклаб олиб киради, ўз мўъжизавий сайёрамиз ва чексиз коинот сир-асрорларидан воқиф этади. Китоб бизни ватанпарварлик, одамийлик, касб-ҳунарга ўргатади, ҳаётда ўз ўрнингизни топишга кўмаклашади, доно маслаҳатлар беради. Китоб таърифларини ана шундай узоқ давом эттириш мумкин.

Яхшиси яна бир бор муҳтарам Президентимиз Ислом Каримовнинг «Юксак маънавият — енгилмас куч» асарига мурожаат қилайлик: «Аждодларимиз тафаккури ва даҳоси билан яратилган энг қадимги тошёзув ва битиклар, халқ оғзаки ижоди намуналаридан тортиб бугунги кунда кутубхоналаримиз хазинасида сақланаётган минг-минглаб қўлёзмалар, уларда мужассамлашган тарих, адабиёт, санъат, сиёсат, ахлоқ, фалсафа, тиббиёт, математика, минералогия, кимё, астрономия, меъморлик, деҳқончилик ва бошқа соҳаларга оид қимматбаҳо асарлар бизнинг буюк маънавий бойлигимиздир. Бунчалик катта меросга эга бўлган халқ дунёда камдан-кам топилади».

Ҳа, биз буюк ва даҳо аждодларимиз шарофати билан ана шундай ноёб ва бебаҳо маънавий бойликка эгалигимиз билан ҳар қанча ғурурлансак ва фахрлансак арзийди. Биз жаҳон тамаддунининг ушбу беқиёс дурдоналарини авайлаб сақлаш билан бирга ушбу илм ва тафаккур хазиналаридан халқимиз, айниқса, ёшларимиз тўла баҳраманд бўлишлари учун саъй-ҳаракатларимизни янада фаоллаштиримиз лозим. Зеро, маш­ҳур инглиз файласуфи Фрэнсис Бэконнинг таърифига кўра, китоб «Вақт тўлқинларида сузадиган ва ўзининг қимматбаҳо юкини авлодлардан-авлодларга эҳтиёткорлик билан етказадиган тафаккур кемаси»дир.

Шу маънода, «Китоб дунёси»нинг 2015 йил 9 сентябрь сонида эълон қилинган «Қалбни уйғотгувчи куч. Бир кунни «Китоб куни» деб эълон қилсак» мушоҳадали мақолада диққатга молик фикрлар билдирилган. Ота-оналар томонидан фарзандларига туғилган кунларида, никоҳдан ўтаётган келин ва куёвларга китоб совға қилиш, оммавий ахборот воситаларида адабиётни тарғиб этиш таклифлари қўллаб-қувватланишга арзийди.

Муаллифнинг асосий ғояси — юртимизда ҳар ойнинг бир кунини «Китоблар куни» деб эълон қилиш таклифи хусусида тўхталсам, 1995 йил 15 ноябрда ЮНЕСКОнинг 28-сессиясида маданий анъаналарни ривожлантириш мақсадида ҳамда китоблар билимларни тарқатишнинг энг муҳим воситаси эканлиги ҳисобга олинган олиниб, машҳур адиблар — Мигель де Сервантес, Уильям Шекспир, Инка Гарсиласо де ла Вега, Владимир Набоков ва бошқаларнинг хотирасига улар вафот этган кун — 23 апрелда «Умумжаҳон китоблар ва муаллифлик ҳуқуқи куни» деб эълон қилиш тўғрисида 3. 18-сон резолюция қабул қилинган ва ушбу байрам жаҳонда 1996 йилдан бери нишонланиб келинади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ушбу ихтисослашган муассасаси ЮНЕСКО мазкур қарорни қабул қилишда «Китоблар куни»ни нишонлаб келган бошқа мамлакатларнинг тажрибасини ҳисобга олган. Хусусан, Испанияда 1926 йилда Сервантес вафот этган кун — 23 апрелни Испан китоби куни сифатида байрам қилиш тўғрисида Қирол Альфонс XIII махсус декрет чиқарган.

Жаҳон китоблар куни юздан ортиқ давлатларнинг таълим муассасалари, ташкилотлари, кутубхоналарида, китоб ихлосмандлари ўртасида кенг байрам қилинади. Бу халқаро сана фақат китобларни тарғиб этиш билан чегараланиб қолмасдан, турли маданиятлар билан яқиндан танишиш, халқлар ўртасидаги ҳамкорлик ва мулоқотни мустаҳкамлаш, айни пайтда ижодкорларнинг муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтириш воситасига айланган.

Дунёда, шунингдек, машҳур болалар ёзувчиси Г. Х. Андерсон туғилган кун — 2 апрелда «Халқаро болалар китоби куни» ҳам нишонланади. Бу байрам таниқли немис ёзувчиси Йелле Лепман ташаббуси асосида 1967 йилда Болалар китоби бўйича халқаро кенгаш нотижорат ташкилоти томонидан таъсис этилган. Ҳар йили ана шу халқаро куннинг ҳомийси сифатида Болалар китоби бўйича халқаро кенгашга аъзо миллий ташкилотлардан бири майдонга чиқади. Ана шу байрам муносабати билан жаҳоннинг машҳур болалар ёзувчилардан бири курраи заминимизнинг ёш китобхонларига байрам табриги, истеъдодли рассомлардан бири эса тегишли плакат тайёрлайди. Кейин бу табрик ва плакат дунё мамлакатларида кенг оммалаштирилади.

Асарларида болалар ва ўсмирлар ўртасида бағрикенглик идеалларини энг истеъдодли тарғиб қилган муаллифлар учун ЮНЕСКО мукофоти ҳам таъсис этилган.

Китоб билан боғлиқ яна бир халқаро санани — «Умумжаҳон ёзувчилар куни»ни ҳам кўрсатиш лозим. Адибларнинг ушбу касбий байрами ҳар йили 3 март куни нишонланади.

Мамлакатимизда ҳам китобни тарғиб қилиш бўйича зарур тадбирлар ташкил этилмоқда. Яқиндагина — шу йилнинг сентябрь ойида Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятларда «Болалар китоби» II республика фестивали бўлиб ўтди. Маданият ва спорт ишлари, Халқ таълими вазирликлари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, «Соғлом авлод учун» халқаро жамғармаси томонидан ташкиллаштирилган ушбу тадбирнинг якунловчи қисми давлатимиз пойтахти — Тошкентда чинакам катта китоб байрамига айланиб кетди.

Ўзбекистон жаҳон ҳамжамиятининг тенг ҳуқуқли аъзоси эканлигини ҳисобга олган ҳолда ана шу халқаро саналар юртимизда ҳам эътиборга олинса ва кенг нишонланса мақсадга мувофиқ бўларди. Чунки билимлар сарчашмаси бўлган китоб­ларни кенг тарғиб этиш учун ҳар қандай имкониятдан фойдаланиш нур устига аъло нур бўлиши шубҳасиздир.

Бу ўринда шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ЮНЕСКО 2001 йилдан эътиборан ноширлик ва матбаачиликнинг асосий соҳалари — Халқаро ноширлар уюшмаси, Халқаро китоб савдоси ходимлари федерацияси, Халқаро кутубхона уюшмалари ва муассасалари федерацияси билан биргаликда дунёнинг турли мамлакатлари шаҳарлари орасидан ҳар йилги Жаҳон китоблар пойтахтини танлайдилар. Ҳозирга қадар ушбу шарафга Испаниянинг Мадрид, Мисрнинг Александрия, Ҳиндистоннинг Нью-Дели, Бельгиянинг Анверпен, Канаданинг Монреаль, Италиянинг Турин, Колумбиянинг Багота, Голландиянинг Амстердам, Ливаннинг Бейрут, Словениянинг Любляна, Аргентинанинг Буэнос-Айрес, Арманистоннинг Ереван, Таиланднинг Бангкок, Нигериянинг Порт-Харкорт шаҳарлари сазовор бўлган.

2015 йилда жаҳон китоблар пойтахти сифатида Корея Республикасининг Инчхон шаҳри танланди. Халқаро ташкилотчилар бунда ушбу шаҳарнинг китобсеварлар ташкилотлари томонидан таклиф этилган. Ёшлар ва аҳолининг кам ҳимояланган гуруҳлари ўртасида китоб ўқиш маданиятини ривожлантиришга йўналтирилган дастур ишлаб чиқилганлигини ва у амалга оширилаётганлигини ҳисобга олганлар.

ЮНЕСКО Бош директори Ирина Бокованинг 2015 йилги Жаҳон китоблар куни муносабати билан адабиёт ихлосмандларига табригида ушбу сананинг байрам қилиниши ижод, ўз ғоялари ва билимларини ўртоқлашишга, мулоқот ва бағрикенгликка интилиш рамзи эканлиги, шу билан бирга, бу бизга китобларнинг ҳаётимизни яхши томонга ўзгартиришга қодирлигини тасдиқлаш ҳуқуқини бериши ҳамда китоб муаллифлари ва ноширларни қўллаб-қувватлаш имкониятини яратиши сифатида баҳоланган.

Ҳаммамизга яхши маълумки, Тошкент ислом маданияти пойтахти шарафига сазовор бўлган шаҳардир. Фикримизча, Тошкент — жаҳон китоблар пойтахти бўлиши учун ҳам барча имкониятлар мавжуд.

Мамлакатимизда истиқлол йилларида китобларни, айниқса, болалар адабиётларини нашр қилиш, уларни кенг тарғиб қилиш борасида бошқа давлатлар учун ибрат бўладиган катта тажриба тўпланган. Ҳозирги вақтда ўзбек адибларининг асарлари билан бир қаторда жаҳон адабиётининг мустақилликка қадар ўқиш ҳам ман этилган кўпгина шоҳ асарлари давлат тилимизга таржима қилиниб, нашр этилмоқда. Пойтахтимизда ҳамманинг ҳавасини уйғотадиган, жаҳондаги энг нуфузли кутубхоналардан биноси билан ҳам, сақланаётган адабиётлар мундарижаси ва сони билан ҳам асло қолишмайдиган Ўзбекистон Миллий кутубхонаси самарали фаолият олиб бормоқда, бошқа шаҳар ва қишлоқларда кутубхоналар тармоғи кенгаймоқда, китоб савдоси ҳам жадал ривожланиб бормоқда.

Тошкент — жаҳон китоблар пойтахти мақомига сазовор бўлиш учун тегишли ташкилотлар — энг аввало, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Маданият ва спорт ишлари, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари, Давлат матбуот қўмитаси, «Маҳалла» жамғармаси, Республика Хотин-қизлар қўмитаси, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати, бошқа манфаатдор идоралар ва жамоат бирлашмалари ҳамкорлигида махсус жамоатчилик кенгаши тузилиши ва у мамлакатимизда китоб тарғиботни кучайтириш бўйича махсус дастур ишлаб чиқилиши мақсадга мувофиқ бўларди деб ўйлаймиз.

Бу дастур, жумладан, юқорида муҳтарам Юртбошимиз кўрсатиб ўтган бебаҳо ва нодир маданий меросимизни тар­ғиб этишни фаоллаштириш мақсадига йўналтирилиши мумкин. Биз бутун жаҳонга кўз-кўз қила оладиган маънавий обидаларимиз — Хоразм воҳасида яратилган «Авесто», «Алпомиш» достони каби халқ оғзаки ижодининг дурдоналарини, шунингдек, Шарқ Уйғониш даврида математика, астрономия, физика, химия, геодезия, фармакология, тиббиёт каби аниқ ва табиий фанлар, шунингдек, ислом маданиятига, тарих, фалсафа ва адабиётнинг равнақ топишига улкан ҳиссаларини қўшган буюк мутаффакирларимиз Термизий ва Мотуридий, Ғиждувоний ва Баҳоуддин Нақшбанд, Мусо Хоразмий ва Аҳмад Фарғоний, Беруний ва Абу Али ибн Сино, Алишер Навоий ва Бобур, Амир Темур ва Мирзо Улуғбек ҳамда бошқаларнинг асарларини кенг тарғиб қилиш борасида ибрат бўла оламиз.

Ватанимиз остонасининг жаҳон китоблар пойтахти шарафига муяссар бўлиши адабиётлар тарғиботини кучайтириш, китобларнинг жамиятимиз ва ҳар бир инсон ҳаётидаги мавқеини янада мустаҳкамлаш, китобсеварлар сонини ошириш оқали Ўзбекистонда маънавиятни янада равнақ топтиришга хизмат қилиши шубҳасиздир.