“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

Дарахтлар кўлкасидан ҳадиксираб қарар ул

Ўлжас СУЛАЙМОНОВ,

Қозоқ шоири

* * *

Мен ҳар бир ёзувчи ўз ҳаётида ҳеч бўлмаганда ўзининг бир буюк китобини ёзиб қолдириши керак деб ўйлайман. Шундагина у ёзувчи сифатида шаклланиб етилган бўлади.

 

* * *

Ал-Форобий – араб тилида ижод қилган биринчи файласуф. Аристотел, Платон сингари буюк файласуфларнинг асарларини араб тилига таржима қилган. Ўзининг рисолаларида ҳам шу зотларнинг ғояларини давом эттириб ривожлантирган. Арасту – Аристотелни Оврупода ҳам, Юнонзаминдагина эмас Х-ХI аср мусулмон шарқида ҳам дунёнинг Биринчи муаллими деб аташган. Ал-Форобий бобомиз Иккинчи муаллим рутбасига муносиб кўрилди.

 

* * *

Давлат, салтанат асосчиларининг энг яхши ёдгорликлари уларнинг ўзлари бунёд этган давлатларидир. Бунга улар барпо этган шаҳарларни ҳам қўшиш мумкин... Амир Темурдан ул зотнинг жонли сиймосига қараб яратилган ҳайкаллар бўлмаслиги мумкин, аммо Соҳибқирон бунёд этган шаҳарлар Самарқанд, Бухоро, у киши бино этган муҳташам Хожа Аҳмад Яссавий мақбараси мангу барҳаёт ёдгорликдай яшаб келмоқда.

 

* * *

Тоғларнинг юксаклигини ерга урмасдан, дашту чўлларни юксакка кўтармоқ керак.

 

* * *

Менинг онам жуда донишманд аёл эди. У менга фақат шундай деб насиҳат қиларди: “Мағрур одам билан доим мағрур бўл – у ҳам пайғамбарнинг боласи эмас. Хушмуомала киши билан ҳамиша яхши муомала қилки, у сенинг отангнинг қули эмасдир. Агар бирор одамни учратиб қолсанг, уни кўрганингдан хурсанд бўлгилки, эҳтимол, сен бу инсонни охирги марта кўраётгандирсан.” “Тош билан урганни ош бериб меҳмон қил...” Онам насиҳатларини, онамнинг сабоқларини мен ҳамиша ёдимда сақлаб юраман...

 

“Ўлжас билан суҳбатлар” китобидан

 

Қора Ва Қизил

Fas – Рим қонунчилигида

энг олий ҳуқуқ.

Fas est – “Ҳамма нарса мумкиндир”.

Рим саркардалари легионларни

Fas ҳуқуқи билан қуроллантириб

аскарларни юбордилар босқинчи шаҳарларга.

Fas – ғижирлатинг тишларни:

бу олам сизларники.

Fas – бегона ҳаётга ва мулкка

йўқдир таъқиқ.

Fas – қаҳрдан қисилган кўзларнинг

нафратидир,

инсонликнинг тугашини билдиргувчи бу тасдиқ.

Шунда ХХ аср Римида

кесишган қўш чақмоқдай ўт олди Fasist сўзи.

Ҳа, қора кўйлакли тўнғич файласуф

тилшунос эди.

Жоҳил дунё мерос қолди

унга аждодларидан.

(у тарихчи эди).

у – қора кўйлакда,

у – қораларга қарши

(у телба эди).

Бизга

ҳамма нарса мумкиндир!

Ҳатто мантиқ ва ўхшашлик

ҳамда она бўрини эмган

Ромул ила Румни эслаш ҳуқуқи.

Асрлардан мангуликка

такрорланар жим

қия манглайлари уларнинг

ва бўрининг кулранглиги,

қўзичоқнинг ожизлиги

ҳамда жабрдийда Рим.

Севги изҳор қилишмайди

лотин тилида,

уришишмас, баҳслашишмас

лотин тилида,

токи биз соғ эдик,

навқирон эдик

гапиришмади бизлар ҳақда

лотин тилида.

Лотинча товушда ўқишмади жанозамизни,

гирифтор қилишмади лотин сўзига бизни,

томиримиз ушлаб, табиблар

айтишмади кўҳна Римда таҳлика солган

Fas est ҳукмини!

 

Бу демак – вужудинг чириган, бемор,

серёғ, хуштаъм овқатларни егин сўнгги бор,

коньяклар ич,

оғриқларга қилмагин парво,

ўлмоқ муқаррар сенга,

демак – ҳаммаси раво!

Умр қисқа, токи яшар экансан – Fas est,

Токи ҳаётингдан умидинг узиб,

озғин қўлларингни икки ёнингга

ноумид ташлабон ётмас экансан,

қорага ўрангин сен,

ўйнаб кулгин сен, фашист!

...Бироқ Брест ортида

бордир, бир окоп бордир...

Ўқлар хароб айлаган

алвон рангли бир дўнглик...

Қувноқ газандаларнинг

қонталашган юзлари...

Ва менинг каска билан

тўсилмаган манглайим.

Яланғоч асаб,

унда очиқ турибди қалбим,

Менинг йўл, сўқмоқларим бари ўшанга борар.

Мен қаерда бўлмайин,

ўшал окопдаман мен.

Энг охирги сарҳадим

мени чорлар, шоширар.

 

БЎРИ БОЛАЛАРИ

Овчи бораверди,

Узоқ-узоқ юрди у чўлда.

Қаерга? Нимага?

Сўраб ўтирмоқнинг ҳозир ўрними?

Бўрини кўрди у ногаҳон йўлда.

Аниқроғи – она бўрини.

Қалин юлғунзорда ётарди жонвор,

Ҳолсиз панжалари чўзилган, бежон.

Ғажилган бўғзидан такрор ва такрор

Шариллаб оқарди лойдай қуюқ қон.

Кимнинг? Бўрими ё итлар? Кимнинг иши бу?

Кўркўз болалари буни билмарди.

Улар талашишиб, тамшаниб ушбу

Чалажон онани тинмай эмарди.

Оч қолган жонворлар эслолмас бошқа,

Ўт ва гиёҳларнинг ҳиди, номини.

Улар ичишарди очофатларча

Совиб бораётган она қонини.

Қасос кирар эди қон билан бирга,

Бу қасос кимга?

Ким бўлса барибир эмас беасос –

Бу қасос!

Қасос олар улар бир-бир ташлашиб,

Гоҳи алоҳида, гоҳ биргалашиб.

Дуч келганларида дашт, қирларида

Қасос олишади бир-бирларидан.

Овчи ўз йўлидан жимгина кетди.

Қаерга? Нимага?

Сўраб ўтирмоқнинг эмас хонаси.

Кетди жонворларга тегмай, –

Уларни

Ҳимоя қилмасди энди онаси...

 

НИАГАРАДА ТУН

Ҳали ҳеч ким ўпмаган бу дилбар тунни кўринг!

Дарахтлар кўлкасидан ҳадиксираб қарар ул.

Отамерос ханжардай

Ялтирайди ой нури,

Исонинг соясидай оқариб боради йўл.

 

...Сукунат гулдирар! Тун

Захларда қалтирайди.

Қучоқдан юлқиниб кетади,

Дуркун!

Қочар,

Баданлари бир ялтирайди!

 

Сирғалар қора, ҳўл харсанглар узра.

Кетар. Қичқираман.

Ўзим лол, карахт,

Ўгай она каби кўкда ой учар,

Ойки балқиб борар, бағритош, бадбахт.

 

Қизалоқ – тун!

Тўхта! Чопаман. Тўхта!

Қаро кўзлар билан қараб кетди у,

Қаро сочлар билан авраб кетди у.

Титроқ кафтлар билан ҳаёсин тўсиб

Ойдинда жилмайиб туриб қолди сўнг.

Қип-яланғоч ҳолда жар ёқасида

Турарди нозланиб оппоқ ҳаёдан.

 

Аста яқинлашдим.

Аста орқасидан...

Сув оқар ялтираб қоп-қора ёлдай,

Йиллар, тушлар, меридианларни

Қориштириб оқар.

Мен эса ёшман,

Бироқ тун олдида оқарган сочман.

Мен тунни ўпаман –

Ҳинд нигоридай,

Исмини пичирлаб –

О, Ниагара!..

 

ХАЙРЛАШУВ

Менинг залим сукут сақлар. Жим.

Қўлимдан келганин барчасин айтдим.

Сукут сақлар мўйсафидлар,

соч-соқоли олинганлар,

олинмаганлар.

Қани, эй зал,

қўзғал энди юмшоқ креслолардан,

Бўронга чиқ.

Оқ йўл бўлсин сенга!

Оғу эмас, хушбўй тамаки

сизнинг узун муштукларингизга,

капитанлар.

Гўзал коинотлар ёр бўлсин сизга!

Ҳозирча,

Насиб этсин

Яхши тушлар, яхши таомлар,

яхши уйлар,

ошхоналар,

яхши гиламлар!

Қўну қўшниликка – ишончли дўстлар.

 

Мана, бир навжувон,

Ато этсин сизга яхши фарзандлар,

яхши эрни эса сўзсиз топарсиз!

 

Ана, шофёр,

Мошин ғами ўртайди қалбин,

Чўпоннинг кўнглига қил сиғмас –

Қўзилатиш мавсуми яқин.

 

Мен ўйлайман:

Сизга фақат яхши касб-корлар!

Сизга – яхши Америка,

яхши Россиялар!

Эй, пойтахт

ва қишлоқ болалари!

Сизларга – зўр шоир,

оқил арбоблар!

Севинг, билинг,

тўғри тушунинг

бир-бирингизни

бўлажак ҳукуматларнинг аъзолари!

Уни ўйланг,

буни орзу қилинг,

яшангиз лоақал эҳтиёткорроқ!

Яшангиз шоирлар васияти-ла:

улар сизга тилар

фақат яхшилик!

 

ТУНГИ ТАҚҚОСЛАР

Сен асалсан гўё,

эсладимми – тишлар инграйди,

Сен – бир ҳазил,

ки дастингдан юрак ҳўнграйди,

Мен фақирман, ким ҳам хафа қиларди!

Дўзах кўрдим, энди жаннат истар дил.

 

Эҳ, нечун бошқалар сени севадир,

Севмагин, ў, улар одаммас ахир!..

Кишнайди, нокаслар, ўхчиб, ҳиқиллар,

Улар одам эмас, улар – йилқилар!

 

Тилларим тишларни синдирганида,

Кўзим киприкларни

куйдирганида,

Айт,

барчасин кўриб туриб, дош бериб,

тағин

одам дея саналмоққа қолурми ҳаққим?

 

Тунлар қурбақадек бўзламасликнинг

айт чорасини,

 

Мен сени севаман

бева – фарёдни,

балиқ – дарёни,

тулпор – кенг яйловни

севса қанчалик.

Мен сени севаман

ношуд – шуҳрат-шонни,

қуёш – соф осмонни

севгани янглиғ.

Сен зиқнасан, сенга яшаш осон,

менга ризқин тутди ҳатто гадо ҳам,

гўёки гўдакка сут берган каби.

Ў, мен номард, Хайём бўлсайдим агар,

Ў, мен нокас, Ҳофиз бўлсайдим агар,

Ў, Махамбет бўлсайдим агар

Муродимга етардим балки!..

Фақат барча шеърлар ёзиб битилган.

Шундай севгандилар тоғу даштда ҳам,

Шундай севгандилар қувнаб, қон ютиб.

Ўзгача севиш ҳам мумкинми ёки?..

Мен сени севаман –

ўзим севгандай!..

 

 

Рус тилидан Сирожиддин САЙЙИД таржималари