“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

Урушнинг аёлдан йироқ чеҳраси (асардан парча)

Таржимондан:

Насиба шул эканким, каминаи камтарин 1982 йилнинг 12 ноябри, яъни собиқ қизил салтанат ўзининг орденга ўч бош раҳбарини марказий мақбара қошига қўйган кундан бошлаб 1984 йилнинг 27 декабригача Москва шаҳрида ҳарбий хизматда бўлдим. Бу бир жиҳатдан энг нуфузли кутубхоналардан фойдаланиш имконини берса, иккинчи жиҳатдан бир қатор машҳур адибларни ўз кўзим билан кўришимга йўл очиб берди. Гап ҳарбий мавзуда қалам тебратган икки адиб – уруш қаҳрамони В. Карпов ва меҳнат қаҳрамони А. Ананьев ҳақида бормоқда. Биринчиси Тошкент ҳарбий билим юртини тугатган, иккинчиси Туркистон заминида, Тороз шаҳрида туғилган эди. Қунт қилсам иккаласи билан ҳам учрашишим мумкин эди. Лекин тортинчоқлик бунга йўл қўймади. Иккаласининг ҳам асарларини, Анатолий Андреевич муҳаррирлик қилаётган “Октябрь” журнали (А. Твардовский вафотидан кейин “Новий Мир”нинг дадиллиги бу журналга ўтган, унда А. Ахматова, А. Рибаков, В. Гроссманларнинг таъқиқланган асарлари босилаётган эди) ни ўқиш билан чекландим.

1984 йилнинг эрта баҳорида “Октябрь”нинг 2-сонида рус тилида ижод қиладиган белорус адибаси Светлана Алексиевичнинг “У войны не женское лицо” яъни “Урушнинг аёлдан йироқ чеҳраси” асари босилди. Асарни поездда, Москвадан Кривой Рог металлургия заводига етиб боргунча ўқидим. Одамнинг танини, жонини титроққа соладиган асар эди бу. Урушни кўрган, минг бир машаққатини чеккан юзлаб аёлларнинг дил фарёди эди бу. Айтгунча Светлана Алексиевичнинг ўзи урушни кўрган эмас, Украинанинг Станислав (ҳозирги Ивано-Франковск) шаҳрида 1948 йилнинг 31 майида туғилган. Отаси – белорус, онаси – украин. Журналист касбини эгаллагач. 7 йил уруш кўрган юзлаб аёллардан минг-минг саҳифага, минг-минг метр плёнкага таассуротлар ёзиб олган. Оғир, изтиробли таассуротлар. Адиба ўз асарини ўттиз йил таҳрир қилди. Орадан 31 йил ўтгач, 2015 йилнинг октябрида асар Нобель мукофотига сазовор бўлди. Бу оғир, изтиробли саҳифалардан айримлари билан танишиб кўринг!

 

Светлана АЛЕКСИЕВИЧ,

Нобель мукофоти лауреати

Урушнинг аёлдан йироқ чеҳраси (асардан парча)

“Қирқ биринчи йил... Биз қуршовдамиз. Ёнимизда политрук Лунин... У шўро аскарлари душманга таслим бўлиши мумкин эмаслиги тўғрисидаги буйруқни ўқиди. “Ўртоқ Сталин айтганидек, биздан асирлар эмас, сотқинларгина чиқиши мумкин!”, деди. Йигитлар тўппончаларини қинларидан олишди... Политрук: “Қўйинглар, азаматлар, сизлар ҳали – ёшсизлар!” деб ўзини ўзи отиб ташлади...

Бу эса қирқ учинчи йили юз берди. Шўро армияси ҳужумга киришган. Белоруссия бўйлаб боряпмиз. Кичкинагина болакай эсимда қолган. У бизларнинг олдимизга қайдандир, ер остидан, қазноқдан чопиб чиқиб бақирди: “Менинг онамни ўлдиринглар... Ўлдиринглар! У немиснинг қучоғига кирди...” Унинг кўзлари қўрқувдан доира шаклига кирган эди. Унинг орқасидан қорачагина кекса кампир югуриб келарди. Либослари ҳам қоп-қора эди. Югурганича ибодат қиларди: “Болакайга қулоқ солманглар. Уни шайтон йўлдан оздирган...”

“Мени мактабга чақирдилар. Мен билан эвакуациядан қайтиб келган муаллима суҳбатлашди.

– Сизнинг ўғлингизни бошқа синфга ўтказмоқчиман. Менинг синфимда энг яхши болалар ўқишяпти.

– Менинг ўғлим фақат “беш” баҳога ўқияпти-ку.

– Бунинг аҳамияти йўқ. У немислар босиб олган ҳудудда яшаган.

– Тўғри, биз роса қийналдик.

– Гап бу ҳақда эмас. Гап шундаки... ким оккупацияда бўлган бўлса... Барчаси гумон остида...

– Нима дейсиз? Тушунмаяпман...

– Ўғлингиз болаларга немислар ҳақида сўзлаб беряпти. Сўзлаб берганида дудуқланиб қоларкан...

– Бунинг бариси қўрқувдан. Бизнинг уйда яшаган немис офицери уни дўппослаган. Ўғлим этигини тозалаганда имилладинг, деб урган.

– Мана, кўрдингизми... Ўзингиз иқрор бўляпсиз-ку. Душман билан бирга яшабсиз...

– Сизлар-чи? Душманнинг то Москвагача боришига йўл қўйиб бермадингларми? Бизларни бу ерда жўжабирдек жонлар билан ташлаб кетмадингларми?

Ҳушимдан кетиб қолибман...

Икки кун муаллима мени чақиб беради, деган ҳадик билдан яшадим. Бироқ у ўғлимни синфида қолдирди...”

“Биз кундузи немислар ва полицайлардан, кечаси партизанлардан қўрқардик. Партизанлар менинг сўнгги сигиримни тортиб олдилар, биттагина мушук билан қолиб кетдик. Оч, қаҳр-ғазабга минган партизанлар сигиримни судраб кетганларида ўн чақиримгача изларидан йиғлаб борганман. Ялиниб-ёлбордим: “Хатада – уйимда печнинг тепасида уч оч-наҳор болам биғиллаб қолди. Қайтариб беринглар!” “Кўзимиздан йўқол, хола! – дейишди. – Акс ҳолда отиб ташлаймиз!”

“Мен армиямиз билан Берлингача борганман... Ўз қишлоғимга икки Шуҳрат ордени ва медаллар билан қайтиб келдим. Уч кун ўз уйим, ўлан тўшагимда яшадим. Тўртинчи куни тонгда, уйдагилар ширин уйқуда ётишганида онам уйғотиб: “Қизгинам, боримни бир рўмолга тугдим. Кетақол, болам. Биласан, сендан бошқа икки қизим бор. Эртага ким уларга уйланади. Ҳамма сенинг тўрт йил фронтда эркаклар билан бўлганингни билади-ку!”.

“Мен пулемётчи эдим. Шунчалар кўп одамни қириб юборганман... Урушдан сўнг анча вақтгача туғишга қўрқиб юрдим. Ўзимга келгач туғдим. Етти йилдан кейингина...

Шу кунгача ҳеч нарсани кечирганим йўқ. Ўзим ҳам кечирим сўрамайман. Немис асирларини кўрганимда қувонганман. Уларнинг аянчли аҳволини, оёғига этик ўрнига, бошига телпак ўрнига пайтава ўраб олганларини кўриб қувонганман. Уларни қишлоқ орқали олиб ўтишяпти. “Онажон, нон беринг, нон” деб ялинишади. “Хлеб”ни “хлэб” дейишади. Мени ҳайратга солгани шу бўлдики, деҳқонлар кулбаларидан чиқиб, уларга нон ё қайнатилган картошка узатишар, болалар тош отишар, аёллар юм-юм йиғлашарди... Менга гўё ўзим икки бора, биринчисида эркак, иккинчисида аёл сифатида умр кечиргандек туюлади...”

Клавдия Григорьевна Крохина,

Катта сержант, ўқчи-снайпер:

– Биринчи гал қўрқинчли бўлган. Роса қўрқинчли... Пистирмада ётиб кузатяпман. Мана, илғаб олдим: бир немис ўз окопидан бошини кўтарди. Мен тепкини босдим, у қулаб тушди. Ва бутун вужудимга шундай қалтироқ кирдики, суякларимни қисирлагани ҳам эшитилди. Йиғлай бошладим. Синов чоғи нишонларга отганим ҳеч гап эмас. Бу ерда эса мен одам ўлдирдим. Ўзим умуман танимаган бир одамнинг ёстиғини қуритдим. Мен у ҳақда ҳеч нарса билмайман, аммо уни ўлдирдим.

Кейинчалик бу ҳолатдан халос бўлдим, ўтиб кетди. Бу қандай юз бергани ҳам эсимда. Биз ҳужумга ўтиб, кичик бир шаҳарча, Украинада эдик шекилли, орқали борардик. Йўлнинг чеккасида пойдеворигача ёндириб юборилган уй ё баракни кўрдик. Пойдеворнинг қора тошлари ва кул қолган экан. Қизлардан кўпчилиги бу ерни четлаб ўтишди. Мен бордим. Куллар орасидан одам суякларини топдик. Асирга тушган аскарларимизни ёқиб кетишибди. Қорайиб эриган юлдузчалардан билдим. Шундан кейин аямасдан отаверадиган, аямасдан ўлдираверадиган бўлдим. Ўша қора юлдузчалар кўз олдимга келдими, бас, отавердим. Урушдан сочларим оқариб қайтдим. Ёшим йигирма бирда-ю, сочларим оппоқ. Оғир яраланиб контузияга учрадим. Бир қулоғим ёмон эшитади. Бизда, Челябинск яқинида қандайдир конни портлатишади. Мен эса кроватдан сакраб туриб, шинелимни олиб ташқарига чопаман. Онам эса мени ушлаб бағрига босади: “Уруш тугади, болам!”

 

Рус тилидан Янгибой ҚЎЧҚОРОВ таржимаси