“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

Кекса аскар ҳикояси

Жек ЛОНДОН,

Америка адиби

Муаллифнинг отаси бошидан кечирган ҳаётий ҳикоя

У вақтлар замон ғалати, фронт эса саргузаштлар ўтказадиган жой эмас эди. Уруш давомида бошимдан ўтган энг таҳликали воқеаларнинг баъзилари шундоққина уйимизда содир бўлган эди. Қиличим ёнида осилиб турадиган эски Колт1 револверни кўргансиз-а? Уни армиядаги беш йилим давомида олиб юрганман ва бир неча марта энг оғир вазиятлардан чиқиб кетишимда ёрдам берган.

Олтмиш учинчи йил ўттиз кунлик меҳнат таътилида, яқинларимни кўриш, шунингдек янги аскарлар йиғиш учун уйга келдим. Таътилим тугагунга қадар, ниҳоятда омадим келиб, йигирма беш – ўттиз нафар хизматга ёзилмоқчи бўлган кўнгиллиларни топдим. Улар орасида мен олиб кетишга зўр бериб уринган бир нафар ёш йигитча бор эди. Унинг ўзи хоҳлашига қарамасдан, отаси ўжарлик қилиб, кетишига йўл қўймасди. Ота қаршилигининг бор-йўқ сабаби шу эдики, жўхори арчиш мавсуми ҳали тугамаган, ўғли Ҳирам эса бу ишга керак эди. Пировардида, Ҳирамни розилик беришга ундаган бирдан-бир сабаб бу – мукофот эди. Армияга қўшилган ҳар бир киши учун юз доллардан таклиф қилинаётган эди. Ҳирам эса унинг ҳар бир центигача отасига беришга ваъда берган эди. Шунда қария Зек, агар мен қолиб, жўхори арчишга ёрдам берсам розилик беришини айтди.

Ўттиз кунлик таътилим поёнига етди, бироқ ўша пайтлар ёш ва беғамлигим сабаб, бунга эътибор қилмадим. Бошқа кўнгиллилар ҳам жўхори арчиш тугагунга қадар қолиш истагида эканлигини билардим, бундан ташқари ўттизта азамат йигитлар билан полк2имга борганимда, менга жин ҳам урмайди деган хаёлда эдим. Шундай қилиб, мен ҳам ўз ҳиссамни қўшдим. Икки ҳафта деганда қария Зекнинг барча жўхорилари арчиб бўлинди ва мен жўнашга шай эдим.

Билетлар олинган ва тонгда Рок Айлендда Қуинсига бўлган поездга чиқишга тайёр эдик.

У ерда шаҳарчамиздан чиққан кўнгиллилар эътироф этилиши, шунингдек, қасамёд қилишлари ва ваъда қилинган мукофотни олишлари керак эди. Бироқ мен таътилда узоқ қолиб кетишдан ташқари, бир нарсани унутгандим, яъни бош зобитни. Бу зобитлар ҳар ерда учрайдиган, кўчада ҳайвон тутиб юрувчилардан ҳам жирканчлироқ кимсалар эди. Уларнинг вазифаси қочоқларни тутиш, маоши ҳар бир тутилган қочоқ учун йигирма беш доллар бўлгани учун ҳам, англаганингиздай, қулай фурсат келганда асло кичик хатога ҳам йўл қўймасди. Қанийди, улар фақат асл қочоқларни қўлга олишганда эди. Халқ уларни шунинг учун ҳам ёмон кўрардики, улар узоқ уйида қолиб кетган ёки арзимас хатога йўл қўйган яхши, ҳалол аскарларга заҳмат келтирарди. Бош зобит зийрак, шердай кучли эди ва округимизда битта пасткаш бўлса, у ҳам ўша эди. Бироз олдин Томми Жинглес полкдан уйига келган ва бепарволик қилиб, таътилда узоқ қолиб кетган эди. Учинчи куни армияга қайтиш учун, Рок станциясида шундоқ поездга чиқаётганида, Деви Мак Грегор уни қўлга олади ва қамоққа жўнатиб юборади. Йигирма беш доллар мукофот ва харажатлар бечора Томмининг маошидан ундириб олинади. Томми эса қочишни хаёлига ҳам келтирмаган эди. Бу эса Деви Мак Грегорнинг шафқатсиз иш тутишининг биргина мисоли эди.

Ҳикояга қайтадиган бўлсам, ўшанда уйдаги сўнгги туним эди, тушимда уруш манзараларини кўрардим. Шу пайт эшикнинг қаттиқ тақиллашидан уйғониб кетдим.

– “Чиқ, Симон, сенга келдим”.

Бу Девининг овози эди, нега келганини яхши билардим. Унга жавоб бермадим, секин кийина бошладим. Бир лаҳзада унинг тақиллатиши уйни ларзага солиб юборди. Кийинаётганимда синглим хонага секин кириб келди. Мен унга пичирлаб, нима қилиш кераклигини айтдим. У эшикка томон борди, уни очмасдан туриб Деви билан гаплашди. Деви шубҳаланди ва ошхона эшигидан қараш учун, уй атрофида ўралашиб юргани эшитилиб турарди.

Сезганингиздай, унинг уйда эканлигимга ишончи комил эди, ва энг яхшиси кетишим керак деган тўхтамга келдим. Отамни, онамни ва синглимни ўпиб, болаларга хайр деб қўйишни ва олдинги эшикни эҳтиёт бўлиб очишни тайинладим. Ой ёғдуси тушиб турар ва шубҳа қилганимдай Деви уйимиз орқасида пойлаб турарди. Оёғимни қўлга олиб, ҳар бир кўланка имкониятидан фойдаланиб, эмаклаб омборхонага бордим. Дадамнинг катта қора айғирини эгарлашга тушдим, ҳаммаси тайёр бўлгач, замбаракнинг ўқидай омбордан отилиб чиқдим.

Деви йўлга қараб югурди, қўлимда колтни кўтарганча катта-катта қадамлар билан яқинлашаётганимда, у тўппончаларини силкитганча тўхташга буйруқ бериб, йўлимни тўсди. Тўғри унинг устига ҳайдаганимда, у ўзини четга олмасдан икки қўлидан ўқ узарди. Уни босиб кетишим муқаррар эди, лекин ўзини четга олишга улгурди. У мақсадига эришганди, чунки биринчи ўқи бошимни тилиб ўтган жойидан кучли оғриқ сезилди.

Тўхтовсиз, олдинда йигирма саккиз мил бўлган Рок станцияси томон елдай учиб борардим. Доим яхши отда юрадиган Деви, мендан кўра моҳирроқ эди. Лекин отларимиз бирдай борарди. Муюлишдан айланиб ўтаётганимизда, дастлаб у мени ҳаводан ўққа тутди, лекин тезда тўхтатди. Мил кетидан мил юриб, қачон кутилмаган фалокатга рўбарў бўлганимдагина қочиб кетишга ишонч ҳосил қила бошладим. Ўзимни қатор чўзилган ўрмонлар ичига урганимда, тонг ортда қола бошлади. Чунки у ер ҳали тундагидек қоронғу эди. Йўл эса машаққатли бўлиб, отнинг туёқлари товуш чиқармасди. Кутилмаганда зимистондан, яъни, қарши тарафдан отли чавандоз пайдо бўлди. Қочишга жуда кеч эди. Отларимиз кўксини уриштиришарди. Нотаниш от ва чавандоз ерга ирғиб кетди, лекин менга оғир зиён етмади. Негаки, дадамнинг айғири кучли эди. У силкинди, инграб юборди ва бирдан сакраб турди.

Бироқ отим оғир яраланганди, шу сабаб тезлигини йўқотаётган эди. Деви мени секин, диққат билан кузата бошлади. Бироздан сўнг, у жиловимни ушлашга уриниб яқинлашди. У тўппончаларини бўшатиб бўлганди, шунинг учун ҳам ота олмасди. Қайта-қайта уни ўқланган колтим билан нишонга олдим, лекин у жасур одам эди, сира қўрқмасди.

Аслида уни отиш ниятим йўқ, лекин уни ўлдириш қочоқ деган иснодни кўтариб юришдан яхшироқ эди. Кўрганингиздай, қочиш ўрнига, ҳақиқий қочоқларга кулгули бўлган ҳолат – армияга қайтиб боришга ҳаракат қилаётган эдим. Лекин мен отмадим, башарти отишим керак бўлса-да, револьверимдан фойдаланишни хоҳламасдим.

Кейин биз ёнма-ён ўн, ўн икки милча от чопдик. Отим тобора ҳолдан тоя бошлади. Деви отини ҳимоя қилиш учун мендан узоқда чопиши керак эди. Ҳар гал у юганимдан тортишга уринганда, қўлига оғир револьверим билан туширардим, у эса дарҳол ортга тисариларди. Билдимки, айғир ортиқ давом этолмасди. Бўйнимга қўйилган асоссиз исноддан халос бўлиш учун нимадир қилишим керак эди. Табиатан меҳрибон, ювош одамман, тилсиз ҳайвонларга нисбатан жуда беозорман, лекин нима қилган бўлсам, зарурат мажбур қилди. Мен Ғарбда ўрганган ҳийлани қўлладим. У “гангитиш” деб аталади ва кўпинча ёввойи отларда қўлланилади. Уларни шундай отишадики, ўқ бўйнини тилиб ўтади, лекин бу отга жиддий жароҳат етказмайди. Уни бироз гангитиб қўяди, бироқ беш дақиқадан сўнг аввалги ҳолига қайтади.

Яшин тезлигида эгардан энгашиб, револьверимнинг учини Деви отининг энсасига қўйдим ва тепкини босиб юбордим. Деви дарҳол пастга тушиб, югуришда давом этди. У мени пиёда қувлаб ўтаётганида, бечора отим зўрға ўзини четга олишга улгирди.

Соатимга қарадим. Биринчи поездга улгура олардим. Рок станциясига бор-йўғи беш мил қолганди. Отим бу масофани босиб ўтолмасди ва мен нима қилишни билмасдим. Бироқ Деви менга куч берди. Йўлнинг муюлишини айланиб ўтишда, шаҳарга бораётган фермернинг аравасига етиб олишнинг уддасидан чиқолмадим. Йигирма қадам нарида, бир хил йўналишдаги бошқа бир арава келаётган эди. Деви биринчисини тўхтатди ва қамчи босиб, олға юрди. Бу ғоя эди. Мен бир аёл бошқариб келаётган иккинчи аравани тўхтатдим ва нима бўлганини тушунтирдим. У бош зобит ҳақида ҳаммасини билгани учун ҳам рози бўлди. Биз бир пайтда тўхтаб, отга минган эдик, мен йигирма қадамча олдинда эдим. Омад кўпроқ у томонда эди. Сабаби унинг оти яхшироқ эди, лекин у бепарволик билан уларни олға юришга ундар, от эса ирғиб кетарди.

Натижада мен бир неча юз қадамлар илгарилаб кетдим. Рок Айлендга етиб келганимизда ҳамон бир қанча масофа олдинда эдим. Шаҳарни қандай ҳайратга солган эди-га! Биз асосий кўчада от чоптириб борардик, бош зобитдан нафратланувчи халқ мени олқишларди. Биз кўплаб тўсиқлардан зўрға ўтиб, поезд жўнамоқчи бўлиб турган темир йўл станцияси томон от чоптириб кетдик. Мен оломон орасида от чопишга ботина олмадим, отдан тушиб, шиддат билан югуриб кетдим. Улкан револьверини силкитганча, ғазабга минган, қалпоқсиз аскарга оломоннинг қандай жой бўшатиб берганини тахмин қилаётган бўлсангиз керак.

Тиришиб олдинга интилаётган Деви шундоққина орқамда эди. Унга юзланиб, тўппончам билан таҳдид солиб тўхтатмоқчи бўлдим. У ўқланмаган эди, лекин у буни билмасди. Агар менга қўл теккизадиган бўлса, тепкини босишим ҳақида қўрқитиб, орқага чекиндим. Оломон бош зобитни таҳқирлаб, ҳуштак чалиб, менинг тарафимни ола кетди. “Яшасин аскар!”, деб бақиришди. “Бош зобитга лаънат!”. “От уни аскар от!”. “Бечора Томми Жинглесни ким қамоққа олган эди?”. “Деви Мак Грегор, ярамас зобит”. “Ура, аскарни олқишланг!”.

Шу тарзда улар уни туртиб, итариб орқасидан боришарди. Кейин улар қўполлашди, мен перронга етиб олганимда, оломон унинг оёқларига тепишар, камзулидан тортишар ва уни футбол тўпига ўхшатиб букиб қўйишганди. Кондуктор сигнал берди, оломоннинг сўнгги олқиши билан поезд Қуинсга юриб кетди. Ўша куни у ерда мен ўзим йиққан аскарларни учратдим. Навқирон йигитларни полкимга обориб, ҳаммасини айтиб берганимда, Полковнигимиз шундай деди: – “Баракалла, Симон, бу кетишда ўйлайманки, тез орада иккинчи таътилни қўлга киритасан”.

 

1. Револвер тури

2. Қуролли кучлардаги асосий тактик бирлик.

 

Инглиз тилидан Жиззах давлат педагогика институти хорижий тиллар факулътети талабаси Шаҳло ОБЛОҚУЛОВА таржимаси