“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

Она тил ато этган жасорат

Мен ҳозирги кунда академик Бахтиёр Назаров билан илк бор қачон ва қаерда учрашганимни аниқ эслай олмайман. Лекин қувваи ҳофизамда бу киши билан боғлиқ айрим лавҳалар аниқ муҳрланиб қолганки, шулардан бирини баён қилсам.

1988–89 йиллар ораси. Горбачёв бошлаган перестройка (қайта қуриш) авж пардасига чиқиб, СССР деб аталмиш супердавлатни қайта қуриб бўлмаслиги, қайта қурсанг, чок-чокидан сўкилиб, потраб кетиши барчага маълум бўла бошлади. Мустақиллигимизнинг қалдирғоч ғояси бўлмиш давлат тили кун ва даврнинг бирламчи масаласига айланди. Марказ, яъни Москва барча республикаларда, жумладан Ўзбекистонда икки тилни, рус ва ўзбек тилини давлат тили сифатида қонунийлаштириш ғоясини зўр бериб тарғиб қила бошлади. Агар шундай бўладиган бўлса, она тилимизнинг ўша пайтдаги ночор аҳволи бундан-да ночорроқ бўлишини илғор элпарвар зиёлилар яхши англашарди. Шунинг учун Ўзбекистонда бир тилни, яъни ўзбек тилини давлат тили деб эълон қилиш учун кураш авж олди. Буни айнан кураш деб атамоқ керакки, ҳаракат ғоят қизғин эди. Ўзбек тили республикада ягона давлат тили, дейилган хатга имзо тўплаш ҳаракати қизиб кетди. Институтдаги бир гуруҳ ватанпарвар ёшлар жамоа олимларидан шу тахлитдаги имзо йиғишга киришиб кетдилар. Тил ва адабиёт институтида имзо тўплаш унча қийин кечмади, чунки жамоа номида “ўзбек” сўзи бўлмаса-да, моҳиятан ўзбек тили ва адабиёти институти бўлиб, Ўзбекистон Фанлар академиясида фақат шу институтда илмий тадқиқотлар она тилимизда ёзиларди. Шундай бўлса ҳам...

Шундай қилиб имзо тўплай бошладик. Шу жараёнда аёлларимизга қойил қолганман. Биронта олима рад қилиш у ёқда турсин, ҳатто ўйлаб қолганини кўрмадик. Опаларимиз (уларнинг аксари ҳозир марҳума, жойлари жаннатда бўлсин) бизни алқаб-алқаб, дарҳол қўл қўйиб беришарди. Шунда мен миллий тил бежиз она тили дейилмаслигига имон келтирганман.

Имзо тўплашда фаол қатнашган ватанпарвар ёшлардан бири, ҳозир таниқли тилшунос олим Бердак Юсуф хотирлайди: “Қўлимизда имзо қўйилиши керак бўлган шундай ёзув бор эди: “Ўзбекистонда ўзбек тили ягона давлат тилидир”. Яқиндагина институт директорлигидан бўшаган академик (у пайтда мухбир аъзо) Матёқуб Қўшжонов хонасига кирдим. Домла ёзув билан танишгач, “ягона” сўзини олиб ташланглар, деди. Мен дедим: “Домла, ҳамма гап мана шу “ягона”да. Агар уни олиб ташласак, унда Ўзбекистонда давлат тили иккита бўлади, ҳеч қандай ўзгариш бўлмайди, тилимиз иккинчи даражали тил бўлиб қолаверади”, дедим. Домла анча ўйланиб қолди, сўнг қўл қўйиб берди.

Ўша кезлар Бахтиёр ака Тил ва адабиёт институтига раҳбарлик қилди ва ушбу масалада замон ва шароит имкон берган қадар миллий позицияда турди. Юқорида айтганимиздек, ўша пайтларда Марказ икки давлат тили ғоясини жойларда, яъни, республикаларда тасдиқлатиб олиш ҳаракатига тушди. Шу мақсадда Тил ва адабиёт институтида Москвадан юборилган бир гуруҳ арбоб ва етакчи тилшунослар иштирокида Билингвизмга бағишланган катта анжуман, конференция чақирилди. Сиртдан анжуман соф илмий масала, билингвизмга (икки тилдан фойдаланиш, икки тилда сўзлай олиш) бағишланган эса-да, йиғин жараёнида асл мақсад – Ўзбекистонда икки тил, рус ва ўзбек тиллари давлат тили бўлиши керак, деган фикрни Ўзбекистонда, ўзбек тилшунослари иштирокида тасдиқлатиб олиш бўлган, йиғин жараёнида бу яққол кўринди.

Ушбу йиғинда айтилган бир гап ҳеч ёдимдан чиқмайди. Йирик адабиётшунос олим ва таржимон Юрий Суровцев (у П. Қодировнинг “Юлдузли тунлар” романини рус тилига ўгириб, асарнинг Москвада чоп этилишига катта ҳисса қўшган) минбарда туриб французлар перестройка сўзини қандай қилиб таржима қилишмоқчи бўлгани, реконструкцион ва бошқа қатор сўзларни қўйиб кўриб, ҳеч бўлмагач, а ля перестройка’ (урғу охирги бўғинда) деб ўзини олишга мажбур бўлишганини завқ-шавқ билан гапирди. Залнинг бир қисми кўнглида фахр-ғурур тўлиб тошди: қаранг-а, биз қандай зўрмиз. Ҳатто хорижликлар бош сўзимизни (ўша пайтлар “перестройка” ҳақиқатдан бош сўз эди) тилларига ўгиролмай, ўзини олишга мажбур бўлишибди-я. Бечора французлар! Аслида эса перестройка фахр этадиган матоҳ эмас, ноиложликдан қилинган тадбир экани ўша пайтда озчиликка бўлса-да, маълум эди, сал пайтдан сўнг эса бу ҳақиқат кўпчиликка ҳам кундай равшан бўлди.

Мақсадга қайтсак. Шундай қилиб, юқорида айтилганидек, анжуманнинг моҳиятан бош масаласи, Ўзбекистонда (у пайтда Ўзбекистон ССР) давлат тили битта бўладими ёки иккита. Йиғиннинг якунловчи мажлисини институт директори сифатида Бахтиёр ака бошқариб борар, залда одам сийрак, асосан, москвалик меҳмонлар ўтиришарди. Тушлик танаффусга чиқилди.

Мажлисдан чиқиб, шошиб овқатланишга кетаётсам, коридорда Бахтиёр ака мени қувиб етиб, тўхтатди ва деди: “Оғайниларингни тўпла, ҳамма қаватдан одамларни залга чақиринглар. Бир амаллаб, овозга қўйишни тушдан кейинга қолдирдим. Давлат тили иккита ёки битта бўлиши овозга қўйилади. Овозда биз енгишимиз керак”.

Бахтиёр ака кейин ҳам кўп бора такрорлаганидек, улар, яъни москвалик арбоблар ўзларига керак ғояни ўзимизга тасдиқлатиб олиш учун жаҳд билан, катта сиёсий мақсадни кўзлаб келган эканлар.

Барча етти қаватдан одамларни тўпладик. Тушгача яккам-дуккам одам ўтирган улкан зал одамга сиғмай кетди. Табиийки, овоз беришда биз ютдик. Илмий корчалонлар мақсадларига етолмай, қуруқ қўл билан юртларига қайтиб кетдилар.

“Мажлис пайтида қайсидир масалада Бахтиёр ака москвалик бир олим билан қаттиқ гап талашиб қолди. Тортишув шундай кескин эдики, мен Бахтиёр аканинг журъатига аввал ҳайрон, сўнг қойил қолдим” деб эслайди воқеа иштирокчиси Бердак Юсуф.

Ушбу миллий тақдиримизга дохил анжуманда Ўзбекистонда ўзбек тили ягона давлат тили бўлиши керак, деган миллий ғоянинг москвалик олимлар иштирокида тасдиқлатиб олиниши 1989 йил 21 октябрда, собиқ СССР шароитида ўзбек тилини давлат тили деб қайд этган “Давлат тили ҳақидаги қонун”нинг қабул қилинишида катта илмий дастак бўлгани шубҳасиз. Бу масалада, кўриб ўтганимиздек, Бахтиёр Назаровнинг хизмати алоҳида.

Бахтиёр ака билан шу воқеалар ҳақида суҳбатлашганимизда, яна мен билмайдиган анча-мунча тафсилотларни билиб олдим. Бинобарин, икки тилни давлат тили қилиш ғояси республиканинг ўша пайтдаги раҳбарияти учун ҳам, кўплаб амалдорлар учун ҳам мақбул ғоя эди. “Шу масалада мени Ўзкомпартия Марказий комитетининг биринчи котиби қабул қилди”, деб эслайди Бахтиёр ака, у жумладан шундай деди: “Сен ўсадиган кадр кўринасан, қўй, бу бир тил ҳақидаги гапингни. Рус ва ўзбек тили давлат тили бўлса, нимаси ёмон?”. Мен дедим: “Унда амалда давлат тили бўлган рус тилининг мавқеини мустаҳкамлаб, қонунлаштириб қўйган бўламиз. Рус тилининг шундай ҳам кучли нуфузи янада кучаяди”. Москва амалга қўйган раҳбардан бошқача фикр кутиш ҳам ноўрин эди, албатта.

Бу ўртада биринчи раҳбар бўлиб ҳозирги Юртбошимиз келди ва кимдир давлат тили ҳақидаги менинг нуқтаи назарим ҳақида у кишига ахборот берибди. Балки бу билан у одам мен ҳақимда раҳбаримизда нохуш таассурот уйғотмоқчи бўлгандир. Лекин айни шу нарса раҳбаримизнинг эътиборини тортган. Кейин ҳам у киши фаолиятимни кузатиб борган. Истиқлолнинг чин тарафдорлари керак эди, у кишига деб ўйлайман ҳозир”.

Бахтиёр Назаровнинг тоталитар тузум шароитида она тилимизнинг қонуний мақомини тиклашдаги саъй-ҳаракати, меҳнату ғайратини жасорат сифатида баҳолагим келади. Бу ўша пайтда хавфли амал эди, ҳеч бўлмаса амал курсиси учун хавфли амал эди. Шахсан мен, кейинчалик ҳам Бахтиёр Назаров фаолиятида бундай қатъийликни кузатмадим. Бу нарса яна бир бор она тилимизнинг, яратувчилик ва жасорат ато этгич қувватини таъкидлаб тургандек бўлади. Буни мен она тил ато этган жасорат дегим келади. Зеро, Юртбошимиз айтганларидек: “Она тили – бу миллатнинг руҳидир”.

 

Сувон МЕЛИ,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими