“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

Етук олим

Академик Ҳусниддин Ҳамидов ижодий қиёфасига қўшимчалар

Унинг бу сафарги юриши илгаригидан бўшашганроқ, бир қадам орқароқда, гўё ёш йигит оқсоқолининг ҳаракатларини кузатиб, эҳтиётлик билан одимлаб келаётгандек...

Мен бу юришларни ўтган олтмишинчи йилларнинг иккинчи ярмида Нукусга Шўманайдан ёш ходим сифатида келганимдан буён биламан. Қўшни кўчада турардик. Яқиндан таниш бўлмасак-да, бир-бировимизнинг қандай қалам тебратишимиздан хабардор эдик...

Ўша йилларда ҳам юриши бир маромда, пасайиб ҳам, тезлашиб ҳам кетмас, вақт деган ҳакамнинг унинг учун аҳамияти йўқдай, сабрлилик билан сўзлагани қандай бўлса, ориқдан келган ихчам гавдасига барча ҳаракат шундайлигича мослаштирилиб қўйилгандек. Қайси пайт, қай жойда кўрсангиз ҳам ўзгармайди, бир хилда.

Ҳикоялар ёзарди, қиссага қўл урибди, “Амударё”да ўқидим, деган гаплар эшитилиб юрди. Сўнг мен республика газетасига адабий ходим бўлиб ишга ўтгач, “Бу йигитнинг шеъларини босиб чиқараверсакмикин? Араб, форс тилларини яхши биладиганга ўхшайди. Отаси охун бўлган”, деган миш-мишлар пайдо бўлди. У эса, бундан ҳеч хабари йўқдек, ҳеч нарсани сезмагандек, қаригунча йўрғасини йўқотмаган араби отдек, ҳали ҳам бир маромда келяпти...

Жорий йилнинг сентябрь ойида унинг муборак саксон йиллик тўйини илмий-адабий жамоатчилик кенг нишонламоқчи. Уйимиздаги кутубхонада унинг ўз дастхати билан туҳфа қилган китобларини яна бир марта кўздан кечираётиб, “Рукописное наследие Бердаха”, “Шежере” – “Родословное дерево”, “Хоразм ҳикояти” – “Рассказ о Хорезме” (Введение, фонетика, морфология, транскрипция текстов, перевод, глоссарий и фотокопия) деб номланган, 1995 йили “Билим” нашриётида чоп этилган, муаллифнинг ўзи Бердақ шоир “Шежире”сининг (272 банд) қўлёзмасини топиб, унинг қорақалпоқчасини тўғридан-тўғри сўзма-сўз русчага таржима қилиб, муқаддимасини, асар тилининг фонетик-морфологик таърифини, транскрипциясини, глоссарий (ноаниқ сўзларнинг изоҳли луғати) ва қўлёзманинг фотонусхаси берилган 228 саҳифалик китобини қўлимга олдим.

Олдим-да, таажжубланиб қолдим. Чунки, бу китоб босилиб чиққунгача ва ундан кейин ҳам баъзи ёзувчиларимиз, адабиётшуносларимиз: “Бердақ билан Ажиниёзнинг ўз даврида ёзган қўлёзмалари, китоблари йўқ. Ўша замонларда ариқ қаздирган мироблар билан бийларнинг номлари бор, бу шоирлар ҳақида эса ҳеч нарса қолмаган, деганлари ёдимга тушди. Бундай гаплар яқинларгача айтилгани эсимда. Биз сўз юритаётган академик Ҳусниддин Ҳамидов эса, ҳали 1972 йили Кегайли туманининг “Шоқ тўранғил” овулида яшовчи Турдимамбет Арзимбетов деган оқсоқолнинг уйидан, филология фанлари доктори Наврўз Жапақов билан бирга Бердақ шоирнинг “Шажара” ва “Хоразм” асарларини топади. Саҳифаларининг эни 9, 5, узунлиги 16 сантиметр бўлган, ўтган аср бошларида “Товарищество П. В. Сергеева” деган нашриётда чоп этилган бу китобчада Ажиниёз шоирнинг илгаридан маълум шеърлари, пайғамбаримиз Муҳаммаднинг туғилиши ҳақидаги “Мавлуди наби”, “Зиёратнома” (Макка зиёрати қоидалари), “Қиссаи Мансур” асарлари қўшиб тикилган экан.

Улуғ Бердақ бобомизнинг ўз қўллари ва ўша замон тили билан араб алифбосида битилган:

Гул юзлари шамси қамар,

Абубакир, ҳазрати Умар,

Усмон, Али, тўрт чаҳорёр,

Пайғамбар ёрони экан,

деган сатрларини қайта ўқиб, ўзим ҳам шу пайтгача кўп нарсаларга эътиборсизлик қилганимга ўкиндим. Етук олим, фан фидойиси бўлган академик оғамнинг ушбу “Шажара”ни кейинчалик фонетик, морфологик таърифи, транскрипцияси билан қорақалпоқчасини ўзи сўзма-сўз русчага таржима қилгани, арабчасининг фотонусхаси билан бир китоб бўлиб, энди дунёга кенгроқ танилишига имкон туғилганини яна бир марта ҳис қилиб, шундай замондош олимнинг борлигидан қалбим тўлқинланиб кетди.

...У араб ва форс тилларида ҳарф қўшиб ўқишни ёки имлосини расмий мактабда ўргангани йўқ. 1935 йили дунёга келган, Чимбойнинг ўша даврдаги 5-овулидан Кегайли туманидаги “Жалпақ жап” соҳилларига кўчиб келгач, тахминан ўн беш ёшларида Исметулла охунга яширин шогирд тушди. Ислом динининг таниқли руҳонийларидан бўлган аждодларининг толиби илмлик мероси ҳам бунга сабаб бўлган эди. Инсон боласи бир илм ёки касбнинг ибтидосини ўрганганидан кейин ўз устида тинмай изланса, билганига кун сайин қўшиб, такомиллаштириб борса, ўша билим соҳаси ёки касбни ўзлаштириб кетишни Ҳусниддин Ҳамидов ҳаёти мисолида кўриш мумкин. У, 1955 йили икки йиллик ўқитувчилар институтининг рус тили ва адабиёти бўлимини тамомлаган пайтда араб тилида равон ўқир, бирорта сўз, гап тузилмаси маъносини чақа биларди.

Шу ўринда, диний муҳитдан чиққан ёш ўсмир нега рус тили мутахассислигига ўқиди, деган савол туғилиши табиий. Биз, юқорида “маъно” деган сўзни қўлландик. Билимга чанқоқ ёш йигит охун отасининг халқ педагогикаси, талабчанлиги таъсирида анча нарсадан бохабар бўлиб қолган эди. Тинмай талпиниб, Қуръони Карим ва Ҳафтиякни мутолаа қилиб чиқди. Исломда Қуръон ва суннатнинг ҳукмлари, шариат қоидалари, ҳуқуқшунослик борасидаги “Фиқҳ” фанининг меваси билан тўлуғ боққа кириб борди. “Мухтасар”га, яъни шариат қоидаларига қисқача изоҳ берувчи китоб билан банд бўлди. “Мухтасар ул-виқоя” деб аталувчи бу қонунлар китобининг 1895 йили Санкт-Петербургда босилган рус тилидаги, сўнгра турк тилидаги таржималари билан танишди.

“Диний бошланғич таълим ва мадрасадаги ўқишлар асосан ёд олишдан иборат бўлган. Мен ёд олганларимнинг маъносини таржималарда ўқиб, рус тили имлоси орқали англадим”, дейди академик. Мана шу тариқа “ўз ёғида ўзи қовурилиб”, арабча илм излаб катта шаҳарларга бормай, адабий асарлардаги атамалар билан мулоқотдаги сўзлар негизини, келиб чиқишини излаб, ўзбек ва қорақалпоқ сўзлари тўпламида халқ тилига сингиб кетган араб ва форс сўзларининг туб-тубига етиб бораверди. 1963 йили пединститутнинг рус тили ва адабиёти факультетини битказиб, орадан бир йил ўтгач, ўша факультетда араб тилидан дарс бера бошлади.

Шу кўйи тилга қизиқиб, тилларни изчил ўзлаштириб бориши қорақалпоқ тилини тадқиқ қилишда ҳали ҳеч кимнинг изи тушмаган, она тилимизнинг қўлланилиш, ривожланиш тарихини ўрганишда ҳеч ким қўл урмаган, қўл урмоқчи бўлганда ҳам арабча, форсча қўлёзмаларни ўқишга тиши ўтмаган бир пайтда у тилимиз тарихини яратди. У 1967 йили “XVIII-XIX аср ва ХХ аср бошида қорақалпоқ юридик ҳужжатларининг тили, унинг ҳозирги замон қорақалпоқ адабий тилига алоқаси” деган мавзуда Ашхобод шаҳрида номзодлик диссертациясини ёқлади. Мана шу тариқа ёзилиши, имлоси, тили жуда мураккаб бўлган ҳужжатлар ва бошқа ёзма манбалар асосида тилимизнинг шаклланиш тарихини тиклашга киришиб кетди. Шу кетишда 1990 йили “XIX асрдаги ва XX аср бошидаги ёзма эсдаликларда қорақалпоқ тили (фонетика, морфология, сўз тузиш)” деган мавзуда Тошкент шаҳрида филология фанлари доктори илмий даражасини олди.

Академик Собир Камолов айтганидек, “Бу диссертация иши, яъни Ҳ. Ҳамидовнинг қўлёзма манбаларини тадқиқ қилишлари фақат филологияда эмас, тарих фанида ҳам катта аҳамиятга эга. У ёзма манбаларни ўзи излади ва излаб топган материалларини ёритиб борди. Бу, тарихчиларимизга илгари номаълум бўлган халқимиз тарихининг янги саҳифаларини очди”. Олим меҳнати мана шундай юксак эътирофга лойиқ. Зеро, у Оренбург давлат архивидан XVIII аср ўрталарида қорақалпоқ хонликлари, бийлари, сўнгра оталиқлари, кейинчалик, рус генерал-губернаторлигининг расмий идоравий ёзишмалари, “Аҳднома”, “Элчинома”, Қўнғирот, Бўзатов қўзғалонлари бўйича ёзилган йилномалар каби юзлаб расмий иш қоғозларини излаб топиб, улардаги сўзлар ва гаплар тузилишини катта машаққат билан териб тадқиқ қилди. “Олимнинг қорақалпоқ тили фани тарихидаги энг асосий асарларидан бири, 1974 йили ёритилган “Қорақалпоқ тили тарихининг очерклари” олий ўқув юртлари учун ёзилган “Қорақалпоқ тили тарихи” фани бўйича илк қўлланма бўлди”, дейди профессор Шамшаддин Абдиназимов яқинда босилган мақоласида.

Академик Ҳ. Ҳамидовнинг фақатгина тил тарихи эмас, балки адабий меросимизни араб ёзувидаги диний ва дунёвий асарлар орасидан топиб, ҳозирги имлода бугунги тилга мослаб тадқиқ қилгани миллий фанимизда тил ва адабиётимизнинг ёзма манбасини очиб берди, дея баҳоланади. Унинг “Шарқ тилларидаги ёзма манбалар ва XIX асрдаги қорақалпоқ шоирлари” деб номланган асари, Ўзбекистон Фанлар академияси Қорақалпоғистон филиали Тарих, тил ва адабиёт институтида Ҳ. Ҳамидов учун Шарқ қўлёзмалари секторининг очиб берилиши, унинг раҳбари сифатида қўлёзмаларни излаш ва тадқиқ қилишни ҳалигача давом эттириб келаётгани бу уламо олимнинг 2000 йилда Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги деган юксак илмий мартабага эришувига замин яратди. Унинг шоир, адиб сифатида яратган шеър, ҳикоя, қисса ва романи алоҳида сўз юритиладиган мавзулардир.

Тилимиздаги арабчадан ўтган уламо сўзи асосан олим, билимли деган маънони билдирса-да, азалдан халқимиз диний соҳадаги етук, билимдон кишиларни шундай атайди. Дунёвий фанларни эгаллаганларга эса олим сифати қўлланилади. Яна, донишмандликни, юксак салоҳиятни англатувчи аллома, деган сўз ҳам бор. Аждодларидан исломий таълим-тарбия ва билим мерос бўлиб қонига сингган, юзидан иймон ва инсоф тафти уфуриб турувчи, салмоқли сўзлари, илмий далиллари пухта, ҳар бир ҳаракати тарбия, намуна ҳисобланадиган, филология фанлари доктори, профессор, академик Ҳусниддин Ҳамидов юртимиздаги энг етук олимлардан биридир. Бугун муборак саксон ёшга етиб келган бу инсоннинг фаннинг янги сирларини, чўққиларини эгаллайверишини чин юракдан тилайман.

 

Шароф УСНАТДИНОВ,

адиб, Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист