“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

Жисму жоним этдим аланга

Тошпўлат АҲМАД,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоир

 

ЁШЛИККА ҚАСИДА

Айтсам: – Қанотимсан,

Баётимсан, Ҳаётимсан!

Айтсам: – Дилдафтаримсан,

Кабутаримсан!

Сенсан: Шаффоф чашмасан,

Кўнглимга ошнасан,

Ташнасан.

Сенсан: Қайнар булоқсан,

ойдин чироқсан!

Қояларда ин қурган

Сор лочиндирсан,

Арчазорларда хаёл сурган

шўх каклигимсан.

Беозорлигим, қоракўзлигим –

Оҳулигимсан!

Сенсан: қирларда яшнаган

қизғалдоғимсан –

Тирикамонсан!

“Ойдан-да гўзал, кундан-да гўзал”

деган ўша-ўша

Чўлпонлигимсан!

“Эрк – саодат, Эрк – виждон!” деган

Фитратлигимсан, фикратлигим –

Адолатлигимсан!

Ободлигим, Озодлигим, Ҳаётлигим,

алалхусус,

Ёшлигимсан – Қуёшлигимсан,

Истиқлолдай замон-замон бўлгин!

Омин!...

 

* * *

Одамзот дунёга ё ибодат,

Ёким иморат деб келади.

Донишнинг сўзларин ё каромат,

Ёким башорат деб билади.

 

Одамзот дунёни ё омонат,

Ёким саодат деб билади.

Синонинг сўзларин ё саломат,

Ёки табобат деб билади.

 

Одамзот дунёни ё камолот,

Ёким аломат деб билади.

Аҳмадий сўзларин ё маломат,

Ёким адолат деб билади.

 

* * *

Исмоил Бухорий бобом мақбарин

Зиёрат этгали келсам... во ажаб,

Бинафшалар гуллаб арча тагида,

Ҳадис айтар эди аста шивирлаб...

 

ГУЛЛАДИ...

Боғимизда ўрик гуллади,

Ороланиб, турлик гуллади.

Гул юзингни гулларга чайгин,

Кўзларингда ҳурлик гуллади.

 

Майин-майин саболар елар,

Анҳорлару ариқ гуллади.

Сочларингни шабнамда ювгин,

Ёноқларинг ёниқ гуллади.

 

Аҳмадийда заррача ғам йўқ,

Юрагидай борлиқ гуллади.

Ёри жоним, Юртим хокин ўп,

Хаёлларинг тиниқ гуллади.

 

Омон Мухторга

Тупроғингнинг хушбўй атридан

Ҳидлагани келдим, Бухоро.

Тўймоқ бўлиб иссиқ меҳрингдан

Бағринг томон елдим, Бухоро.

 

Келсам, мени илк бора қучди

Фарзандидек Афанди бобом.

Саррофондан ифорлар кўчди,

Лаби Ҳовуз тутди гулгун жом.

 

Сипқордим ман қона-қона,

Вужудимда ёқиб аланга.

Ростин айтсам, этдим шукрона,

Таъзим айлаб сендай чаманга.

 

Ахир азал меҳригиёсан,

Боболардан мерос дуосан.

О, Бухоро, қиблагоҳимсан,

Нурсан, Ҳурсан – Арши аълосан.

 

АЁЛГА

Кўз ёшининг қадрини

Кўз ёши тўккан билар.

Тоғу тошнинг қадрини

Юрт, деб оҳ чеккан билар.

 

Ёлғизликнинг дардини

Ул ёлғиз аёл айтсин.

Аччиқ шамол зарбини

Даштдаги ниҳол айтсин.

 

Меҳрга зор боланинг

Дийдасида тош қотгай.

Нур кўрмаган лоланинг

Қароғида кун ботгай.

 

Қоронғуда қолгандан

Йўлнинг азобин сўранг.

Ёр васли деб сўлгандан

Ишқнинг жафосин сўранг.

 

Алқиссаким, ночорлик

Бамисли юҳо эрур.

Танҳолигу хор-зорлик

Дарди бедаво эрур...

 

ТАРЖИМАИ ҲОЛ

Юрак, сенсан менинг созим...

Усмон Носир

Дўстим, юрак, сендан розиман,

Рози бўлганимдай онамдан.

Уйғоқсанки, эл овозиман!

Ҳаққимни оляпман оламдан.

Биров ноҳақ чўзганда қўлин,

Беҳудага ёқам тутмадим.

Олғирларнинг нопок, каж йўлин

Фош этмоқни ҳеч унутмадим.

“Итоат қил, сеники амал!” –

Деса биров, тик боқдим унга.

Идрокимни этсалар қамал,

Жисму жоним этдим аланга.

Дўстим, юрак, саломат бўлгин,

Уриб турсанг, мудом бедорман.

Ўзлигимсан – покиза мулким,

Сен борсанки, мен Сарбадорман!

 

ЎЙЛАМАГАЙ

Саҳродан эсган шамол сочларинг

силамагай,

Самода кезган Ҳилол ўқ узсанг,

қуламагай.

 

Кимки салом бермаса, кутмасин аликни

ҳам,

Беҳаёлар қалбига ҳеч ким қалб

уламагай.

 

Бахилга бармоғини қачон тутибди Хизр,

Беимоннинг боғига ҳатто қуш

йўламагай.

 

Бу ҳаётда меҳрга зор юрганлар кам

эмас,

Фарзандин хор этганни тақдир ҳам

сийламагай.

 

Тиниб оққан булоқдай дилинг тоза

бўлмаса,

Ҳар қанча мансабдор бўл, эл шонинг

сўйламагай.

 

Юртинг – ўлан тўшагинг, ҳар лаҳза унга

бош қўй,

Ватансизнинг ҳолига ҳеч кимса

йиғламагай.

 

Сенга аён, Аҳмадий, ўзгалар ҳам ёд

этсин,

Ким халқин ўйламаса, халқ уни

ўйламагай.