“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

Агар китоб олсангиз, уйингизни меҳр ва муҳаббат нури ёритади

“Болалар китоби” II Республика фестивали маънавий-маърифий, ижтимоий тадбири ўзида эзгу мақсадларни мужассам этганлиги билан барчанинг ёдида қолди.

Мамлакатимизда Муҳтарам Юртбошимиз раҳнамолигида ёшларга бўлган эътибор давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, уларга ғамхўрлик қилиш ва қулай шарт-шароитлар яратиб бериш борасида амалга оширилаётган ишлар йил сайин ўз самарасини бериб келмоқда. Хусусан, улар онги-шуурида китоб ва китобхонликни шакллантириш, юксак салоҳиятли интеллектуал ёш авлодни она ватанга муҳаббат, миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш эзгу мақсадимиздир.

Шу боис, бир неча йилдан буён республикамиз бўйлаб анъанавий тарзда ўтказилиб келинаётган китоб байрамлари ҳар бир ўқувчи қалбида эзгу истакларни пайдо қиляпти, десак муболаға бўлмайди.

Яқиндагина ўтказилган “Болалар китоби” II Республика фестивали маънавий-маърифий, ижтимоий тадбири ҳам ўзида ана шундай эзгу мақсадларни мужассам этганлиги билан барчанинг ёдида қолди.

Бу сафарги китоблар кўргазмасида асосан болалар адабиёти етакчилик қилди. Иштирокчилар ҳам айнан мактаб ёшидаги ва мактабгача ёшдаги болалар бўлиб, уларнинг билимга чанқоқ, мутолаага иштиёқмандлиги юз-кўзларида акс этиб турибди. Ота-оналарнинг қўлидан тутиб, турли эртак китобларни, энциклопедия-ю шеърий асарларни завқ-шавқ билан томоша қилаётганликлари, катталарни харид қилишга ундаётганликлари кишига қувонч бағишлайди ва яна бир карра эртанги кунга улкан ишонч беради.

Тадбирда халқ шоирлари, болалар ёзувчилари билан ижодий учрашувлар уюштирилди. Республика ёш томошабинлар ҳамда қўғирчоқ театрларининг спектаклларидан саҳна кўринишлар, куй ва қўшиқлардан тузилган концерт дастурлари намойиш этилди. Буни ҳам ёш авлодга бўлган меҳр-муҳаббат, эътиборнинг юксак намунаси дейиш мумкин.

– Бугунги кунда нашриётларнинг, айниқса, болалар нашриётларининг кўпаяётгани, элликдан ортиқ нашриёт болаларга бағишланган ноширлик маҳсулотларини чоп этаётгани, нашр этилаётган адабиётларнинг ҳар учтадан биттаси бевосита болаларга бағишланаётгани қувонарли ҳолдир, – деди тадбирда сўз олган Ўзбекистон Халқ шоири Анвар Обиджон.

Қолаверса, севимли шоиримиз болалар нашрларининг кўпаяётгани, авваллари расмли, рангли китоблар бўлмагани, болаларга хос бўлмаган адабиётларнинг чоп этилиш ҳолатлари кузатилганини, ҳозирги кунга келиб, болаларнинг ёшига мос, руҳиятига ижобий таъсир кўрсатадиган китоблар чоп этилаётгани учун ноширларга алоҳида миннатдорчилик билдирди. Бу борада хусусий нашриётларнинг ҳам аҳамияти катталиги таъкидлаб ўтилди.

Китоб кўргазмасида сўнги йилларда нашр этилган болалар адабиёти, мумтоз ва энг сара адабиётлар, ўқув-маърифий китоблар, энциклопедик луғат ва маълумотномалардан ташқари, “Болаларга китоб ўқишга меҳр уйғотишда ота-оналарга маслаҳатлар” номли флайерлар ҳам тарқатилди.

 

Муяссар ИБРОҲИМОВА,

ЎзМУ талабаси