“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

Қирмизи орзулар оралаб

ёхуд “Китоб дунёси” бор юрт

 

Бямба Саҳъяа, сценарист, кинорежиссёр (Монголия):

– Мен ашаддий китоб мухлиси бўлганим учун китоб ва китоб ўқувчилар ҳақида, китоб севгувчилар ҳақида газетаси бор халқни бошимга кўтаргим келади. Тўғриси, сиз шу газета ҳақида гапирганингизда жуда ҳавасим келди.

Одамлар борган сари донолашиб бораяпти. Мен газетага ҳар бир юракни қуёшдек ёритиб, дилдаги ғуборларни ювиб яшашда ҳормасликни тилаган бўлардим. “Китоб дунёси” ўқувчиларига эса бир гапни айтгим келяпти: ҳаёт қаршингизда сизга пешвоз чиқиб турибди. Уни боридай яшашга одатланинг, мураккаблаштирманг. Ички боғлиқликлардан, ботинингиздаги кўланкаларга ўралашиб қолишдан халос бўлинг. Юрак ҳовучлаб яшашга одатланманг. Шунда ҳар тонг табассум билан юзма-юз бўласиз.

Бямба Саҳъяа сценарист, кинорежиссёр. Монголияда таваллуд топган. Москвада С. А. Герасимов номидаги Бутун Россия Давлат киноматография институти (ВГИК) да таҳсил олган. Унинг “Эҳтирос” (2011) номли ҳужжатли фильми Осиё, Европа, Шимолий ва Жанубий Америкадаги халқаро кинофестивалларда совриндор бўлган. Кино соҳасидаги хизматлари 2013 йилда “Бусан”халқаро кинофестивалининг бош совринига лойиқ деб топилган.

– Илк ўқиган китобингизни қандай хотирлайсиз?

– Адабиёт, кино соҳасида ишлайман, деб ўйламаганман ҳеч. Йўқ, йўқ ўйламаганман эмас, жуда кўп орзу қилганман ва бу ўйимдан доим қўрқиб яшаганман. Бизнинг оиламиз кинодан жуда узоқ бўлган. Мен эса болалигимдан китоб шайдоси эдим. Бошида монгол тилида, кейин рус ва инглиз тилларида китоб ўқишни бошладим. Албатта, одам болалигида қўлига тушган китобни фарқламай ўқийвериши мумкин. Одам ақли ва бадиий диди мукаммалашгач, ўша содда танловларига қараб бироз жилмайиб қўя қолар, эҳтимол... Ўйлайманки, булар содда танловлар эмас. Агар мен ўша 1-синфда ўқиганимда мактаб кутубхонасига кирмаган, илк олган китобимдан ҳайратланмаганимда эди, балки бугунги кун менинг руҳимда ва юрагимда давом этмасди... Мен ўқиган илк китобим қанақа бўлмасин, ундан бутун умрга миннатдорман. Чунки шу боис менга бошқа китоблар ҳам қўлини узатди ва мен улардан бир лаҳза бўлсин айро яшашни ҳис қилолмай қолдим.

Кино ҳақида-чи қачон ўйлай бошлагансиз?

Мен математик бўламан деб ўйлардим. Бу кўпроқ ёшликнинг товланувчан орзуси эди. Иркутскда олийгоҳга ўқишга кирдим. У ерда ҳар куни яхши кинолар қўйиларди. Шундай ҳоллар бўлганки, эрталабки 8. 00дан то кечқурунгача кино томоша қилганман. Оддий томошабин сифатида томоша қилганман ва жуда таъсирланганман. У ерда ҳар куни Америка, Италия, Франция, Англия филмлари қўйиларди. Уларнинг ашаддий томошабинига айландим. Баъзан ўша пайтдаги кичкина клубларга борсам, беш-олтита кекса онахонлар ўтирарди, холос. Бу ўша пайтда мени ташвишга солмасди у қадар, ҳеч нимага қарамай кино томоша қилишда давом этардим. Киноматография соҳасидаги илк таҳсил ана шундай бошланган. Ана ўша кунлар – “Кино бу – нима” деган савол томонга қўйган илк қадамим эди.

Сиз математика факултетида ўқигансиз. Кино ва математикани қандай муросага келтиргансиз? Масофа жуда олис эмасми?

Талабаликнинг биринчи курси ҳали ўзингни, талабалик ҳаётингни билиб-билмасдан, тушуниб-тушунмасдан ўтиб кетади. Ундан кейин эса жиддийроқ қарорлар қабул қилишга тўғри келади. Ана шундай мен учун ҳам битта йўлни танлаш лозим эди. Ўшанда давлат ҳисобидан ўқирдим. Агар ўқишни ташласанг, ҳамма эшиклар тақа-тақ ёпилиши аниқ эди. Барибир менинг кўзимга ўша пайтлари кинодан бошқа ҳеч нима кўринмаган ва мен ўқишни ташладим.

Янгиланиш инсонни шошириб қўяди. Монголияга қайтиб ишни нимадан бошладингиз?

– Монголияда машҳур режиссёрлардан бири Жигжид Дэжид билан озми-кўпми таниш эдим. Тўғри унинг олдига борганман. Бироқ қанча орзу қилмай, кинорежиссёр бўламан, дейишга қўрқардим. Унга кинорежиссёрлик бўйича ўқиш орзуим борлигини айтганман. Кунларни бирида Жигжид Дэжид битта киногуруҳга майда-чуйда ишларни қиладиган ишчи кераклигини айтиб чақириб қолди. Бошида оддий ишчи, кейин оператор ёрдамчиси, сўнгра оператор бўлиб ишладим. Қаторасига етти йил оператор бўлиб ишлашимга тўғри келди.

Кейин-чи?

Режиссёр бўлишни қанчалик истамай, қўрқардим. Менда истеъдод йўқ деб ўйлардим. Москвадаги Киноматография институти ҳақида хаёл сурардим, холос. Ўша пайтларда жуда кўп ҳикоя, киносценарий ва пьесалар ёзгандим. Бир режиссёр аёл бўларди. Ўз вақтида жуда машҳур ва жуда қаттиққўл. Унинг олдига боришга кўпчиликнинг юраги бетламасди. Ўзимда бир шаҳд топганман ва унинг олдига ёзганларимни кўтариб борганман. Шундан сўнг ҳаётим тубдан ўзгарди.

Бямба, сиз асосан киноматограф бўлишни орзу қилгансиз. Ҳикояларни-чи кино учун ёзганмисиз?

Монгол адабиётини жуда чуқур кузатиб борардим. Ёзилаётган асарлар мени хурсанд этмасди. Ёзувчиларимиз юмшоқ қилиб айтсак, ширин, носамимий ва жуда сентиментал асарлар ёзишарди. Бу мени умуман қаноатлантирмаган. Бироқ менинг ёзганларимни ҳам ўша пайтдаги ёзувчиларнинг аксарияти хуш кўрмаган. Асарларимни миллийликдан узоқ ва ғарбона тафаккур меваси деган бир қолипдаги ўй билан қарши олишган. Йўқ. Мен у ҳикояларни махсус кино учун ёзмаганман. Ҳар доим битта мақсад бўлган – Москвада Бутунроссия Давлат Киноматография институтида таҳсил олиш.

Сизнинг асарларингиз дунё кўрган асарлар. Бугунги кино санъатидаги ҳолатни қандай баҳолайсиз?

Кино санъати айни пайтда бирхиллик касб этмоқда. Услубда, тасвирда, мавзуда бир-бирига жуда яқинлик кўзга ташланади. Ҳатто кўпчилик ўзини янгилашни истаётган, янги тил ва янгича услублар ахтараётган бўлса-да... Мен ҳали янгилик кўрмаяпман. Балки бу борада қайсидир маънода техника ҳам айбдордир. Бу биз учун мусбат маънога эга бўлса ҳам биз техниканинг югурдагига айланмоқдамиз: қўлимиз, кўзимиз, шууримиз ва бошқа сезги аъзоларимиз билан. Кино санъатининг моҳиятидан тобора олислашиб боряпмиз. Ҳамма омадли бўлишни, таниқли бўлишни, таваккал қилишни ҳохлаяпти. Таниқлилар кўп, кино эса йўқ. Ҳатто Европа арт кинолари ҳам етарлича зерикарли бўлиб қолди. Тубсизликдан эса ҳамма ҳайиқмоқда. Йиллар давомида битта хулосага келдимки, асл асар ҳамиша аксил натижа берар экан. Агар кимки, янгичароқ бирор нима қилишга уринса, бу ё эксперимент бўлиб чиқади, ёхуд янги бир йўл излаш жараёни, холос... Менинг назаримда ҳақиқий киноасар сал бошқачароқ бўлиши керак...

Бирорта филмингиз ҳақида гапириб бероласизми?

Мен асосан ҳужжатли ва бадиий филмлар яратаман. Иккаласи ҳам мен учун азиз. Ўтиш даври мени ҳар доим таажублантиради. Одамлар ўтиш даврида энг муҳим танловларни қандай қабул қилишади?! Уни қай тахлит яшаб ўтишади?! Санъаткор, айнан киноижодкор ўтиш даврини қандай ўтказади: нималар ҳақида ўйлайди, ўз эътиқодини қай кўринишда суратга олади. Кино бу эҳтирос ва мен айнан ўзимнинг шундай номланган киномда икки авлод вакили бўлган режиссёрнинг ҳаёт ва иш фаолиятини таққослаганман. Томошабинни жамият ва санъаткорни орасидаги қиёсий кўприкдан олиб ўтишга ҳаракат қилганман.

Менинг кино сари қадамим силлиқ бўлмаган. Ўйлайманки, энг катта истеъдодларнинг ҳам ижодий йўли ҳеч қачон равон кечмайди. Кино асаримда менинг қаҳрамоним озодлик излайди. Қирмизи орзулар сураётган ўспириннинг ва ўтиш даврида кечаётган инсоний қадр-қийматнинг ўзгаришининг, Монголиянинг умумий метафоравий қиёфасини яратишга уринганман.

Ўзбекистон ва ўзбек киносидан хабардормисиз?

Албатта. Ўзбекистон, Самарқанд, Бухоро ва Хоразм тарихи ҳақида жуда кўп китоблар ўқиганман. Ўзига хос тарихингиз бор. Буни жуда қадрлайман. Имом Бухорий ва Ибн Сино ҳақида ўқиб, у табаррук масканларни зиёрат қилишни ҳар доим орзу қиляпман.

Кинога келадиган бўлсак, олдинги даврда, тўғрироғи собиқ шўро давридаги киноларни биламан, холос. Бугунги кунда яратилаётган ўзбек киносидан хабардор эмаслигим мени ташвишлантиради. Ўйлайманки, сизнинг юртингиз кинорежиссёрлари ҳам ана шундай ҳолатни бошидан кечираётган бўлса, ажаб эмас.

“Китоб дунёси” газетасига ва ўзбек ўқувчисига тилакларингиз?

– Мен ашаддий китоб мухлиси бўлганим учун китоб ва китоб ўқувчилар ҳақда, китоб севгувчилар ҳақида газетаси бор халқни бошимга кўтаргим келади. Тўғриси, сиз шу газета ҳақида гапирганингизда жуда ҳавасим келди.

Одамлар борган сари донолашиб бораяпти. Мен газетага ҳар бир юракни қуёшдек ёритиб, дилдаги ғуборларни ювиб яшашда ҳормасликни тилаган бўлардим. “Китоб дунёси” ўқувчиларига эса бир гапни айтгим келяпти: ҳаёт қаршингизда сизга пешвоз чиқиб турибди. Уни боридай яшашга одатланинг, мураккаблаштирманг. Ички боғлиқликлардан, ботинингиздаги кўланкаларга ўралашиб қолишдан халос бўлинг. Юрак ҳовучлаб яшашга одатланманг. Шунда ҳар тонг табассум билан юзма-юз бўласиз.

Сизга ҳам энг гўзал тилакларимизни тилаб қоламиз. Раҳмат!

 

Суҳбатдош:

Гўзал БЕГИМ