“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

Муаллима (ҳикоя)

Рэй БРЭДБЕРИ, Америка ёзувчиси

Анна Тэйлор Яшил шаҳар марказидаги ёзги мактабга дарс бериш учун келди. Худди ўша куни у роппа-роса йигирма тўрт ёшга кирганди. Анна Тэйлор билан бир кунда эса кичкина Боб Спаулдинг ҳам ўзининг ўн тўрт баҳорини қарши олди.

Ёш муаллимани ҳозиргача ҳамма соғинч билан эслайди. Негаки у ҳали ёш бўлса-да, бирданига барча ўқувчиларнинг меҳрини қозона олган, уларнинг тилини топиб, яқиндан муомала қила олган энг биринчи устоз эди. Анна Тэйлор синф хонасига илк қадам қўйган кунданоқ гўё ҳаммаёқ яшнаб кетгандек бўлди, болалар янги ўқитувчиларига деб катта-катта, мазали апельсинлар, нимпушти, қийғоч гуллар, уларга ҳеч ким тайинламаган бўлса ҳам, яшил ва сариқ ранг аралаш дунё харитасини ўрамлаб дарсга олиб келишганди. Анна Тэйлор бу эски шаҳар кўчалари бўйлаб ўтганида улкан эман дарахтининг сершох новдалари унинг боши томон аста эгилар, ҳовуч-ҳовуч нур ўша новдалар оралаб муаллиманинг юзига тўкилиб қоларди. Анна болалар учун мисоли изғирин қишдаги мазали шафтолидай ёки бўлмасам иссиқ саратон чоғидаги тўйимли бошоқли экиндек жуда керакли бўлиб кўринди. Чинданам айнан шундай эди. Зотан Анна Тэйлор ёрдам ва далдага муҳтож ҳар бир ўқувчиси учун ҳаммавақт шай, жонсарак бўлиб турарди. Шунинг учун ҳам болалар уни бир зумда яхши кўриб қолишганди. Аммо ўша кунлар негадир жуда тез ўтиб борарди. Балким Анна билан болаларга шундай бўлиб туюларди дарс пайтлари. Уларнинг ҳеч бири вақтнинг бу қадар шошиб ўтишини асло-асло истамас эди.

Бироқ кичкина тўполончи Боб Спаулдинг учун дунё теп-текис, у октябрнинг салқин тонгларидан биридагина қўлига дарсхалтасини олиб, эринчоқлик билан энди мактаб томон йўлга тушганди. У учун дарслар эндигина бошлангандек эди. Йўл бўйи бу шўх болакай саховатли кузнинг бор манзарасини, ариқ тўла оқиб кетаётган зилол ва муздек сувни, дарахт таналари бўйлаб ўрмалаб юқорига тирмашаётган бир гала чумолилар карвонини, байрамлар арафасида безатилаётган кўчалар ва боғларни астойдил, мириқиб кузатиб борди. Ҳатто у бир ўриндиққа ўтириб олиб, атроф-теварагига яна бир-бир кўз ташлаб чиқди. Ёлғиз бир ўзи ўтираркан, димоғида қандайдир байрам куйини минғиллаганча хиргойи қилиб, бувисининг дашномли сўзларини эслади: “Боб, сандироқлаб юравермасдан, тўғри мактабингга боргин!”

Оббо, бувижоним-ей! Боб шундан кейингина секин ўрнидан турди, ўриндиқ четида турган дарcхалтасини бўйнига илди-да, энди бироз жадаллик билан мактабга қараб юриб кетди. Боб ҳеч қачон бирон бола билан яқин бўлмаган, ҳар доим ёлғиз юрарди.

У хонага кириб келганида, ўқувчилар ўзларининг иккинчи дарслари учун тайёргарлик кўрмоқда эдилар. Боб аста сирғалиб эшикдан кира солди-ю, энг охирги қатордаги жойига бориб ўтириб олди. Орадан ҳеч қанча ўтмасдан янги муаллима Анна Тэйлор ҳам синфхонасига кириб келди. У ҳали болаларнинг ёдидан чиқиб кетгандир, деган эҳтиёт шарт билан доскага каттароқ ҳарфлар билан қайтадан ўзининг исмини ёзиб қўйди.

“Менинг исмим Анна Тэйлор”, – деди у ёзиб бўлгач, болаларга дона-дона қилиб сўзларкан, “мен сизларнинг янги ўқитувчингиз бўламан”.

Ўқувчилар хурсанд бўлиб чапак чалиб юборишди. Боб эса ҳайрон бўлганча, дам доскага, дам тўғрисида турган нотаниш муаллимага қараб, лом-мим демай жим ўтираверди. Аммо ичида унинг шайтони қўзиб, бу ўқитувчини бир бало қилиб бўлса ҳам, тезроқ кеткизиш керак, деган ўй ўтди хаёлимдан. Ўша куни у дарсдан сўнг бир челак сув билан тозалагич латтани ботириб, доскага ёзилган кейинги мавзуга оид барча маълумотларни битта қўймай, ҳаммасини артиб чиқди. Доска топ-тоза бўлди. Боб хотиржам нафас олиб, енгил ҳолда уйига жўнади.

– Бу нимаси? – Эртаси куни эрталаб синф хонасига кириб келган Анна Тэйлорнинг илк саволи шу бўлди. У ҳайрон бўлганча тозалаб артилган доскага алам билан тикилиб турар, ҳеч нарсадан хабари йўқ болалар ҳам бегуноҳларча елкаларини қисиб, хомуш туришар эди. Фақат биргина Боб Спаулдинг қилган ишидан завқланганча кеккайиб ўтирар, у ҳамма болаларга кўриб қўйларинг, мана бундай бўлади, дегандек фахрланиб қарарди. Шу пайт бирдан ёш муаллиманинг Бобга кўзи тушди-ю, бўлган воқеанинг барини англаб олди. Аммо қиз болага ҳеч қанақа койиш айтмади, аксинча у Бобни мулойимлик билан доскага чақирди-да, уни тозалашни буюрди.

– Ахир топ-тоза-ку? Нимасини тозалайман буни? – деди ҳайрон бўлган Боб энсаси қотиб.

– Йўқ, сен уни яхшилаб тозала, қара, ҳалиям тоза эмас ахир, – деди Анна Тэйлор унга хотиржам ва меҳрибонлик билан боқаркан.

Нима қилишини билолмай турган Бобга қолган болалар ҳам ҳайрат ичида қараб қолишганди.

– Нега турибсан? Мен нима дедим сенга? – деди муаллима Бобнинг ёнига келиб, – қани, доскани тозалаб қўй-чи, болакай!

Шундай деркан, Анна Тэйлор Бобнинг елкасига қўлини қўйди.

– Эссизгина! Кеча бу дарсни атайлаб сен учун ёзиб қўйгандим. Ахир сен мактабга кечагина келдинг-ку! Қанча-қанча дарслардан қолиб кетдинг. Бироқ мен буни сенга кеча тайёрлаб қўя олмагандим. Шу учун бугун келиб кўчириб олсин, деб доскага сен учун ёзиб кетгандим. Буни қара-я, қайсидир аҳмоқ уни ўчириб ташлабди-я, эссиз!

Шу пайт Боб Спаулдинг кўзларига ёш тўлиб қолди. У янги муаллимасига қараб нимадир демоқчи бўлди-ю, бироқ гапира олмай, хонадан югурганча ташқарига отилиб чиқиб кетди.

Эртаси куни эрталаб дарсга келган ўқувчилар доскага катта-катта ҳарфлар билан ёзилган сўзларни кўриб, кечагидан ҳам баттар ажабланиб қолишди. Қоп-қора, текис доскага оппоқ бўрда аниқ-аниқ қилиб шу сўзлар ёзиб қўйилганди:

“Мени кечиринг, мис Тэйлор! Сиз менинг энг янги ва энг яхши ўқитувчимсиз!”

Болалар синф хонасининг энг охирги қаторида ўтирган Боб Спаулдингни кўриб, янаям ҳайратланишди. Негаки, у оппоққина ўқувчилик кийимида, ҳеч кимга қарамай, олдига ҳамма китобларини очиб олганча ўзи қатнашолмаган дарсларини ўқиб ўтирарди. Унинг бир томонида эса Анна Тэйлор учун келтирган нимпушти ва қийғоч дала гуллари ял-ял яшнаб турарди.

Инглиз тилидан ШАҲНОЗ таржимаси