“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

Оддий текширув (ҳикоя)

Эрнест Хемингуэй, Америка адиби, Нобель мукофоти совриндори

Ташқарида қор деразани кўмиб юборгудай даражада кўп ёққанди. Қуёшнинг заиф нурлари дераза тирқишлари оралаб, кулба ичига қуйиларкан, улар айниқса, кулбанинг ёғоч деворига осиб қўйилган харита юзини кучлироқ ярқиратиб турарди. Офтоб тобора юқорилагани сари унинг шуълалари ҳам қор уюми тепасида шунча кўп товланарди. Кулбанинг бир томонига чуқур ҳандақ ҳам ковлаб қўйилганди, қуёш чарақлаб турган кунлари нурлар девор устида турли шаклу шамойил ясаб, ажиб ўйин этишар, улар худди охирги совуқ қордан ўч олмоқчидай бор иссиқликларини мўл-кўл тўкишарди. Мартнинг охирги кунлари эди. Кулба ичида деворга тираб қўйилган стол ёнида бир майор ўтирарди. Столнинг нариги томонидан эса унга ҳамроҳ адъютант жой олган.

Майорнинг кўзи атрофида қуёшда қор кўзини қамаштирмаслиги учун тутиб юрадиган кўзойнакдан қолган иккита оппоқ айлана из пайдо бўлганди. Юзининг қолган қисмини офтоб олган, қорайтирган, ўша қорайган танаси иссиқ ҳарорат тафтида янаям куйиб кетганди. Шишинқираган бурни чеккасидаги семиз териси ҳам негадир пўрсилдоқ-пўрсилдоқ бўлиб ёрилиб қолганди. У қўлидаги газеталарга тез-тез кўз югуртириб чиқар, айни дамда чап қўлини ёнидаги мой солинган ликопча томон узатиб, бармоқларини мойга булар ва уни бутун юзи бўйлаб яхшилаб суркарди, унинг бармоқлари бу вазифани жуда майинлик билан бажармоқда эди. Бошлиқ қўлларини ликопча четига ғоятда эҳтиёткорлик билан олиб борар, мой юқи сингиб қолмаслиги учун ниҳоятда мулойим ҳаракатланарди, пешонаси билан иккала ёноғи юзасига ҳам ўшандай асталик билан мой суртиб олгач, энг охирида шишган бурни атрофини ҳам бармоқлари билан зўр ҳафсала қилиб ишқалай кетди. Ниҳоят бу ишини тугатиб, майор секин ўрнидан турди-да, мой солинган ликопчани кўтариб, ўзи жойлашиб, дам оладиган хонаси томон йўналди.

– Мен бироз мизғиб олмоқчиман, – деб қўйди у адъютантга қарата. Адъютант бу армияда бошқа ҳарбийлар сингари ҳеч қандай буйруққа жавобгар офицер эмас, балки ўз ҳолича мустақил бир ҳарбий эди.

– Сен бемалол еб-ичиб ўтиравергин.

– Майли, сеньор Маггоре, – деб жавоб берган бўлди адъютант. Шундай деди-да, у ҳам стули орқасига бор гавдасини ташлаб, узоқ эснаб қўйди. Озгина вақт ўтгач, пальтосининг чўнтагидан қоғозга ўроқлик қандайдир китоб олиб, очди-ю лекин уни дарров стол устига ташлаб қўйди, сўнгра бамайлихотир тамакисини олиб тутатди. Адъютант тамакини ютоқиб тортиб, буруқситиб тутун чиқарди-да, бояги китобни ўқиш учун стол устига эринганча энгашди. Аммо барибир ўқишга шашти бўлмай, уни тағин ёпди-ю, қайтариб чўнтагига солиб қўйди. Бусиз ҳам адъютантнинг бир дунё ишлари, ўйлайдиган ўйлари кўп эди. Ўша ишлари битмагунича китоб ўқиш адъютантнинг калласига сиғмасди. Ташқарида эса март қуёши секин-аста пурвиқор тоғлар ортига бота бошлаган, кулба деворлари устидаги ўйноқи нурлар рақси ҳам оҳиста-оҳиста сўниб бормоқдайди. Шу пайтда хонага қандайдир бир аскар йигит кириб қолди, у ҳеч нарса демай, бурчакда уюлиб турган қарағай шохларини олди-да, уларни ҳар-хил узунликда чопиб, печ ичига бирма-бир ташлай бошлади.

– Секинроқ, Пенин, – деб огоҳлантирган бўлди уни адъютант ўтирган еридан. – Майор дам олаяпти.

Пенин майорнинг қўл остидаги аскарлардан эди. У қорачадан келган нимжонроқ йигитча бўлиб вояга етганди, у имкон қадар овоз чиқармай ўтинларни жойлагач, печ эшигини ёпиб, яна кулба орқасига ўтиб кетди. Адъютант энди газета ўқишга тутинди.

– Адъютант! – Бирдан ичкари хонадан майорнинг овози келди.

– Нима гап, сеньор Маггоре?

– Пенинни менинг олдимга киритиб юборгин.

– Пенин! – ўша заҳоти йигитчани чақирди адъютант.

Хонага Пенин кирди. – Сени бошлиқ кўрмоқчи.

Йигитча индамасдан катта хона орқали ўтиб, майорнинг эшиги олдига келди. Қия очиқ турган эшикни қўрқа-писа икки марта тақиллатган бўлди.

– Сеньор Маггоре?

– Киравер, Пенин, – адъютант майорнинг бошлиқларга хос буйруқомуз оҳангини эшитди. – Эшикни орқангдан ёпиб кир.

Ичкарида майор ўзининг койка деворга ўрнатилган каравотини тўлдириб, ёйилиб ётарди. Бошининг тагига алланарсалар солинган рюкзагини юмалоқ ёстиқ қилиб қўйиб олганди. Бошлиқнинг узун, офтобда куйган, ёғланган семиз юзи ёш аскарга боқди. Пенин майорнинг адёл устига узала ташланган жундор, бақувват қўллари тарафга кўзларини олиб қочди.

– Ёшинг ўн тўққиздами, Пенин? – деб сўради майор йигитчанинг чеҳрасига диққат билан разм соларкан.

– Шундай, сеньор Маггоре.

– Ҳмм, шунақа дегин, – деб қўйди майор жиддий қиёфада. Кейин яна ўшандай оҳангда таъкидлаганнамо қилиб савол берди: – Умрингда ҳеч севиб кўрганмисан?

– Мени кечирасиз, бу гапингизга тушунмай қолдим, сеньор Маггоре?

– Мен севганмисан, деб қизларни назарда тутяпман?

– Ҳа, қизлар билан гаплашиб тураман.

– Йўқ, тушунмаяпсан, мен сендан буни сўрамадим. Мен сендан бирон-бир қизга кўнгил қўйганмисан, деб сўрадим.

– Албатта, сеньор Маггоре.

– Ҳаа, демак, ҳозир кимнидир севасан, шундайми? Унга хат ҳам ёзиб тураркансан. Мен ҳамма хатларингни ўқиб чиқдим.

– Тўғри, мен ростданам битта қизни яхши кўраман, – деб тан олди Пенин, – аммо унга биронтаям хат ёзган эмасман.

– Йўғ-ей, аниқ ёзмаганмисан?

– Ҳа, гапим рост, аниқ ёзмаганман.

– Адъютант! – майор худди аввалги оҳангини бузмасдан офицерни чақирди. – Менинг гапларимни эшитиб турибсанми сен?

Нариги хонадан ҳеч қандай жавоб келмади.

– У бизни эшитмайди, – деб қўйди майор Пенинга қараб. – Хўш, демак, сен ўша қизни чинданам севишингга ишонасан?

– Ишонаман, сеньор Маггоре.

– Ундай бўлса, – майор аскарнинг юзига бир қур тез кўз югуртириб олди, – сен ҳеч қандай ахлоқсизлик ҳам қилмагансан?

– Сизнинг ахлоқсизлик, деб нимани назарда тутганингизни билолмадим, сеньор.

– Яхши, жуда соз, – дея хулоса чиқарган бўлди майор ўзича, – у ҳолда сендан ҳеч қанақа бошлиқ чиқмас экан.

Пенин бошини эгиб, кўзларини полга қадади. Майор унинг қорача юзларига, ориқ қўлларига, озғин гавдасига бошдан-оёқ бир-бир қараб чиқди. Сўнгра яна аввалгидай жиддий, кулмаган тарзда гапида давом этди:

– Демак, сен чин дилингдан истамаётган экансан, – майор сукут қилди. Пенин ҳамон полдан кўз узмай турарди. – Энг буюк орзуйинг ҳақиқий эмас экан унда – Пениннинг кўзлари ҳалиям полда эди. Майор гапдан тўхтаб, рюкзаги устига суянди-да, жилмайди. У юрак-юрагидан енгил тортганди. Армиядаги ҳаёт жиддий ҳаёт экан, у ёшларни булғамай, матонатли, ростгўй, тоза қилиб тарбиялабди. Майор негадир хурсанд бўлиб кетди.

– Яхши бола экансан, – деди у бироз юмшоқлик билан. – Сен яхши бола экансан, Пенин. Лекин бу гапимга кўпам талтайиб кетмагин, сенга оталарча гапим, йигитча, доимо кимдир зимдан пойлаб келиб, орқангга пичоқ уриб кетишидан ҳазир бўлиб юргин.

Пенин ҳамон бошлиғининг каравоти ёнида боягидай сукут сақлаган кўйи жимгина турарди.

– Мендан қўрқма, – деди майор унга меҳрибонлик билан тикилиб. У адёли устидаги қўлларини букди. – Мен сенга ҳеч нарса қилмайман. Истасанг, ўзингнинг взводингга қайтиб кетишинг ҳам мумкин. Лекин энг яхшиси, менда, менинг аскарим бўлиб қолганинг маъқулроқ. Бу ерда сени ҳеч ким ўлдириб кетолмайди.

– Мендан яна нимадир сўрамоқчимисиз, сеньор Маггоре?

– Йўқ, – деди майор, – чиқиб кетавер, хоҳлаган ишинг билан шуғулланавер. Ҳа-я, чиқишингда эшикни очиқ қолдиргин.

Пенин эшикни ёпмасдан ташқарига чиқди. Адъютант йигитчанинг хонадан ўнғайсизланиб юриб ўтиб, кулбадан чиқиб кетишини кузатиб турди. Пенин печга қалаш учун яна қарағай шохларидан кўтариб кирганида, у бутунлай қип-қизариб кетган, ҳаракатлари ҳам олдингидан анча ўзгариб қолганди. Адъютант ёш аскарнинг бу ҳолатини кузатиб туриб, мийиғида кулиб қўйди. Пенин тағин ташқарига чиқиб, яна-да кўпроқ ўтин кўтариб кирди. Ичкари хонада эса девордаги михга осиб қўйилган қишки кўзойнаклари билан латтага ўраб қўйилган каскасига термулганча майор ўз каравотида ўй суриб ётар, бироқ унинг қулоқлари қўшни хонадаги Пениннинг қадам товушларида эди. “Вой, кичкина шайтон-ей, – деб ўйларди бошлиқ кулимсираб, – эҳтимол у мени алдаб қўйгандир”.

 

Инглиз тилидан Қандилат ЮСУПОВА таржимаси