“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

Севги (ҳикоя)

Ёзувчи укамга бағишладим

Мен бутун умр

Ўзимни изладим...

Мен бир умр Сени

изладим...

Мен умрим бўйи

Севги изладим.

Дарвоқе, ўн тўққиз

ёшимда сени

топгандай бўлдим.

Мен эса ўзимни сенга Ошиқ этиб сайлаган эдим.

Биз бир курс, бир гуруҳда ўқирдик. Менинг шоир юрагим ҳам, ҳамтаълим дўстларимиз ҳам тушунишарди, биргина сен тушунмасдинг. Тушунишни хоҳламасдинг.

Ёнма-ён турганимизда ҳам мени кўрмасдинг, сўзларимни эшитмасдинг, гўёки бу ёруғ жаҳонда Қодир деган йигит йўқ эди... Кибрли нигоҳларинг юрак-юрагимни ўртаб юборарди. Лекин бир калима сўз айтолмасдим. Сени кўрдим дегунча сўзимдан ҳам, йўлимдан ҳам адашиб кетаверардим.

Бу орада армияга, аниқроғи, Афғон урушига жўнашим маълум бўлиб қолди.

Анча енгил тортдим. Чунки сенинг таҳқирли нигоҳларингдан эҳтимол, вақтинча, эҳтимол, умрбод қутулардим.

Жўнаб кетишимга бир кун қолганда сени институт боғидаги ўриндиқда холи учратдим.

Сен узоқ вақт қўлингдаги китобдан бош кўтармадинг. Ниҳоят, менга кўзинг тушди, майин, қайрилма қошларинг хиёл чимирилди, лабларингда заҳарханда пайдо бўлди.

– Э, ҳа, шоири замон, Сизмидингиз? Йўл бўлсин?

– Ҳе, шу, эртага армияга жўнаяпман... Йигитлик бурчимни бажариш пайти келди...

* * *

Қиз билинар-билинмас оловтус олган майин дудоқларини қимтиб, менга бир муддат тикилиб турди. Сўнгра ўша заҳарханда оҳангда кесатди.

– Оқ йўл, шоир! Сиз йигитлик бурчини бажаришга жуда лойиқсиз!

Қиз барча курсдошларим қатори, Афғонистонга жўнаб кетаётганимни яхши биларди. Шу боис, унинг гап оҳангидаги совуқлик суяк-суягимдан ўтиб кетди. “Наҳот, у очиқдан-очиқ менга ўлим тилаётган бўлса, ахир урушга кетаётганимни яхши билади-ку! Менинг севишдан ўзга гуноҳим йўқ-ку”!

Сурати девор бўлиб, ўриндиқдан турдим.

– Хайр, соғ бўлинг, – дедим овозим зўрға чиқиб, – мени баъзи-баъзида эслаб туринг.

Нега шундай дедим, нега қиздан илтифот кутдим? Ҳамон билмайман.

– О, о, албатта, шоир, сиздай йигитни унутиб бўладими? Сиз дунёда якка-ягонасиз... Алвидо, дўстим!

Эвоҳ, бу совуқ ҳайкал бунчалар шафқатсиз бўлмаса? У юрагимга янада оғриқ солди, атайлаб “Хайр!” эмас, “Алвидо!” деди.

Мен ундан тез узоқлашдим ва ортимга сира қайрилиб қарамадим. Лекин барибир озурда юрагим унинг ёнида қолган ва қиз юракка истаганча ханжар уриши мумкин эди.

Уни илк, йигитлик ишқи ила севардим. Дунёда энг чиройли қиз деб ҳисоблардим. Ўзи ҳақиқатан ҳам жуда чиройли эди... Узун, эгма киприклар, луччак шафтоли янглиғ қирмизи ёноқлар... Кўзлари жон олгувчи жаллодлар эди мен учун. Биргина нигоҳ ила сув қилиб юбориларди. Шу боис унинг ҳар қандай совуқ, қўпол муомаласига ҳам чидар эдим.

* * *

Аскарлар тилида “шайтонлар ўқув юрти” дея ном олган сержантлар мактабига тушдим.

Мактабда одам ўлдириш “санъатини” ўргатишар экан.

Бу “санъат”нинг ҳадисини олганимдан сўнг, Афғонистонга жўнадим.

1986 йил ёз палласида учоқ бизни Қандаҳор деган жойга олиб боришди.

Ҳаво-десант қўшинлари таркибидаги алоҳида гуруҳда хизмат қилабошладим. Жуда муҳим жанговар вазифаларни бажаришга мўлжалланган бу батальон аслида собиқ Иттифоқ Қуролли кучлари бош штаби разведка бошқармасига қарашли бўлиб, сир сақлаш учун ҳаво десант қўшинлари таркибига киритилган экан.

Қандаҳор табиати жуда қаҳрли бўлиб, майин қум зарралари кўз очиргани қўймайди, тунлари қўзғоладиган кексир шамширдай шамол бутун вужудингни ғалвир қилиб ташлайди. Кундузи, туш пайтида эса жазирама иссиқ олтмиш даражага етиб қолади.

* * *

Сержантлар мактабида “одам ўлдириш... илмини” хийла ўрганган бўлсам-да, ҳали жангга кириб улгурмагандим. Шунинг учунми, биринчи муҳорабадаёқ ўққа учақолсам ёмон бўлмасди, дея хаёл сурардим.

Негадир, ҳалок бўлсам, мени яхши кўриб қолармикансан, дея умид қилардим. Пушаймон бўлиб, кўз ёши қилишингни, “Мен, ахир, сизни севардим! Севардим-у, ишқим юрагимда пинҳона эди, сизга билдирмасдим”, дея фарёд чекишингни истардим. Аммо Қандаҳор чўлидаги аскарий қўналғадаги биринчи кечадаёқ бу хомхаёллар нақадар аҳмоқона эканлиги аён бўлди.

Ярим тунда отишма бошланиб, қаттиқ гумбурлаш само бағрини тилкалаганда, биз, янги келганлар, ҳаммамиз чодирни йиртгудек бўлиб, ташқарига отилдик. Бу қилиғимиз жанг кўрган аскарларнинг кулгисига сабаб бўлди.

Ана шунда ўлишни сира-сира истамаслигимни, миямда чарх ураётган хаёллар бари рад этилган севги алами эканлигини англаб етдим. Ва ҳаётга, яшашга бўлган муносабатим кескин ўзгарди. Қандай бўлмасин, сенинг муҳаббатингга сазовор бўлиш ҳақида ўйлай бошладим.

Сен учун яшагим келарди. Энди елкамдаги қарийб тўрт пуд келадиган сафархалта, қўлимдаги йирик калибрли “Утёс” (Қоя) пулемётининг оғирлиги ҳам унчалик билинмасди.

Ҳар куни сенга хаёлий мактуб ёзардим. Эҳ, агар бу мактубларнинг биргинасини ўқиганингда ҳам, мени севиб қолишинг аниқ эди. Мен, ахир, шоир эдим. Шоирнинг севгилисига ёзган мактуби оддий бўлмайди.

Қандаҳорнинг учқур шамоллари хаёлий мактубларимни сенга албатта етказади деб ўйлардим. Шеърий мактубларимни пичирлаб шамолларга ўқирдим. Аслида, ана шу мактублар туфайли кейинчалик шеър йўлига кирган бўлсам, не ажаб?

* * *

Шундай қилиб, Қандаҳордаги аскарий ҳаётим бошланди.

Бу орада иссиқ кучайгандан кучайиб, жазирамадан қандай жон сақлашни билмай қолдик. Иссиқ ўлка фарзанди эсамда, жуда безовта бўлардим. Жазирама зўридан карахт бўлиб, алаҳлаб қолардик баъзи-баъзида.

Аскарлик ҳаёти эса секин-аста бизни уруш гирдобига тортмоқда эди. Энди бошимиз тепасидан ҳуштак чалиб ўтадиган снаряд гумбурлашидан чўчимай қўйгандик. “Қария” аскарлар эса бизни мазах қилишмас, балки, жангнинг оддий қонун-қоидаларидан сабоқ беришарди. Биз билан бирга сержантлар мактабидан келган қирқ нафар йигитдан ҳар сафар икки нафари “қария”лар гуруҳига қўшилиб, жангга борарди.

“Қария”лар шундай дейишарди: “Қандаҳордай Худо қарғаган масканда омон қолишнинг бирдан бир омили – ўқдонингда ўқ, сувдонингда сув тугаб қолмаслигидадир. Дарвоқе, ёнингда доим тамаки ва гугурт ҳам бўлгани маъқул. Фақат, илло-билло, пистирмада ётганингда, асло чека кўрма, ўзингни-да, гуруҳни-да нобуд қилганингни билмай қоласан. Душман деганинг, тамаки ҳидини уч чақирим масофадан сезади”.

Жанг кўрган аскарлар биз сержантлар мактабида ўқиган жанг назарияси, хомаки машқларни амалда қўллашни ўргатишарди. Қўллай олмадингми, “300-юк” бўлиб “Қора лолада” уйингга жўнайсан.

“300-юк”да эса жисму жонингдан нима қолгани командиринг ва ёлғиз Аллоҳгагина аёндир. Ҳатто ота-онанг ҳам сирдан воқиф бўлолишмайди. Тобутни очишга рухсат берилмайди. Қиссадан ҳисса шуки, тобутда сал одамшаванда кўриниш учун ўз ғамингни ўзинг ейишинг керак. Бир бошга – бир ўлим! Қўрқма, қўрқдингми, адо бўлдинг! Унда ҳатто тобутга-да етолмайсан!

Бу бадҳазм гапларни қулоғим илиб оларди-ю, барибир, кўз олдимдан сенинг тиниқ чеҳранг кетмасди. Энди сира ўққа учгим йўқ, қачон дийдорингга етар эканман, дея ширин хаёллар сурардим. Сен билан бўлажак учрашувда нималар дейишни ўйлардим.

Осиёлик бўлганим сабаб, чеҳрам ерлик аҳолига ўхшаб кетарди. Буни командирлар ҳам, аскарлар ҳам эътироф этишарди.

Алоҳида муҳим жанговар амалиётларни бажаришга мўлжалланган махсус батальонимизнинг асосий вазифаси ташқаридан келадиган қурол-яроғ карвонларини йўқ қилиш, уларнинг душманлар қўлига тушишига йўл қўймаслик эди. Барча жангчиларимиз топшириқни бажаришга афғонларнинг миллий кийимида боришарди. Миллий кийим деганим, бу – қора салла, қора нимча, узун этакли оқ кўйлак, иштон. Бундай либосда жанг қилиш анча қулай эди.

Кўп ўтмай комбат буйруғи билан соқолимни ўстириб, худди афғон мужоҳидларига ўхшадим, қолдим.

Мен афғон қишлоқларига 2-3 шеригим билан разведкага борардим. Афғонлар билан форс тилида шундай гаплашардимки, улар мени ўз миллатдошлари деб ўйлаб, меҳмонга таклиф этишар, баъзан юрак сирларини айтишарди.

Мен разведка, жанг, одам ўлдириш илмининг ҳадисини олгандим. Шунинг баробарида, юрагимда, шууримда ҳам ўзгаришлар содир бўлаётганини сезиб турардим. Энди саросимага тушмай совуққонлик билан одам ўлдирардим, виждоним сира қийналмасди. “Мен сержантман, буйруқни, қолаверса, бурчимни бажаряпман деб ўйлардим. Агарда юрагимни остин-устун қилиб юборган бир воқеа юз бермаганида, билмадим, иш нима билан тугарди. Ашадий каллакесарга айланиб кетармидим? Чунки махсус гуруҳимиз, қуролли кучлар бош штаби разведка бошқармаси тасарруфидаги энг сараланган бўлинма бўлиб, биз қурол-яроқ карвонини эгаллаб олиш баробарида, унинг барча қўриқчиларини битта қўймай қириб ташлардик.

... Навбатдаги карвонни тор-мор этиб, БТР ва ҳарбий машиналарга ўлжа олинган қурол-яроқларни ортиб, қўналғамизга қайтаётиб, чўл этагидаги ғарибгина афғон қишлоқчасидан ўтмоқда эдик. Бирдан том бошида турган қирмизи кўйлакли, ўн етти-ўн саккиз ёшлар чамасидаги қизни кўриб қолдим. Кўзларига кўзим тушгач, юрагим “жиз” этди. Фақатгина “жиз” этди эмас, балки турган жойимда бир сапчиб тушдим-у, унга янада қаттиқ тикилдим. Қиз қуйиб қўйгандек сенга ўхшар, айниқса, кийик кўзларига монанд шаҳло кўзлари худди сеникидек эди.

Мен ўзимни ўнглаб олмасимдан, ортимизда автомат тариллади...

Томда турган қиз бир қалқиб кетди-ю, худди “қарс” этказиб синдирилган гул бутоғидек икки букилиб, томдан қулади.

Бир неча дақиқада кўз ўнгимда содир бўлган бу қабоҳат мени тамоман гангитди, жазавага тушдим. Автоматимни олиб, орқадаги машинада келаётган, қизни ўлдирган бадкорни отиб ташламоқчи бўлдим. Шерикларим қўлимдан қуролни тортиб олдилар, юз-кўзимга сув сепиб, ўзимга келтирдилар. Шунча вақтдан бери ажал, қон орасида юриб, асабларим жуда таранглашган экан, ҳа, деганда жазавам босилмасди. Мен “Жаллод, қизда нима айб” дея бақирар, кўкрагимга муштлаб, фарёд қилар эдим.

Қўналғага етиб келганимиздан сўнг, бир неча тинчлантирувчи уколдан сўнг, чодирда ухлаб қолибман... Уйғонганимда тепамда қуролдош дўстим Саша турарди.

– Ҳа, мужоҳид, сенга нима бўлди?

Ҳеч нима демадим, гапиришга мажолим йўқ эди.

Саша бир муддат у ёқ-бу ёқдан гапириб ўтирди-ю, чодирдан чиқар экан, шундай деди:

– Бардам бўл, ўзингни қўлга ол! Ҳали олдинда жуда муҳим жанглар бор!

Лекин ўзимни қўлга олишим жуда қийин кечаётганди, қизнинг икки букилганича, томдан қулаш ҳолати кўз ўнгимдан кетмасди. Мен унинг жасади тепасида юрак-бағрим эзилиб, аъзойи баданимга игна санчилгандай, борлиғим мени бир азоб исканжасида ёнган кўйи карахт бўлиб, тош қотиб турардим. Унинг сенга жуда ўхшашлиги мени ларзага солган, аллақандай, қонсираган аскарнинг ўқига учган бечоранинг кўзларидаги “Гуноҳим нима эди?” деган саволига жавоб топа олмасдим. Бу ҳодиса қалб мувозанатимни бузиб юборганди. Энди урушнинг ҳақиқий башарасини, унинг жирканч қиёфасини аниқ кўраётгандим.

Шу тахлит, ўзим билан ўзим олишиб, қийналиб юрдим. Комбат мендаги ўзгаришни сезмай қолмади. У қаттиққўл, чўрткесар, лекин жуда адолатли одам бўлиб, бирор аскарнинг бекордан-бекорга ўққа учишига йўл қўймасди. Ҳаммамизга оталарча муносабатда бўларди. У мени ўз чодирига чақиртириб, очиқчасига гаплашди.

– Коля, (у мени шундай атарди) брось, ты это! Ўз-ўзингни еб битиришингдан кимга наф? Сени уйда ота-онанг, суюклигинг кутяпти. Ўзингни қўлга ол! Воқеани менга айтиб беришди. Бу иш ғайриихтиёрий тарзда содир бўлган. У тегишли жазосини олди. Лекин жанг кўриб юрган киши сифатида, қуролдошингни тушунишга ҳаракат қил. Буни жанг синдроми дейишади. Аскар жангдан сўнг унинг тафсилотларини узоқ вақт унута олмайди, тушларида жанг қилади. Айримлар жанг тафсилотларини бир умр унутишолмайди.

Ўша воқеа ҳам айнан жанг таъсирида содир бўлгани аниқ. Ўша аскар ҳамон жанг қиляпман деб ўйлаган. Ахир, жангда тўққиз нафар йигитимиздан ажралганимизни яхши биласан-ку!

Комбат чуқур “уф” тортди, гугурт олиб, тамаки тутатди. Ҳузур қилиб тутун ютар экан, кўзларимга тик боқиб, шундай деди:

– Биз аскарларимиз, Ватан буйруғини бажаряпмиз. Начора, қон тўкишга тўғри келади. Биргина илинж кўнглимга чироқ ёққандек бўлади. Биз карвонларни қириб ташлаб, тортиб олаётган қурол-аслаҳалар тинчликка хизмат қилади. Ишлатилмай қолган минг-минглаб қурол-аслаҳа неча ўн минг, юз минг кишининг ҳаётини сақлаб қолади! Уқдингми, ўртоқ сержант?

– Уқдим, ўртоқ майор!

Комбат чодиридан хийла енгил тортиб чиққан бўлсам-да, ҳамон қарама-қарши ҳислар оғушида эдим. Мен ноҳақ, ўққа учган бегуноҳ афғон қизи сиймосида ҳамон сервиқор, лекин жуда чиройли чеҳрангни кўрардим, сендан айрилиб қолмадиммикан деган фикрдан чўчиб тушардим.

Уруш, хунрезлик оқибатида кўнглимнинг энг олис, қоронғу бурчагига бекиниб олган Севги, Муҳаббат, Севиш, Севилиш иштиёқи ноўрин отилган биргина ўқ туфайли жунбушга келган, ўз ҳақ-ҳуқуқини сўраб, исён кўтармоқда, бекордан бекорга қон тўкилишини лаънатламоқда эди.

* * *

Аскарий қўналғада эса ҳаёт давом этар, соқчилик, ошхона навбатчиликлари, қорин, энгил-бош ғами, онда-сонда эса байрамлар, спорт мусобақалари... Хуллас, кўкракни намга бериб, ғам чекишга мутлақо вақт йўқ. Шўх, ерга урса, кўкка сапчийдиган разведкачилар зерикишга қўйишмасди.

Лекин уруш – ҳис-туйғу, кўнгил бўшлик, кўнгил хушлик эмас, унинг шафқатсиз, ҳеч нимани, ҳеч кимни аямайдиган ўз қонуниятлари бор.

Бу орада хавфсизлик кучларидан ғоят махфий шифрограмма олинди. Унда тез орада қурол-яроғ ортилган катта карвон Қандаҳор чўлларидан ўтиши, тахминий йўналиши маълум қилинганди. Карвон хавфсизлигини таъминлашга 300 дан ортиқ мужоҳид сафарбар қилинганлиги тахмин этиларди.

Тун тобора қуюқлашаётганидан фойдаланиб, қишлоқ чеккасидаги ташландиқ мол қўрасига бекиниб олдик. Қўранинг пахса деворлари бир қулоч келар, қўланса ҳид димоқни ёргудек, нафас олиш жуда қийин эди.

Қишлоқ уйқуга кетган, “милт” этган чироқ кўринмайди, ҳатто итлар акиллаши ҳам эшитилмасди.

Амаллаб тунни ўтказдик. Тонг ғира-ширасида “дух”ларнинг биринчи, иккинчи, сўнгра учинчи дозорини1 ортиқча шовқин-суронсиз, ими-жимида қириб ташладик. Лекин душманларнинг тўртинчи дозори велосипедларда ҳаракат қилар экан. Улар бизнинг қаерга бекинганимизни билиб қолишди. “Велосипедчилар”нинг бири асосий кучларга хабар беришга улгурди.

Шундан сўнг ёзнинг нисбатан салқинроқ тонги бир неча дақиқа давомида қиёмат-қойимга айланди.

Душманнинг кўп сонли қўшини қўналға томонга ташланди. Гранатамётлар ишга тушди. Душман гранатамётлар ёрдамида вақтинчалик қўналғамизни бутунлай вайрон этди. Жанг қарийб беш соатдан буён давом этаётганди. Биз, ўн кишилик гуруҳдан тўрт кишигина қолгандик.

Вайрон бўлган қўра ёнмоқда, биз бутунлай ҳолдан тойгандик. Яраланган командир жон таслим қилмоқда эди. У сўнгги кучларини йиғиб менга илтижо қилди: “Коля, сув бер, ичим ёниб кетяпти!”

Сувдонимдаги сўнгги томчиларни қопқоқчага йиғиб, ярадорнинг лабига тутдим.

Майор сувга интилди, томоғи андак ҳўл бўлгач, кўзларини мангуга юмди...

Биз уч киши қолгандик, ҳамон ўқ ёмғирини тўхтатмасдик. Бир маҳал не кўз билан кўрайки, душманлар биз томонга тўпни тўғрилаб, мўлжалга олишяпти.

“Ана энди тамом!” ўйладим даҳшат ичида ва жон ҳолатда гранатамётни ўша томонга тўғрилаб, нишонга олдим-да тепкини босдим.

Даҳшатли гумбурлашдан ҳамма ёқ остин-устун бўлиб кетди. Мен мўлжалга аниқ урдимми, ёинки, тўп ўқи қўрага келиб тушдими, билолмай қолдим!

Сўнгра бирдан елкамга қаттиқ зарба тегди, чалқанчасига қуладим. Кенг осмонни кўрдим. Олис-олисларда сенинг тиниқ чеҳранг намоён бўлди.

* * *

Ҳарбий госпиталда кўзларимни очганимда, нигоҳим оппоқ кийимдаги, мовий кўзли ҳамшира қизга тушди. У менга бир муддат тикилиб тургач, шундай деди:

– Энди, сен ўлмайсан, аскар! Бошгинанг тошдан экан, юзга кирасан, юз ёшга!

Ҳамшира шундоқ ёнгинамда эди, лекин унинг сўзлари худди тоғ ўнгирларидагидек гумбурлаб, акс-садо берди. Бошим қаттиқ оғрир, оёғим, қорним, елкам дока билан танғиб ташланган, жароҳатларимдан қон силқиб турарди. Ўзим ҳамон ўша сўнгги жангда эдим гўё. Душманлар бостириб келишяпти, мен сувнинг сўнгги томчиларини майорнинг ёрилган лабларига томизяпман...

Мана, замбарак бир силкиниб, биз томонга снаряд отди... Қаттиқ гумбурлаш эшитилиб, ҳамма ёқ остин устун бўлди.

Ётган еримда сапчиб тушдим. Ҳамшира устимга эгилиб, сув тутди, кафтини пешонамга босди. Мен эса юлқиниб, ўрнимдан турмоқчи, гўёки артиллерия залпидан ларзага келаётган хонани тарк этмоқчи бўлардим.

– Ётақол! Жанг аллақачон тугади. Сен госпиталдасан...

Шу тариқа бир неча кун мобайнида секин-аста ўзимга келабошладим. Жанг даҳшати-ю, шовқин-сурон тингандек эди-ю, энди сукунат юрагимни эзарди, қуролдош дўстларимни излардим. Майор Мельниченко ва яна саккиз аскар дўстим “Қора лола”да уйларига қайтганларини билмасдим. Сўнгги жанг тафсилотларини ҳали ҳеч ким айтиб бермаганди.

Кунларнинг бирида ўша мовий кўзли ҳамшира қўлимга бир мактуб тутқазди. Хат онамдан эди. Мактубни очар эканман, ўзимни қайтадан ҳаётга келгандай ҳис этабошладим. Гўё шунча, қон, ўлим, йўқотишлар юз бермагандек, онг-шуурим ғоят мусаффо, ўзим жуда хотиржам бўлиб қолган эдим. Кўз ўнгимда онаизоримнинг мунис, меҳрибон чеҳраси гавдаланарди.

“Болажоним, илтижо қиларди онагинам, – қаерларда қолиб кетдинг? Нега хат ёзмай қўйдинг? Сендан хабар кутавериб, ақлдан озаёздик-ку! Отанг кечалари ухламай, нуқул “уф” тортади, тамаки чекади. Мен эсам йиғига зўр бераман...

Мен сесканиб, кўзларимни юмиб очдим. Узоқ давом этган уйқудан уйғонгандек эдим.

Онамнинг мактуби ўқ-дорисиз, қон, алам, дод-фарёдсиз, урушсиз, тинч, осуда ҳаётга қайтиш йўлидаги биринчи қадам бўлди.

Бу тўрт томонида ҳамон одам ўлдиришлар давом этаётган госпиталда содир бўлди. Ҳа, уруш давом этаётган бўлса-да, мен энди ҳаётга қайтганимга ишона бошлагандим.

Сўнгги жангга отланганимизда жазирама ёзнинг ғоятда иссиқ оқшоми эди. Энди бўлса, куз яримлаб қолибди. Госпиталнинг мўъжазгина чорбоқчасида гуллар мунғайиб, дарахтларнинг барги сарғайиб, уларга куз нуқси урибди. Тоғ томондан эсган сар-сари шамолга кўкрак тутиб, тўйиб-тўйиб нафас олдим. Юрагимда яшаш ишқи жўш ура бошлади.

Онамдан мактуб олганимдан сўнг, хаёлот дунёсидан чин ҳаётга қайта бошладим ва сени яна-да кўпроқ ўйлай бошладим. Урушга жўнашим арафасида сен “Алвидо!” дея қайта учрашишга хоҳишинг йўқлигини очиқ-ойдин изҳор этган эдинг. Сенинг видолашувингда менинг урушдан қайтмаслигимга пинҳон ишора ҳам бор эди. Мен, ахир бу машъум кесатиқни сезмаслигим сира мумкин эмасди. Сен эса парвойи-фалак, мени имкон қадар қаттиқроқ хафа қилиш илинжида эдинг.

Начора, мен ошиқ эдим, ҳамон ошиқман, чидашдан ўзга чорам йўқ. Сенинг муҳаббатингга сазовор бўлишга ишонмасамда, Севги, Муҳаббатдан умидим бор. Зеро, мен урушда қон кечиб, жон олиб, жон бериб, Севиш ҳуқуқини, Севги ҳуқуқини қайтадан қўлга киритдим.

Севиш ҳуқуқи... Севги ҳуқуқи... Севилиш ҳуқуқи...

Севги бу ҳаёт, Яшаш ҳуқуқи. Ҳаёт, Яшаш, севги ҳуқуқини мен қонли, омонсиз жангларда Оллоҳдан сўраб олдим. Ёш умрим, афғон тупроғида қолиб кетган дўстларим ҳақи-ҳурмати шундай қилдим. Ноҳақ ўққа учган ўша афғон қизи, қолаверса, сен учун шундай қилдим...

* * *

Мўъжазгина чорбоқчада тирамоҳнинг ҳазин оҳанглари кезиб юрибди. Ҳиндикуш томондан эсган салқин шамоллар хаёлларимни яна аллақаёқларга учириб кетишмоқчи. Лекин энди мен осойишта ҳаёт ҳақида ўйлайман.

Мен урушни ёмон кўраман. Лекин Дунёи дунда урушдан ҳам ёмонроқ бир қабоҳат борки, биласанми... билма... билмагин... билишингни истамайман...

Кун келиб сенинг тош юрагингда ҳам Севги пайдо бўлишига умид қилиб қоламан...

* * *

Мен бир умр ўзимни изладим...

 

Жўра ФОЗИЛ

2015 йил 27 февраль-3 март.

 

(1. Дозор – кузатиш ёки разведка учун юбориладиган кичик аскарий гуруҳ).