“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

Эҳтирослар қайнаганда

(бир йиғилишдан кейинги ўйлар)

 

Инсон ё қўрқув ёки интиҳосиз ва беҳуда эҳтирос туфайли бахтсиз бўлади.

ЭПИКУР

Истиқлолимизнинг 24 йиллигини нишонладик. Самарқандда ўнинчи бора “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали ўтди. Қарангки, 1997 йили ўтказилган дастлабки фестивалда ишониб-ишонмай, унинг келажагини тасаввур этиб-этмай 31 мамлакат вакиллари иштирок этган бўлса, ўтган йиллар мобайнида Ўзбекистонимизнинг ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий, ҳам маданий-маърифий соҳаларда қўлга киритган оламшумул ютуқлари бутун дунёда эътироф топиб, бу йилги халқаро фестивалимизда 66 мамлакат ва халқаро ташкилотлар вакиллари фаол қатнашдилар. Меҳмонларнинг бир неча кун давомида Самарқанд шаҳри, одамлари, фестивалнинг ташкил этилиши ва ўтказилиши борасида ҳаяжон билан тўлиб-тошиб айтган фикрлари ўша кунларда “Халқ сўзи” газетасидан тортиб, бошқа ўнлаб оммавий ахборот воситаларида тинимсиз бериб борилди. Нафақат Ўзбекистон, айни чоғда “Евроньюс” ахборот теле-радио каналларидан то қатор-қатор нуфузли жаҳон оммавий ахборот воситалари мамлакатимиздаги улкан халқаро маданий анжуманга ниҳоятда жонли қизиқиш билдириб турдилар. Ҳа, дарвоқе, шу ўринда бир лирик чекинишга бориб, ҳаяжонимни оширган яна бир фактни ҳам айтиб ўтишни истардим. “Халқ сўзи” газетасининг 5 сентябрь сони биринчи саҳифасидаги юқори ўринларда берилган Ўзбекистоннинг мустақиллик куни муносабати билан Президентимиз ва халқимизга йўлланган расмий табриклар рўйхатида жаҳонга машҳур атоқли композитор, латвиялик маэстро Раймонд Паулснинг ҳам қутлов юборгани қайд этилган. Очиғи, бундай фактни камина яқин атрофда ҳеч учратмаган эдим. Ўнлаб жаҳон эстрада юлдузларини ўз дилрабо куйлари-қўшиқлари билан дунёга танитган буюк композиторнинг табриги, назаримда, Ўзбекистонимиз ва унинг ўзга соҳалар каби маданият борасида қўлга киритаётган улкан ютуқлари ҳақидаги сиртдан олган маълумотлари таассуротлари натижаси бўлса ажабмас. Зеро, нафақат бу зот, билҳақиқат, Америка Қўшма Штатлари Президентидан бошлаб, дунёнинг мана-ман деган мамлакат раҳбарларию, улкан давлат ва жамоат арбобларигача турли муносабат билан ўзбек халқи ва Юртбошимиз номига табрик ва самимий тилаклар йўллаб туришлари барчаси бежиздан эмас, албатта. Бу ҳол улкан эътироф, керак бўлса, жаҳон ҳамжамиятидаги бизнинг катта ғалабамиз ҳамдир.

Ана шундай эҳтиросларингизни оширадиган ҳодисалардан кейин тамомила бошқа бир эҳтирослар жабҳасидан сўз очиш каминага бироз малоллик келтирса-да, улуғ бир адиб айтмоқчи, “айтмасам бўлмас”лиги ёки “жим туролмас”лигим сабаб кўнглимдагиларни қоғоз саҳифаларига кўчирмоққа жазм этдим. Шояд, бу ҳам бир сабоқ бўлса, ўз-ўзимизга савол бериб, қилаётган ишларимизни тафтиш этиб олсак, жўяли хулосалар чиқарсак...

Жорий йилнинг 8 сентябр куни юқорида қайд этилган ғоят ҳаяжонли воқеа – тадбирларнинг тафти-шукуҳи бироз совигач, “байрамдан бошқа кунлар”нинг одатдаги маромига тушиб Ўзбек Миллий Академик драма театрида 60-70 кишилик издиҳом жам бўлди. Маданият ва спорт ишлари вазирининг ташаббуси билан асосан пойтахтдаги театр раҳбарлари, “Ўзбектеатр” ижодий ишлаб чиқариш бирлашмаси ходимлари ҳамда турли ёшдаги фаол драматурглар иштирокида ошкора давра суҳбати бўлиб ўтди. Уч соатдан ортиқ вақт давомида жуда долзарб масалалардан қизғин баҳс кечди, ҳеч ким бефарқ-лоқайд қолмади. Билъакс, эҳтирослар керагидан ҳам ортиқроқ қайнади, десам айни ҳақиқатни айтган бўламан.

Йиғилишни бошлаб берган “Ўзбектеатр” бирлашмаси раҳбари Валижон Умаров сўнгги йилларда Республика театрлари ҳаёти, ўтказилган тадбирлар, муаммолар ҳақида сўзлади. Нотиқ гапириб турганидаёқ даврадан “регламент белгилаб олайлик” деган театр тилида реплика, жайдари тилимизда учирма гап ташланганиданоқ йиғилиш муҳити ва кейинги маромини тасаввур этса бўларди. Ҳа, пуфак ёрилди, бири олиб бири қўйиб шоир, драматург, киносценарист ва ҳоказо касб вакилиман деганлар сўз бисотидаги бори “хазина”сини ишга солиб, бир-бирлари билан ношойиста мунозарага киришди. Ўзбек театр жамоасининг беш мингдан ортиқ кишилик оиласидан унча катта бўлмаган, асосан, пойтахт оила аъзоларининг уйи эшигини салгина очиб, энди киришга чоғланган ёш вазир бу ёқимсиз, бепарда йиғин ва росмана иккиланишларни кўриб, дастлаб ҳайрон бўлди, сўнгра Давлат бошқарув академиясида орттирган билимларини ишга солибмикан, вазиятни тўғри ҳис этиб, йиғилиш жиловини қўлга олди. Бинобарин, даврада ўтирган айрим аҳли тамизнинг боши хам, юзлари лолагун бўлди. Хоссатан, ҳамиятли ўзбек ҳеч қачон оиласи сирини бозорга солмайди, ўз дардига ўзи даво излайди. Зеро, бунинг учун шахсан Юртбошимизнинг ўзлари истиқлолимизнинг дастлабки кунларидан то шу бугунгача ҳиммат кўрсатиб, не-не қарору фармонлар қабул қилиб соҳанинг ташкилий, моддий, маиший ва ҳоказо барча муаммоларини ҳал этиб, санъат аҳли қўлига дастак қилиб бериб қўйибдилар. Соҳа кишиларидан эса фақатгина ижод, ижод ва яна ижод сўраляпти, холос. Ҳа, холис, ҳаққоний, ҳақиқий ижод, илҳом-истеъдод намуналари. Афсуски, шугинага ҳам яроқли бўлолмаётганимиз хижолатга солади одамни.

Тўғри, ижод, илҳом, яратиш бўёқчининг нили эмас. Ўта мураккаб, ундан-да нозик, ниҳоятда масъулиятли жараён. Аммо уддалаб бўлмас иш ҳам эмас. Фақат истеъдодли ижод аҳлининг ўз бурчини теран англаб, изланиши, ўз устида ишлаши, ўқиб-ўрганиши, синчков нигоҳи, кўриб-кузатиши ва, албатта, фуқарлик позицияси, муносабати лозим. Ўтмиш тарихимизу бугунги интилишларимизда не-не кечмиш, кураш, ғалаба ва мағлубиятлар, йўқотиш ва топишлар, фожеий ҳам нурли не-не тақдирлар бор, олиму уламо, шоиру фузало, жаҳондору жаҳонгашта, эл-юрт корига яраган қанчадан-қанча “маънавий жасорат” соҳиблари бор. Ўз навбатини кутиб истиқлолнинг бадиий солномасини яратишдек буюк вазифалар турибди. Булар билан ким шуғулланади? Ким замонамизнинг бадиий манзараларини, қаҳрамонларини кўрсатади?

Мен ўша ёқимсиз издиҳомнинг бор тафсилотини баён қилиб ўтирмоқчи эмасман, асло. Лекин ҳаммага аён ҳақиқат шу бўлдики, театр соҳасида жиддий муаммолар бор ва у тобора кучайиб бораяпти. Нафақат театр, адабиёт ва санъатнинг барча турларида бугун кун тартибига қўйилаётган ва ечилиши зарур ўта долзарб муаммолар бор.

Ташқи дунёда ниҳоятда хавфли ҳодисалар бўй кўрсатаяпти. Араб оламининг парокандалиги, “Ислом давлати” отлиқ номига мутлақо номуносиб даҳшатли тажовузкор кучнинг аждаҳо мисол бори маданий дунёни ғорат этаётгани, минг-минглаб бегуноҳ одамларни ҳеч сабабсиз қатл этаётгани, юзлаб буюк маданий обидаларнинг вайрон қилиниб, осори-атиқалар, музейларнинг кўр-кўрона бузиб ташланаётгани, терроризм, радикализм, одам савдоси кабилар бир томон бўлса, бошқа бир томондан ахлоқсизлик, маънавий тубанликни ҳаёт тарзига айлантираётган ҳайвоний хоҳиш етовидаги манфур кучларнинг ўз турмуш тарзи, тушунча ва истак-интилишларини оммавий ахборот ва санъат воситалари орқали бутун башарият онгу тафаккурига, қалби хотирасига сингдиришга зўр бериб уринаётгани, оломон маданиятсизлигининг мафкуравий тажовузи, яна булар ёнида аллақачон даврини ўтаб, чириб битган СССР отлиқ шўравийлар давлатчилигини қўмсаш, “катта оға”лик даъволари – бари-барчаси ён-атрофимизда хавф солиб турган таҳдид-офатлардир. Шуларнинг барчаси қаердаки пайдо бўладиган ички парокандалик, ғоявий-мафкуравий бўшлиқ, маънавий ожизлик, руҳий қашшоқлик, ўта тор дунёқараш, билимсизлик, диду савиясизлик натижасида илдиз отаверади. Демак, ички дунёмизни эгаллаган иллатлар ташқи дунёдаги биз қайд этган хавфу хатарга доялик қилади. Имонимизни суст, нафси амморани устун этади. Ана энди ўша балодан қутуламан деб неча уринманг, батамом халос бўлиш душвор.

Мана адабиёт, санъат, хоссатан, театр ва кино учун мавзу, материал. Булар ўрнига – олтмишга кирган момони ҳомиладир қилиб қўйиб, ўзидек юкли келинчаги ва ўғли билан унга ука ёки неварага амаки туғиб бериш ҳақида суюқ, бепарда ҳангома – қилиқлар, аҳмоқона ҳиринг, мазамматни жаҳонда кўпайиб бораётган аборт ҳодисасига қарши “муносабат” дея гўё умумжаҳоний муаммони кўтараётгандек ниқоблаб, энг катта театрлар саҳнасига олиб чиқишни ўйлаб, шунинг учун ҳар ерда пичратқи даъво қилиб юрсак, шармандали ҳол бўлмайдими бу?! Қанча ҳавойи ҳаракат, маиший биқиқликларни санъат деб театр ёки кино бадиий кенгашларига, телевидение ва радио мусиқа каналларига тиқиштираётганлар учун “Ўзбектеатр”, “Ўзбеккино”, “Ўзбекнаво” ташкилотлари мутасаддилари бироз кескинроқ чоралар кўраётган экан, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги вақтида ғалвирни сувдан кўтариш керак дея тараддудга тушаётган экан, бунга ҳеч иккиланмай қалбида Ватан муҳаббати, юрт равнақи туйғуси бор ҳар қандай одам, мутахассислик даражасидан қатъи назар, якдил бўлиб қўшилиши, кўмаклашмоғи, камида хайрихоҳ бўлмоғи зарур. Манаман деган буюк демократик давлатларда ҳам мафкура, маънавият масалалари давлат ва ҳукумат структуралари орқали назорат қилинади. “Голливуд”ми, “Болливуд”ми, “Мосфильм”у Нобель, Оскар мукофотлари таъсисчилари, Канн, Венеция, Берлин, Москва каби ғоят нуфузли кинофестиваллар ва ҳоказо – барчаси кимларнингдир мафкуравий мақсадлари ифодаси экани шак-шубҳасиз. Модомики шундай экан, (цензура тушунчасини мутлақо инкор этган ҳолда) нега энди бизда ким нима ёзса – ёзаверсин, нима қўйса – қўяверсин, нима куйласа – куйлайверсин бўлиши керак. Буюк юнон файласуфи Эпикурнинг шундай бир ҳикмати бор: “Эркинлик истакларни жиловлаш натижасида эришиладиган энг олий неъматдир”. Ҳақиқатан ҳам бадбин истакларни жиловламасак, тубан хоҳишлар қулига айланиб бораверамиз.

Бир неча йилдирки юртимиздаги ўттиз етти театр “Дебют” ва “Сени куйлаймиз, замондош!” Республика театр фестиваллари доирасига қамраб олинади. Анъанавий тарзда навбатма – навбат ҳар йили ё у ёки бу фестиваль недир бир янгиликларни юзага чиқаради. Худди шундай жорий йил 7-12 июнь кунлари учинчи бора ўтган “Сени куйлаймиз, замондош!” фестивали аввалгиларига нисбатан олдинга ташланган яна бир қадам бўлди. Янгиликлар жорий этилди, тажрибалар ўтказилди, янги номлар кашф этилди, ўзига хос спектакллар намойиши бўлди. Бухоро вилояти театрининг “Бурч” (Н. Аббосхон асари), Қашқадарё вилояти театрининг “Орол бобо” (Э. Аъзам асари), Қорақалпоғистон ёш томошабинлар театрининг “Томир” “Темир йўл” (Усмон Азим) спектакллари мазкур тадбирнинг ҳақиқий топилмалари, ютуғи – муваффақиятлари бўлди. Ҳарбий – ватанпарварлик, Орол денгизи фожиалари баҳона инсонлар қалбидаги кичик оролчалар учун кураш, чўлу саҳролардан ўтаётган темир йўллар қурилиши асносида мустақиллик туфайли юз бераётган тафаккур, дунёқараш, турмуш тарзидаги ўзгаришлар бадиий ифодасини топган бу спектакллар маданий ҳаётимизда бўлиқ из қолдириши аниқ. Нега шуларни кўриб, кўрмасликка олиш керак? Фестиваль доирасида Эркин Норсафар, Умид Икром, Мафтуна Муҳаммадаминова каби ёш драматурглар изланишлари талабчан театршунослар, мутахассислар, ўқувчилар назарига тушди. Гарчи бу ёшларнинг пьесаларини театрлар репертуарларига олиш масаласида “Ўзбектеатр” бирлашмаси сустлик қилаётган бўлса-да, эртанги кун учун умидланишга асос бор. Фақат аввалги фестиваллардаги каби кашф этилган ёш режиссёр, драматургларни назардан қочирмасак бўлди.

Эҳтирослар қайнаган мазкур йиғилишдан бир кун аввал ўзбекнинг бугунги замонавий театр санъатидаги энг атоқли вакили Баҳодир Йўлдошев етмиш ёшга тўлди. У дарвешмонанд ҳаёти, чеккадаги умр-гузаронликни ҳеч нарсага алишмайди. Ўз дунёси – оламида – аксар “Дийдор” театр-студиясида ҳамда чорловга кўра Давлатнинг катта тадбирларида не бир тажрибалар қилади, ошуфта кўнгил эпкинларини томоша, куй-қўшиқ, ҳаракат ва оҳангларда ифода этади. Бироқ унинг етмиш йиллик ҳаёти ортида шундай буюк ижодий яратиқлари борки, улар унинг ўзи ё сафдош актёрлари ҳаёти-ижодидан ташқари ўзбек миллий театри, томоша санъати, киносанъатидаги, қолаверса, ўзбек маданияти, унданда ўтиб, ўзбек миллати ҳаётидаги, тарихи ва бугунги куни солномаларидаги ёрқин воқеалар, улкан ижодий ғалабалардир. У ўз режиссёрлик санъати билан халқимиз бадиий-эстетик тафаккурини бир поғона юксалтирган, неча авлод санъатсеварлар ҳайратларига боис бўлган, халқаро фестиваль ва нуфузли тадбирларнинг эътирофу эътиборини қозонган. Демак, Баҳодир Йўлдошев, ўз хоҳиш-иродасидан қатъи назар, миллатнинг кўрки, мамлакатнинг мулки – бойлиги эмасми?

Инчунун, том маънодаги истеъдодлар кунда-кунора туғилавермайди. Уни топиб, ардоқлаб, авайлаб асрамоқ жуда муҳим. Нурилла Аббосхон, Абдуқаюм Йўлдошев, Зулфия Қуролбой қизи, Қўчқор Норқобил, Салоҳиддин Сирожиддинов, Ғафур Шермуҳаммад, Санжарали Имомов каби ўрта ёшлардаги театр ва кино драматурглари сўнгги ўн-ўн беш йиллар оралиғида шаклланди, бўй кўрсатди. Қатор муваффақиятли асарлари яратилди. Пьесалари театрлар саҳналарига, киносценарийлари кино экранларига чиқди. Уларни гоҳи алқаймиз, гоҳи юзинг-кўзинг демай, асосли-асоссиз танқидлар қиламиз. Бироқ бир мушоҳада этайлик, шуларнинг борлигининг ўзи давлат эмасми? Суюб, эҳтиётлаб, керак ўринда суйганимиздан танқидлаб турсак, соҳанинг бугунги, эртанги ривожига йўл очмаймизми?! Қани сабру тоқат, қани бағрикенглик?

Бугун адибларимизнинг китоблари хорижий тилларга таржима қилиниб, чет элларда овоза бўлмоқда. Бу китоблар юзасидан ижодий суҳбат ва конференциялар ўтказилмоқда. Пьесалари, киноқиссалари ҳозирги театр ва киносанъатимизда сезиларли ҳодисага айланган адибларимиз бор. Демак, бисотимизда борини бордек кўрсата билиш ҳам керак экан.

Такрор-батакрор тилга олаётганимиз, ўша йиғилишдан мурод – замонавий ўзбек театр драматургиясини ривожлантириш масаласи экан, эҳтирослар пўртанасида хира тортган муаммо асосан шу жабҳага бевосита жавобгар бўлган профессионал ходим – мутахассис – театр адабий бўлим мудирлари ёки оддий тилимизда ғоят туркона айтилган, адабий эмакдошларга ҳам бориб боғланади. Ўз вақтида Абдулҳамид Чўлпон, Комил Яшин, Иззат Султон, Туроб Тўла, Машраб Бобоев, Максим Каримовлар турли театрларда адабий эмакдош бўлиб ишлаганлари кўпчиликка маълум. Улар айнан шу вазифада ишлаб, театр қозонида қайнаб, қоврилиб драматург сифатида шаклланганлари сир эмас. Биз театр ва адабиётнинг уйғунлигига мисол тариқасида кўп мурожаат этадиганимиз Шекспир, Мольер, Ҳамза Ҳакимзодаларнинг иккала оёғи билан театрда бўлганлари учун ҳам театр, ҳам драматургиянинг даҳоларига айланганларини инкор этиб бўлмас. Демак, росмана драматург театр билан бевосита боғлиқликда камол топади. Шу маънода Республикамиз театрларида шоир, адибларнинг адабий эмакдош вазифасида ишлашлари ижобий ҳол. Аммо бунда объектив ёндошув йўқолиб, ўзга бировга йўл бермай, фақат ўз асарларини саҳнага чиқариб олишга уриниш камида хизмат ўрнини суиистеъмол қилишдан ўзга нарса эмас.

Аслида адабий эмакдош ҳар қандай театрнинг жорий ва истиқболдаги репертуар сиёсатини бош режиссёр билан ҳамкорликда мунтазам белгилаб борадиган энг марказий вазифадор ходимлардан. Янги пьесалар топиш, янги драматурглар кашф этиш, театрдаги актёрлик потенциали ва ижодий имкониятни ҳис этиб, тўғри баҳолаб бош режиссёрга таклиф-тавсиялар бериш бевосита эмакдошнинг вазифаси. Бунинг қаторида яна, пьесаларнинг танланишидан ташқари, матн ва саҳнада тил меъёрларининг сақланиши, асарнинг пьеса ҳолидан то спектаклга айлангунча кечадиган жараёндаги барча ишлари, матннинг театр варианти, спектакль афиша ва дастурларини тайёрлаш ва сақлаш, спектакль тарғиботи, матбуот анжуманлари, тақдимотлар ўтказиш, фото суратларидан тортиб режиссёрлик экспликацияларигача, архив юритиш ва ҳоказо барчаси адабий эмакдош зиммасидаги масъулиятдир. Таассуфки, бундай иш юритиш тарзи театрларимизда деярли кузатилмаяпти. Ўз навбатида “Ўзбектеатр” бирлашмаси мутасаддилари ҳам адабий эмакдош масъулияти масалаларига беписанд, беэътибор. Бинобарин, нега уларни ҳеч бўлмаса уч-тўрт йилда ишларини обдон ўрганиб, малакавий синовлардан ўтказилмайди? Ўз вазифаларига ҳушёрроқ қарашга ўргатилмайди? Санъат ва маданият институти драматургия бўлимида ўқиб чиқаётган ёшларни айнан адабий бўлим мудирлиги ишларига фаол тортилмайди? Соҳанинг келажаги шулар эмасми аслида? Афсуски, Республикамиз театр дунёси манзарасида айнан адабий бўлим мудири ўрнини эски пўпанак босиб ётибди. Мазкур йўналишга бошқа сабаблар қатори иккиламчи беписанд муносабат шу тахлит драматургияга бўлган эҳтиёжни бош муаммога айлантириб қўйяпти. Демак, ишни яна ўз-ўзимизни тафтиш этмоқдан бошлаш керак.

Танқид муҳаббатдан туғилмоғи зарур ва шарт. Лекин муҳаббат кўр-кўрона бўлмаслиги керак. Кимгадир ёмон кўринишдан чўчиб, ўзинг учун ҳаёт мазмуни деб билган соҳангда юз бераётган ношойиста ишларга бефарқ, бепарво тураверсанг, соҳа кишиси-мутахассис бўлиб қайга борардингу ҳатто ундан нари, одам бўлиб не каромат кўрсатардинг? Ҳали ўтган аср бошидаёқ Маҳмудхўжа Беҳбудий бобомиз “танқид сараламоқдир” дея “оммаға зарар келтурғонини танқид этмоқ боиси ислоҳ бўлур” деган хулосага келади. Танқидни кўтаролмаслигимизни “ноқислигимиздандур” дейди. “Танқид кўтаролмаслигимизға тўғриси, ҳануз танқидға лойиқ бўлмаганимизни мисоли” сифатида қарайди. Бир аср ўтса-да, ҳануз бу фикрлар ўта замонавий жаранглайди. Ахир минг-минг одамлар вақт, маблағ, асаб сарфлаб кўрадиган томошалар, ўқийдиган китоблар, турли нашрлар саёз, сохта, нурсиз, саводсиз бўлса, шу эмасми оммага зарар келтирмоқлик?! Буюк аждодимиз бундан-да нозикроқ жиҳатни қайд этади: “Мунаққид бизни тўғримизға минг сўз ила баёни муддао этар экан, биз они ичиндан ўн сўзини номаъқул топиб, юзиға урармиз”. Дарҳақиқат, минг сўздан ўни, ҳаттоки, бири танқид бўлса ҳам кўтаролмаймиз, тери юпқалик қилади. Шу эмасми танқидга лойиқ бўлолмаганимиз ҳам?! Аксарият танқидларимиз, бирон нимага навбат кутиб, вақт ўтарга валақлашаётган ҳожатмандларнинг иши битгач, сўнгра бири бирини танимай кетишига ўхшайди. Ненидир ёмон дейдию нега ёмонлигини асосламайди. Яхшиси ҳақида ҳам шу. Ақли ноқисларгина жазавага берилиб бировга сен ундаймассан-бундаймассан дея ёки адабиёт-санъат доирасида сен ёзувчимассан, сен шоирмассан, драматург эмассан, режиссёр ёки актёр эмассан ва ҳоказо деб ҳезланади. Ақли тамиз, фаҳми тўкис, зиёли одамгина ҳар айтган сўзи, калимаси учун масъулиятни ҳис этади, жавоб беради, мулоҳаза қилади.

 

Агарчи айтурида ранж топтинг,

Вале кўрким не янглиғ ганж топтинг.

 

Алишер Навоий Ҳазратларининг ҳикматларига тараф йўқ: Тилинг айтган сўзки бор, дилингда садоланиб, тафаккур-идрокингда тобланиб чиқар экан, сенга ҳурмат, эҳтиром деган ганж-маънавий бойлик етказмоғи тайин. Қарангки, бебурд сўз, лафзсизлик, сўз айтурда андишасизлик ўзгаларни қўрқоқ ҳам қилиб қўяр экан. Балодан нари, ҳаромдан ҳазар дея чеккага чиқиб олувчилар даври гуллаяпти чоғи.

“Бепарво одам душмандан ҳам хавфлироқдир”, деб ёзган эди Юртбошимиз “Юксак маънавият – енгилмас куч” китобида. Айнан бепарволигимиз туфайли адабиёт ва санъатимизда истеъдодсизлик мақбул муҳит топиб, урчимоқда. Шеърини тушунмасангиз, модернистман деб куйдиради, насрини саёз десангиз ўзинг ёзиб кўр дейди, пьесасига ё спектаклига дахл қилсангиз абсурддан келиб, ўзингизни саводсизга чиқаради. Шунданми боши гангиб бир олим акамиз адабий нашрлардан бирида ёзибди: “Модернистик йўналишдаги талай асарлар адабиётимизни замонамизнинг талаб-эҳтиёжларидан, миллий заминдан йироқлаштирди”. Қизиқ, модернистик йўналишда ўзбек адабиётида нечта асар пайдо бўлибдию, улар оқсоқлигимизнинг бош сабаби бўлса? Аксинча, анъанавий-реалистик адабиётимиз қаторида психологик теранлик, рамзий-мажозий ишоравийлик, шартли сюрреалистик, лиро-романтик кайфият ва тушунчалардаги адабий-бадиий тажрибалар кўпроқ бўлса, “Бу бўстон саҳнида гул кўп, чаман кўп” дея шодланган бобокалонимизга ўхшаб биз ҳам – Истиқлол даври адабиётимиз, санъатимиз камалак ранглари мисол турфа, сержило деб кўксимизга урсак беҳроқмасмиди? Бинобарин, ижтимоий-сиёсий мавқейимиз каби, бадиий-эстетик ижод намуналаримиз ҳам дунёга юз тутмасмиди?

Хуллас, бир йиғилиш сабаб хаёлимдан ўтган ўйлар, мулоҳазаларнинг дастлабки эпкини шулар. Эҳтиросларим жўш уриб, қўлга қалам олмоққа изтироб ила жазм этарканман, ёзув столим устидаги ҳамиша каминани жиловлаб, ҳовуримни босгувчи “96 мумтоз файласуф”нинг “Ҳақиқат манзаралари”га (Т. “Янги аср авлоди”, 2007) кўзим тушди. Шахд билан китобни очдиму қуйидаги фикрни ўқиб, аста сокин тортдим: “Ишонинг, мен ўз Ватанимни ҳар бирингиздан кўра кўпроқ яхши кўраман. Унга шон-шуҳрат тилайман, халқимнинг юксак фазилатларини қадрлайман... Бироқ мен Ватанни кўзни юмиб севишга ўрганмаганман” (П. Я. Чаадаев 359-б).

 

Шуҳрат РИЗАЕВ