“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

Энг кичик ҳикоялар

Жей Рип

ТАҚДИР

– Ҳаммаси чалкашиб кетди. Майда-чуйда гаплар, уруш-жанжаллар, деди-дедилар, бари ҳалқумимга келди. Сенинг ҳам жонингга текканини сезиб турибман. Бошқа йўли қолмайди. Танга ташлаймиз. Агар бургут тушса, турмуш қурамиз. Танганинг сўл томони тушса, барига нуқта қўямиз. Розимисан?

–...

Танга ташланди. У жиринглади ва айланиб жойида тўхтади. Бургут. Иккаласининг ҳам кайфияти тушиб кетди. Улар беихтиёр бараварига: “Балки, яна бир бора синаб кўрармиз-а?” деб юборганларини сезмай қолдилар.

 

Курт Хоман

БЕКИНМАЧОҚ

– Тўққиз юзу тўқсон бир! Ким яширинишга улгурмаган бўлса, мен айбдор эмасман!

Мен топишни ёмон кўраман, лекин бу яширинишдан кўра яхши-да. Қоронғи хонага кираман. Тиқ этган товуш эшитилмайди. Менга қадалган нигоҳларни сезиб турибман. Ҳозир чироқни ёқсам ҳаммасининг яширинган жойи маълум бўлади-қолади. Қизиқ, ўз-ўзингдан яшириниш учун хилват жой топилармикан?

 

Хоуп Эй Торрес

АТИРГУЛ

У гулзорда суюкли гулига сув қуярди. Олисдан қизга кўзи тушган йигит оёғини қўлига олиб, маҳбубаси томон шошди.

– Менинг муҳаббатим! Гўзалим, гулим!

Узоқ кечган ҳижрон йигитга ҳиссиётлари айнан муҳаббат эканлигини англатганди.

– Бу сизмисиз? Кўзларимга ишонмайман! Наҳотки, қайтган бўлсангиз.

– Қайтдим, гулим, бир умрга ёнингга қайтдим!

Қизнинг кўзларига ёш қалқди. Йигит кутилмаганда ғойиб бўлиб, узоқ вақт қолиб кетгани учун тиз чўкиб кечирим сўради. Муҳаббат тўла юракда нафратга ўрин йўқ эди. Қиз уни кечирди. Қувончдан ўзини қўярга жой тополмаган йигит маҳбубасини бағрига босмоқчи бўлиб, ўзи томон тортди. Қиз бирдан чинқириб юборди.

– Бу нима қилганингиз, атиргулим, атиргулим, уни синдириб қўйдингиз-ку ахир. Ҳар доим шунақа, кечирим сўраб келасиз-да, бирор қадрдонимдан айириб, қон йиғлатиб ғойиб бўласиз. Ота-онам сизни деб адо бўлган юрагим дардига даво тополмай кетди. Синглиму укам дийдиёмдан тўйгани учун бу остонага қадам қўймайди. Мана энди суюкли атиргулим. Тағин бир фожиа юз бермасидан бурун кетинг! Сизни кечиролмайман! Кўзларим очилди! Афсуски, кеч…

 

Александр Неверов

МУҲАББАТ

Баҳор келиши билан чаманда оқ, сариқ, қизил ва бинафшаранг гуллар очилди. Улар узра ёш ва қувноқ капалаклар учиб юрар, биридан иккинчисига қўниб, қисқа ҳаётнинг гўзаллигидан завқланардилар. Бир куни жозибали капалак бўтакўзга қўнди ва гул унга ошиқу беқарор бўлиб қолди.

– Азизим, учиб кетма, илтимос, – дея ялинди у.

– Қўйвор, – деди капалак, – ҳу, ана у наъматакка қўнгим келяпти.

– Йўқ, – деди бўтакўз. – Меникисан, умримнинг охирига қадар сени севаман.

Бўтакўзнинг муҳаббати ниҳоятда кучли эди. Капалак гулга ҳижрон азоби озор етказиши мумкинлигидан қўрқиб учиб кетмади, бироқ кўп ўтмай ўзи зерикишдан вафот этди...

 

Инглиз ва рус тилларидан Шаҳноза РАҲМОНОВА таржимаси