“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

Буюклар қандай ижод қилишган?

Айрим ёзувчи-шоирларнинг ижод услуби, турмуш тарзи ҳақида сўз боради. Агар сиз ҳам қалам аҳлидан бўлсангиз, янада диққатлироқ бўлинг. Умуман, қайси соҳа вакили бўлишингиздан қатъи назар, агар ижодкорлик қобилиятингиз кучли бўлса, соҳангизнинг етакчи мутахассисларидан бирига айланасиз. Хуллас, эътиборни сусайтирманг. Балки бу усул ва тартиблар сизга ҳам фойда бериб қолар.

(Давоми, боши ўтган сонларда)

Жорж Сименон

12. Жорж Сименон (1903–1989) йигирманчи асрнинг энг сермаҳсул ёзувчиларидан бири ҳисобланади. У 425 та китоб ёзди! Уларнинг 200 таси кўча романи, яъни савияси баланд бўлмаган асарлардан эди. Шу боис у бу китобларни тахаллус билан эълон қилди. Қолган 220 тасини ўз номидан чоп эттирди. Адиб кун тартибига риоя қилмаган. Одатда икки-уч ҳафталик тўхталишлар билан эрталаб олтидан тўққизгача ишлар, бир ўтиришда саксон саҳифани тўлдирарди. Сўнг сайр қилар, қаҳва ичар, ухлар, телевизор кўрарди. Битта романни ёзиб тугатмагунича кийимини алмаштирмас, асаб тинчлантирувчи хапдорилардан фойдаланар, ёзганларини ҳеч қачон таҳрир қилмас ва ижодий ишинининг ҳажмини ишдан олдин ва ишдан кейин тарозида ўлчаб ҳисоблар эди.

Фридрих Шиллер

13. Фридрих Шиллер (1759–1805)нинг ўта ғаройиб одати бўлган. Шоирнинг иш столидаги тортмада чириган олма турмаса, унга илҳом келмаган! Шиллернинг дўсти, машҳур адиб Гёте шундай ҳикоя қилади: “Бир куни Фридрихни кўргани бордим. Лекин у қаёққадир чиққан экан, хотини унинг хонасида кутиб туришимни сўради. Ўриндиққа чўкдим, тирсагимни столга тираб ўрнашиб олдим. Бирдан кўнглим беҳузур бўлди. Тоза ҳаводан нафас олай деб очиқ дераза олдига бордим. Бошида бу ҳолатнинг сабабини англолмадим, кейинроқ гап нимадалигини билиб олдим. Шиллернинг столидаги қутида ўн иккита чирик олма турарди! Хизматкорларни чақириб олдириб ташламоқчи эдим, лекин олмалар қутига атай солинганини, шундай қилинмаса, хўжайин ишлай олмаслигини айтишди. Фридрих келганида, шу ҳақда айтгандим, у ҳаммасини тасдиқлади!”.

Александр Пушкин

14. Александр Пушкин (1799–1837) дафтар ёки қоғоз ҳошиясига ҳар хил ажи-бужи хатлар ёзишни хуш кўрган. Иш пайтида лимонад ичмаса туролмаган. “Баъзан кечаси ёзадиган бўлса, бутун тунга етарли лимонад олиб чиқиб берардим”, деб эслайди шоирнинг уй хизматкори Никифор Федоров.

Александр Дюма

15. Александр Дюма (1802–1870) француз тилли ёзувчилар ичида дунё бўйича энг кўп ўқувчига эга адиблардан биридир. “Граф Монте Кристо”, “Уч мушкетёр” сингари саргузашт асарлари билан дунёга машҳур адиб жуда ғалати одатга амал қилган. У ҳар куни соат еттида Ғалаба аркаси остида олма еган. Бир қарашда ўта мантиқсиз кўринидиган ушбу машғулотнинг ташкилотчиси Дюманинг шахсий шифокори эди. Бу тадбирга ёзувчининг тартибсиз ҳаёти сабаб бўлган. У носоғлом турмуш тарзи туфайли уйқусизлик дардига чалинганди. Эрталаб соат олтида туриб, еттигача арка ёнига етиб бориш ва у ерда олма ейиш учун Дюма эртароқ ётиши, кун тартибига риоя этиши керак эди.

(Давоми бор)