“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

ШУНДАЙ ҲОЛГА ТУШАСАНКИ, ЁЗАСАН, АММО ЁЗАЁТГАНИНГНИ АНГЛАМАЙСАН

Элужа ОТАЛИ,

Озарбойжон адибаси

ШУНДАЙ ҲОЛГА ТУШАСАНКИ, ЁЗАСАН, АММО ЁЗАЁТГАНИНГНИ АНГЛАМАЙСАН

– Сиз учун шеърият нима?

– Фикр, ҳиссиёт ва мантиқ бирлашган нуқтадаги сўзлар симфонияси. Шеърда ҳар бир жумла оловдек ёниб, нур таратиб туриши ҳам барчага аён. Шеърнинг бу дунёнинг иши эмаслигини, шоирларнинг ўзга оламлар фуқароси эканини таъкид­лаш ўринлимикан? Шеър давомида шуур ўз ишини, юрак ўз ишини бажаради. Бунга ҳамоҳанг тарзда руҳ ҳам бир ёришиб, бир мавҳумот қаърига чўкиб, ўзидан сатрлар ёғдираверади. Зотан, энг буюк шоир ҳам ичидаги улкан гулхандан бир учқуннигина қоғозга тўкишга қодир. Асл ҳолат шеърдагидан минг чандон қизғин. Айнан шу боис бизга доим шеършунослар керак. Шоирга бир ҳолатлар керак бўлади. Ўзи кутмаган, номини билмаган ҳисларнинг уйғонган ҳоли. Бир ишқ кўз очади сендан бехабар. Максим Горкийнинг бу ҳақида шундай ёзади: “Шундай ҳолга тушасанки, ёзасан, аммо ёзётганингни англамайсан.” Бу бахт эмасми, жунун эмасми?

– Ёзаётганда нималарни ҳис қиласиз?

– Мен ўзимни ҳеч қачон шоир деб ҳисобламаганман. Ўн икки ёшимдан ёза бошладим. Ёзганларим шеърсифат нарсалар эди. Ўн йил шеър ёздим ва ўзим ҳам кутмаган бир вақтда насрга ўтиб кетдим, энди бир йилда бир шеър ёзаман, аммо дўстларим ҳамон мени шоир деб аташади. Эҳтимол, бунинг асосий сабаби ёзган кичик фалсафий миниатюраларим ва эсселарим шеърий оҳанг устига қурилганидир.

Қизиғи, Америкада нашр этилган “Озодликнинг ўзга тилдаги мадҳи” китобимни ҳамон шеърий тўплам, деб ўйлашади. Бу китобим ҳақида ҳинд ўқувчиларимдан олган барча мактубларим “шеърларингизни ўқидим...” деган жумлалар билан бошланарди. Бу, албатта, ёқимли, аммо ўзимни кўпроқ носир деб биламан.

Ҳар сафар ёзишга ўтирганимда ўзимнинг мавжудлигимни, қачонлардир туғилганим ва яшашдан зерикиб, нималаргадир тўлиқиб кетганимни сезаман. Табиатдан, жамият, одамлардан узилган вақтим ёзгим келади. Ёзмоқ учун узилмоқ керак. Баъзан асарнинг ёруғлик юзини кўриши учун бир лаҳзанинг ўзи етарли бўлиши мумкин, баъзан эса бир фикрнинг тиниқлаштириб олишга йиллар кетади. Бу ижоднинг нақадар ғаройиб эканидан далолат эмасми? Ёзиш – жараённинг сўнгги нуқтаси. Унга қадар муаллиф ўзини обдон чиғириқдан ўтказади, минг ўлиб-тирилади. Айни шу қийноқлар сабаб ҳам мен ёзганларимни ўз болаларимдек кўраман.

– Шеъриятда руҳнинг ўрни қандай, деб ўйлайсиз?

– Инсон руҳида кечаётган муҳталиф жараёнларни турли шакллар орқали ифодалайди. Ҳайкалтарош тош билан, бастакор мусиқа билан, шоир эса ҳам сўз, ҳам оҳанг, ҳам сукунат билан тасвирлайди уни. Шеър фақат восита эмас. У исбот. Яшаётганингга, тириклигингга, мавжудлигингга, нималарнидир ҳис қилиб турганингга бир нурли далил. Шоир ёзаркан, ҳеч нарсани билмагани ҳолда ҳаммасини сезиб туради.

– Замонавий дунё шеърияти ҳақида фикрларингиз.

– Дунё руҳсизланди, шу сабаб шеъриятнинг келажаги менга у қадар равшан эмас. Йўқ, мен бадбин эмасман, аммо буткул ҳотиржам бўлиш ҳам мумкин эмаслигини сезаман, холос. Таассуф... Юқорида айтганимдек, шеър қофия ортидан югуриб ёзилган тизмалар эмас, ташқи ва ички дунё кесишган нуқтадаги буюк ҳодисадир.

Маданиятлар тўқнашув даврида шеъриятнинг йўллари ҳам ўзгариши, ҳатто буткул йўқолиб, майдонга йўлсиз шеърият чиқиши ҳам мумкин. Буни ҳеч ким олдиндан айтиб беролмайди.

Энди насрга кўпроқ эътибор бериляпти. Романлар атрофимизда айланиб юрибди, уларни тизгинга солмоқ учун шеъриятни кучайтиришимиз керак!

 

ФАРАҲ суҳбатлашди