“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

ЎЗБЕКИСТОН БИЗНИНГ ҲАМ ОТА ЮРТИМИЗ!

– Рауфбей, аввало, Ўзбекистонга хуш келибсиз! Юртимиз ҳақида таассуротларингиз қандай?

– Хуш кўрдик, раҳмат. Бу нафақат сизнинг, балки Ўзбекистон бизнинг ҳам ота юртимиздир. Мен Тошкентга меҳмон эмас, олис сафардан сўнг уйига қайтган ўғилдек келдим. Ота юртга аввал ҳам кўп келганман ва таассуротларим бир-икки кунлик эмас, ўн-ўн беш йилликдир. Ўзбекистон – мен учун кенг имкониятлар мамлакати. Бу ерда барча соҳа, хусусан, матбуот учун энг аввало, фикр эркинлиги бош мезон қилиб олингани, каминани қувонтиради. Қўлингиздан нима иш келса, қилишингиз мумкин, фақат шахсий фикрингиз бўлса, бўлгани!

– Замонавий Озарбойжон матбуоти бугун қай аҳволда?

– Замонавий озар журналистикаси кеча ё бугун пайдо бўлгани йўқ. Ўша, шўро мамлакатлари мустақилликка интилишни бошлаган пайтданоқ устоз журналистларимиз мустақил матбуотнинг асосини қура бошлаганди. Бугун Боку ва мамлакатимизнинг бошқа нуқталарида фаолият кўрсатаётган юзларча газеталар ўз йўлини топиш, асосийси, халқнинг маънавий ҳаётини яхшилаш йўлида меҳнат қилишмоқда. Бугунги журналистикамизнинг ўзига хослиги – халқ билан ҳамнафас бўлган ҳолда дунёга чиқиш. Бу, албатта, айтишга осон, аммо халқнинг катта-кичик ташвишлари, орзу ва армонларини тўлақонли ёритиб, уни зиёли бўлишга чорлаш ва ўша халқни жаҳон ахборот майдонига олиб чиқиш – журналистиканинг энг мураккаб кўриниши ҳисобланади.

– Глобаллашув даврида яшаяпмиз. Бугун ҳаммамизнинг ҳам қўлимизда интернетга уланган телефонлар бор. Бу эса ёзма журналистика ва интернет орасида табиий равишда рақобат келтириб чиқаради. Бу рақобатда кимнинг қўли баланд келяпти?

– Гапингиз тўғри. Биз, аввало, бир нарсани тушундик – тараққиётни тўхтатиб бўлмайди, шу боис, биз интернет журналистикасига зўр бердик. Бир пайтлар бир миллион нусхада чоп этилган газеталар бугун саккиз минг нусхага тушди. Биз бунга куюниб ўтирмай, сайтлар яратишга тушиб кетдик. Маълумки, бугунги ахборот бозорида сайтларнинг улуши жуда катта. Айни пайтда элликдан ортиқ янгилик сайтларимиз бор. Уларда ҳам газетадагидан кам одам ишламайди. Қайтанга, ҳар бир ҳудудда биттадан учтагача махсус мухбирларимиз бўлиб, уларни иш билан таъминлаш ҳам осонлашди. Ахборотга талаб кучайиб бораётган бугунги кунимизда одамлар эртанги газетанинг қачон чиқишини кутиб ўтиролмайдилар-ку, ахир? Нимадир янгилик бўлдими, мухбирларимиз икки, узоғи билан беш дақиқада тайёрлаб, сайтга жойлайдилар. Бунинг асосий қулайлиги шу. Бундан ташқари, энди, керагидан кўп нусхада чиққан газеталар увол бўлмайди, газета қоғози учун ишлатиладиган дарахтлар ўз жойида қолади.

– Одамларнинг ўқишга иштиёқи бироз пасайгандек. Мазкур пасайиш жараёни ҳеч бир газетанинг тиражига таъсир этмасдан қолмайди, албатта. Бу Озарбойжон матбуотига қандай таъсир кўрсатди?

– Жиддий! Бугун Озарбойжоннинг энг кўп нусхада чиқадиган газетаси ҳам ўн минг тираждан ошмайди. Аввалига бундан ўзимизни хўрлангандек сездик, аммо бора-бора бу табиий ҳодиса эканини, халққа бош­қа, хусусан, замонавий йўллар билан ҳам ахборот бериш мумкин эканини англадик. Авваллари одамлар кўп ўқирди, деб нолиб ўтиришдан маъно йўқ, чунки авваллари интернет йўқ эди. Бугун эса бор. Халқнинг ёппасига унга мослашувини қабул қилиш осон бўлмаган эса-да, биз ҳам ўша, ижтимоий тармоқларга кўникишга мажбур эдик ва кўникдик ҳам.

– Озарбойжон ёшларининг газетага муносабати қандай?

– Бугун ёшлар иккига бўлинган – ахборотга эҳтиёж сезганлар ва сезмаганлар. Ахборотга эҳтиёж сезганлар, янгиликлардан қай йўл билан бўлса ҳам воқиф бўлишга уринади. Биринчи тоифа эса, унга ахборот берилгандагина ола билиши мумкин. Уларнинг онгини ўстириш – бизнинг бош вазифаларимиздан бири. Боя айтганимдек, энди газеталар ўрнини сайтлар эгаллаяпти. Бу, биз ўйлаганчалик фожеали ҳолат эмас. Ёшларимиз, ўша сайтлардан фойдаланишга истак билдиришяптими, демак, уларни маънавиятли, баланд савияли қилиб тарбиялашда шу йўлдан фойдаланамиз.

– Мамлакатимизда ёшларга эътибор сиёсат даражасига чиқди ва матбуот соҳасида ҳам ёш муаллифларга кўрсатилаётган эътибор, талаб ва эътироф анча юксалди. Озарбойжондачи? Юртингизда ёш журналистларга эътибор қандай?

– Аввало, ёшлар сиёсатига бу қадар жиддий қараш, кишини қувонтиради. Бизда ҳам худди шундай жараёнлар кетмоқда. Мисол тариқасида Турол Турон, Айсел Аслан, Шоҳона Мушфиқ, Муҳаммад Туркман каби ёш қаламкашларнинг журналистикага киритган янгиликлари услубий инқилоб, дея тан олинди. Бизга янги нафас, янги овоз керак! Юқоридаги ёшлар эса, ўша керакли нарсаларни бизга бериш йўлида тинимсиз меҳнат қилишмоқда. Бугун устоз журналистлар билан бирга ёш журналистларнинг ҳам жамиятда ўрни бир хил. Биз шу йўл билан ахборий демократияни тикламоқчимиз.

– Юртбошимиз ташаббуси билан Ўзбекитонда китоб мутолаасига катта эътибор берилмоқда. Бунга жавоб сифатида, оммавий ахборот воситаларининг ўзбек сегменти ҳам китобхонлик тарғиботини сезиларли равишда кучайтирди. Озарбойжонда мутолаа тарғиботи билан матбуот қанчалик шуғулланади?

– Бу янгиликни анча аввал эшитгандим ва глобаллашув жараёнида қардош халқнинг ўқишга у қадар катта рағбат билдираётганидан жуда хурсанд бўлгандим. Қувонмай бўладими? Бизда ҳам дунё ва миллий адабиёт тарғиботи жадал равишда ривожланиб бормоқда. Ҳукуматнинг расмий газеталарида ҳам адабий асарлар бериб борилади. Юзлаб адабий сайтлар, ўнлаб газета-журналлар мутолаани кучайтириш йўлида заҳмат чекаётир. Ҳарҳолда, ҳаракат қиляпмиз. Натижалар ёмон эмас.

МУЗАФФАР суҳбатлашди