“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

Ҳар бир инсоннинг қалби шоир

Права САМАНТАРАЙ,

Вьетнам Дипломатия академияси академиги, шоира

 

 

– Сиз учун шоир ким?

– Оддий қилиб айтганда, шеър билан яшайдиган киши шоирдир. Унинг кунлари, сониялари шеър хаёли билан ўтади, у сўздан нафас олади. Бу ҳолатни сўз билан тушунтириб бериш қийин. Уни шоир фақат юрагидан ўтказади. Бундай пайтлари у атрофни, борлиқни, борликни унутади. У шундай яшайди... Бир қарашда одамлар шоирларни худбинга чиқариб қўяди. Негаки, улар учун шоир гўё ўзи учун яшайдигандек туюлади. Лекин шоирнинг ўзи учун яшаган вақтлари ортида ҳам умумбашар туйғулар туради. Балки ҳар бир инсоннинг қалби шоир дейишлари тўғридир... Лекин мен бу фикрга унчалик ҳам қўшилмайман. Ҳақиқий шоир ҳақиқий шеърият билан туғилади, ана шу шеърият билан бу дунёдан яшаб ўтади...

– Ёзаётганингизда нималарни ҳис қиласиз?

– Одатда, нимани кўрган бўлсам, сўнг нимани ҳис қилсам ўша кечинмаларни қоғозга тушираман. Ёзаётгандаги энг катта куч бу – тасаввур. Баъзан уни тизгинлай олмай қоласан, хаёлларингга эрк беролмай қийналасан, худди ер айланаётган ўқдан фақат сен ташқарига чиқиб қолгандек туюласан... Мана шундай пайтда, ёлғизликда, ўзни унутганингда ёзилади энг яхши шеър. Баъзан шеърларим туйғулар билан яралади, баъзан ақлий кечинмаларимдан чиқолмай қийналаман. Илҳом келганда эса фақат мен учун аталган сўзларнинг ўзи оқиб келаверади. Бу ҳолатни фақат ўша шеърни ўқиб ҳис қила олиш мумкин. Ёза олиш ана шундай илоҳий туйғу, шоирга берилган туҳфа. Бу ҳолатдан ташқарига чиққач, қўлингда турган шеърни балки қандай ёзганинг­ни эслай олмассан, балки ўзинг ёзганингга ишонмассан ҳам... Лекин бу сўз, бу айтилажак мисралар ўзингникилигини, фақат юрагингга тегишли эканлигини ҳис қиласан, қувонасан...

– Ҳозирги дунё поезияси ҳақида нима дея оласиз?

– Бир неча ўн ёки юз йиллар аввал бари бошқача эди. Одамлар шоирини танирди, шеъриятни, адабиётни қадрларди. Ҳозир, назаримда, барчаси ўзгаргандай. Балки барчаси инсоннинг қадр-қиммати, сўзнинг муқаддаслигига бориб тақалар... Бугунги шоирнинг зиммасида жуда катта вазифа бор. Адабиёт бутунлай йўқ бўлиб кетган деёлмаймиз. Дунё­нинг қайсидир бурчагида қайсидир шоир ҳануз курашиб яшаяптики, адабиёт яшаяпти, қайсидир бурчагида кимдир ҳали ҳам ўша шеърларига кўз тикиб турибдики, шоир яшаяпти... Ҳозир энг катта муаммо шоирнинг шон-шуҳрат учун яшашидир. Лекин денгиз тўлқинланиб турганидек, олдимизда яна қайтишлар, юксалишлар бор! Шеърият уруш муҳитида муҳаббат муҳитини ярата олади, у кўнглимиздаги ҳақиқатимизни очиб беради, кўнглимизни, дунёни асраб қолади...

Зулхумор ОРИФЖОНОВА суҳбатлашди