“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

Китобдан узилмасликка ҳаракат қиляпмиз

Мюе БУКПАПАЙ,

Албан адиби,  Албаниядаги энг катта «Nacional» газетаси Бош муҳаррири

 

– Бугунги глобаллашув даврида интернет ахборот тарқатишнинг асосий манбасига айланиб қолди ва табиийки, ушбу жараён газета-журналларга талаб пасайишига сабаб бўлмоқда. Бу ҳолат Албания матбуотини ҳам четлаб ўтмагани аниқ, шундай эмасми?

– Рақобат кетаётгани рост, аммо барча соҳада бўлганидек, оммавий ахборот воситаларининг ҳам ўз анъаналари бор. Албатта, бу қоғоз матбуотнинг фақат тарихийлиги юзасидангина яшаб келаётганини англатмайди. Барчаси даврий, ҳатто интернет ҳам. Биз қўлимиздаги дунё – телефонга ўрганиб қолдик ва бу ўрганишдан ҳали-бери қутулолмасак керак. Аммо нима бўлган тақдирда ҳам қоғоз матбуот муҳимлигини йўқотмайди. Буни сўз билан тас­вирлаб бериш қийин ва айнан шу сўзсизлик унга изоҳ бўлади.

Статистикага ўтсак, ахборот сайтларининг “шарофати” билан “Корриери”, “Метрополь”, “Шкип”, “55” ва шу кабилар ё буткул тугатилди ё адад жиҳатдан ўта заифлашди. Эҳтимол, бунда айб ўша газета-журналларнинг ўзидадир, яна ким билсин.

– Бугун Албанияда ёшларнинг матбуотга эътибори қандай?

– Қувонарлиси, яхшиланган. Биз нажот фақат китобда эканини тушундик ва тўқсонинчи йиллардан бошлаб ўз болаларимизга мутолаа руҳида тарбия бердик. Энди улар ёзма манбалардан маълумот олишни худди овқатланишдек табиий эҳтиёж, деб қабул қилишмоқда. Албатта, интернетга боғланиб қолишгани бор гап, аммо китоб ва газета улар учун биринчи ўринда!

– Замонавий албан журналистикасига қандай баҳо берган ва унинг бугунги ҳолатини қандай изоҳлаган бўлардингиз?

– Ўтиш даврида! Биз ҳали ҳам йигирманчи аср тафаккури билан фикрлаётгандекмиз ва бу нафақат албан, балки, дунёнинг ярмидан кўп мамлакат журналистларига ҳам тегишли ҳодиса. Йигирманчи аср қарашлари вазмин, тош босувчан ва анча муқим эди. Йигирма биринчи аср ғоялари эса тезкор, ўзгарувчан ва майдакашликка мойил. Биз ҳамон битта мақола билан бутун жамият ҳаётини ўзгартириб юбора оламиз, деб ўйлаймиз, аммо... Битта хабар икки кун айланиши, долзарб бўлиши мумкин, кейин эса унутилади. Биз ўша, унутилишга маҳкум янгиликларга ўргана олмаяпмиз. Баъзан мақолани ёзиб бўлгунингизга, унинг таърифига мос сўз топгунингизга қадар айнан ўша янгилик эскиради. Бу чиндан оғриқли ҳолат, бироқ начора...

– Мамлакатингизда китобхонликка эътибор қандай? Масалан, бизда, давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан ҳар йили “Энг яхши китобхон” республика кўрик-танлови ўтказилади ва ғолибларга автомобиль совға қилинади.

– Офарин, десам хушомадгўйга йўймасангиз керак, назаримда. Бизда ҳам мамлакат миқёсида мутолаа ойликлари бўлиб ўтади. Боя айтганимдек, китобхонлик бизга тарбия орқали сингигани сабаб, биз ушбу масалага у қадар жиддий қарамаймиз. Эртага ҳамма нафас олишдан тўхтасачи, деган гумонда бўлиш бемаънигарчилик эмасми, ахир. Лекин китобдан узилмасликка ҳаракат қиляпмиз. Энг яхши китобхонлар бизда ҳам тақдирланади.

– Мазмунли суҳбат учун ташаккур.

– Сизга ҳам раҳмат.

Хосият РУСТАМ суҳбатлашди