“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

ШЕЪРИЯТ ИНҚИЛОБГА МУҲТОЖ

Эведифо Олга КИЛИ,

угандалик шоира

1998 йил Уганданинг Апя шаҳрида туғилган. Уганда Ҳуқуқ университети талабаси. Шоира ва публицист. Инсон ҳуқуқларига оид бир қанча мақолалари кўп­лаб тилларга таржима қилинган. “Ғалаба қўшиқлари” китоби Африканинг “Йил китоби” мукофотига сазовор бўлган.

 

ШЕЪРИЯТ ИНҚИЛОБГА МУҲТОЖ

Назаримда, шоир фақат шеър ёзиш учунгина дунё­га келмаган. У кечинмалар таржимони ҳамдир. У сўзлар ичра ўз сукунатини сизга англатаётган одам.

Мен ҳам Инсон озодлиги йўлида оқиб бораётган шеърият денгизига ўз мўжаз долғаларим – шеърларим билан қўшилишга уриняпман. Ҳар бир сатрида эрк истаган қалблар фарёди, уларга ҳамдард бўлишдек улуғ истак бонг уриб турган устоз шоирлар бизга ўз йўлимизни белгилаб бердилар. Энди шу йўлда кетмоқ – бизнинг бурчимиз. Йўл бошидаман. Мен бу йўлга тушар эканман, аввало, инсоннинг азалий кураши учун шеърларимни сафарбар этишга қасамёд қиламан.

Эътироф этайликки, шеърият чин маънода ҳаётбахш ҳодисадир. Уни ботиният хронологияси, дейиш ҳам мумкин. Шеърият ўз афсонавий қуввати ила саёрамиз виждонига айланган.

Бугун назм фақат давралардагина янгровчи шиор эмас, балки ташналикдан вужуди қуриб бораётган занжи болакайнинг лабларидан осмонга ўрлаган фарёди, очликдан қийналиб, ўзи учун эмас, болалари учун умрига бироз умр қўшиб беришини сўраётган африкалик муштипар онанинг Яратганга илтижоси, қулликдан эндигина қутулиб, кишанлар шиқир-шиқиридан безиган қариянинг янги кунга шукронаси сифатида хизмат қилмоқда. Мана шу – Африка шеърияти! Агар биз ёзган шеърларда мана шу фарёду шукроналар, пурғам жимлигу умид шуълалари аксланиб турмас экан, улар шеър эмас, шунчаки қораламалар, холос.

Асримиз шеърияти инқилобга муҳтож. У шиддат билан оқаётган дарёга ўхшайди. Бу дарё денгизларга ва кейин уммонларга қўшилишни истайди, аммо ўз йўлини тополмаяпти. Унинг бу йўлдан кўзлаган манзили – озодлик. Энди биз, яъни дунё шоирлари урушларда ё зиддиятнинг ҳар қандай кўринишида қуроллардан эмас, балки айнан шеъриятдан паноҳ изламоғимиз керак. Шундай қилайликки, асримиз назми тинчлик элчиси сифатида тан олинсин.

Ишонаманки, бизнинг ниятлар фақат қоғозларда қолиб кетмайди. Инсоннинг Тангрига элтувчи садоси бўлмиш шеърият, агар чин маънода қадр топса, бизга ўзга дунёлар эшигини очиши шубҳасиз!

Инглиз тилидан Мукаррам ОТАМУРОДОВА таржимаси